Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.02.2024 й. ПҚ-88-сон "Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.02.2024 й.

N ПҚ-88



МУҲТОЖ ШАХСЛАРНИ ПРОТЕЗ-ОРТОПЕДИЯ

МОСЛАМАЛАРИ ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ

ТЕХНИК ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш механизмларини соддалаштириш ҳамда "Ўзбекистон - 2030" стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

2024 йил 1 майга қадар электр юритмали кресло-аравача, вело кресло-аравача, санитария ускуналари билан жиҳозланган механик кресло-аравача, юриш мосламаси (роллатор), тўрт оёқли ҳасса, овозли термометр ва тонометр ҳамда бошқа воситаларни инобатга олган ҳолда давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари (кейинги ўринларда - протез мосламалари ва реабилитация воситалари) турларини 18 тадан 30 тага кенгайтириш;

2024 йил 1 майдан бошлаб протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб ўртача уч бараваргача, айрим воситаларнинг турларини эса ўн бараваргача ошириш.


2. Белгилансинки:

а) 2024 йил 1 майдан бошлаб:

ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади;

ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизимида расмийлаштирилади;

б) 2024 йил 1 майга қадар Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида, 2024 йил 1 октябрга қадар республиканинг бошқа барча ҳудудларида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий этилади, унга мувофиқ:

муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш электрон тижорат орқали амалга оширилади;

электрон тижорат орқали протез мосламалари ва реабилитация воситаларига буюртма бера олмайдиган муҳтож шахсларга "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар томонидан кўмак бериб борилади;

ваучер асосида реабилитация қилишнинг техник воситаларини ўзининг электрон савдо майдончасида реализация қилиш истагини билдирган электрон савдо майдончасининг операторлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жалб этилади;

ваучер қиймати билан сотиб олинган протез мосламалари ва реабилитация воситаларининг нархи ўртасида ҳосил бўлган салбий фарқ муҳтож шахсларнинг ўз ҳисобидан қопланади, ижобий фарқ ҳосил бўлганда эса муҳтож шахсларга унинг 20 фоизини рағбатлантириш сифатида олиш имконияти тақдим этилади. Бунда, мазкур рағбатлантириш маблағлари жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган жами даромадлари таркибига киритилмайди;

в) "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларига мувофиқ протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган муҳтож шахсларни таълим ва спортга жалб этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш каби йўналишларда ижтимоий ҳаётга мослаштириш чоралари кўрилади.


3. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг протез мосламалари ва реабилитация воситаларини етказиб берувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

2024 йил 1 мартдан бошлаб хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларини, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиққанлик ва тегишли гувоҳнома берганлик учун ундириладиган йиғимлар миқдорини 50 фоизга камайтириш;

2027 йил 1 январга қадар 1-иловага мувофиқ рўйхат асосида протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган фуқароларнинг аниқ ҳисобини юритиб бориш ҳамда ҳомийлик қилувчи субъектларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

2024 йил 1 октябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига мажбурий тартибда киритиб боради;

муҳтож шахслар протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ҳомийлик хайриялари ҳисобига таъминланганлиги ҳомийлик субъектлари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимларга маълум қилинганда, улар томонидан ҳомийлик субъектларига муҳтож шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларидан фойдаланиши, таълим ва спортга жалб этилиши, уларнинг ижтимоийлашуви ҳолати юзасидан маълумот тақдим этиб борилади.


5. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан электрон тижорат орқали ваучер асосида таъминлашни тўхтатмаган ҳолда, 2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелга қадар электр юритмали кресло-аравача ва эшитиш мосламаларини марказлаштирилган тартибда харид қилиш ва муҳтож шахсларга етказиб бериш ваколати берилсин.


6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Фанлар академияси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда 2024 - 2025 йиллар давомида протез мосламалари ва реабилитация воситаларини ишлаб чиқариш ва соҳадаги муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш чораларини кўрсин.


7. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 февралга қадар муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан "Ижтимоий карта" орқали таъминлаш тизимини жорий этиш юзасидан асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.


8. Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


10. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 27 февралдаги

ПҚ-88-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудига

олиб кирилишида қўшилган қиймат солиғидан

озод қилинадиган протез мосламалари ва

уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмлари

РЎЙХАТИ

         

Т/р

Протез мосламаларининг

техник воситалари номи

        

Протез мосламаларининг бутловчи

ва эҳтиёт қисмлари

      

1.

Сон протези

Адаптер (пастки ва юқори қисмлар учун)


Адаптер ушлагич


Тизза тугун модули


Панжа


Вакуумли клапан


Таянч модули (қувур-алюминий/темир)


Лайнер (протез учун ғилоф)


Учбандлик таянч


Косметик ташқи қобиқ


Болдир-товон бўғими, таянч модули


2.

Болдир протези

Тиззатутгич


Панжа


Косметик ташқи қобиқ


Вакуумли клапан


Протез учун карбон


Болдир-товон бўғими, таянч модули


Лайнер (протез учун ғилоф)


3.

Қўл протезлари

Кафтлар, билак кафтлар билан бирга


Ўзак


Чўлтоқ қабул қилувчи гильза


Таянч гильза


Тирсак илмоғи


Елка илмоғи


Косметик ташқи қобиқ


Қўл протези учун махсус бириктирмалар


4.

Кўкрак бези протези


-

5.

Аппаратлар

Пластик


Металл шина


Вертлюг


           

Изоҳ. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг таклифларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.

         

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 27 февралдаги

ПҚ-88-сон қарорига

2-ИЛОВА



Муҳтож шахсларни протез-ортопедия

мосламалари ва реабилитация қилишнинг

техник воситалари билан таъминлаш тизимини

янада такомиллаштиришга доир

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

          

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Амалга ошириш

шакли

       

Ижро

муддати

      

Масъул вазирлик

ва идоралар

     

1.

Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартибини белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилади:

протез-ортопедия мосламалари ёки реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожликни белгилаш ва уларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш тартиби;

протез-ортопедия мосламалари ёки реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиш, етказиб бериш ва тўловни амалга ошириш тартиби;

протез-ортопедия мосламалари ёки реабилитация қилишнинг техник воситаларини таъмирлаш ёки бошқасига алмаштириш тартиби;

давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ёки реабилитация қилишнинг техник воситаларининг турларини кенгайтириш ҳамда ваучер қийматини ошириш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2024 йил

март

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2.

Ногиронликни белгилаш ҳамда протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш бўйича электрон давлат ижтимоий хизматлари кўрсатиладиган ягона ахборот тизими фаолиятини йўлга қўйиш.


1. "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизими ва "Ижтимоий хизмат" электрон платформаси негизида "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимининг "Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш" ва "Тиббий-ижтимоий экспертиза" модулларини ишга тушириш.


2. "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимини зарур идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилиш.


Ташкилий-техник

чора-тадбирлар

2024 йил

март

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги

3.

Протез-ортопедия мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш.

Белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича муҳтож шахслар таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Қонун

лойиҳаси

2024 йил

март

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

4.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланган фуқароларнинг аниқ ҳисобини юритиб бориш.


1. Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланган фуқароларнинг аниқ ҳисобини юритиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимининг тегишли модулига улаш.


Ташкилий-техник

чора-тадбирлар

2024 йил

сентябрь


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари


2. Фуқаролар протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан ҳомийлик хайрия маблағлари, шунингдек, Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан таъминлангандан сўнг икки иш куни ичида улар тўғрисидаги маълумотларни "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига киритиб бориш.


2024 йил

октябрдан

бошлаб

доимий


5.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини ваучер қийматидан паст нархда сотиб олган муҳтож шахсларни рағбатлантириш.


Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини ваучер қийматидан паст нархда сотиб олган муҳтож шахсларга тақдим этиладиган 20 фоиз рағбатлантириш маблағлари жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган жами даромадлари таркибига киритилмаслигини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Қонун лойиҳаси

2024 йил

март

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


6.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш учун ундириладиган йиғим миқдорини камайтириш.


Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш учун ундириладиган йиғим миқдорини 50 фоизга камайтириш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2024 йил

март

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


7.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари бўйича муҳтож шахсларга профессионал хизмат кўрсатувчи мутахассислар, реабилитологлар ҳамда тиклаш терапияси бўйича тиббий мутахассисларни тайёрлаб бориш тизимини йўлга қўйиш.


2024/2025 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги мутахассисларни тайёрлаб бориш тизимини йўлга қўйиш:

протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари бўйича муҳтож шахсларга профессионал хизмат кўрсатувчи ўрта-махсус маълумотли мутахассислар;

олий маълумотли реабилитолог тиббий мутахассислар.


Амалий

чора-тадбирлар

2024 йил

август

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


8.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган муҳтож шахсларнинг ижтимоийлашувини қўллаб-қувватлаш.


1. Муҳтож шахслар протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан биринчи маротаба таъминлангандан сўнг уларни таълим ва касбга йўналтириш, спортга жалб этиш ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш бўйича "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини ишлаб чиқиш.


2. Индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаси асосида муҳтож шахсларни таълим ва касбга йўналтириш, спортга жалб этиш ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.


Амалий

чора-тадбирлар

2024 йил

майдан

бошлаб

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Спорт вазирлиги, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари


9.

Республикада протез-ортопедия мосламалари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Республикада протез-ортопедия мосламалари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга тўсиқ бўлаётган омилларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.


Таҳлилий

маълумотнома ёки

норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2024 йил

май

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Солиқ қўмитаси


10.

Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларни уй шароитида даволаниш учун зарур бўлган тиббий буюм ва тиббий техникалар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш.


1. Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни уй шароитида даволаниш учун зарур бўлган тиббий буюм ва тиббий техникалар билан кафолатли таъминлаш тартибини қайта кўриб чиқиш.


2. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида қуйидагиларни назарда тутиш:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларнинг уй шароитида даволаниши учун зарур бўлган тиббий буюм ва тиббий техникаларни (пульсоксиметрлар, Амбу қопчалари, тиббий аспираторлар, BiPAP аппаратлари, кислород концентраторлари, трахеостомолар, гастростомалар ва бошқа тиббий буюмлар) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилиш ва кафолатли таъминлашни амалга ошириш;

спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болалар учун зарур бўладиган ўриндиқли аравачалар, корсетлар, тутор, ортезлар ва электр юритмали ўриндиқли аравача билан ваучер асосида туман (шаҳар) "Инсон" ижтимоий хизматлари марказлари томонидан белгиланган тартибда таъминлаш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2024 йил

май

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


11.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини ишлаб чиқариш соҳасида илмий изланишлар олиб бориш тизимини ривожлантириш.


1. Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини ишлаб чиқариш соҳасидаги муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш.


2. Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини ишлаб чиқариш жараёнларига фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар натижаларини жорий этиш чораларни кўриш.


3. Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турларини кенгайтириш бўйича илмий изланишлар ўтказиш учун грант ажратиш.

     

Амалий

чора-тадбирлар

2024-2025

йиллар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

12.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига қўйилган талабларни такомиллаштириш.


Илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларининг умумий техник шартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Техник жиҳатдан

тартибга солиш

соҳасидаги

норматив

ҳужжат

лойиҳаси


2024 йил

июнь

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


13.

Ногиронликни белгилаш, шу жумладан протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашга муҳтожликни аниқлаш жараёнларида электрон ҳужжат алмашинуви тизимини тўлиқ жорий қилиш.


1. Туман (шаҳар) тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларга нисбатан протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожликни белгилаш бўйича тиббий хулосаларни "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизимида расмийлаштириш учун шароит яратиш.


Амалий

чора-тадбирлар

2024 йил

апрель


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


2. "Электрон соғлиқни сақлаш" ягона платформасини "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими билан интеграция қилиш.


2024-2026

йиллар


14.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари учун давлат томонидан бериладиган кафолатланган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш.


Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари учун давлат томонидан бериладиган кафолатланган маблағларнинг миқдорини бозор конъюнктураси, ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчиларнинг тижорат таклифлари, чакана нархлар ҳамда харид қилиш тартиб-таомиллари бўйича аввал харид қилинган нархлар асосида аниқлаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Услубий тавсиялар

2024 йил

октябрь

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Адлия вазирлиги


15.

Реабилитация қилишнинг техник воситаларини таъмирлаш ёки бошқасига алмаштириш бўйича хизмат кўрсатишни кенгайтириш.


"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари маъмурий биноларида белгиланган тартибда реабилитация воситаларини ижарага бериш ҳамда протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини таъмирлаш, бошқасига алмаштириш бўйича сервис хизматини кўрсатиш имкониятини яратиш.


Амалий

чора-тадбирлар

2024 йил

ноябрь

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги


16.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхатини муҳтож шахсларнинг эҳтиёжлари ва хорижий давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб кенгайтириб бориш.


Муҳтож шахсларнинг эҳтиёжлари ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибаларини ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2025 йил

март

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


17.

Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан "Ижтимоий карта" орқали таъминлаш тизимини жорий қилиш.


Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан "Ижтимоий карта" орқали таъминлаш тизимини жорий этишга қаратилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2025 йил

январь

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


18.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини кенг тарғиб қилиш.


1. Оммавий ахборот воситалари (телевидение, радио, босма ва интернет нашрлари) орқали муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан ваучер асосида таъминлашнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказиш.


Амалий

чора-тадбирлар


2024 йил

давомида


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси


2. Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашга доир давлат ижтимоий хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичи бўйича видеороликлар ишлаб чиқиш ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг расмий интернет саҳифалари орқали эълон қилиш.


Амалий

чора-тадбирлар


2024-2025

йиллар


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


          

          




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 27 февралдаги

ПҚ-88-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимча


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5217-сон қарорида:


а) 2-бандда:

ўн иккинчи хатбошидан ", 20 минг дона йиғма Брайль алифбоси" сўзлари чиқариб ташлансин;

ўн учинчи хатбошидаги "2022-2023 йилларда 12 мингта" сўзлари "2022 йилда 6 мингта" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 3-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 ноябрдаги ПҚ-22-сон қарори билан тасдиқланган Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг электрон ахборот тизимини яратиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича "йўл харитаси"нинг 11 ва 13-позициялари чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги "2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-436-сон қарорига 3-илованинг 61-позицияси "Ижро муддати" устуни учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги "2023 йил декабрь" ҳамда "2024 йил январь" сўзлари "2024 йил апрель" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-74-сон қарорининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги "Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-319-сон қарорига 2-иловада:

12-позициянинг "Ижро муддати" устунидаги "2024" рақами "2025" рақами билан алмаштирилсин;

14-позициянинг "Ижро муддати" устунидаги "2024 йил февраль" сўзлари "2024 йил апрель" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Фуқароларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 2-иловада:


қуйидаги мазмундаги 40-42-бандлар билан тўлдирилсин:

"40. Кучли ифодаланган нуқсонларга олиб келган шизофрениянинг барча турлари.

41. Кучли ифодаланган шахсият ўзгаришларига олиб келган эпилепсия касаллиги.

42. Паркинсон касаллиги кучли ифодаланган регид қалтироқ тури";


изоҳ қисмининг биринчи банди иккинчи хатбошисидаги "3, 19б, 24, 26, 33, 34 ва 36-бандлардан" сўзлари "3, 19б, 24, 26, 33, 34, 36, 40, 41 ва 42-бандлардан" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 4-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Фуқароларни тиббий-ижтимоий эксперт

комиссияларида кўрикдан ўтказиш тартиби

тўғрисидаги низомга

4-ИЛОВА


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ


________________________________________________ ТИЭК N __________

(Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент ш.) бош, туманлараро, туман (шаҳар) ёки ихтисослаштирилган

      

НОГИРОНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТНОМА N __________

       

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):



Ф.И.О.



Манзили:



Туғилган санаси (кун, ой, йил):



Биринчи маротаба ногиронлик белгиланган сана (кун, ой, йил):



Кўрикдан ўтказилган сана (кун, ой, йил):



Кўрикдан ўтказилиши (бирламчи ёки қайта):



Ногиронлик гуруҳи:



Ногиронлик сабаби:



Ногиронлик муддати (кун, ой, йил):



ТИЭК кўригидан қайта ўтиш муддати (кун, ой, йил):



ТИЭК ХУЛОСАСИ ВА ТАВСИЯЛАРИ


Хулоса:



Тиббий реабилитация бўйича тавсиялар:



Касбий реабилитация бўйича тавсиялар (касбга тавсия, касбга йўналтириш, ўқиш ва тарбияга тавсия):



Ижтимоий реабилитация бўйича тавсиялар: (протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлиги):



Оммавий спорт ҳамда параспорт билан шуғулланиш бўйича тавсиялар:



Ўзгалар парваришига муҳтожлиги:



КАСБИЙ МЕҲНАТ ЛАЁҚАТИ ЙЎҚОТИЛГАНЛИГИ

ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ


Тўғри келадиган ногиронлик гуруҳи:



Тўғри келадиган ногиронлик сабаби:



Касбий меҳнат лаёқати йўқотилганлиги даражаси:



Касбий меҳнат лаёқати йўқотилган муддат (кун, ой, йил):



         

(QR-код)

      

          

         

Изоҳ.

1. Ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун БТПЖнинг тегишли бўлимига электрон тизим орқали юборилади.

2. Касбий меҳнат лаёқати йўқотилганлиги тўғрисида маълумот фақат меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган шахслар учун берилади.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган шахсларнинг касбий меҳнат лаёқати йўқотилиши даражасини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-бандига мувофиқ меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллигига боғлиқ бўлмаган ҳолда янги аниқланган касаллик оқибатида ногиронлик гуруҳи оғирлаштирилганда ногиронлик сабаби "умумий касаллик" деб белгиланади, олдин аниқланган касбий меҳнат лаёқатининг йўқотилиши даражаси эса беморнинг кўрикдан ўтиш кунидаги ҳолатига асосан қайта кўриб чиқилади.".

           

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 28 февраль