Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.02.2024 й. ПФ-41-сон "Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

27.02.2024 й.

N ПФ-41



ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Техник жиҳатдан тартибга солиш, шу жумладан стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, рақамли технологияларни жорий этиш орқали ушбу соҳани шаффоф, самарали ва коррупциядан холи тизимга айлантириш, шунингдек, соҳани Жаҳон савдо ташкилоти андозаларига уйғунлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, республиканинг ички бозорини ҳимоя қилиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилсин.


2. Қуйидагилар Агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан миллий мувофиқликни баҳолаш, синов ҳамда ўлчаш натижаларини экспорт бозорларида тан олиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш;

маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш бўйича манзилли чоралар кўриш;

сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини, биринчи навбатда, экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва маҳсулотларни техник регламентлар ва стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш;

миллий қонунчиликни, техник тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш инструментлари ва стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига уйғунлаштириш;

маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) сифати ва хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини нотўғри ўлчаш натижаларининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари, ўлчашларнинг ягона бирликда бўлиши ва тўғрилиги таъминланиши, мажбурий сертификатлаштириш қоидаларига амал қилиниши юзасидан давлат назоратини ташкил этиш ва унинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

техник жиҳатдан тартибга солиш, шу жумладан стандартлаштириш ва метрология соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини рақамлаштириш орқали самарадорлик ва натижадорликка эришиш, тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари турларини кенгайтириш, шаффоф ва коррупциядан холи самарали тизимни жорий этиш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш.


3. 2024 йил 1 октябрдан эътиборан ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилсин. Бунда, республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал "Ягона дарча" божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт.


4. Агентлик тузилмасида:

"Ўзбекистон аккредитация маркази" давлат корхонаси амалдаги молиялаштириш тартиби ва манбалари сақлаб қолинган ҳолда, "Ўзбекистон аккредитация маркази" давлат муассасаси этиб қайта ташкил қилинсин;

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси (кейинги ўринларда - Инспекция) этиб қайта ташкил қилинсин.


5. 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Инспекциянинг давлат инспекторларига тезкор назорат тадбирларини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан олдиндан келишмасдан, ўтказилган текширув ҳақида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида Вакилни мажбурий равишда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш ваколати тақдим этилсин.


6. Белгилансинки:

а) Агентлик техник жиҳатдан тартибга солиш, шу жумладан стандартлаштириш ва метрология соҳаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;

б) техник жиҳатдан тартибга солиш, шу жумладан стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология масалалари бўйича республика ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, уларнинг ҳузурида ташкил этиладиган стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар фаолияти Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади;

в) Агентлик ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли;

г) Агентлик директори:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ишини тўғри ва самарали ташкил этиш, бу орқали уларнинг фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, ушбу йўналишда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз ва тўлақонли эришилиши учун масъул ҳамда шахсан жавобгар ҳисобланади.


7. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини жадал ривожлантириш, тизим фаолиятини рақамлаштириш ва самарали йўлга қўйиш ҳамда соҳани халқаро андозаларга уйғунлаштириш борасида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш учун Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини ривожлантириш бўйича идоралараро республика кенгаши 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.


8. Агентлик ва Адлия вазирлиги (А. Ташкулов):

ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритсин;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Агентлик директори белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 27 февралдаги

ПФ-41-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини ривожлантириш

бўйича Идоралараро республика кенгаши

ТАРКИБИ

1. А.Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, республика кенгаши раиси


2. А.Жуманазаров

-

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори


3. А.Ташкулов

-

адлия вазири


4. И.Норқулов

-

иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари


5. Л.Кудратов

-

инвестициялар, саноат ва савдо вазири


6. А.Абдуҳакимов

-

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири


7. Ш.Хидоятов

-

қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири в.б.


8. Б.Исламов

-

тоғ-кон саноати ва геология вазири


9. И.Махкамов

-

транспорт вазири


10. А.Худаяров

-

соғлиқни сақлаш вазири в.б.


11. Д.Вахобов

-

Савдо-саноат палатаси раиси


12. А. Қаюмов

-

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари


13. Т.Мухамеджанов

-

"Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси в.б.


14. З.Нарзуллаев

-

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси


15. И.Ҳайдаров

-

"Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси раиси


16. М.Юнусов

-

"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси


17. Р.Пирматов

-

"Ўзметкомбинат" АЖ бошқаруви раиси


18. У.Розукулов

-

"Ўзавтосаноат" АЖ бошқаруви раиси


19. Б.Бобокулов

-

"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси раиси ўринбосари


20. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, республика кенгаши котиби


       





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 27 февралдаги

ПФ-41-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги "Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-14-сон Фармонида:


а) 1-иловада:

"2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги" бўлимининг 1-позицияси ва унга изоҳ қисми чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги "24. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги" бўлими билан тўлдирилсин:

"

25. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


77

77


шу жумладан, директор ўринбосарлари сони


3

3


Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси


76

76


шу жумладан, бошлиқ ўринбосарлари сони


1

1


";


изоҳ қисмининг 5.2-банди чиқариб ташлансин;


б) 2-иловада:


2-банднинг 2.1-кичик банди чиқариб ташлансин;


қуйидаги мазмундаги 27-банд билан тўлдирилсин:

"27. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги";


изоҳ қисмининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"агентликлар - 25 та, шу жумладан, алоҳида мақомга эга мустақил агентликлар - 4 та";


в) 2а-иловада:


2.1-позиция чиқариб ташлансин;


қуйидаги мазмундаги 28-банд билан тўлдирилсин:

"

28.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


Техник тартибга солиш агентлиги


Агентство технического регулирования


".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 июлдаги "Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-111-сон Фармонида:


а) 4-бандда:

бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

олтинчи-тўққизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи - саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) 4-илованинг "Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги" блоки чиқариб ташлансин;


в) 5-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


г) 11-илованинг 2-банди "а" кичик банди чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги "Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4059-сон қарорининг 14-бандининг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ривожлантириш махсус жамғармасига молиявий санкция ва жарималардан келиб тушаётган маблағлардан 50 фоизигача қисмини ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг ўн иш куни ичида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига Инспекция ходимларига қўшимча ҳақ, мукофот, бошқа рағбатлантириш, ва компенсация тўловларини тўлаш учун ҳамда Инспексиянинг бошқа харажатлари учун ўтказиш".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5133-сон қарорида:


а) 2-бандда:

иккинчи ва учинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;

тўртинчи - еттинчи хатбошилар тегишинча иккинчи - бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) 1 ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги "2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-436-сон қарорига 3-илованинг 61-позицияси 3 ва 4 кичик бандлари "Ижро муддати" устунидаги "2023 йил декабрь" ва "2024 йил январь" сўзлари "2024 йил апрель" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги "Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-402-сон қарорнинг 13-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мазкур бинонинг 2 632 квадрат метр қисмида (кадастр рақами 10:04:03:01:01:0072) бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 29 февраль