Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 29.02.2024 й. ЎРҚ-917-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.12.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 09.02.2024 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.02.2024 й.

N ЎРҚ-917



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИНИНГ БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА

ВАКИЛИ (БОЛАЛАР ОМБУДСМАНИ) ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 15 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2024 йил 9 февралда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) фаолиятини тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) (бундан буён матнда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил деб юритилади) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолияти билан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шаклларини ва воситаларини тўлдиради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштиришга ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади, фуқароларнинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга ёрдамлашади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ҳисобдордир.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил гувоҳномадан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.



3-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил

фаолиятининг ҳуқуқий асослари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширади.



4-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил

фаолиятининг асосий принциплари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик, бола ҳуқуқларининг устуворлигидан иборатдир.



5-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига

номзодга қўйиладиган талаблар


Сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига сайланиши мумкин.



6-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни сайлаш


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни сайлаш тўғрисидаги қарори палаталарнинг мажлисларида тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин палаталарнинг ушбу масала юзасидан қабул қилинган қарорлари Ўзбекистон Республикаси Президентига қонунда белгиланган тартибда юборилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг ваколатлари муддати тугагач, янги Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сайлангунига қадар ўз вазифаларини бажаришни давом эттириб туради.



7-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни лавозимидан

муддатидан илгари озод қилиш


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимидан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган тақдирда;

унинг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилган ва бу тиббиёт муассасаси томонидан берилган хулоса билан тасдиқланган тақдирда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

у қонунга кўра Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;

у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;

у вафот этган тақдирда.



8-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига

номувофиқ бўлган фаолият


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.



9-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқларини,

шаъни ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш


Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароитлар кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки бошқа тарздаги жавобгарликка сабаб бўлади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ҳеч бир тарзда таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.



2-БОБ. БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари ўртасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликни тушунтириш;

бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилиш;

аҳолининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолатини ўрганиш;

бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига татбиқ этиш масалаларини ўз ваколатлари доирасида ўрганиш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятида бола ҳуқуқларининг таъминланишини ҳамда ҳимоя қилинишини мониторинг қилиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, боланинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланишига кўмаклашиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ва уларнинг ҳимоя қилиниш ҳолати тўғрисида жамоатчиликни хабардор этиш;

ногиронлиги бўлган болалар, шунингдек етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлаганидан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

тарбия муассасаларини тамомлаган, уй-жойга муҳтож бўлган етим болаларнинг, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг аниқ мақсадли коммунал турар жой фондидаги санитария, техник нормаларга ҳамда қонунчиликнинг бошқа талабларига жавоб берадиган турар жойлар билан таъминланишига кўмаклашиш;

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш, боланинг манфаатларини таъминлашга қаратилган нормаларни қабул қилиш, шу жумладан бола ҳуқуқлари ва эркинликлари масалаларига оид халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятда иштирок этиш;

давлат ҳокимияти органларининг ва республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, фуқаролик жамияти институтларининг бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришга тавсиялар ва хулосалар бериш орқали кўмаклашиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг дахлсизлик ҳуқуқи


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек унинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жойини ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.



12-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқлари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан риоя этилишини ўрганиш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслардан ўз ваколатлари жумласига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборотни ҳамда материалларни сўраб олиш;

давлат органларининг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари билан биргаликда текшириш;

давлат органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар юбориш;

давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимосномалар киритиш;

боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат этиш;

боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида, шу жумладан ёпиқ суд мажлисларида қонунда белгиланган ҳолларда ва шаклларда иштирок этиш;

аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиш;

бола ҳуқуқлари масалалари бўйича ўқув дастурлари тайёрлашда иштирок этиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан тадбирлар ташкил этиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир илмий-амалий, таҳлилий ишларни амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, олимлар ҳамда мутахассисларни белгиланган тартибда, шу жумладан шартнома асосида жалб қилиш;

болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган давлат органларига ва бошқа ташкилотларга, шу жумладан таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларига, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, тергов ҳибсхоналарига ва тарбия колонияларига монеликсиз кириш;

хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларига, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларига Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижий давлат ҳудудида турган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги халқаро келишувларга ҳамда бошқа шартномаларга мувофиқ сўровлар юбориш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва уларнинг аъзолигига кириш, шунингдек хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорлик қилиш;

инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, келишувлар тузиш, қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари юзасидан ўтказиладиган тадбирларда, шу жумладан халқаро тадбирларда иштирок этиш.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



13-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мажбуриятлари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятини амалга оширишда:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига риоя этиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал этишда боланинг манфаатлари устуворлигини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилиши;

давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга ошираётган фаолиятига аралашмаслиги;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



14-модда. Огоҳлантириш


Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги огоҳлантириш Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма шаклда эълон қилинади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинганлиги тўғрисида унинг юқори турувчи органига (мансабдор шахсига) хабар қилишга ҳақли.



15-модда. Тақдимнома


Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги тақдимнома Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қонунчилик бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилади.

Тақдимнома кечиктирмай кўриб чиқилиши ва кўрилган чоралар тўғрисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн беш кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиниши лозим.



16-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузаси


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақида маъруза (бундан буён матнда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузаси деб юритилади) тақдим этади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан қарорлар қабул қилинган тақдирда, мазкур қарорлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юборилади.



3-БОБ. БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛНИНГ ФАОЛИЯТИ


17-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг очиқлиги


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради ва янгилаб туради, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузасини ҳамда бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз матбуот органини таъсис этиши ва бошқа матбуот нашрларининг ҳаммуассиси бўлиши мумкин.



18-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қонунчиликни

такомиллаштиришга доир фаолияти


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг фаолияти билан боғлиқ масалаларга доир қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритишга ҳақли.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши мумкин.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари мажбурий тартибда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилади.



19-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари,

эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасида аҳолининг

ҳуқуқий маданиятини оширишга доир фаолияти


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил аҳолининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш чораларини кўради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш воситаларини, усулларини ва механизмларини ўргатишга қаратилган маърифий ҳамда таълим дастурларини, илмий-амалий тадбирлар ва семинарларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади.



20-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг болага нисбатан

қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки

қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини

қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларига, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, тергов ҳибсхоналарига ва тарбия колонияларига (бундан буён матнда бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлар деб юритилади) мунтазам кириб туриш орқали болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларга кирганида:

болаларнинг сони ҳақида ахборот олади;

болаларни сақлаш ва улар билан муомалада бўлиш шарт-шароитларини ўрганади;

болалар билан, шунингдек бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлар маъмуриятининг ходимлари билан учрашувлар ва суҳбатлар, шу жумладан холи учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади. Бунда мазкур учрашувлар ва суҳбатлар жараёнининг баённомаси юритилади, зарур бўлганда техник воситалардан фойдаланилади;

бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларда боланинг туриши қонуний эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг кўчирма нусхаларини олади;

бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларнинг маъмуриятидан бола, зарур бўлган ҳолларда, тиббий текширувдан ўтказилишини, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини талаб қилади, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда боланинг розилиги билан ҳозир бўлади;

бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларнинг маъмурияти раҳбарларидан мазкур жойларда турган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олади;

бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлар маъмуриятининг қонунга хилоф ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради;

бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлар маъмуриятининг қонунга хилоф ҳаракатлари тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни тегишли тартибда хабардор этади ва бу ҳолатлар юзасидан кўрилган аниқ чоралар ҳақида бир ойдан кечиктирмай ўзига ахборот берилишини талаб қилади;

болаларни сақлаш шарт-шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юборади;

тегишли давлат органларига уларнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар киритади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашиш учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан махсус эксперт гуруҳи тузилади. Махсус эксперт гуруҳи тўғрисидаги низом Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тасдиқланади.

Махсус эксперт гуруҳининг таркиби, қоида тариқасида, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, юриспруденция, тиббиёт, психология, педагогика соҳасида, шунингдек бошқа соҳаларда касбий ҳамда амалий билимларга эга бўлган мутахассислар орасидан шакллантирилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил махсус эксперт гуруҳи аъзоларининг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир вазифаларини белгилайди, шунингдек уларни бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланмалар билан таъминлаш чораларини кўради.



21-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари,

эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасида халқаро

ҳамкорликни ривожлантиришга доир фаолияти


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб киришга, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий институтлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳақли.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши тўғрисида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий институтларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишига доир маърузаларини тайёрлашда иштирок этади.



22-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар

ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини (бундан буён матнда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили деб юритилади) тайинлайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакилига Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили жамоатчилик асосида фаолият юритади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили фаолияти Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тасдиқланадиган низом билан тартибга солинади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли ҳудудда яшовчи жисмоний шахсларнинг ёки тегишли ҳудудда жойлашган юридик шахсларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг бола ҳуқуқларига тааллуқли мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, болаларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан текширувлар ўтказишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилиш, шунингдек улардан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳужжатларни, материалларни ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга ошириш.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили:

ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ахборот тақдим этиши;

арз қилувчига ва бошқа шахсларга тегишли маълумотларни уларнинг розилигисиз, мурожаатларни кўриб чиқиш ҳақидаги ахборотни Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг рухсатисиз ошкор этмаслиги шарт.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили тегишли ҳудудда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маъруза тақдим этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакили фаолиятига кўмаклашади.



23-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятига кўмаклашиш


Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятига кўмаклашиш юзасидан зарур чораларни кўради.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бўлган, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сўраган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этиши шарт.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига доир сўровлари, хулосалари, таклифлари ва тавсияларини кўриб чиқиши ҳамда кўриб чиқиш натижалари ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида уни белгиланган муддатларда хабардор қилиши, шунингдек Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қонуний талабларини бажариши шарт.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан давлат органларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

Фаолияти давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг кириши тартиби, шунингдек давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛ ТОМОНИДАН

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


24-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан

мурожаатларни кўриб чиқиш


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятларни ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда, аризалар ҳамда таклифларни "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Шикоятлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қабул жадвалларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини, шунингдек жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабулларини ташкил этади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари, қабулни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш, шунингдек унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил суднинг ваколатлари жумласига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.

Аноним мурожаатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан кўриб чиқилмайди.



25-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан

шикоятларни кўриб чиқиш шартлари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил арз қилувчига боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки, агар арз қилувчи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича охирги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тикланиши мумкин.



26-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга бериладиган

шикоятларга қўйиладиган талаблар


Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят юридик шахс томонидан берилган тақдирда эса унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини (боланинг ҳуқуқларини) бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.

Шикоятлар давлат тилида ёки бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма шикоят арз қилувчининг имзоси ёки юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Ёзма шикоятни арз қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, шикоят уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон шаклда берилган шикоят қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Боланинг манфаатларини кўзлаб шикоятлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда унинг қонуний вакиллари томонидан берилиши мумкин.

Болалар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан шикоят бериши мумкин. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил болаларнинг шикоятларини кўриб чиқиши шарт.

Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли унинг шикоятини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда ёхуд ҳимоянинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил равишда фойдаланишга лаёқатсиз шахсларни ҳимоя қилиш учун ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир.

Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар шикоятга илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, бундан арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар мустасно.

Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиши мумкин. Шикоятни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан чоралар кўрилишини истисно этмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди.



27-модда. Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам

кўрсатиш марказларида ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия

муассасаларида, тергов ҳибсхоналарида ва тарбия колонияларида

турган болаларнинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат этиши


Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тергов ҳибсхоналарида ва тарбия колонияларида турган болалар ёзма шаклдаги мурожаатларни (хатлар ва телеграммаларни) уларнинг сони чекланмаган ҳолда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг номига юбориш ҳуқуқига эга. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига юбориладиган мурожаатлар цензура қилинмайди.

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг, тергов ҳибсхоналарининг ва тарбия колонияларининг маъмурияти боланинг мурожаатини Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, муҳрланган тарзда юборади, телеграммаларни эса дарҳол юборади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига зудлик билан етказиб берилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшираётганда вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, тергов ҳибсхоналарига ва тарбия колонияларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Мазкур муассасаларнинг маъмурияти Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг, тергов ҳибсхоналарининг ва тарбия колонияларининг маъмурияти Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга у ерда турган бола билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашувлар ва суҳбатлар ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.



28-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг шикоятларни

кўриб чиқиш, шунингдек боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари

ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси

билан текшириш чоғидаги ҳуқуқлари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотларга ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш;

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларни таклиф этиш. Текширишни ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят берилган ташкилотга ёки мансабдор шахсга топшириш мумкин эмас;

ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш;

ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатларни, материалларни ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш;

аниқланиши лозим бўлган масалалар юзасидан ташкилотларга ва мутахассисларга хулосалар тайёрлашни топшириш;

бола ҳуқуқларига дахлдор бўлган масалалар юзасидан ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан ўтказилаётган текширишларда иштирок этиш;

ушлаб турилган, тергов ҳибсхонасида сақланаётган вояга етмаган шахс ёки озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган вояга етмаган шахс билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиш;

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига тақдимномалар киритиш;

ҳаракатларида ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимосномалар киритиш;

бола манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божини тўламасдан мурожаат этиш.



29-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг шикоятни

кўриб чиқиш натижалари юзасидан мажбуриятлари


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятни кўриб чиқиш натижалари юзасидан:

арз қилувчини кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабардор этиши;

ҳаракатларида ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган ташкилотга ёки мансабдор шахсга боланинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар мавжуд бўлган ўз хулосасини юбориши шарт. Бунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосасини олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асослантирилган жавоб юбориши шарт.



30-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосаси


Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосасида қуйидаги тавсиялар назарда тутилиши мумкин:

ишнинг ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан охирига етказилиши зарурлиги;

ташкилотнинг ёки мансабдор шахснинг қарори ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши кераклиги;

ташкилотнинг ёки мансабдор шахснинг қарори асосланиши зарурлиги;

ташкилот ёки мансабдор шахс қўшимча қарор қабул қилиши кераклиги.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосасида бошқа тавсиялар ҳам бўлиши мумкин.



5-БОБ. БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛНИНГ

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

ИНСТИТУТЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ


31-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг парламент

назоратининг бошқа субъектлари билан ҳамкорлиги


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни ҳар чоракда умумлаштириб боради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш ҳамда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этишга, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этишга ҳақлидир.

Бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар киритиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан киритилган махсус маърузаларни кўриб чиқиш якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлар қабул қилади, қарорлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юборилади.



32-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистон

Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлиги


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этишга ҳамда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.



33-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистон

Республикаси Олий суди билан ҳамкорлиги


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида иштирок этишга ҳақли.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида кўриб чиқилаётган боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.



34-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистон

Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорлиги


Бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган маърузалар киритиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритишга ҳақли.



35-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Болалар

масалалари бўйича миллий комиссия билан ҳамкорлиги


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масалалар киритишга ҳақли.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг мажлисларида иштирок этиши мумкин ва кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақида маъруза, шунингдек махсус маърузалар киритишга ҳақли.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан киритилган маърузаларни кўриб чиқиш якунлари юзасидан Болалар масалалари бўйича миллий комиссия қарорлар қабул қилади, қарорлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юборилади.



36-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқни

муҳофаза қилувчи органлар ва суд билан ҳамкорлиги


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болаларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, шу жумладан ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этиш, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилиш, фоҳишахоналар ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар (бундан буён матнда болага қарши жиноятлар деб юритилади) тўғрисида маълумотлар олинган тақдирда жиноят ишини қўзғатиш ҳақида ёки жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилганда бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни уч кун ичида ёзма шаклда хабардор қилади.

Суд болага қарши жиноятлар тўғрисидаги иш юзасидан суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни хабардор қилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил болага қарши жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишларининг, шунингдек вояга етмаган шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи тариқасида жалб этилган жиноят ишларининг материаллари билан қонунда белгиланган тартибда танишишга ҳамда уларнинг кўчирма нусхаларини олишга ҳақли.

Суд болага қарши жиноятлар тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган ҳукм (ажрим) ҳақида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни беш кун ичида ёзма шаклда хабардор қилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳукм (ажрим) билан танишиб чиққач, вояга етмаган шахс манфаатларини кўзлаб, суднинг ҳукми (ажрими) устидан протест (хусусий протест) келтириш ҳақидаги илтимоснома билан прокурорга мурожаат қилишга ҳақли.



37-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фуқаролик

жамияти институтлари билан ҳамкорлиги


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва бошқа дастурларни, шунингдек боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзи томонидан шакллантириладиган ишчи гуруҳлар ва экспертлар гуруҳлари, комиссиялар ҳамда бошқа жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан фуқаролик жамияти институтлари билан ахборот алмашинувини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек улар билан битимлар тузиши мумкин.



6-БОБ. БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛ ҲАМДА

УНИНГ КОТИБИЯТИ ФАОЛИЯТИНИНГ

МОДДИЙ ВА БОШҚА ТАЪМИНОТИ


38-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг котибияти


Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятини таъминлаш учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг котибияти ташкил этилади, котибият ҳақидаги низом Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тасдиқланади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг котибияти давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг котибияти тузилмасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятига кўмаклашувчи бўлинмалар ташкил этилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг котибияти Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ўз муҳрига эга бўлади.



39-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг

молиявий, моддий-техника ва бошқа таъминоти


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил котибияти фаолиятининг молиявий, моддий-техника ва бошқа таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда унда алоҳида сатрда назарда тутилади.



40-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг

транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқи


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (бундан такси ва шаҳар йўловчилар транспорти мустасно) имтиёзли юриш ҳуқуқига эга.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



42-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим

қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш


1. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги ЎРҚ-687-сонли Конституциявий Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 4, 292-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:


1) 27-модда биринчи қисмининг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)";


2) 40-модданинг иккинчи қисмидаги "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган "Судлар тўғрисида"ги ЎРҚ-703-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 7, 663-модда) 20-моддасининг иккинчи қисмидаги "судьялар" деган сўз "судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил" деган сўзлар билан алмаштирилсин.



43-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



44-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



45-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 март


"Халқ сўзи", 2024 йил 2 март