Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.03.2024 й. ПҚ-108-сон "Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.03.2024 й.

N ПҚ-108



СУҒУРТА ХИЗМАТЛАРИ БОЗОРИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ КОМПЛЕКС

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Суғурта бозорини янада ривожлантириш, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали суғурта хизматларининг оммабоплигини ва сифатини ошириш, шунингдек, соҳани тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида:


1. 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномаларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини ушбу тизим орқали расмийлаштириш мажбурий ҳисобланади;

барча суғурта турлари бўйича суғурта полисларини фақат қоғоз шаклда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади;

суғурта полисларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирмаслик уларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади ҳамда суғурталовчи томонидан лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади;

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурталовчилар томонидан кўрсатиладиган суғурта хизматлари сифати бўйича суғурталовчилар рейтингини юритади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ;

Суғурталовчиларнинг табақалаштирилган устав капиталининг энг кам миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ва Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) барча суғурта полисларини рўйхатга олувчи ва уларнинг айланмасини назорат қилувчи ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси транспорт воситаларини суғурталаш" автоматлаштирилган ахборот тизими, Ўзбекистоннинг ягона суғурта портали, Суғурта полисларининг ягона реестри ва "Е-Sugurta servis" ягона мобил иловасини Жамғарма томонидан Агентлик балансига беғараз баланс қийматида ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда, янги ахборот тизимларини харид қилиш, уларнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш ва сақлаш, шу жумладан дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш ва ахборотларни актуаллаштириш (янгилаш) билан боғлиқ бошқа ташкилотлар ва мутахассисларнинг хизматларига ҳақ тўлаш Агентлик маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


4. Қуйидагиларга шартномаларнинг ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлаш мажбурияти юклатилсин:

Cолиқ қўмитаси ва Транспорт вазирлигига иш берувчининг ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини.

Агентлик суғуртанинг юқорида кўрсатилган турлари бўйича шартномаларнинг мажбурий тузилиши бўйича тегишли тизимни (модуллар, дастурий маҳсулотлар) ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун масъул этиб белгилансин.

Бунда, мазкур банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган вазифалар бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Агентлик маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


5. Агентлик:

2025 йил 1 январдан бошлаб суғурталовчиларнинг ҳисоботларини соддалаштириш, автоматлаштириш ва ягона ахборот тизимида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш чораларини кўрсин;

суғурта таваккалчилиги даражасига сезиларли таъсир кўрсатувчи ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларини актуар ҳисоб-китобларга асосан қайта кўриб чиқиб, уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда суғурта мукофотларини ҳисоблашни автоматлаштириш, суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан электрон шаклда шартномани мажбурий тузиш имкониятини яратиш орқали мажбурий суғурта шартномаларини тузиш жараёнлари соддалаштирилишини таъминласин;

икки ой муддатда суғурта қилдирувчиларни (жабрланувчиларни) мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этиш бўйича қонун лойиҳасини киритсин.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

шартномаларни тузиш, суғурта мукофотларини ҳисоблашни автоматлаштириш ва суғурта ҳодисалари бўйича аризаларни электрон шаклда юбориш тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш учун қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шунингдек, Агентликнинг техник шартлари ва талабларига мувофиқ келадиган ташкилотларни ҳамкорлик келишуви асосида жалб этишга рухсат берилади;

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган мажбурий суғурта шартномаларини тузиш Агентликнинг, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг, шунингдек, бошқа жалб қилинган ташкилотларнинг ахборот тизимлари орқали оммавий оферта шаклида амалга оширилади.


7. Бош прокуратура Агентлик билан биргаликда мажбурий суғурта тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан таъсирчан назоратни ўрнатсин.


8. Белгилансинки, 3-иловага мувофиқ белгиланадиган суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) календарь бадаллари маблағлари Агентликка йўналтирилади.

Бунда, суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан 2023 йил учун тўланмаган календарь бадалларининг тегишли суммалари Агентликнинг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилиши лозим.


9. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Агентлик билан биргаликда миллий суғурта бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уч ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида олий таълимнинг миллий стандартлари ва таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш орқали бакалавриатнинг суғурта иши таълим йўналиши бўйича ўқиш муддатини таянч бўлмаган фанларни қисқартириш ҳисобига тўрт йилдан уч йилгача қисқартириш бўйича тегишли таклифлар киритсин.


10. Агентлик, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2024 йил 1 июлдан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот тизимларида тегишли модулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими ва Агентликнинг ягона ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (тўлиқ қурилиш даври учун) мавжуд бўлмаган тақдирда, давлат бюджети маблағлари ва Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этиладиган объектларни молиялаштиришга йўл қўймасликни таъминласин.


11. Агентлик 2025 йил 1 январга қадар илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни киритсин:

юридик шахсларнинг кўчмас мулкини табиий ва техноген офатлардан мажбурий суғурта қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

такафул тамойилларини ва маҳсулотларини босқичма-босқич жорий этиш;

юклатилган суғурта турларини босқичма-босқич кенгайтириш;

"Яшил суғурта" (Green insurance) маҳсулотларини жорий этиш;

ихтиёрий тиббий суғуртанинг қамровини ошириш ва янада ривожлантириш.


12. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Агентлик, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини, шунингдек, суғурта маданияти ва аҳолининг суғурта хизматларига ишончини оширишга қаратилган мавзули кўрсатувлар ва эшиттиришлар ташкил этилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


15. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 мартдаги

ПҚ-108-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси суғурта хизматлари

бозорини янада ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


T/р

Чора-тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Амалга

ошириш

шакли

       

Ижро

муддати

    

Масъул

ижрочилар

      

        

I. ХАЛҚАРО СУҒУРТА ТАМОЙИЛЛАРИ (СУҒУРТА АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ)

АСОСИДА СУҒУРТА ХИЗМАТЛАРИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ МАНФААТЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШГА, ШУНИНГДЕК, УШБУ СОҲАНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА

ҚАРАТИЛГАН НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ЯРАТИШ

        

1.

Ўзбекистон Республикасининг "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги, "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги ва "Давлат божи тўғрисида"ги қонунларига суғурта фаолиятини тартибга солишга доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

"Суғурта фаолияти тўғрисида"ги, "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги ва "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

а) қайта суғурта брокерлари, сюрвейерлар, аджастерлар, ассистанслар ва актуар ташкилотлар фаолиятининг бошланиши ёки тугатилиши тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш тартибини жорий этиш;

б) суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари билан уларнинг суғурта фаолияти ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини билишини аниқлаш мақсадида суҳбат ўтказиш;

в) ваколатли давлат органига суғурта ва банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳуқуқини бериш;

г) пруденциал меъёрлар бузилганда, шунингдек, тўловга лаёқатсизлик (тўловга қобилиятсизлик) ёки бундай тақсимлаш натижасида тўловга лаёқатсизлик (тўловга қобилиятсизлик) белгилари пайдо бўлганда, суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) фойдасини тақсимлашни чеклаш чора-тадбирлари;

д) суғурта қилдирувчиларни (жабрланувчиларни) мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этиш.


Қонун

лойиҳаси

2024 йил

сентябрь


Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА)

2.

Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини, шу жумладан, белгиланган иқтисодий нормативларни бузганлик учун суғурталовчиларга (қайта суғурталовчиларга) жарималар қўллашнинг янгиланган тартибини тасдиқлаш.


Жарима санкцияларини қўллаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш, қўшимча равишда қуйидаги жавобгарликларни назарда тутиш:

а) мажбурий суғурта турлари бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда:

аризаларни кўриб чиқмаганлик (суғурта даъволарини кўриб чиқиш);

суғурта товонини тўламаганлик учун;

б) суғурталовчилар, суғурта брокерлари ва уларнинг алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерларини ваколатли орган билан келишмаган ҳолда тайинлаганлик учун;

в) ваколатли давлат органининг мажбурий тақдимномалари ва/ёки кўрсатмаларини бажармаганлик, шу жумладан ўз вақтида бажармаганлик учун;

г) суғурталовчи (қайта суғурталовчи)нинг ҳисоб (валюта) ва бошқа банк рақамларида ўтган ўн икки ой мобайнида ҳисобланган суғурта товонлари суммасининг 3 фоизидан кам бўлмаган миқдорда пул маблағлари мавжуд бўлишига оид талабга риоя қилмаганлик учун.

     

Норматив-

ҳуқуқий

ҳужжат

лойиҳаси

2024 йил

апрель

ИЛМА

3.

Суғурта хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тартибини такомиллаштириш.


Электрон шаклда суғурта хизматларини кўрсатишнинг янгиланган тартибини ишлаб чиқиш, жумладан қуйидагиларни назарда тутиш:

а) ягона ахборот тизими орқали суғурта шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта полисларини шакллантириш;

б) суғурта мукофотларини ҳисоблашни автоматлаштириш, суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан шартномани электрон шаклда мажбурий тартибда тузиш имкониятини таъминлаш, шунингдек, бошқа чора-тадбирлар орқали мажбурий суғурта шартномаларини тузиш жараёнларини соддалаштириш;

в) суғурта даъволарини тартибга солиш;

г) суғурталовчилар томонидан ягона ахборот тизимидан фойдаланиш талаблари ва шартлари, шунингдек, Агентликнинг кўрсатмасига асосан қонунбузилишларни бартараф этиш даврида ягона ахборот тизимидан тўлиқ ёки қисман фойдаланишни тўхтатиш.


Норматив-

ҳуқуқий

ҳужжат

лойиҳаси

2024 йил

май


ИЛМА, Рақамли технологиялар вазирлиги


4.

Ташиш фаолиятини амалга оширувчи шахслар учун ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш устидан назоратни кучайтириш.


Ташиш фаолиятини амалга оширувчи шахслар учун ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полисига эга бўлиш талабини назарда тутувчи ўзгартиришлар йўл ҳаракати қоидаларига киритилишини таъминлаш.


Норматив-

ҳуқуқий

ҳужжат

лойиҳаси

2024 йил

май

Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги


5.

Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш талабларини кучайтириш.


Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш.


Қонун

лойиҳаси

2024 йил

май

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси

        

II. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРНИНГ ИЛҒОР СУҒУРТА

ТАЖРИБАСИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ОРҚАЛИ МИЛЛИЙ СУҒУРТА

БОЗОРИ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ КЕНГАЙТИРИШ

          

6.

Суғурта хизматлари кўрсатилиши сифати бўйича суғурталовчилар рейтингини аниқлаш ва юритиш тартибини жорий этиш.


Кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифати бўйича, шу жумладан қуйидаги мезонларни ҳисобга олган ҳолда Суғурталовчилар рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш:

а) суғурта ташкилотининг тўловга қобилиятлилик маржасининг етарлилик меъёри;

б) умумий суғурта даъволари сонига нисбатан ўз вақтида кўриб чиқилган суғурта даъволарининг сони;

в) умумий суғурта даъволари сонига нисбатан ўз вақтида тўланган суғурта товонлари сони;

г) умумий суғурта қилдирувчилар сонига нисбатан Агентликка келиб тушган суғурта хизматлари истеъмолчиларининг мурожаатлари (шикоятлар) сони;

д) умумий суғурта даъволари сонига нисбатан қаноатлантирилган суғурта даъволарининг нисбати;

е) суғурта турлари бўйича йиғилган суғурта мукофотлари ва суғурта тўловларининг нисбати.


Идоравий

норматив-

ҳуқуқий

ҳужжат

лойиҳаси

2024 йил

июль


ИЛМА, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги


7.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни фақатгина ҳаётни суғурта қилиш соҳасида лицензияга эга суғурта ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган амалиётини жорий этиш.


1. Халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш.


2. Халқаро тажрибани имплементация қилиш мақсадида миллий қонунчиликни таҳлил қилиш.


3. Таҳлиллар натижаларига кўра таклифлар тайёрлаш ва Президент Администрациясига киритиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2024 йил

ноябрь

ИЛМА

8.

Туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш амалиётини жорий этиш.


1. Халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш.


2. Халқаро тажрибани имплементация қилиш мақсадида миллий қонунчиликни таҳлил қилиш.


3. Таҳлиллар натижаларига кўра таклифлар тайёрлаш ва Президент Администрациясига киритиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2024 йил

декабрь

ИЛМА

        

III. СУҒУРТА БОЗОРИНИ ЖАДАЛ РАҚАМЛАШТИРИШ ВА СУҒУРТА

БОЗОРИ ПРОФЕССИОНАЛ ИШТИРОКЧИЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА

СОЛИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ОРҚАЛИ СУҒУРТА

ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ,

СУҒУРТА ХИЗМАТЛАРИ СИФАТИНИ ВА ОММАБОПЛИГИНИ ОШИРИШ

        

9.

Вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва ягона ахборот тизими билан мажбурий суғурта турлари бўйича тегишли маълумотлар алмашинувини таъминлаш.


1. Қуйидаги маълумотлар алмашинувини назарда тутувчи идоралараро ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича технологик йўриқнома ишлаб чиқиш:

йўловчиларни ташиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномага (лицензияга) эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат бюджети маблағлари ва Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларни қуриш бўйича тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар;

фаолияти бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиш хавфи билан боғлиқ бўлган хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар;

иш берувчилар тўғрисидаги маълумотлар;

мажбурий суғурта шартномалари ва суғурта полислари тўғрисидаги маълумотлар.


Технологик

йўриқнома


2024 йил

апрель


ИЛМА Транспорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси

2. Мажбурий суғурта шартномалари тузилишини таъминлаш учун тақдим этилган маълумотларни кейинчалик узатган ҳолда йиғиш ва қайта ишлаш.


3. Ахборот алмашинуви бўйича синовлар ўтказиш.


Ахборот

алмашиш

тизими


2024 йил

июль


4. Онлайн ахборот алмашинувини йўлга қўйиш.




10.

Солиқ қўмитасининг "my.soliq.uz" электрон тизимида иш берувчи ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартномалар тузиш механизмини жорий этиш.


Қуйидаги хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш:


1. Мунтазам равишда солиқ ҳисоботларини тақдим этишда амалдаги мажбурий суғурта полисига эга бўлмаган иш берувчилар ва ташувчиларни автоматик равишда аниқлаш.


2. Суғурта шартномасини мажбурий тартибда тузиш учун суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан оммавий офертани қабул қилиш имконияти.


3. Қонунчиликка мувофиқ автоматик равишда суғурта мукофоти миқдорини ҳисоблаш.


4. Суғурта полисини солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юбориш.


5. Суғурта ҳодисаси бўйича аризаларни суғурта ташкилотига юбориш.


Электрон

шаклдаги

суғурта

хизматлари


2024 йил

июль

ИЛМА, Солиқ қўмитаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Транспорт вазирлиги


11.

Давлат бюджети маблағлари ва Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобидан объектларни қуриш жараёнида қурилиш таваккалчилигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартномалар тузиш механизмини электрон тизимда жорий этиш.


Қуйидаги хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш:


1. Амалдаги мажбурий суғурта полисига эга бўлмаган юридик шахсларни автоматик тарзда аниқлаш.


2. Суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан суғурта шартномасини тузиш имконияти.


3. Суғурта полисини суғурта қилдирувчига юбориш.


4. Суғурта ҳодисаси бўйича аризаларни суғурта ташкилотига юбориш.


Электрон

шаклдаги

суғурта

хизматлари


2024 йил

июль

ИЛМА, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги


12.

Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берганда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартномаларни электрон тизимда тузиш механизмини жорий этиш.


1. Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полиси мавжудлиги тўғрисидаги талабни хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш талаб ва шартларига киритиш.


Норматив

ҳуқуқий

ҳужжат

лойиҳаси


2024 йил

май


ИЛМА, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси


2. Қуйидаги хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш:

а) амалдаги мажбурий суғурта полисига эга бўлмаган юридик шахсларни автоматик тарзда аниқлаш.

б) суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан суғурта шартномасини тузиш имконияти.

в) суғурта полисини суғурта қилдирувчига юбориш.

г) суғурта ҳодисаси бўйича аризаларни суғурта ташкилотига юбориш.


Электрон

шаклдаги

суғурта

хизматлари


2024 йил

июль


13.

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар)нинг суғурта захираларини шакллантириш ва тўлов қобилиятини аниқлаш методикасини Solvency II меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


1. Халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш.


2. Халқаро тажрибани имплементация қилиш мақсадида миллий қонунчиликни таҳлил қилиш.


3. Таҳлиллар натижаларига кўра таклифлар тайёрлаш ва Президент Администрациясига киритиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2025 йил

июль

ИЛМА Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси, Ўзбекистон актуарийлар уюшмаси


14.

Хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятни лицензиялашда хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полиси мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабни белгилаш.


Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш паспортига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Норматив-

ҳуқуқий


ҳужжат лойиҳаси

2024 йил

май


Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси


15.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифлари коэффициентлари ва иш берувчининг фаолияти турлари хавфлилиги даражалари таснифини коэффициентлар ва ИФУТ кодини касбий таваккалчилик класслари бўйича иқтисодиёт тармоқлари (кичик тармоқлари) кесимида белгилаш юзасидан қайта кўриб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қайта кўриб чиқиш орқали ўзгартиришлар киритиш, хусусан:

ҳар бир класс бўйича суғурта тарифлари коэффициентлари;

касбий таваккалчилик класслари бўйича иқтисодиётнинг ҳар бир тармоғи (кичик тармоғи) учун ИФУТ кодини белгилаш.


Норматив-

ҳуқуқий

ҳужжат

лойиҳаси

2024 йил

октябрь

ИЛМА, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Статистика агентлиги, Солиқ қўмитаси


16.

Суғурта ташкилотларининг суғурта ва инвестиция фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танқидий қайта кўриб чиқиш ҳамда замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш.


Қуйидаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янгиланган таҳририни тайёрлаш:


1. Суғурталовчиларнинг суғурта захиралари тўғрисидаги низомни, жумладан, унда қуйидагиларни назарда тутиш:

суғурта агентига тўланадиган тўловларнинг ишлаб топилмаган қисмини ҳисобга олиш учун аквизицион харажатлар захирасини жорий этиш, бунда, аквизицион харажатлар захираcини шакллантириш суғурта шартномаси кучга киргандан сўнг тўлиқ ҳисобланган ҳолда амалга оширилишини ва суғурта даврининг қолган қисмига мутаносиб равишда ҳисобланишини белгилаш.


2. Суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги низом.


3. Суғурталовчи ва қайта суғурталовчининг инвестиция фаолияти тўғрисидаги низом.


4. Актуар хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом.


5. Суғурталовчилар ва суғурта воситачилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари.


6. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти тўғрисидаги низом.


7. Суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талаблари тўғрисидаги низом.


8. Қайта суғурта қилиш хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисидаги низом ва уни замонавий талабларга мослаштириш, бунда табиий ва техноген офатларни қайта суғурталашни назарда тутиш.


Норматив-

ҳуқуқий

ҳужжат

лойиҳаси

2024-2025

йиллар

давомида

ИЛМА, Ўзбекистон актуарийлар уюшмаси


17.

Суғурта хизматларини оммалаштириш мақсадида тарғибот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш.


1. Суғурта хизматлари ва уларнинг афзалликлари ҳақида тарғибот материалларини тайёрлаш.


2. Аҳоли ўртасида суғуртани оммалаштириш ва уни кенг тарғиб қилиш мақсадида суғурта хизматлари тўғрисидаги тарғибот материалларини оммавий ахборот воситаларида тарқатиш.


3. Мазкур йўналишда брифинг, конференция ва амалий семинарлар ўтказиш.


4. Ички ишлар органлари ходимлари иштирокисиз "Е-Sugurta servis" мобил иловаси орқали йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани (европротокол) тузган ҳолда йўл-транспорт ҳодисасининг соддалаштирилган тартибини қайд этиш тўғрисида маърифий теледастурлар ва радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва эфирга узатиш.


Ташкилий

чора-

тадбирлар

комплекси

2024-2025

йиллар

давомида

ИЛМА, АОКА, ЎзМТРК, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси


       

IV. СУҒУРТА БОЗОРИДА МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ,

АҲОЛИ ВА ТАДБИРКОРЛАРНИНГ СУҒУРТА МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ

          

18.

Суғурта назоратчилари халқаро уюшмаси (IAIS) билан ҳамкорликни кенгайтириш.



Суғурта назоратчилари халқаро уюшмаси томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш.

Ташкилий

чора-

тадбирлар


2024 йилдан

бошлаб ҳар

йили


ИЛМА, Ташқи ишлар вазирлиги


19.

Хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан суғурта фаолияти соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш.


1. Халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар экспертлари билан семинар ва учрашувлар ўтказиш.


2. Хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари билан тажриба алмашинувини йўлга қўйиш.


Ташкилий

чора-

тадбирлар


2024-2027

йиллар

давомида


ИЛМА

20.

Суғурта ташкилотлари юқори бошқарув органлари ходимларининг суғурта иши бўйича малакасини мунтазам равишда ошириб боришни таъминлаш.


Икки йилда камида бир марта суғурта ташкилотлари юқори бошқарув органлари ходимларининг малакасини ошириш. Бунда:

а) ходимларни тайёрлаш:

юқори бошқарув органлари ходимлари учун - 80 академик соат;

ўрта бошқарув органлари ходимлари учун - 100 академик соат;

бўлинмалар раҳбарлари ва уларнинг ходимлари учун - 120 академик соат;

б) ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш учун иш ҳақи фондининг камида 3 фоизи миқдорида маблағ ажратиш тизимини жорий этиш.


Ташкилий

чора-

тадбирлар


2024-2027

йиллар

давомида

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, ИЛМА, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси


         

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 мартдаги

ПҚ-108-сон қарорига

2-ИЛОВА



Суғурталовчиларнинг табақалаштирилган устав капиталининг

ЭНГ КАМ МИҚДОРЛАРИ

        

млн сўмда

Т/р

Суғурта фаолияти турлари

1 октябрдан


2025 йил

      

2027 йил

     

2029 йил

        

1.

Умумий суғурта соҳасида

ихтиёрий суғурта

        

35 000

45 000

60 000

2.

Умумий суғурта соҳасида

мажбурий суғурта

      

50 000

75 000

100 000

3.

Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида

ихтиёрий суғурта

    

25 000

30 000

35 000

4.

Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида

мажбурий суғурта

    

40 000

45 000

50 000

5.

Фақат қайта суғурта

      

80 000

100 000

120 000

           

            




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 мартдаги

ПҚ-108-сон қарорига

3-ИЛОВА



Календарь бадали миқдорини аниқлаш

ва тўлаш тартиби


1. Суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан хабардор қилингандан сўнг беш иш куни ичида Агентликнинг шахсий ғазна ҳисобварағига тегишли миқдорда пул маблағи ўтказиш йўли билан календарь бадалини тўлайди.


2. Календарь бадали ставкаси суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари соф суғурта мукофотларининг 0,2 фоизи миқдорида белгиланади.


3. Ҳар бир ўтган чорак учун соф суғурта мукофотлари тўғридан-тўғри суғурта ва биргаликда суғурта (суғурта ташкилотининг биргаликда суғурталаш шартномасида белгиланган улуши) бўйича суғурта мукофотлари ҳамда кирувчи қайта суғурта мукофотлари йиғиндисидан чиқувчи қайта суғурта мукофотларини чегириб ташлаган ҳолда ҳисобланади.


4. Календарь бадалининг 80 фоизи миқдоридаги маблағ суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) банкрот деб топилганда, суғурта қилдирувчиларга (суғурталанган шахсларга, наф олувчиларга) суғурта (қайта суғурта) тўловларининг ёки қайтарилиши лозим бўлган суғурта мукофотларининг етишмаган қисмини молиялаштиришга йўналтирилади.

Календарь бадал суммасининг қолган қисми қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

суғурта бозорини ривожлантиришга, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ташкил қилиш, шунингдек, халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда суғурта фаолияти масалалари бўйича семинарлар, конференциялар ва форумларни ташкил этиш;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан хорижда ташкил қилиш;

миллий ва хорижий мутахассисларни, халқаро ва хорижий ташкилотларни, шунингдек, консалтинг ташкилотларини жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

Агентликнинг жорий харажатларини молиялаштириш;

Агентликнинг идора қилиш ва бошқарув функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ сарфлар, шу жумладан, электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш бўйича харажатларни қоплаш;

ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, сотиб олиш, жорий этиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва ахборот тизимига киритилган маълумотларни актуаллаштириш (янгилаш) билан боғлиқ учинчи томон ташкилотлари ва мутахассисларининг хизматларига ҳақ тўлаш харажатларини қоплаш;

ахборот хавфсизлиги соҳасидаги харажатларни, шу жумладан муҳандислик ва консалтинг хизматлари учун тўловларни, маълумотларни қайта ишлаш хизматларини ва бошқаларни молиялаштириш;

Агентлик фаолиятини яхшилашга йўналтирилган вакиллик ва тадбирлар харажатларини (видеороликлар, даврий нашрлар, брошюралар, буклетлар, китоблар, тўпламлар тайёрлаш, конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва ҳоказоларни ўтказиш) қоплаш;

ходимларга иш ҳақи тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш: жумладан мукофотлаш, қўшимча тўловлар ва устамалар тўлаш, шунингдек, ижтимоий таъминлаш;

Агентлик ходимларига суғурта соҳасида ва (ёки) Агентлик тизимида кўп йиллик хизматлари учун мукофотлар тўлаш;

ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш.


5. Календарь бадалларининг вақтинчалик бўш маблағлари тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилиши мумкин.


6. Ушбу Тартибда назарда тутилмаган мақсадларда Агентликнинг ҳисобварақларидан календарь бадали маблағларини ўтказиш ва вақтинчалик олиш тақиқланади.

          

          




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 мартдаги

ПҚ-108-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 майдаги "Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-872-сон қарорида 3-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"суғурталовнинг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар Суғурталовчининг, суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талаблари тўғрисидаги низомда белгиланган малака талабларига мос келган тақдирда тайинланади (сайланади)".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4412-сон қарори 4-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ваколатли давлат органи суғурталовчилар томонидан қўлланилаётган суғурта тарифларини, истеъмолчиларнинг суғурта хизматлари сифатидан қониқиши даражасини, шунингдек, суғурта маҳсулотларининг самарадорлигини таҳлил қилиш асосида суғурта захираларининг қабул қилинаётган таваккалчиликларга мақбуллигини таъминлайдиган суғурта захираларининг минимал даражасини белгилайди, шунингдек, актуар ҳисоб-китобларга асосланган тавсиявий характердаги суғурта тарифларининг минимал миқдорини ўрнатиш ҳуқуқига эга".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 октябрдаги "Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5265-сон қарорининг 2-банди учинчи хатбошисидаги "2024 йил" сўзлари "2028 йил" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида"ги 141-сон қарорида:


а) 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 24 июндаги

141-сон қарорига

2-ИЛОВА



Транспорт воситалари эгаларининг

фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта

қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш

жамғармасининг Кузатув кенгаши

ТАРКИБИ

         

Максудов Д.С.

-

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг ўринбосари, Жамғарма кузатув кенгаши раиси


Саидов О.Ч.

-

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи


Файзиев О.О.

-

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги департаменти бошлиғи


Абдурахимов К.А.

-

Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмасининг бош директори


Закиров Л.Х.

-

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси директори (маслаҳат овози ҳуқуқи билан), Жамғарма кузатув кенгаши котиби

          

Изоҳ. Жамғарма кузатув кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Жамғарма кузатув кенгаши таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади";


б) 3-илова изоҳ қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жамғарма кузатув кенгаши зарур ҳолларда Жамғарма дирекцияси тузилмаси ва сонига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга".


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 24 июндаги 177-сон қарори билан тасдиқланган Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига 1-иловада:


а) Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси кириш қисмидаги "Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги" сўзлари "суғурта соҳасида ваколатли давлат органи" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 11-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Иш берувчи мазкур суғурта шартномасини имзолаш орқали шартнома тузилганидан бошлаб беш иш куни ичида суғурта мукофоти тўланмаган ҳолларда суғурталовчи томонидан иш берувчининг ҳисоб рақамидан суғурта мукофотини сўзсиз тартибда банк муассасаси орқали ундириб олинишига розилигини билдиради".


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 сентябрдаги 266-сон қарори билан тасдиқланган Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига 2-иловада:


а) Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси кириш қисмидаги "Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги" сўзлари "суғурта соҳасида ваколатли давлат органи" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 12-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ташувчи мазкур суғурта шартномасини имзолаш орқали шартнома тузилганидан бошлаб беш иш куни ичида суғурта мукофоти тўланмаган ҳолларда суғурталовчи томонидан ташувчининг ҳисоб рақамидан суғурта мукофотини сўзсиз тартибда банк муассасаси орқали ундириб олинишига розилигини билдиради";


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низомга 6-илованинг 9-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"

9.

Лицензия талаблари

ва шартлари:

а) Ўзбекистон Республикасининг суғурта фаолияти ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш, шунингдек, шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш;

б) суғурта фаолиятини амалга оширишда олинган ахборотларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ махфийлигини таъминлаш;

в) лицензияловчи орган талабига кўра суғурта фаолиятини амалга оширишга доир қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ахборотларни тақдим этиш;

г) қуйидаги шахсларни суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланишига йўл қўймаслик:

террористик фаолиятда ёки оммавий қиргин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган;

шахсга қарши, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ иқтисодий жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган шахслар;

д) "г" кичик бандда белгиланган шахсларнинг суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг устав капиталида иштирок этишига йўл қўймаслик;

е) лицензия талабгорининг (лицензиатнинг) ва улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбари ва бош бухгалтерининг суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган малака талабларига мувофиқлиги, жумладан, касбий кўникмалар, билим ва тажрибанинг корпоратив бошқарув стандартларига мувофиқлиги ва ижобий ишчанлик обрўсига эга бўлиши;

ж) лицензия талабгорининг (лицензиатнинг) раҳбарлик лавозимларида ишловчи шахсларининг бошқа суғурта ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ўриндошлик асосида ишлашига йўл қўймаслик;

з) беш йил мобайнида суғурта фаолиятини амалга оширишга оид барча маълумотларни, жумладан иш ёзишмаларини сақлаш.

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) учун қўшимча лицензия талаблари ва шартлари:

а) устав фондининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдорининг мавжуд бўлиши;

б) Ягона ахборот тизимидан фойдаланиш ва ушбу тизим доирасида ўзаро ахборот алмашиш бўйича тегишли келишувнинг мавжудлиги;

в) қонунчилик талаблари асосида электрон суғурта хизматлари кўрсатишни таъминлаш учун ахборот тизимининг мавжудлиги;

г) суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномаларини Ягона ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш ва ушбу тизим орқали суғурта полисларини расмийлаштириш;

д) акциядорлар бўлган юридик шахсларнинг ҳаддан ташқари (потенциал олувчидан охирги бенефициар мулкдоргача учта поғонадан кўп) даражаларга табақалаштирилиши мавжуд бўлмаслиги;

е) Қорақалпоғистон Республикасида, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида мажбурий суғурта шартномаларини тузиш, жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси)нинг суғурта тўловлари тўғрисидаги талабларини кўриб чиқиш ва суғурта тўловларини амалга ошириш ваколати берилган ўз филиалларига эга бўлиши - транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилувчи суғурталовчилар учун;

ж) суғурталовчининг Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси билан унга аъзолик тўғрисидаги ёзма битимнинг мавжуд бўлиши - транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилувчи суғурталовчилар учун;

з) Қорақалпоғистон Республикасида, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномалари ёки аннуитетлар шартномаси тузиш, иш берувчилар (ёки) жабрланувчилар ёхуд наф олувчиларнинг суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги талабларини кўриб чиқиш ва суғурта тўловларини амалга ошириш ваколатига эга бўлган ўз филиаллари мавжуд бўлиши - иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталовчилар учун;

и) Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузишга, ташувчилар, жабрланувчилар ва наф олувчиларнинг суғурта товони ҳақидаги талабларини кўриб чиқишга ҳамда суғурта товонини амалга оширишга ваколатли ўз филиалларига эга бўлиши - ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилувчи суғурталовчилар учун;

к) суғурталовчида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширишга ҳақли бўлган суғурталовчилар ўртасида суғурта шерикчилигини тузиш ҳақида биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартноманинг мавжуд бўлиши - ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилувчи суғурталовчилар учун.

Суғурта брокерлари учун қўшимча лицензия талаблари ва шартлари:

а) суғурта брокерининг суғурта фаолиятини амалга оширишда шартнома мажбуриятларига риоя этилишини таъминлаш;

б) суғурта шартномасининг лицензиат мижози учун қулай шартларда тузилиши ва бажарилиши;

в) суғурталашга доир воситачилик фаолиятини асосий фаолият тури сифатида амалга ошириш.

Лицензия талаблари ва шартларининг бир марта қўпол равишда бузилиши жумласига кирадиган ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Қонуни 54-моддасида белгиланган.

          

".

          

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 мартдаги

ПҚ-108-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги "Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-618-сон қарорининг 2-банди ва 2-иловаси.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 октябрдаги "Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5265-сон қарорига илованинг 14-позицияси.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1060-сон қарорининг 1-6-бандлари ҳамда қарорга 1 - 3-иловалар.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 декабрдаги 694-сон қарори билан тасдиқланган Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 40-банди.


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 августдаги "Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 332-сон қарорининг 8-банди ҳамда илованинг 9-позицияси.

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 4 март