Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.03.2024 й. ПҚ-116-сон "Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 300 МВт бўлган шамол электр станциясини ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.03.2024 й.

N ПҚ-116



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



"БУХОРО ВИЛОЯТИНИНГ ҒИЖДУВОН

ТУМАНИДА ҚУВВАТИ 300 МВТ БЎЛГАН ШАМОЛ

ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ ҲАМДА ҲАВО ЭЛЕКТР

УЗАТИШ ТАРМОҒИНИ ҚУРИШ" ИНВЕСТИЦИЯ

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) "ACWA Power Company" (Саудия Арабистони) компанияси (кейинги ўринларда - Инвестор) томонидан "Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 300 МВт бўлган шамол электр станциясини ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш" инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда - Инвестиция лойиҳаси) доирасида "ACWA Power Gijduvan Wind" МЧЖ (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) таъсис этилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 27 ноябрда инвестиция шартномаси (кейинги ўринларда - Инвестиция шартномаси) имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:

Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 300 МВт бўлган шамол электр станциясини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши;

юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммаларига олган ҳолда, дастлабки баҳолаш бўйича жами 403 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;

в) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 27 ноябрда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - Битим) тўғридан-тўғри музокаралар натижасида имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ:

Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;

Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 11 млн АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали банк кафолатини тақдим этиши;

Инвестиция лойиҳаси доирасида шамол электр станциясини ягона электр энергетика тармоғига улаш учун ҳаво электр узатиш тармоқлари Лойиҳа компанияси томонидан қурилиши ҳамда ишга туширилгандан сўнг уларни "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга топшириш мажбуриятини олиши;

Лойиҳа компанияси томонидан ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш учун сарфланган харажатлар "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан 10 йил давомида ойлик тўловлар асосида қопланиши;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Инвестиция шартномаси тасдиқлансин;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Битим маъқуллансин.


3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга Лойиҳа компанияси томонидан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш ҳақида битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.


4. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга:

Лойиҳа компанияси билан биргаликда Битимда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини ва бошқа маслаҳатчиларни тўғридан-тўғри шартномалар тузган ҳолда жалб қилишга;

Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олиш мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига хорижий банкнинг чет эл валютасида тасдиқланган ва тикланадиган аккредитивини очишга рухсат берилсин.


5. Иқтисодиёт ва молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг аккредитив очадиган хорижий банк олдидаги тўлов мажбуриятлари Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ёки Европа тикланиш ва тараққиёт банки кафолати орқали бажарилган тақдирда, мазкур банк билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мақбул шаклдаги ушбу банк харажатларини қоплаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.


6. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига, барча солиқлар ва йиғимлар тўланган ҳолда, Инвестиция лойиҳасини молиялаштириш доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

кредит олиш, чет эл валютасида маблағлар олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет элдаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган хорижий пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш.


7. Бухоро вилояти ҳокимлиги:

Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Лойиҳа компанияси билан биргаликда бир ой муддатда Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Бухоро вилояти Ғиждувон тумани ҳудудида шамол электр станциясини, ҳаво электр узатиш тармоқларини ва электр инфратузилмаси қурилмаларини қуриш учун зарур ер участкаларини танлаб олсин ва уларнинг чегараларига аниқлик киритиб, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклиф киритсин;

Лойиҳа компанияси томонидан тақдим этиладиган лойиҳа ҳужжатлари асосида танланган ер участкаларни Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратсин.

Энергетика вазирлиги мазкур ер участкалари Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига ижарага берилишини таъминласин.

Бунда, Лойиҳа компанияси томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилсин.


8. Белгилансинки, Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда:

Энергетика вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик (тоифаси ўзгартирилганлиги) учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинади;

шамол электр станциясини қуриш билан боғлиқ қурилиш ва ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш нормалари ва қоидалари Битимга мувофиқ халқаро стандартлар билан тартибга солинади;

электр энергиясининг сотиб олиниши ва ҳаво электр узатиш тармоқларини қуришга сарфланган харажатлар бўйича тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича миллий валютада амалга оширилади.


9. Лойиҳа компаниясининг буюртманомасига биноан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Ташқи ишлар вазирлиги - жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини;

Ички ишлар вазирлиги - жалб қилинадиган пудрат ташкилотларининг хорижий мутахассислари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги - хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.


10. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, шунингдек, томонларнинг Инвестиция шартномаси ва Битим доирасидаги мажбуриятлари бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.


11. Адлия вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция шартномаси ҳамда унинг қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.


12. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини таъминласин ва Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилсин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 6 март