Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи туманларнинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган ва лойиҳалаштиришдан олдин амалга ошириладиган ер тузиш чизмаларини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.03.2024 й. 111-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 4 мартдаги

111-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги билан

шуғулланувчи туманларнинг 2025-2030 йилларга

мўлжалланган ва лойиҳалаштиришдан олдин амалга

ошириладиган ер тузиш чизмаларини ишлаб

чиқиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи туманларнинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган ва лойиҳалаштиришдан олдин амалга ошириладиган ер тузиш чизмаларини (кейинги ўринларда - ер тузиш чизмаси) ишлаб чиқиш тартибини белгилайди.


2. Ер тузиш чизмаси ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва уларни муҳофаза қилиш, ер муносабатларини тартибга солиш, табиий муҳитни асраш, яхшилаш, ҳудудни комплекс ривожлантириш учун қулай шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилади.

Ер тузиш чизмаси ер ресурсларини бошқаришга ваколатли бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни, уларни муҳофаза қилишни ташкил этиш фаолияти учун татбиқ этилади.


3. Ер тузиш чизмаси "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институти (кейинги ўринларда - институт) томонидан ишлаб чиқилади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ер тузиш чизмаси - қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи туманларнинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган ва лойиҳалаштиришдан олдин амалга ошириладиган ер тузиш ишларини бажаришда фойдаланиладиган, илмий асосланган ҳуқуқий, иқтисодий ва техник ҳужжатлар, ҳисоб-китоблар ва тавсифлар тўплами;


ер тузиш чизмасини ишлаб чиқувчи - ер тузиш ишларини бажариш билан шуғулланувчи давлат муассасаси;


ер турлари - муайян хўжалик мақсадлари учун мунтазам фойдаланиладиган ёки фойдаланиш учун яроқли бўлган ва табиий-тарихий белгиларига кўра ажралиб турувчи ерлар.


5. Туманлар маъмурий чегарасидаги барча ер фонди тоифаларидаги, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар фойдаланиш мақсади, тавсифи ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш объекти ҳисобланади.


6. Қуйидагилар ер тузиш чизмасини ишлаб чиқишда асосий вазифалар ҳисобланади:

ердан фойдаланиш ва унинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ҳуқуқий, иқтисодий ва техник ҳужжатларни умумлаштириш ва тизимлаштириш;

ҳудуднинг иқтисодий-географик жойлашуви, ижтимоий, демографик ва экологик тавсифини ҳамда хўжалик ва бошқа ишлаб чиқариш имкониятларини баҳолаш;

ер тузиш чизмасини ишлаб чиқишда суғориладиган ерларга энг кам салбий таъсирни инобатга олган ҳолда, ноқишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари билан боғлиқ объектларни жойлаштириш;

ердан фойдаланишдаги мавжуд муаммо ва қийинчиликларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш;

ер фонди ҳолати, тузилиши ва тақсимланишининг сўнгги ўн йил ичида ўзгариш динамикасини ўрганиш;

ердан самарали фойдаланиш йўналишлари ва хўжалик фаолиятининг чекланганлигини аниқлаш;

ер фондидан истиқболда фойдаланишнинг умумий стратегияси ва концепциясини ишлаб чиқиш;

фойдаланиш мақсадига кўра ер фонди тақсимланиши, шунингдек, ер трансформацияси объектлари ва ҳажмининг яхшиланиши, муҳофаза қилинишини аниқлаш;

ҳудуд ва массивларда ердан фойдаланиш самарадорлигини аниқлаш, маъмурий-ҳудудий бирликлар, ердан фойдаланувчилар ва маҳаллий ишлаб чиқариш субъектлари кесимида ернинг таркибий мутаносиблигини белгилаш орқали туманлар ҳудудининг хўжалик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда минтақалаштириш;

давлат дастурлари, инвестиция лойиҳаларига мувофиқ ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш учун мақбул ер участкаларини танлаш;

маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини тартибга солиш (такомиллаштириш) бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, шунингдек, аҳоли пунктлари ва инфратузилмани ривожлантиришга, экология ва табиатни муҳофаза қилишга, тиклашга, ўрмон фонди ерларидан фойдаланишни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқиш ва асослаш;

минтақа ва ҳудудларни ердан фойдаланишнинг махсус шароитига (табиатни муҳофаза қилиш объектлари, интенсив қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар, рекреация ҳудудлари ва бошқаларга) боғлиқ ҳолда жойлаштириш;

ер тузиш чизмаси бўйича таклифлар самарадорлигини аниқлаш ва баҳолаш.


7. Ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш қуйидаги тамойилларга асосланади:

ердан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасини давлат томонидан бошқариш ва тартибга солиш;

ердан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ва таклифларни ҳудуднинг табиий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа маҳаллий шароитларига мослаштириш;

ердан самарали фойдаланишнинг барқарорлигини таъминлаш;

ҳудудни ташкил этиш, тузиш ва комплекс ривожлантириш;

алоҳида қимматга эга бўлган, шу жумладан, суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилаш ва муҳофаза қилиш, атроф-муҳит муҳофазасини йўлга қўйиш, табиий ресурсларни сақлаш ва тиклашнинг устуворлигини таъминлаш;

ердан фойдаланувчилар, маҳаллий аҳоли, жамоатчилик фикри ва қизиқишларини ўрганиш ҳамда ер тузиш чизмасини ишлаб чиқишда ҳисобга олиш.


8. Ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш жараёнларига туман ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт ва молия, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда кадастр идораларининг мутахассислари жалб қилиниши мумкин. Ушбу ташкилот ва идоралар ўз ваколатлари доирасида ер тузиш чизмаларини ишлаб чиқиш учун зарур бўладиган маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни беғараз тақдим этади ҳамда ушбу маълумотларнинг ишончлилиги бўйича жавобгар ҳисобланади.

Институт ер тузиш чизмасининг белгиланган муддатда ишлаб чиқилиши ва иш якуни бўйича тақдим этиладиган ҳужжатларнинг сифатига жавобгар ҳисобланади.



2-БОБ. ЕР ТУЗИШ ЧИЗМАСИНИ

ИШЛАБ ЧИҚИШ


9. Қуйидагилар ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш босқичлари ҳисобланади:

ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш учун тайёргарлик ишларини ташкил этиш;

ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш;

ер тузиш чизмасини кўриб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш;

ер тузиш чизмасига оид ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлаш ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга тақдим этиш.

Ер тузиш чизмаси ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича ишлаб чиқилади.


10. Тайёргарлик ишлари босқичида ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли ташкилот ва идораларга вазифалар белгиланади, зарур ҳужжат ва материаллар тўпланади, таҳлил қилинади ва тизимлаштирилади.


11. Ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш учун картографик асос сифатида туманнинг 1:10 000 масштабдаги электрон рақамли харитасидан фойдаланилади.

Бунда тоғ, тоғолди ва чўл ҳудудлар учун кичикроқ масштабдаги хариталардан фойдаланишга рухсат берилади.

Грифланган картография, геодезия, ер усти ва ости муҳандислик коммуникация тармоқларига оид маълумотлардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.


12. Ўрганилаётган ҳудудда давлат чегараси ёки чегараолди зоналари мавжуд бўлганда, ер тузиш чизмаси тегишли ваколатли органлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади.


13. Ер тузиш чизмасини ишлаб чиқишда ердан фойдаланишнинг умумий стратегияси ва концепциясини белгилаш, чизманинг матн ва график материалларини тайёрлаш ҳамда харитасини чизиш ишлари амалга оширилади.


14. Институт ер тузиш чизмаларини ишлаб чиққандан сўнг манфаатдор давлат идоралари ва ташкилотларига (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ва бошқалар) кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этади.

Келишилган ер тузиш чизмаси халқ депутатлари туманлар Кенгашида кўриб чиқилади ва баённома билан расмийлаштирилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва/ёки вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланади.


15. Институт тасдиқланган ер тузиш чизмасининг нусхаларини тайёрлайди.

Ер тузиш чизмасининг биринчи нусха институтда доимий сақлаш мақсадида қолдирилади, бир нусхаси туман ҳокимлигига, қолган нусхалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига иш жараёнида фойдаланиш учун юборилади.

Ер тузиш чизмасининг матн қисми матн, расмлар ва таҳлилий жадваллар ҳамда хариталарнинг тўлиқлигини таъминлайдиган картографик қисмлардан, ахборот жадваллари ва алоҳида иловалардан ташкил топади.

Ер тузиш чизмасининг матн қисмида қуйидагилар акс эттирилиши шарт:

ернинг амалдаги ҳолати ва ердан фойдаланиш муаммоларини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ердан фойдаланиш динамикаси ва тенденцияси, ердан фойдаланишнинг ҳар хил турлари бўйича чекловларни ҳисобга олган ҳолда, туманнинг табиий ва хўжалик имкониятлари бўйича фойдаланиш даражаси;

антропоген таъсирни, қарама-қарши вазиятларни, табиий муҳитга, биологик ва ландшафт хилма-хиллига, ердан фойдаланишнинг ўзига хос шароитларига келтирадиган хавфларни баҳолаш кўрсаткичлари;

ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш ҳамда ерни муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган таклифлар;

ер тузиш чизмасига мувофиқ истиқболдаги тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар ва унинг оқибатларини баҳолаш бўйича маълумотлар.

Матн қисми қуйидаги асосий бўлимлардан ташкил топади:

кириш;

туман тўғрисидаги умумий маълумот;

туманнинг табиий шароити ва ресурслари;

туманнинг ер фонди ва тақсимланиши;

туманда ердан фойдаланиш ҳолати;

туманда ердан хўжалик мақсадида фойдаланишнинг чекланганлиги;

туманда ердан фойдаланишни такомиллаштириш;

туманда ер тузиш чизмаси бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва таклифлар ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш;

норматив-ҳуқуқий ва услубий ҳужжатлар ва бошқа манбаалар рўйхати.


16. Ер тузиш чизмасининг картографик қисмида ердан фойдаланишнинг ҳозирги ҳолати ва ундаги чекловлар ҳамда истиқболдаги йўналишлар бўйича таклифлар акс эттирилади.

Картографик қисм туманнинг 1:50 000 масштабдаги асосий харитасини, 1:100 000 масштабдаги мавзули хариталарни, бошқа масштабдаги харита -схемаларни ва харита қисм (бўлак)ларини ўз ичига олади.

Асосий харита қуйидагилардан ташкил топади:

ердан ҳақиқатда фойланилиши;

ердан фойдаланишдаги чекловлар;

ердан фойдаланишнинг истиқболдаги йўналишлари (ердан фойдаланишни такомиллаштириш).

Мавзули хаританинг тузилиши ва таркиби чекланмайди. У қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

маъмурий-ҳудудий бўлиниш ва асосий ердан фойдаланувчилар;

агросаноат мажмуини жойлаштириш ва ривожлантириш;

коммуникация тармоқлари, жумладан, йўл ва йўлбўйи хизмат кўрсатиш объектлари;

кўчмас мулк объектларини жойлаштириш учун мўлжалланган ер участкалари;

кўп йиллик дарахтзорларни жойлаштириш;

аҳоли пунктларининг асосий тавсифлари ва аҳолини қайта жойлаштириш;

экологик асос ва алоҳида қимматга эга табиий ҳудудлар ва объектлар;

ҳудудий экологик тармоқ;

даволаш-соғломлаштириш муассасалари, ёдгорлик мажмуалари, музейлар, спорт ва туризм объектларини жойлаштириш;

аҳоли пунктларини минтақалаштиришни баҳолаш;

ердан фойдаланиш шароитлари бўйича ерларни интеграцияланган ҳолда баҳолаш.

Ер тузиш чизмасига батафсил маълумот бериш учун асосий ёки мавзули хариталарга қўшимча сифатида бошқа масштабдаги харита қисм (бўлак)лари киритилиши мумкин.


17. Ҳудуднинг алоҳида ижтимоий-иқтисодий ва экологик шароитлари ҳамда бошқа муҳим жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда ер тузиш чизмасининг тузилиши, унинг матни ва график қисмлари, ердан фойдаланишнинг мавжуд муаммолари бўйича маълумотларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


18. Ердан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни тегишли статистика ҳисоботлари билан ўзаро солиштириш мақсадида тасдиқланган ер тузиш чизмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига тақдим этиб борилади.


19. Ер тузиш чизмаси ишлаб чиқилгандан сўнг ердан фойдаланиш ва унинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар хизмат доирасида фойдаланиш учун Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталлари тармоғига қўшимча тавсифларни ўз ичига оладиган электрон харита кўринишида киритиб борилади.



3-БОБ. ЕР ТУЗИШ ЧИЗМАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


20. Ер тузиш чизмаси мақсадли комплекс дастурларга, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти режаларига, корхоналарнинг ер тузиш, қишлоқ аҳоли яшаш пунктларини режа қилиш ва қуриш лойиҳаларига, хўжалик юритиш ва деҳқончилик лойиҳаларига, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳужжатларига киритиш йўли билан татбиқ этилади.


21. Ер тузиш чизмаси қуйидагилар учун асос бўлади:

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги ва жорий режасини, шунингдек, фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва кооперацияларнинг бизнес режасини ишлаб чиқишда;

қурилиш, саноат ва хўжалик объектларини, алоқа ва транспорт инфратузилмаларини жойлаштириш, шаҳар ва шаҳарчаларни, аҳоли пунктларини жойлаштириш ва ривожлантиришнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда;

бузилган ерларни рекультивация қилиш, янги ерларни ўзлаштириш, унумдорлиги паст бўлган ерларни тиклаш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш лойиҳаларини ишлаб чиқишда;

ерлар деградацияси ва тупроқ эрозиясига қарши чора-тадбирларни ҳамда ерларни тубдан яхшилаш бўйича ишчи лойиҳаларни ишлаб чиқишда.


22. Ер тузиш чизмаси тасдиқлангандан сўнг унда назарда тутилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерлари ер фондининг бошқа тоифасига ўтказилишига йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш жараёнида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.


24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

        

          




Низомга

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи

туманларнинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган

ва лойиҳалаштиришдан олдин амалга ошириладиган

ер тузиш чизмаларини ишлаб чиқиш

СХЕМАСИ


    

Босқич

   


     

Субъектлар

   


     

Чора-тадбирлар

    


    

Муддатлар

    











1-босқич


"Ўздаверлойиҳа" давлат

илмий-лойиҳалаш институти

(кейинги ўринларда 

Институт)


     

1. Туман ер тузиш чизмасининг лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан тайёргарлик ишларини амалга оширади.


2. Туманнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари бўйича табиий ва иқтисодий шароитларини тавсифловчи материалларни тўплайди, тизимлаштиради ва таҳлил қилади.

      


Белгиланган туманларда

ҳар йили 1 февралгача











2-босқич


Институт


       

Туман ер тузиш чизмасини ишлаб чиқиш учун талаб этиладиган материалларни тўплаш учун тегишли туман, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ташкилотларига белгиланган тартибда мурожаат қилади.

      


Белгиланган туманларда

ҳар йили февраль ойида











3-босқич


Давлат кадастрлари

палатасининг туман

филиали


      

Туманнинг маъмурий-ҳудудий чегараси доирасида туманга бўйсунувчи шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ (овул)лар бўйича ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг контурлар кесимида ер ҳисоботи (баланси)ни ҳамда уларнинг қоғоз кўринишдаги ҳамда электрон рақамли хариталарни институтга тақдим қилади.

       


Белгиланган туманларда

ҳар йили март ойида











4-босқич


Институт


Туман ер тузиш чизмасининг лойиҳасини ишлаб чиқади.


    

Белгиланган туманларда

ҳар йили апрель-август

ойларида

     











5-босқич


Институт


       

Туман ер тузиш чизмасининг матни ва график материаллар лойиҳаларини манфаатдор давлат идоралари ва ташкилотлари иштирокида кўриб чиқади.

      


Белгиланган туманларда

ҳар йили сентябрь ойида











6-босқич


Манфаатдор давлат

идоралари ва ташкилотлари


      

Туман ер тузиш чизмасининг матни ва график материаллар лойиҳаларини келишади.

       


Белгиланган туманларда

ҳар йили октябрь ойида











7-босқич


Институт


        

Туман ер тузиш чизмасининг лойиҳасини келишиш учун тегишли туман ҳокимлигига тақдим этади.

      


Белгиланган туманларда

ҳар йили октябрь ойида











8-босқич


Туман ҳокимлиги


         

1. Туман ер тузиш чизмасининг лойиҳасини туман ишчи гуруҳи билан кўриб чиқади.

Туман ер тузиш чизмасининг лойиҳасини халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги йиғилиши муҳокамасига киритади ва халқ депутатлари туман Кенгашининг баённомаси билан расмийлаштиради.


2. Туман ер тузиш чизмасининг лойиҳасини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёки вилоятлар ҳокимлигига тақдим этади.

        


Белгиланган туманларда

ҳар йили ноябрь ойида










9-босқич


       

Қорақалпоғистон

Республикаси Вазирлар

Кенгаши ва вилоятлар

ҳокимликлари

        


Туманлар ер тузиш чизмасининг лойиҳаларини манфаатдор давлат идоралари ва ташкилотлари иштирокида кўриб чиқади ва тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилади.


Белгиланган туманларда

ҳар йили ноябрь ойида











10-босқич


Институт


      

Тасдиқланган туманлар ер тузиш чизмаларини беш нусхада йиғмажилд шаклида тайёрлайди ҳамда манфаатдор давлат идорлари ва ташкилотларига тақдим этади.

           


Белгиланган туманларда

ҳар йили декабрь ойида




        

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 5 март