Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.2024 й. 123-сон "Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.03.2024 й.

N 123




ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ

ШАХСЛАРГА ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТ ВА ЁРДАМ

КЎРСАТИШНИНГ СИФАТ ЖИҲАТИДАН ЯНГИ

ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 27 декабрдаги ПҚ-410-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 27 декабрдаги ПҚ-410-сон қарорига мувофиқ 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

ҳар олти ойда бир маротаба ижтимоий хизматлар сифати ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режаси натижалари "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ходими, ижтимоий ходим, туман тиббиёт бирлашмасининг махсус мониторинг гуруҳи вакили ҳамда фуқаролар йиғини раиси томонидан мониторингдан ўтказилиши;

ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оддий ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш имконияти баҳолаб борилиши;

индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланган хизматларнинг масъул ходим томонидан кўрсатилган муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги, бехатарлиги баҳоланиши ва мониторинг маълумотлари "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига киритиб борилиши;

ижтимоий хизматдан фойдаланувчи томонидан хизматдан қониқиш ҳосил қилганлиги даражаси баҳоланиб борилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эътироф этиш, индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини тасдиқлаш ва мониторинг қилишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ;

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги регламент 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар (кейинги ўринларда - ўзгалар парваришига муҳтож шахс) ҳамда уларни кузатувчи шахсларга давлат спорт тадбирларига, театрларга ва музейларга кириш бепул этиб белгиланади;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ёки ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази (кейинги ўринларда - "Инсон" маркази) йўлланмаларига асосан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида ташкил этилган спорт тўгаракларида бепул шуғулланади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг яшаш жойида дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бепул амалга оширилади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уларнинг уйида маиший хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим ассистентларига бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йўл ҳақи учун компенсация тўланади;

ижтимоий ходим ассистентларига ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилган ҳамроҳлик хизматлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида қўшимча компенсация тўланади;

оилавий шифокорнинг ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг муҳтожлик даражаси ва яшаш шароитларини баҳоловчи ишчи гуруҳ таркибидаги ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ходимининг мультидисциплинар гуруҳдаги фаолияти уларнинг иш юкламасига киритилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) 2024 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлик субъектларини аутсорсинг асосида жалб этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


5. Белгилансинки, эксперимент доирасида:

тадбиркорлик субъектлари энг яхши таклифларни танлаш орқали жалб этилади;

хизматларнинг нархи Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилаётган хизматлар учун белгиланган харажатлар сметасидан келиб чиқиб шакллантирилади;

аутсорсинг шартномаси Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилади;

аутсорсинг асосида кўрсатилаётган хизматлар мазкур хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахслар рўйхати амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли туман "Инсон" маркази томонидан шакллантирилади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишга доир талаблар аутсорсинг шартномасига илова қилинади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан аутсорсинг шартномаси талабларига риоя этилиши Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекция томонидан назорати қилинади.


6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси "Инсон" маркази сўровномасига асосан шахсларнинг ўзгалар парваришига муҳтожлигини баҳолаш, мониторинг қилиш ва қайта баҳолашда ишчи ва мультидисциплинар гуруҳлар таркибидаги масъул ходимларнинг иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин.


7. Спорт вазирлиги "Инсон" маркази йўлланмаларига асосан ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидаги спорт тўгаракларида бепул шуғулланиш имкониятини яратсин.


8. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари ҳудуддаги спорт секциялари, спорт иншоотлари ҳамда уларнинг манзиллари тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда "Инсон" марказига юборилишини таъминласин.


9. Агентлик:

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш турлари ҳақидаги маълумотларни расмий веб-сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида жойлаштирсин ва мунтазам янгилаб борсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган регламентларга мувофиқ хизматлар кўрсатиш жараёнида иштирок этувчи ходимларнинг малакасини ошириш чораларини кўрсин;

2025 йил 1 майга қадар эксперимент натижаси бўйича ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уйда маиший хизмат кўрсатишни барча ҳудудларда аутсорсинг асосида жорий этиш бўйича таклиф киритсин.


10. Рақамли технологиялар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимини "Рақамли ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига интеграция қилиш чораларини кўрсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов

      

       




Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 11 мартдаги

123-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 апрелдаги 68-сон қарори билан тасдиқланган Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 5-2-банд билан тўлдирилсин:

"5-2. Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек уларни кузатувчи шахс Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритиш тўғрисидаги қарорни кўрсатган тақдирда давлат музейларига бепул киритилади".


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидаларининг 152-бандида:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек уларни кузатувчи шахс";

еттинчи - йигирма тўртинчи хатбошилар тегишли равишда саккизинчи - йигирма бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

ўн иккинчи хатбошидаги "ёки "Имтиёзга ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома" сўзлари ", "Имтиёзга ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома" ёки Инсон марказининг Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритиш тўғрисидаги қарори" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 575-сон қарори билан тасдиқланган "Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйлари тўғрисидаги низомнинг 54-бандидаги "Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тавсиясига кўра" сўзлари чиқариб ташлансин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 6 октябрдаги 625-сон қарорининг 3-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари бўйича Марказ директори ва ходимлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳудудий бошқармалари раҳбар ва ходимларига, ҳудудий марказлар директори ва ходимлари - мос равишда туман "Инсон" ижтимоий хизмат марказларининг раҳбар ва ходимларига тенглаштириш. Бунда, тегишли лавозимларни тенглаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан белгиланади".


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 23 декабрдаги 769-сон қарорида:


а) 3-банднинг тўртинчи хатбошисидаги "Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигини" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари

бўйича идоралараро кенгаш

ТАРКИБИ

        

1. М.П. Оллоёров

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, Кенгаш раиси


2. М.М. Ташходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари


3. А.А. Худаяров

-

соғлиқни сақлаш вазири в.б.


4. Б.А. Мусаев

-

камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири


5. К.А. Шарипов

-

олий таълим, фан ва инновациялар вазири


6. Х.У. Умарова

-

мактабгача ва мактаб таълими вазири


7. О.А. Назарбеков

-

маданият вазири


8. Ш.Х. Шерматов

-

рақамли технологиялар вазири


9. И.Р. Махкамов

-

транспорт вазири


10. А.И. Икрамов

-

спорт вазири


11. О.Р. Фозилкаримов

-

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


12. М.М. Икрамов

-

адлия вазири ўринбосари


13. Б.Х. Махмадалиев

-

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси ўринбосари (келишув асосида)


14. К.Қ. Абдуллаев


Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси (келишув асосида)


15. Э.Д. Нарпулатов

-

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси (келишув асосида)


16. Г.У. Шодиева

-

Ўзбекистон карлар жамияти марказий бошқаруви раиси (келишув асосида)


17. О.Ю. Исоқов

-

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси (келишув асосида)


18. Д.Г. Лутпуллаева

-

Тадбиркор ногирон-аёллар миллий ассоциацияси раиси (келишув асосида)


19. Лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари


20. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи, Кенгаш котиби

          

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Кенгаш таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган масъул шахслар киритилади.


в) 2-иловада:


11-банднинг биринчи хатбошисидаги "Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори" сўзлари билан алмаштирилсин;


12-банддаги "Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 январдаги 8-сон қарори билан тасдиқланган Идентификацияловчи ID-картасини олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 7-бандида:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортларини (идентификация ID-карталари) расмийлаштиришда улар Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритилгунига қадар давлат божи тўлови ундирилмайди.";

иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида" 2022 йил 16 сентябрдаги 507-сон қарорида:


а) 1-банднинг "а" кичик банди қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек уларни кузатувчи шахс";


б) илованинг 4-банди қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек уларни кузатувчи шахс";


илованинг 2-иловаси "I. Мурожаат қилувчи тўғрисидаги маълумотлар" бўлимининг "1. Шаҳар йўловчилар транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари" қуйидаги мазмундаги блок билан тўлдирилсин:

"ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек уларни кузатувчи шахс".


8. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтини ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 13 апрелдаги 153-сон қарорига 2-илованинг изоҳ қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ходимлар умумий чекланган сони - 138, шундан марказий аппаратда - 73 (профессор-ўқитувчилардан ташқари) ва ҳудудий филиалларда - 65 нафар.

Профессор-ўқитувчилар сони 25 нафардан кам бўлмаган ҳолда, талабалар сонидан келиб чиқиб белгиланади.

Ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар белгиланган меъёрларга мувофиқ аниқланади".

       

       




Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 11 мартдаги

123-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ

           

1. Вазирлар Маҳкамасининг "Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 10 августдаги 237-сон қарори.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 22 февралдаги ПФ-4782-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2498-сон қарори)" 2017 йил 13 мартдаги 130-сон қарорига 1-илованинг 55-банди.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори)" 2017 йил 8 сентябрдаги 703-сон қарорига илованинг 42-банди.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида" 2018 йил 5 апрелдаги 264-сон қарори.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)" 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 366-банди.


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларининг моддий таъминотини яхшилаш ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг "Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 10 августдаги 237-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, Ҳукуматнинг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2022 йил 4 октябрдаги 563-сон қарори.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" 2022 йил 8 февралдаги 62-сон қарорига 12-илованинг 55 ва 71-бандлари.


8. Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2023 йил 31 июлдаги 327-сон қарорига илованинг 6-банди.


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2023 йил 15 декабрдаги 665-сон қарорига 1-илованинг 5 ва 11-бандлари.

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 12 март