Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.03.2024 й. ПҚ-132-сон "Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномасини тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.03.2024 й.

N ПҚ-132



"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ЭЛЕКТРОМОБИЛЬ ВА ГИБРИД АВТОМОБИЛЛАР

ҲАМДА УЛАРНИНГ БУТЛОВЧИ ҚИСМЛАРИНИ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ" ИНВЕСТИЦИЯ

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ

ИНВЕСТИЦИЯ ШАРТНОМАСИНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 декабрдаги "Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-443-сон қарори ижросини таъминлаш, республикада "BYD" электромобиллари ва гибрид автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда маҳаллий автомобилсозлик маҳсулотлари номенклатурасини янада кенгайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) 2022 йил 29 декабрда "Ўзавтосаноат" АЖ ва "BYD Europe B.V." (Нидерландия Қироллиги) компанияси (кейинги ўринларда - Инвестор) иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклида "BYD Uzbekistan Factory" қўшма корхонаси (кейинги ўринларда - Қўшма корхона) таъсис этилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Инвестор ўртасида 2023 йил 26 сентябрда "Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда - Инвестиция лойиҳаси) амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномаси имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Қўшма корхона ўз зиммасига қуйидагиларни:

Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида умумий қиймати 160 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни, шу жумладан 60 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;

Инвестиция лойиҳасининг биринчи босқичида (2024 йил давомида) ишлаб чиқариш қувватини майда узелли йиғиш (CKD) усулида 50 минг дона электромобиль ва гибрид автомобилга етказиш;

Инвестор ишлаб чиқариладиган электромобиль ва гибрид автомобиллар учун босқичма-босқич маҳаллий корхоналарда бутловчи ва эҳтиёт қисмларни, шу жумладан ойналар, ўриндиқлар, пластик қисмлар ва бамперларни маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш;

маҳаллий аҳоли учун 1000 та янги иш ўринларини яратиш;

Инвестор Қўшма корхонанинг маблағларини тадқиқотлар олиб бориш ҳамда маҳаллий ходимларнинг малакасини ошириб боришга (шу жумладан хориждаги "BYD" корхоналарида) йўналтириш юзасидан мажбуриятларни олганлиги;

в) Инвесторнинг электромобилларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш бўйича Ҳукуматга мурожаат қилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Инвестор ўртасида имзоланган "Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномаси тасдиқлансин.

Бунда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, "Ўзавтосаноат" АЖ инвестиция шартномасига қуйидаги масалаларни қўшиш бўйича Инвестор билан музокаралар олиб борсин ва натижаси бўйича қўшимча келишувни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич йилига 500 минг донагача ошириш;

Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида ишлаб чиқариладиган электромобиль ва гибрид автомобилларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизгача етказиш;

маҳаллий аҳоли учун 10 000 та янги иш ўринларини яратиш;

ишлаб чиқарилган электромобиль ва гибрид автомобилларни Қўшма корхона томонидан белгиланган экспорт давлатларидан ташқари доимий равишда экспорт қилинадиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш;

сифатли ва хавфсиз электромобиль ва гибрид автомобилларни харид қилиш, уларнинг маҳаллий иқлим шароитларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда кафолатли сервис хизматини кўрсатиш бўйича истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш;

барча автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарга, шу жумладан Инвесторга, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференцияларни беришда тенг шартлар ва шароитларни яратиш.


3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда "Ўзавтосаноат" АЖ 2024 йил 1 июлга қадар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг тамойилларидан келиб чиқиб "BYD" бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича Инвесторнинг талабини амалга оширишга қаратилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Қўшма корхонанинг буюртманомаларига биноан:

Ташқи ишлар вазирлиги - Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари расмийлаштирилишини;

Ички ишлар вазирлиги - Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олиниши ва муддати узайтирилишини таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Қудратов белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 19 март