Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.03.2024 й. 9-сон "Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция, кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2024 й.

N 9



СУДЛАР ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛИК

ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ, КАССАЦИЯ

ТАРТИБИДА КЎРИШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, фуқаролик ишини апелляция, кассация тартибида қайта кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжати устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи ҳуқуқий институтнинг муҳим қисми ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 383, 403-моддаларига мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси судида иш юритиш:

а) даъво тартибида юритиладиган ишлар бўйича:

даъвогар, жавобгар, учинчи шахснинг шикояти бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил шикояти бўйича, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг палата аъзолари манфаатида берган шикояти бўйича;

б) буйруқ тартибида юритилган ишлар бўйича (суд буйруғи бундан мустасно):

аризачи (ундирувчи), қарздорнинг шикояти бўйича;

в) алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича:

аризачи, манфаатдор шахснинг шикояти бўйича;

г) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича:

ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг шикояти бўйича қўзғатилади.

Апелляция, кассация тартибида иш юритиш, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади.

Суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига, шунингдек, тарафлар, учинчи шахслар ҳамда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг ҳуқуқий ворислари ҳам эга. Бундай ҳолда шикоятга ҳуқуқ ўтганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозим.

Суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг қонуний вакили (ота-она, фарзандликка олганлар, васий, ҳомий ва ҳ.к.) ўз вакиллигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилиши талаб қилинади (ФПК 66-моддаси).

Ишда қатнашаётган шахс вакили, шу жумладан, адвокат, суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилишга бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган ҳолдагина ҳақли (ФПК 69-моддасининг иккинчи қисми).

Прокурор, юқори турувчи прокурор ва уларнинг ўринбосарлари прокурорнинг иштирокида кўрилган ҳамда қонунда прокурорнинг мажбурий иштироки белгиланган ишлар бўйича суд ҳужжати устидан апелляция, кассация протести келтиришга ҳақли. Прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича апелляция, кассация протести ФПК 383-моддасининг биринчи қисми, 403-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлганда, келтирилиши мумкин.


3. Судларга тушунтирилсинки, ФПК 52-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар (масалан, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ва ш.к.) фақат даъво ариза (ариза) улар томонидан берилган ҳолдагина суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят бериши мумкин, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил бундан мустасно.

Улар томонидан бундай шикоят берилган ҳолларда, уни қабул қилиш ФПК 389-1-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, 407-4-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади.


4. Судларга тушунтирилсинки, қонунда апелляция, кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган. Жумладан, қуйидагилар устидан апелляция, кассация шикояти (протести) берилмайди:

1) суд буйруғи;

2) қонунда шикоят қилиниши назарда тутилмаган ёки ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайдиган биринчи инстанция суди ажримлари (масалан, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича эр-хотинга ярашиш учун муддат тайинланиши муносабати билан иш муҳокамасини кейинга қолдириш ҳақидаги ажрим). Бироқ бундай ажримларга қарши эътирозлар апелляция, кассация шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.

Бундай суд ҳужжати устидан шикоят (протест) берилган бўлса, шикоятни (протестни) қабул қилиш ФПК 389-1-моддаси биринчи қисмининг 2-банди, 407-4-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади.


5. ФПК 385, 405-моддаларига кўра, апелляция, кассация шикояти (протести) апелляция, кассация инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган судга берилади.

Суд ҳужжатини қабул қилган суд апелляция, кассация шикоятини (протестини) у келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда апелляция, кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

Ҳар бир шикоят (протест) келиб тушган санаси кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши лозим.

Судларга тушунтирилсинки, агар шикоят (протест) суд ҳужжатини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса, шикоят (протест) апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан қайтарилади (ФПК 389-моддаси биринчи қисмининг 4-банди, 407-3-моддаси биринчи қисмининг 4-банди). Шикоят (протест) қайд этилган асос билан қайтарилганда, суд ажримида шикоят (протест) суд ҳужжатини қабул қилган суд орқали берилиши лозимлиги кўрсатилиши керак.

Суд ҳужжатини қабул қилган суд берилган шикоятни (протестни) процессуал қонуннинг бирор-бир талабларига мос эмаслиги асоси билан қайтаришга ёки қабул қилишни рад қилишга ҳақли эмас.


6. Қонунга мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида, кассация шикояти (протести) эса, суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Шуни инобатга олиш лозимки, суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.


7. Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича, суд ҳужжати қабул қилинган ёки қонуний кучга кирган кундан ҳисобланади.

ФПК 262-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмлари мазмунига кўра, қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ҳам асосий ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан ҳисобланади.


8. Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан ФПК 385-1, 405-1-моддалари қоидалари бўйича якка тартибда ҳал қилинади. Шикоят қилиш (протест бериш) муддатини ўтказиб юборилганлигининг узрли сабаблари деб судга бундай шикоят (протест) билан ўз вақтида мурожаат қилишга тўсқинлик қилган объектив ҳолатлар (масалан, фавқулодда ҳолатлар, сув тошқинлари, пандемия, карантин, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида суд қарор қабул қилган шахснинг суд ҳужжатидан бехабарлиги ва бошқалар) тан олиниши мумкин.

Жисмоний шахснинг касаллиги, унинг оилавий шароити (оила аъзосининг ўлими ёки оғир касаллиги), шунингдек, бошқа ҳолатлар, агар улар қонунда белгиланган муддатда шикоят беришни истисно этган ёхуд жиддий равишда қийинлаштирган бўлса, узрли сабаблар деб топилиши мумкин.

Шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати тикланиши рад этилганлиги сабабли (ФПК 389-1-моддаси биринчи қисмининг 4-банди, 407-4-моддаси биринчи қисмининг 4-банди) уни қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш қайси асосларга кўра рад этилганлиги, ажримнинг хулоса қисмида эса, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилганлиги кўрсатилиши лозим.


9. Судларга тушунтирилсинки, ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва муддатни ўтказиб юбориш сабаблари узрли деб топилган бўлса, апелляция, кассация шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан тикланиши мумкин.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай шикоят (протест) ФПК 389-моддаси биринчи қисмининг 5-банди, 407-3-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан қайтарилади.


10. Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги, иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) қайтариш, қабул қилишни рад этиш асослари билан бирга шикоятни беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳам ҳал этилиши лозим. Бунда почта харажатини қайтариш қонунда назарда тутилмаганлиги боис, шикоят беришда тўланган почта харажати қайтарилмаслиги тушунтирилсин.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш, иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига қонунда белгиланган муддатда тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин (ФПК 389-моддасининг учинчи қисми, 389-1-моддасининг учинчи қисми, 407-3-моддасининг учинчи қисми, 407-4-моддасининг учинчи қисми, 419-6-моддасининг бешинчи қисми).

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш, шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.


11. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати узрли деб топилган сабабларга асосан ФПК 385-1 ва 405-1-моддаларига мувофиқ тикланганда, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан ўтказиб юборилган муддатни, ўтказиб юборилиши сабабларидан қатъий назар, тиклаш тўғрисидаги масалани қўшимча равишда кўриб чиқиш талаб этилмайди. Бу шахсларнинг апелляция, кассация шикояти (протести) тегишинча, ФПК 386, 387, 406, 407-моддалари талабларига риоя этган ҳолда апелляция, кассация муҳокамаси тугагунига қадар апелляция, кассация инстанцияси судига берилиши ва умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.


12. ФПК 386, 387 ва 406, 407-моддаларида апелляция, кассация шикоятининг (протестининг) мазмуни, шунингдек, унга илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар юзасидан муайян талаблар белгиланганлиги сабабли, апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси шикоят (протест) берган шахс ушбу талабларга риоя этганлигини текшириши шарт.

Ушбу моддаларнинг талабларига жавоб бермайдиган апелляция, кассация шикояти (протести) ФПК 389 ва 407-3-моддалари асосида қайтарилиши лозим.


13. Апелляция, кассация шикояти берган шахс томонидан давлат божи тўлашнинг қонун билан белгиланган тартиби ва миқдорига оид талабларга риоя қилинганлиги ҳақидаги масалани ҳал қилишда апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси Ўзбекистон Республикаси "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни 5-моддасининг 1-банди, 8-моддасининг ва ушбу Қонуннинг иловаси бўлган "Давлат божи ставкаларининг миқдорлари"га амал қилиши лозим.

Давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва унинг миқдорини камайтириш ҳақидаги илтимоснома судья томонидан апелляция, кассация шикоятини иш юритишга қабул қилишда ҳал қилиниши лозим.


14. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш масаласи ФПК 388, 407-2-моддаларида белгиланган шикоят (протест) иш билан бирга судга келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатдан кечиктирмай апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Иш апелляция, кассация тартибида кўрилаётганда бошқа шахсдан шикоят (протест) келиб тушган тақдирда уни иш юритишга қабул қилиш, қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш масаласи судлов ҳайъати таркиби томонидан ҳал қилинади.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилганда, ажримнинг кўчирма нусхаси шикоят (протест) ва илова қилинган ҳужжатлар билан бирга шикоятни (протестни) берган шахсга юборилади. Ажрим ва шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхаси фуқаролик ишига қўшиб қўйилади.


15. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ФПК 389-моддасининг биринчи қисми, 407-3-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинмайди.

Судлар шуни инобатга олиши лозимки, агар шикоятни (протестни) қайтариш учун бир нечта асослар мавжуд бўлса, суд ажримида ушбу асосларнинг ҳар бирини кўрсатиб ўтиши ва улар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс апелляция, кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли эканлигини кўрсатиши керак.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилган айни бир хил камчилик билан такроран шикоят (протест) билан мурожаат қилинганда, айни бир асослар билан шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилмасдан, шикоят (протест) берган шахсга ажримда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳақида ёзма тушунтириш берилиши ҳамда шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар қайтарилиши лозим.


16. Судларга тушунтирилсинки, агар шикоятда уни имзолаган шахснинг фамилияси тўлиқ ва исми, отаси исмининг фақат бош ҳарфлари кўрсатилган бўлса, бу ҳолат шикоятни ФПК 389-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, 407-3-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтариш, агар шикоят иш юритишга қабул қилинган бўлса, уни ФПК 389-4-моддасининг биринчи қисми, 407-8-моддасининг биринчи қисмига асосан кўрмасдан қолдириш учун асос бўлмайди.


17. ФПК 389-моддаси биринчи қисмининг 6-банди, 407-3-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ апелляция, кассация шикояти (протести) уни берган шахс томонидан қайтариб олинишига (чақириб олинишига) судьянинг шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрими чиқарилгунига қадар йўл қўйилишини инобатга олиб, шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг у қайтарилмайди. Бунда шикоят (протест) умумий асосларда судлов ҳайъати мажлисида кўриб чиқилади ёки шикоят (протест) берган шахсга ундан воз кечиш (чақириб олиш) ҳуқуқи тушунтирилади.


18. ФПКда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя этилган ҳолда берилган шикоят (протест) апелляция, кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади. Апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда уни кўриб чиқиш бўйича суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади ҳамда бу тўғрисида шикоят (протест) берган шахс, шунингдек, ишда иштирок этувчи шахслар тегишли тартибда хабардор қилиниши лозим.


19. Апелляция инстанцияси судининг судьяси ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ФПК 389-3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ берилган илтимосномани муҳокама қилишда илтимосномада келтирилган важларни ўрганиши лозим.

Бунда апелляция инстанцияси судининг судьяси ҳал қилув қарори ижрога қаратилганлигини аниқласа, бундай илтимосномани қаноатлантиради, бундан дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарорлари мустасно.

Кассация инстанцияси судининг судьяси ФПК 407-6-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ берилган илтимосномани ҳар қандай ҳолатда қаноатлантиради, бундан дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарорлари мустасно.


20. Суд ҳужжатининг ижроси апелляция, кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин. Бундай ҳолда судлар шуни инобатга олиши лозимки, шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижасида ҳал қилув қарори кучида қолдирилган бўлса, унинг ижросини давом эттириш (тиклаш) юзасидан алоҳида процессуал ҳужжат қабул қилинмайди ва ёзма кўрсатма юборилганлиги етарли ҳисобланади.

Судлар шуни инобатга олиши лозимки, ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш масаласи суднинг ташаббуси билан ҳал қилинмайди. Бу масала нафақат шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномасига кўра, балки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси асосида ҳам ҳал қилиниши мумкин. Бундай илтимоснома апелляция, кассация инстанциясида иш юритишнинг ҳар қандай босқичида берилиши мумкин.

Шикоят (протест) судлов ҳайъатида мазмунан кўрилаётганда, ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома келиб тушганда, ушбу масала судлов ҳайъати таркиби томонидан ҳал этилади.


21. Судларнинг эътибори ишларни апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича кўришда ФПК 395, 415-моддаларида белгиланган муддатларга, шу жумладан, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтган ҳолда ҳам риоя қилиниши лозимлигига қаратилсин.

Шикоят (протест) бўйича тушган ишни апелляция, кассация тартибида кўриш муддатлари алоҳида ҳолларда қонунда белгиланган муддатлар доирасида (ФПК 395, 415-моддалари) судлов ҳайъати томонидан узайтирилиши мумкин (масалан, бир иш юритувида бир нечта талабларнинг бирлаштирилиши, суд жараёни иштирокчиларининг кўплиги, қўшимча ҳажмдаги далилларни талаб қилиб олиниши ва уларни текшириш, ишга мутахассисларни жалб қилиш, суд топшириқларини юбориш зарурати ва ҳ.к.).


22. Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларни шикоят (протест) бўйича ишни апелляция, кассация инстанцияси судида кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши мажбурийлиги қонунда белгиланганлиги сабабли, апелляция, кассация инстанцияси суди уларни бу ҳақда тегишли равишда хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган тақдирда ҳам, улардан бирортасининг келмаганлик сабабини узрли деб топса, ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлик сабаблари узрсиз деб топилган тақдирда, шунингдек, келмаганлик сабаблари ҳақида маълумотлар ва бу сабабларни узрли эканлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлмаганда, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят (протест) бўйича ишни уларнинг иштирокисиз кўришга ҳақли.


23. ФПК 47-моддасига асосан процессуал ҳуқуқий ворислик суд процессининг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда, тарафларнинг бири, учинчи шахс ёки уларнинг қонуний вакили низоли ёхуд суднинг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тақдирда (фуқаронинг ўлими, юридик шахснинг қайта ташкил қилиниши ва ҳ.к.), апелляция, кассация инстанцияси суди бундай шахсларни уларнинг ҳуқуқий ворислари билан алмаштирилишига йўл қўяди ҳамда уларга ишга доир барча материаллар билан танишишга имкон беради.

Ҳуқуқий вориснинг процессга киришганлиги ҳақида апелляция, кассация инстанцияси суди ажрим чиқаради.


24. Судларга тушунтирилсинки, ФПК 389-4, 389-5, 407-8, 407-9-моддаларида кўрсатилган апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, у бўйича иш юритишни тугатиш асослари шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилганидан сўнг аниқланган бўлишини назарда тутганлиги сабабли, апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, у бўйича иш юритишни тугатиш масаласи судлов ҳайъати таркиби томонидан ҳал этилади.


25. ФПК 393, 413-моддаларининг талабларига кўра, апелляция, кассация шикояти берган шахс апелляция, кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар шикоятни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки ундан воз кечишга, протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор протестни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки қайтариб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечилганда (протест қайтариб олинганда) суд апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқаради.

Шикоятдан воз кечилиши (протест қайтариб олиниши) муносабати билан апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатиш масаласи апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан суд мажлисида шахснинг шикоятдан воз кечиш (протестни қайтариб олиш) ваколати текширилганидан сўнг ҳал қилинади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, ФПК 69-моддаси мазмунига кўра, вакилнинг ишончномада кўрсатилган суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқи ўз-ўзидан, башарти бу ҳолат ишончномада махсус кўрсатилган бўлмаса, шикоятдан воз кечиш ҳуқуқини бермайди.

Суд ҳужжатига нисбатан бошқа шахслар томонидан шикоят (протест) берилганлиги бу шахсларнинг шикоятдан воз кечишини (протестни қайтариб олишини) қабул қилмасликка асос бўлмайди. Бундай ҳолда воз кечилган шикоят (қайтариб олинган протест) қисми бўйича иш юритиш тугатилиб, бошқа шахснинг шикояти (протести) умумий асосларда кўриб чиқилади.

Давлат божи тўлашни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш белгиланган ҳолда иш юритишга қабул қилинган шикоятдан воз кечилганда апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят бўйича иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримда давлат божини тарафлар ўртасида тақсимлаш масаласини ҳал қилади (ФПК 389-5-моддасининг иккинчи қисми, 407-9-моддасининг иккинчи қисми).

Апелляция шикоятидан воз кечилганлиги (протест қайтариб олинганлиги) муносабати билан апелляция тартибида иш юритиш тугатилганда, суд ҳужжати қонуний кучга киради.


26. ФПК 166-моддасига кўра, суд тарафларни яраштириш чораларини кўради, уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади. Апелляция, кассация шикояти (протести) берилгандан кейин даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши, тарафларнинг келишув битими ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида тақдим этилиши керак. Бунда тарафларнинг тасдиқлаш учун тақдим этилаётган келишув битими ФПК 166, 167-моддалари талабларига жавоб бериши лозим.

Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгар томонидан арз қилинган талаблар тан олиниши ёхуд тарафларнинг келишув битимига эришиши иш апелляция, кассация инстанцияси судида муҳокама қилинаётганда амалга оширилса, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди даъвогарнинг даъводан воз кечишини қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин даъвогарга (тарафларга) иш юритишни тугатишнинг ФПК 126-моддасида назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси суди даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечишини қабул қилишда, тарафларнинг келишув битимини тасдиқлашда ҳал қилув қарорининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги масаласини муҳокама қилишга киришмасдан, уни бекор қилади ва иш бўйича иш юритишни тугатади. Бундай ҳолда суд, шикоятни (протестни) қаноатлантириш ёки қаноатлантирмаслик масаласини ҳал қилмайди.

Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг арз қилинган талабларни тан олиши ёки тарафларнинг келишув битими қонунга зид бўлса ёхуд бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлса, суд бундай воз кечишни, талабларни тан олишни қабул қилмайди ёхуд тузилган келишув битимини тасдиқлашни рад этади ва ишни апелляция, кассация тартибида мазмунан кўриб чиқади.


27. ФПК 372-2-моддаси биринчи қисмининг 4-банди, 372-4-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтади ва бу ҳақида асослантирилган ажрим чиқаради.

Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақидаги ажрим билан шикоят (протест) берилган суд ҳужжати бекор қилинмайди ва бу ажрим ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги сабабли, унинг устидан шикоят (протест) берилмайди.


28. Апелляция, кассация инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси судида ишнинг кўрилиши ҳайъатда, уч нафар судьядан иборат таркибда ФПК 397-моддасида назарда тутилган истисноларни инобатга олган ҳолда, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари асосида амалга оширилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар ўзларининг тушунтиришларида шикоятда (протестда) кўрсатилмаган важларни келтиришга ва қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.

ФПК 276-моддаси талабларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судининг ҳар бир суд мажлиси, шунингдек, суд мажлиси залидан ташқарида амалга оширилган процессуал ҳаракати ҳақида баённома тузилади.


29. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳар қандай далилларни, улар биринчи инстанция суди муҳокамасида бўлганлигидан ёки янгидан тақдим этилган ёхуд талаб қилиб олинганидан қатъий назар, текширишга ҳақли.

Апелляция, кассация инстанцияси суди янги тақдим қилинган далилларни текширишни рад қилишни ажримда асослантириши лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг экспертиза ўтказиш, далилларни таъминлаш ва талаб қилиб олиш, гувоҳларни сўроқ қилиш ҳақидаги ва бошқа илтимосномаларини улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас.

Далиллар биринчи инстанция суди учун белгиланган тартиб бўйича текширилади.


30. Судларнинг эътибори биринчи инстанция судида муҳокама предмети бўлмаган, шу жумладан, қарши даъво тариқасида келтирилган янги моддий-ҳуқуқий талаблар, шунингдек, тарафнинг даъво муддатини қўллаш ҳақида арз қилган талаби апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилиниши ва кўрилиши мумкин эмаслигига қаратилсин.

Бу қоида апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш чоғида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган ёки хабардор қилинмаган шахслар томонидан берилган талабларга нисбатан қўлланилмайди.


31. Апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан иш юритишни тўхтатиб туриш ФПК 10-бобида назарда тутилган асослар ва тартибда амалга оширилади.

Иш юритиш тикланганлиги тўғрисида тегишли инстанция суди ажрим чиқаради ва ишда иштирок этувчи шахсларни иш кўриладиган кун тўғрисида хабардор қилади.


32. Апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят (протест) бўйича ишни кўриш натижалари юзасидан ажрим чиқаради.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг эътибори шикоят (протест)да келтирилган ҳар бир важни, унинг асосли ёки асоссиз эканлиги ҳақидаги хулосани ажримда кўрсатган ҳолда муҳокама қилиш зарурлигига қаратилсин.

Шуни инобатга олиш лозимки, асослантирилган ажрим тузилиши кейинга қолдирилган ва суд мажлисида унинг хулоса қисми эълон қилинганда, апелляция, кассация инстанцияси судида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ажрим билан қачон танишишлари мумкинлигини тушунтириши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ажримининг хулоса қисмида ФПК 399, 419-моддаларида белгиланган ваколатлар доирасида ишни шикоят (протест) бўйича кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар, зарур ҳолларда эса, суд харажатлари тақсимланиши кўрсатилиши керак.

Апелляция, кассация инстанцияси суди қабул қилинган ажримни ўқиб эшиттирганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириши шарт.


33. Қонунга кўра, иш апелляция, кассация тартибида кўрилаётганда қуйидагилар аниқланиши лозим:

биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ текширган-текширмаганлиги;

суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар исботланган-исботланмаганлиги;

суднинг ҳал қилув қарорида, ажримида, қарорида баён этилган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқлиги;

барча билдирилган талаблар бўйича суд ҳужжати қабул қилинган-қилинмаганлиги;

моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган-бузилмаганлиги, улар тўғри қўлланилган-қўлланилмаганлиги;

қабул қилинган суд ҳужжати процессуал ва моддий қонун талабларига мувофиқ-мувофиқ эмаслиги.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ФПК 396, 416-моддаларига мувофиқ биринчи инстанция суди суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўлиқ ҳажмда текширади. Апелляция, кассация инстанцияси суди янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Шикоят (протест) важларидан қатъий назар, ишда иштирок этувчи шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириш деганда, биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари аниқланганлигини, моддий ва процессуал нормалари тўғри қўлланилганлигини текширишни тушунмоқ лозим.

Шикоят (протест) важларидан қатъий назар, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш, иш бўйича иш юритишни тугатиш ёки аризани кўрмасдан қолдиришга асослар бор ёки йўқлигини ҳам аниқлайди.

Қонунга кўра, мазмунан тўғри бўлган суд ҳужжати фақат расмий, яъни ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлмаган асослар (масалан, суд музокараларини ўтказиш тартиби бузилганлиги, давлат божи асоссиз камайтирилганлиги ёки кечиктирилганлиги ва ҳ.к.) бўйича бекор қилинишига йўл қўйилмайди. Йўл қўйилган камчилик расмий эканлиги тўғрисидаги масала апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан ҳар бир муайян ҳолда, ишнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб аниқланади.


34. Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш деганда, биринчи инстанция суди томонидан қўлланилиши лозим бўлган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати қўлланилмаганлиги ёки қўлланилиши лозим бўлмаган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати қўлланилганлиги, қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги тушунилади.

Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши фақат ишни нотўғри ҳал этилишига олиб келган бўлсагина, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни бекор қилишга асос бўлади.


35. Апелляция, кассация инстанцияси судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари ФПК 372-2-моддасида белгиланганлигига эътибор қаратиши лозим.

Бунда шуни инобатга олиш лозимки, биринчи инстанция суди томонидан ўз кучини йўқотган қонунчилик ҳужжатларининг қўлланилганлиги ҳам моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб баҳоланади.

Шу билан бирга назарда тутиш керакки, айрим қонунчилик ҳужжатларида ҳуқуқий муносабатлар вужудга келган пайтда амалда бўлган қонунчилик ҳужжатлари қўлланилиши назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолда суд томонидан кучини йўқотган ёки ўзгартирилган қонунчилик ҳужжатлари қўлланилганлиги моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш деб ҳисобланмайди.


36. Апелляция, кассация инстанцияси суди, агар биринчи инстанция суди иш ҳолатларини ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаб, қонуний, асосли ва адолатли суд ҳужжати чиқарган деган хулосага келса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса, қаноатлантирмасдан қолдиради.

Бунда апелляция, кассация инстанцияси суди ажримида шикоят (протест) важлари нотўғри ва суд ҳужжатининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига асос бўлмайди, деб топилганлиги сабаблари кўрсатиб ўтилиши лозим.


37. Шуни назарда тутиш лозимки, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарори бекор қилинганда, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилишига йўл қўйилмайди (ФПК 399, 419-моддалари). Бундай ҳолда апелляция, кассация инстанцияси суди мавжуд, шунингдек, қўшимча тақдим этилган ёки талаб қилиб олинган материаллар (далиллар) асосида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаб, ўзи ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёхуд уни тўлиқ ёки қисман бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори қабул қилишга ҳақли.


38. Суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш деганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига ўзгартиришлар киритиш тушунилади.

Янги ҳал қилув қарори деганда, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суднинг асосий хулосасини жиддий ўзгартирадиган қарор қабул қилиниши тушунилади.


39. Апелляция, кассация инстанцияси суди ФПК 122 ва 124-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ҳамда аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга, агар апелляция, кассация инстанцияси судида шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлувчи ҳолатлар аниқланган бўлса, ҳақлидир.


40. Апелляция, кассация инстанцияси суди иш судга тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалар бузилган ҳолда кўриб чиқилганлигини аниқласа, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ФПК 311-моддасида белгиланган тартиб бўйича иш материалларини тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборади.


41. Шуни назарда тутиш лозимки, суд харажатларини тақсимлаш масаласининг ҳал этилмаслиги ёки нотўғри ҳал этилиши, ўз-ўзидан суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлмайди. Бундай ҳолда апелляция, кассация инстанцияси суди ажримининг хулоса қисмида суд харажатларини ФПК 138 - 141-моддаларида назарда тутилган қоидалар бўйича тақсимлаш ҳақида кўрсатилади.


42. ФПК 261 - 263-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, апелляция, кассация инстанцияси суди:

ажрим ёзувида йўл қўйилган хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатишга;

қўшимча ажрим чиқаришга;

ажримни тушунтиришга ҳақли.

Ушбу масалалар суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлиси ўтказилиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилган ҳолда кўрилади. Бироқ мазкур шахсларнинг келмаслиги бу масалаларни ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.


43. ФПК 400, 419-1-моддаларига мувофиқ, қонунда назарда тутилган, шунингдек, ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган биринчи инстанция судининг ажрими устидан апелляция, кассация инстанцияси судига хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Биринчи инстанция суди ажрими устидан апелляция, кассация тартибида хусусий шикоят (протест) бериш ва кўриш суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция, кассация шикояти (протести) бериш ва кўриш учун назарда тутилган қоидалар бўйича амалга оширилади.


44. Биринчи инстанция суди ажрими устидан апелляция тартибида хусусий шикоят (протест) бериш учун ФПК 400-моддасининг биринчи қисмида белгиланган йигирма кунлик муддат суд ажрими тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга топширилган ёки юборилган кундан эътиборан, ажрим устидан кассация тартибида хусусий шикоят (протест) бериш учун ФПК 419-1-моддасининг биринчи қисмида белгиланган олти ойлик муддат эса, биринчи инстанция суди ажрими қонуний кучга кирган кундан эътиборан ҳисобланади.


45. Апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган хусусий шикоятни (протестни) ФПК 402, 419-2-моддаларига мувофиқ ҳал қилади.


46. Судларга тушунтирилсинки, ФПК 402-1, 419-3-моддаларига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича биринчи инстанция суди қарори устидан берилган апелляция, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят (протест) бериш учун қонунда назарда тутилган қоидалар ва тартибда кўриб чиқилади.


47. Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўришда давлат органи ёки бошқа орган, ташкилот, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида аниқланган қонун ҳужжатлари бузилиши фактлари бўйича, уларнинг суд процессида иштирокидан қатъий назар, ФПК 275-моддасига мувофиқ хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.

Уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланганда эса, суд бу ҳақда жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар беради.

Хусусий ажрим ва хабарнома суд мажлисида эълон қилинади ва бу ҳақда баённомада акс эттирилади.


48. Апелляция, кассация инстанцияси суди иш бўйича чиқарилган биринчи инстанция суди хусусий ажримининг қонунийлиги ва асослилигини текширишга ҳамда ушбу ажримнинг чиқарилишида хатолик бўлганлигини аниқлаган тақдирда, уни бекор қилишга ҳақли.


49. Қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилиши ҳолатини таҳлил қилиб бориш мақсадида вилоят ва уларга тенглаштирилган судларга фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар ярим йилда умумлаштириш тавсия этилсин.


50. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги 14-сонли ва "Фуқаролик ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2021 йил 27 ноябрдаги 35-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

       

         

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

       

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)