Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги "Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларини ўтказиш дирекцияси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.08.2020 й. 468-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 7 августдаги

468-сон қарорига

4-ИЛОВА


Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси

ҳузуридаги "Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари

ҳамда V Параосиё ўйинларини ўтказиш дирекцияси

маблағларини шакллантириш ва улардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги "Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларини ўтказиш дирекцияси (кейинги ўринларда - Дирекция) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Дирекция юридик шахс ҳисобланади ва унинг маблағлари тижорат банкларида очилган миллий ва хорижий валютадаги ҳисобварақларда жамланади.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


3. Қуйидагилар Дирекция маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

"Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳамда Спорт вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар;

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг йиллик календарь режасида ажратилган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

Осиё Олимпия Кенгаши (кейинги ўринларда - ООК), Осиё Паралимпия қўмитаси (кейинги ўринларда - ОПҚ) ва бошқа халқаро спорт федерациялари томонидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;

вақтинча бўш маблағларни банк депозитига қўйиш ҳисобига олинадиган фоиз кўринишидаги тушумлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ МАҚСАДЛАРИ


4. Дирекция маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

"Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларини юқори савияда ташкил этишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан, халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар ҳамда уларнинг доирасида кўргазмалар, илмий-амалий анжуманлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

"Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинлари ўтказиладиган спорт иншоотлари ва бошқа объектларни ООК, ОПҚ ва халқаро спорт федерациялари талабларига мувофиқ тайёрлаш, уларни зарур бўладиган спорт, тиббий, техник ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш;

"Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинлари логотипи, шиори, пиктограммаси, машъали, мусиқаси, ўйинлар рамзлари, "Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита ва волонтёрлар экипировкаси, логотип туширилган эсдалик нишонлари ва совғаларининг дизайнини яратиш, уларни ишлаб чиқариш ва харид қилиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш;

"Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларини юқори савияда ташкил этишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларини оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ёритиш билан боғлиқ бўлган барча тадбирларни амалга ошириш;

Дирекция ходимлари, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб қилинган мутахассисларга иш ҳақи, устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар, уларнинг хизмат сафарлари, шу жумладан, хорижий хизмат сафарлари харажатларини тўлаш;

Дирекция фаолияти учун биноларни ижарага олиш, зарур жиҳозлар, мебель, алоқа, компьютер ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш;

Дирекция эҳтиёжлари учун хизмат автомобиллари ва махсус автотранспорт воситалари, шунингдек, бошқа техник воситалар харид қилиш, уларни сервис хизмати, эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш;

Дирекция ходимлари, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб қилинган мутахассислар, волонтёрларнинг ўқишини, малака оширишини ва стажировкасини, шу жумладан, хорижий давлатлар илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ташкил этиш;

"Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасига хорижий давлатлар, халқаро спорт ташкилотлари, федерациялари, компаниялар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш;

"Тошкент-2025" IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда V Параосиё ўйинларини ўтказиш учун илмий-тадқиқот институтлари, хорижий компаниялар, нуфузли тадбирларни ўтказиш бўйича промоутерлик компанияларининг маҳаллий ва хорижий мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш;

Дирекция Бошқарув кенгаши томонидан белгиланадиган бошқа мақсадлар.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МАБЛАҒЛАРИНИ

БОШҚАРИШ ТАРТИБИ


5. Бошқарув кенгаши Дирекция маблағларидан фойдаланиш йўналишлари ва уларнинг миқдорларини белгилайди ҳамда маблағлардан самарали фойдаланишни ташкил этади.


6. Қуйидагилар Бошқарув кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Дирекциянинг тузилмасини, штатлар жадвалини ва ходимларнинг лавозим маошлари миқдорини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Дирекциянинг даромадлар ва харажатлар сметасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

чорак якуни бўйича Дирекция маблағларининг тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Дирекциядан маблағ ажратилиши юзасидан қарорлар қабул қилиш;

Дирекция маблағларини шакллантириш ва тасарруф этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


7. Дирекциянинг молия-хўжалик фаолияти Бошқарув кенгаши қарорига биноан Дирекциянинг йиллик фаолияти якунлари бўйича текширилади. Бошқарув кенгашининг қарорига биноан навбатдан ташқари текширувдан ҳам ўтказилиши мумкин.


8. Дирекциянинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари бўйича Бошқарув кенгаши:

ҳисоботлар ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончли эканлигига баҳо беради;

бухгалтерия ҳисоби юритилиши ва молиявий ҳисобот тақдим этиш тартиби бузилган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотни;

аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар, шунингдек, Дирекциянинг молиявий фаолияти самарадорлигини оширишга оид таклифларни ўз ичига олган қарор қабул қилади.



6-БОБ. ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҲИСОБОТ


9. Дирекция фаолияти натижалари бўйича ҳар чорак якунида Бошқарув кенгашига ҳисобот тақдим этади.


10. Дирекция бухгалтерия ва статистика ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритади, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа тўловларни тўлайди.


11. Дирекциянинг молия-хўжалик фаолияти ҳар йили белгиланган тартибда аудитдан ўтказилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


12. Ушбу Низомнинг талабларига риоя этилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ назорат қилинади.


13. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 15 апрель