Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.09.2024 й. ПҚ-339-сон "Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.09.2024 й.

N ПҚ-339



ИССИҚХОНА ХЎЖАЛИКЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг фаолиятини соғломлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромад олишга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Шундай тартиб жорий қилинсинки, унга мувофиқ 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумидан бошлаб:

иссиқхона хўжаликларига ҳосил йилининг дастлабки 3 ойида (октябрь, ноябрь ва декабрь) етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эса ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади. Бунда мазкур хатбошидаги қоида тегишли ойда олдинги давр учун қарздорлиги бўлмаган иссиқхона хўжаликларига татбиқ қилинади;

табиий газ ва электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартномалардаги форс-мажор ҳолатларидан ташқари сабабларга кўра босим тушиши ёки узилишлар бўйича иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналарни камида 24 соат олдин "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ҳамда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан мажбурий хабардор қилиш амалиёти жорий қилинади;

иссиқхона хўжаликлари ва газ корхонаси ўртасида табиий газ етказиб бериш шартномалари ҳар 3 йилда бир маротаба тузилади;

табиий газ етказиб бериш шартномаларининг техник шартларига газ узатувчи ва газ етказиб берувчи ташкилотлар учун аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилган умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига уланмаган иссиқхоналарга етказиб бериладиган табиий газнинг босимига оид талаблар киритилади.


2. Белгилансинки:

а) кредит шартномаси шартларига мувофиқ тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларининг кредитлари бўйича ундирув чоралари, шу жумладан, суд тартибида, муддати ўтган қарздорлик қисмига нисбатан амалга оширилади;

б) тижорат банкларига иссиқхона хўжаликларининг кредитлари суммасини муддатидан олдин тўлиқ қайтариш бўйича судга даъво киритишга қуйидаги ҳолларда рухсат этилади:

муддати ўтган қарздорликни ундириш мажбурий ижрога қаратилган кундан бошлаб 60 календарь куни давомида қарздорлик тўланмаганда ва тўлов графиги муддатига риоя қилинмаганда (графикка етиб олмаганда);

мазкур банд қоидаларидан қатъи назар, қарз олувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 738 (қарз олувчининг мажбуриятларини таъминлаш) ва 739-моддалари (кредитдан мақсадли фойдаланиш) талабларига риоя қилинмаганда.


3. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 февралдаги "Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-36-сон Фармонига мувофиқ:

халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 220 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар 2024 йил 1 мартга қадар тижорат банкларига йўналтирилиши;

тижорат банклари томонидан Марказий банк асосий ставкасидан йиллик 4 фоизлик пункт юқори ставкада (шундан банк маржаси 4 фоиз) миллий валютада озиқ-овқат йўналишидаги, соҳада маҳсулот етиштиришдан тортиб уни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган қўшилган қиймат занжирини яратишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга айланма маблағлар учун - 18 ой муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан имтиёзли кредитлар ажратилиши;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги "Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-306-сон қарорига мувофиқ Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада:

1 гектар иссиқхона учун 500 миллион сўмгача кредитлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун 24 ойгача имтиёзли давр билан 84 ойгача ажратилиши. Бунда лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, кредитнинг 50 фоизгача қисми айланма маблағларни тўлдириш учун очиқ кредит линияси асосида ҳар 12 ойда сўндириш шарти билан 24 ойгача ажратилиши;

1,5 миллиард сўмгача экспортёрларга револьвер кредитлар айланма маблағларни тўлдириш учун очиқ кредит линияси асосида ҳар 12 ойда сўндириш шартида 6 ойлик имтиёзли давр билан 36 ойгача муддатга ажратилиши.


4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 апрелга қадар иссиқхона хўжаликларида илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, мавжуд ресурсларни ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ишларини ташкил этсин. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:

энергия самарадорлиги бўйича энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган корхоналарни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

энергосервис (энергоаудиторлик) компаниялари ва хорижий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда корхоналарнинг ишлаб чиқариш-технологик жараёнлари энергия самарадорлигини баҳолаш тартибини ўрнатиш;

энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги борасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


5. Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов ва қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 26 сентябрдаги

ПҚ-339-сон қарорига

1-ИЛОВА



Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

1.

Асосий экспорт бозорлари ҳисобланган давлатларнинг электрон савдо (харид) платформалари билан мева-сабзавот экспорт қилувчиларни интеграция қилиш чораларини кўриш.

2024-2025

йилларда


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л.Қудратов), Савдо-саноат палатаси (Д.Вахобов)


Бунда биринчи босқичда энг йирик 100 та мева-сабзавот экспорт қилувчиларни интеграция қилиш.


2024 йил

якунига қадар


2.

Иссиқхоналарни инновацион технологиялар асосида ташкил қилиш, жумладан иссиқхоналарни ерни қазиб, ер ости сувлари орқали иситиш тизимини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


Уч ой

муддатда


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдурахмонов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов), Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (Б.Исламов), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), Энергетика вазирлиги (Ж.Мирзамаҳмудов)


3.

Иссиқхона хўжаликларига юқори калорияли импорт кўмирни марказлашган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб берилишини таъминлаш.


2024-2025 йил

куз-қиш

мавсумида


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдурахмонов), Энергетика вазирлиги (Ж.Мирзамахмудов)


4.

Иссиқхона хўжаликларида экилган экинларни турлари бўйича "CropAgro" ахборот тизимига киритиб бориш ҳамда электрон мониторинг тизимини йўлга қўйиш.


2024 йил йил

якунига қадар


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдурахмонов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


         





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 26 сентябрдаги

ПҚ-339-сон қарорига

2-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги

319-сон қарори билан тасдиқланган Табиий газдан

фойдаланиш қоидаларига киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимча


1. 111-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"111. Истеъмолчи томонидан табиий газни етказиб бериш учун тузилган шартнома асосида етказиб бериладиган табиий газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилиши шарт, иссиқхона хўжаликлари бундан мустасно";

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Иссиқхона хўжаликларига ҳосил йилининг дастлабки 3 ойида (октябрь, ноябрь ва декабрь) етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эса ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади. Бунда мазкур хатбошидаги қоида тегишли ойда олдинги давр учун қарздорлиги бўлмаган иссиқхона хўжаликларига татбиқ қилинади";

иккинчи ва учинчи хатбошилар тегишинча учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. 119-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"119. Истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида беш кун олдин табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 100 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотининг ҳисоб-варағига тўловларни олдиндан амалга ошириши шарт, иссиқхона хўжаликлари бундан мустасно".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 28 сентябрь