Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2024 й. ПФ-229-сон "Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
27.12.2024 й.
N ПФ-229
ТАДБИРКОРЛАР УЧУН ТЕНГ ШАРОИТЛАР
ВА АДОЛАТЛИ РАҚОБАТ МУҲИТИНИ
ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА НАВБАТДАГИ
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 декабрь куни етакчи тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқоти доирасида билдирилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бозорда тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида:
1. Қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари 2028 йил 1 январга қадар оширилмаслиги белгилаб қўйилсин.
2. 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ставкаси 2 фоиз ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгилансин:
1 000 тагача иш ўрнига эга корхоналарда жами ходимлар сонининг камида 15 фоизи, 1 000 тадан ортиқ иш ўрнига эга корхоналарда жами ходимлар сонининг камида 10 фоизи, бироқ камида 150 нафари Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларидан иборат бўлганда. Бунда ходим тегишли реестрдан белгиланган тартибда чиқарилганидан кейин имтиёзнинг қўлланиши 6 ой давомида амал қилади;
ҳар ойда ўртача иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
ҳисобот даврида тўқув (трикотаж мато, ип-газлама ва пайпоқ маҳсулотлари), тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушуми жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этганда.
Ушбу бандда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш учун барча шартларнинг бир вақтда бажарилганлиги солиқ органлари томонидан инсон омилисиз автоматик тарзда ҳисобот чораги якунлари бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар аниқланади.
Бунда мазкур шартлар тегишли чоракнинг ҳар бир ойида бажарилганда, солиқ имтиёзи ушбу чорак учун қўлланилади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу бандда белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланилгандан сўнг солиқ ҳисоботларини қайта тақдим этиш орқали белгиланган шартларга риоя этмаганлик ҳолати аниқланганда, солиқ имтиёзи бекор қилиниб, солиқлар пеня ҳисобланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва бюджетга ундирилади.
3. 2025 йил 1 апрелдан бошлаб даромадидан қатъи назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътироф этилсин.
Бунда реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича берилган онлайн назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеклари, расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда бошқа ташқи ва ички маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоботлар автоматик тарзда шакллантириб борилиши назарда тутилсин.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Солиқ кодексига мазкур Фармоннинг 2- ва 3-бандларидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг Савдо-саноат палатаси қошида Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш марказини (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин. Бунда:
Марказ тадбиркорлик субъектларига халқаро молия институтлари, хорижий молия ташкилотлари ва бошқа кредит ташкилотларидан давлат кафолатисиз маблағлар жалб қилиш бўйича консалтинг хизматлар кўрсатади;
Марказда ҳар йили камида 100 нафар тадбиркорлик субъектига хизмат кўрсатилади;
Марказни жойлаштириш, сақлаш, хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш ва Марказ фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатлар Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк Марказ фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб борсин.
6. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2025 йилда айланма маблағларини тўлдиришга ажратиладиган кредитлар учун "Савдони ривожлантириш компанияси" АЖга (кейинги ўринларда - Компания) унинг талабномасига асосан 5 йил муддатга 2028 йил 1 январдан қайтариш шарти билан 2 фоиз ставкада 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратсин.
7. Белгилансинки, Компания томонидан:
қишлоқ хўжалиги, саноат ва савдо корхоналарининг айланма маблағларини тўлдириш учун ажратиладиган кредитларни молиялаштиришга тижорат банкларига молиявий ресурслар ажратилади;
тижорат банкларининг айланма маблағларини тўлдиришга ажратиладиган кредитлар учун кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), бироқ 10 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этилади;
тақдим этиладиган кафиллик бўйича юзага келадиган мажбуриятларни бажариш учун Компания маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида депозит маблағлари шакллантирилади. Бунда Компания томонидан тақдим этиладиган кафилликларнинг максимал миқдори шаклланган депозит маблағлари миқдоридан ошмаслиги керак.
8. Савдо-саноат палатаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг тадбиркорлик субъектларига 2025 йил 1 январдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини калибровка қилиш ва махсус идишларда қадоқлаш лойиҳалари ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун Компания ресурслари ҳисобидан миллий валютада револьвер кредитларни тижорат банклари орқали ажратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
9. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев:
Савдо-саноат палатаси таклифларига кўра бир ой муддатда Компания томонидан тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари кредитлари учун кафиллик тақдим этиш тартибини, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган молиявий қўллаб-қувватлаш шартларини тасдиқласин. Бунда Компания томонидан молиявий ресурслар ажратиш тартиботларини соддалаштириш назарда тутилсин;
Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишларини белгилаб борсин. Бунда Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан йиллик 2 фоиз ставкада Компанияга айланма маблағни тўлдиришга кредитлар учун ресурслар бериш мақсадларига ҳар бешинчи йилда қайтариш шарти билан бюджет ссудаси ажратиш тизими йўлга қўйилсин.
10. 2025 йил 1 январдан бошлаб:
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм пахта ип-калаваси (ТИФ ТН кодлари 5205-5207, бўялган ип-калава бундан мустасно) учун йиғим унинг экспорт шартномасига асосан инвойсда (ҳисоб-фактурада) кўрсатилган нархидан (фактура қийматидан) 2 фоиз миқдорда, бироқ 0,05 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда ўрнатилсин;
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм трикотаж мато (ТИФ ТН кодлари 6001-6004 ва 6006, бўялган трикотаж мато бундан мустасно) учун йиғим унинг экспорт шартномасига асосан инвойсда (ҳисоб-фактурада) кўрсатилган нархидан (фактура қийматидан) 1 фоиз миқдорда ўрнатилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда - Жамоатчилик кенгаши) қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) Жамоатчилик кенгашининг таркибини 1-иловага мувофиқ янгилаган ҳолда эксперт гуруҳларни ташкил қилиш;
б) Жамоатчилик кенгаши ва эксперт гуруҳлар йиғилишларини ойига камида бир маротаба:
ваколатли органлар, жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси раҳбарлари;
Бош вазир ўринбосарлари (Ж.А. Қўчқоров, Ж.А.Ходжаев) иштирокида ўтказиб бориш;
в) Жамоатчилик кенгаши йиғилишларида кўтарилган масалалар ва уларнинг ечими бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб бориш.
12. Тадбиркорлик масалалари билан ишлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:
а) Бош вазир ўринбосарлари, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банклари раҳбарлари ҳар ой график асосида:
маҳаллаларга чиққан ҳолда ҳамда тематик ёндашув асосида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил қилади, тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган масалалар юзасидан "йўл хариталари"ни тасдиқлайди ва муаммолар тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлайди;
йиллик даромади 1 триллион сўмдан ошган, 5 мингдан ортиқ иш ўринларини яратган ҳамда камида 100 миллиард сўм солиқ тўлаётган етакчи ("чемпион") тадбиркорлик субъектлари рўйхатини шакллантирган ҳолда улар масалалари билан манзилли ишлашни ташкил қилади ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектларини ушбу тоифага олиб чиқиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ҳал этилган муаммолар бўйича йиғма маълумот ҳамда тизимли масалалар ечими юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Жамоатчилик кенгашига тақдим этади;
б) Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳар чоракда:
раҳбарлар, ҳудудлар ва йўналишлар кесимида тадбиркорлик субъектлари билан учрашиш графигини тасдиқлайди;
Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот шаклида учрашувлар ўтказади;
тадбиркорлик субъектлари масалаларини кўриб чиқиш натижалари, шунингдек, мурожаатларда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббуслар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентини хабардор қилади.
13. Савдо-саноат палатаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда "Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот" электрон платформасини (кейинги ўринларда - платформа) доимий равишда ишлаш режимига ўтказсин.
Белгилансинки:
ушбу Фармоннинг 12-бандига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари билан учрашувларда кўтарилган мурожаатлар платформага киритилади, ваколатли органлар томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади;
Бизнес-омбудсман платформага киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатига риоя этиш устидан назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди.
14. Тадбиркорлик субъектлари ташаббусларини амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
15. Ҳисоб палатаси тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда Компания маблағлари ҳисобидан бериладиган молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмининг ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг ошиши, иш ўринларининг яратилиши, солиқ тушумлари ва банк айланмасининг кўпайиши нуқтаи назаридан самарадорлигини таҳлил қилиб, ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
17. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Савдо-саноат палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев белгилансин.
Фармон ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2024 йил 27 декабрдаги
ПФ-229-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича
жамоатчилик кенгаши ва унинг эксперт гуруҳлари
ТАРКИБИ
Т/р |
Ф.И.О. |
Лавозими |
|
1. |
Д.А.Вахабов |
- |
Савдо-саноат палатаси раиси, Жамоатчилик кенгаши раиси |
2. |
Д.С.Касимов |
- |
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил |
3. |
С.А.Ниязов |
- |
Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи, Жамоатчилик кенгаши котиби |
1. Яшил энергетика, инфратузилма ва хусусийлаштириш
|
|||
4. |
Ж.А.Шакиров |
- |
"Uzbekistan Hydrogen Peroxide" МЧЖ таъсисчиси |
5. |
Ш.А.Джалолов |
- |
"Agromir" МЧЖ ҚК таъсисчиси |
6. |
У.Т.Рахимов |
- |
"Kids Plate Distrubition" МЧЖ таъсисчиси |
7. |
И.Т.Абдурахманов |
- |
"Paxtakor teks" МЧЖ раҳбари |
2. Ахборот технологиялари
|
|||
8. |
У.Ш.Рустамов |
- |
"Click" МЧЖ таъсисчиси |
9. |
И.Х.Хаметов |
- |
"Uzum Market" МЧЖ ХК таъсисчиси |
10. |
Х.Х.Насруллаев |
- |
"REALSOFT" МЧЖ таъсисчиси |
3. Тадбиркорликни молиялаштириш, молия технологиялари ва суғурта хизматлари
|
|||
11. |
Ш.Ш.Эргашев |
- |
"Orient-Confection" МЧЖ таъсисчиси |
12. |
Ф.Ф.Мамаджанов |
- |
"Prestij rielt" МЧЖ таъсисчиси |
13. |
Ш.С.Хамдамов |
- |
"Sam Rafoat Tekstil" МЧЖ таъсисчиси |
14. |
С.Ш.Пўлатов |
- |
"Meros Pharm" МЧЖ раҳбари |
15. |
З.Б.Мустафаев |
- |
"Uzbek Leasing International" АЖ бош директори |
4. Ташқи савдо, солиқ, транспорт-логистика ва божхона
|
|||
16. |
У.А.Сафаров |
- |
"Soliq Kalkulyatori" МЧЖ таъсисчиси |
17. |
М.Ш.Мухамеджанов |
- |
"United Tax Advisors" солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори |
18. |
С.З.Абасханов |
- |
"Global Export Company" МЧЖ таъсисчиси |
19. |
Д.Э.Павленко |
- |
"Ardena Sentral Asia" МЧЖ таъсисчиси |
20. |
А.А.Қурбонов |
- |
"International Business audit and consulting" МЧЖ раҳбари ўринбосари |
5. Савдо, хизмат кўрсатиш, хусусий таълим ва туризм
|
|||
21. |
Ж.А.Артикходжаев |
- |
"Akfa group" корхонаси таъсисчиси |
22. |
З.К.Хашимов |
- |
"Anglesey Food" МЧЖ кузатув кенгаши раиси |
23. |
Р.У.Убайдуллаев |
- |
"Amirsoy" МЧЖ таъсисчиси |
24. |
Х.Х.Қаюмов |
- |
"Mak Food Servis" МЧЖ таъсисчиси |
25. |
У.М.Иргашев |
- |
"Feedup Eco" МЧЖ таъсисчиси |
6. Қурилиш ва қурилиш материаллари саноати
|
|||
26. |
П.Р.Мирзаев |
"Orient Group Management" МЧЖ таъсисчиси |
|
27. |
М.Т.Назаров |
- |
"Murad Buildings" МЧЖ таъсисчиси |
28. |
У.Ж.Расулов |
- |
"Orient-Ceramic" МЧЖ таъсисчиси |
29. |
Х.Н.Исматов |
- |
"Demesne Trade LLC" МЧЖ таъсисчиси |
30. |
А.Д.Ҳасанов |
- |
"VERITAS INTER LEX" адвокатлик фирмаси раҳбари |
7. Электротехника
|
|||
31. |
Т.М.Шарипов |
- |
"Procаb" МЧЖ таъсисчиси |
32. |
Ш.Т.Рўзикулов |
- |
"Artel engineering and management" МЧЖ бош директори |
33. |
Д.Ж.Ахматов |
- |
"Prae Legal" адвокатлик фирмаси раҳбари |
8. Енгил саноат
|
|||
34. |
М.М.Раззаков |
- |
"GTG operation" МЧЖ раҳбари |
35. |
Ж.Х.Исматуллаев |
- |
"Chust Textile" МЧЖ таъсисчиси |
36. |
А.М.Исмоилов |
- |
"Ravon Taraqqiyot Orzusi" МЧЖ таъсисчиси |
37. |
К.Т.Абдуллоев |
- |
"Sam Antep Gilam" МЧЖ ҚК таъсисчиси |
38. |
Ш.Ш.Джумаев |
- |
"Navbahor Tekstil" МЧЖ таъсисчиси |
9. Фармацевтика ва соғлиқни сақлаш
|
|||
39. |
А.А.Аббосхўжаев |
- |
"Grand Pharm Trade" МЧЖ таъсисчиси |
40. |
У.А.Ҳайдаров |
- |
"Farm Lyuks Invest" МЧЖ таъсисчиси |
41. |
Н.К.Комилов |
- |
"Stdhealthmed" МЧЖ таъсисчиси |
42. |
У.Б.Маматкулов |
- |
"Samarkand-England eco-Medical" МЧЖ таъсисчиси |
10. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати
|
|||
43. |
А.А.Султонов |
- |
"Buxoro Аgroklaster" МЧЖ таъсисчиси |
44. |
Ш.Ш.Илҳомов |
- |
"NAVRO'Z-PTK" МЧЖ таъсисчиси |
45. |
Ф.Ф.Илясов |
- |
"Ilyasov" МЧЖ таъсисчиси |
46. |
С.С.Насретдинов |
- |
"Agro Prodex Group" МЧЖ раҳбари |
47. |
Р.А.Абдуллаев |
- |
"Almerro Group" МЧЖ таъсисчиси |
48. |
С.К.Салихов |
- |
"Zafarxon" МЧЖ таъсисчиси |
49. |
Б.М.Тўхтаниязов |
- |
"Тўхтаниёз ота" фермер хўжалиги раҳбари |
Президентининг
2024 йил 27 декабрдаги
ПФ-229-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектлари ташаббусларини
амалга ошириш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Изоҳ: норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметига қараб қайта кўриб чиқилиши ёки ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.
Президентининг
2024 йил 27 декабрдаги
ПФ-229-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
айрим ҳужжатларига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 майдаги "Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5989-сон Фармони 8-бандининг "б" кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги "Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6260-сон Фармонининг 8-банди иккинчи хатбошисидаги "100 миллион АҚШ доллари" сўзлари "70 миллион АҚШ доллари" сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги "Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-145-сон Фармонининг 1 ва 4-бандларидаги ҳамда 1-илованинг номланишидаги "2025 йил 1 январга қадар" сўзлари "2026 йил 1 январга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 мартдаги "Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-41-сон Фармонининг 1-бандидаги ва илованинг номланишидаги "2025 йил 1 январга қадар" сўзлари "2026 йил 1 январга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги "Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-93-сон Фармонининг 5-бандида:
а) биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"5. 2023-2026 йилларда Дастурни амалга ошириш учун жами 500 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилсин";
б) учинчи хатбошидаги "100 миллион АҚШ доллари" сўзлари "85 миллион АҚШ доллари" сўзлари билан алмаштирилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 декабрдаги "Истеъмол бозорларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-217-сон Фармонида:
а) 1-банддаги "2025 йил 1 январга қадар" сўзлари "2026 йил 1 январга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"2. Белгилансинки, 2026 йил 1 январга қадар кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда тозаланган ёки тозаланмаган кунгабоқар, махсар ёки пахта мойи ва уларнинг фракцияларини (ТИФТН коди 1512) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади".
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги "Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-торожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3386-сон қарорига илованинг 13-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 майдаги "Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3693-сон қарорининг 5-банди учинчи хатбошисидаги "ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 4106 21 000 0 кодлари" сўзлари "ТИФ ТН бўйича 4104 коди" сўзлари билан алмаштирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 сентябрдаги "Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4453-сон қарорининг 2-бандида:
"а" кичик банднинг биринчи хатбошисидаги "ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 4106 21 000 0 кодлари" сўзлари "ТИФ ТН бўйича 4104 коди" сўзлари билан алмаштирилсин;
"б" ва "в" кичик бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги "Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4742-сон қарорига илова қуйидаги мазмундаги 103-банд билан тўлдирилсин:
"103. Артемия цисталарини йиғиш ва топшириш".
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги "Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-104-сон қарори 3-бандининг "а" кичик банди ва 2-илованинг номланишидаги "2025 йил 1 январга қадар" сўзлари "2030 йил 1 январга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги "Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабини ташкил этиш чоралари тўғрисида"ги ПҚ-288-сон қарорининг 3-банди қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
"Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентларининг Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдам сифатида юборилаётган товарлари божхона чегараси орқали олиб ўтишда, заруратга кўра Ташқи ишлар вазирлигининг тасдиғи асосида, божхона йиғимларини тўлашдан озод этилади;
гуманитар юкларнинг хусусияти божхона органлари томонидан товар йўл юк ҳужжатлари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан тақдим этилган хат асосида тасдиқланади".
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-292-сон қарорида:
а) 11-бандда:
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишинча иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
б) 1-иловада:
12-позиция чиқариб ташлансин;
31-позициянинг "мазмуни" устунидаги 2-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
в) 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 октябрдаги "Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-331-сон қарори 4-бандининг "а" кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 февралдаги "Хоразм вилоятида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-89-сон қарорининг 1-банди биринчи хатбошисидаги "100 миллион АҚШ доллари" сўзлари "60 миллион АҚШ доллари" сўзлари билан алмаштирилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 августдаги "Саноат соҳасида нуфузли халқаро брендлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-286-сон қарорига 3-илованинг 19-позициясида:
"Амалга ошириш механизми" устуни 1-бандидаги "25 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ" сўзлари "маблағлар" сўзи билан алмаштирилсин;
"Амалга ошириш муддати" устунидаги "2024 йил сентябрь - декабрь" сўзлари "2024 йил 1 сентябрдан бошлаб" сўзлари билан алмаштирилсин.
Изоҳ: ушбу илованинг 1, 7-9 ва 14-бандлари 2025 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 28 декабрь