Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.04.2026 й. ПФ-66-сон "Янги Ўзбекистон ёшлари - 2030" стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

20.04.2026 й.

N ПФ-66




"ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ - 2030"

СТРАТЕГИЯСИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАМДА

ЁШЛАРНИ ҲАР ТОМОНЛАМА ҚЎЛЛАБ-

ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, замонавий меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига кўмаклашиш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларда ватанпарварлик, ташаббускорлик ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлаш стратегик аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда жорий йилнинг 24 февраль куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган асосий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


I. "Янги Ўзбекистон ёшлари - 2030" стратегияси


1. 2026-2030 йилларга мўлжалланган "Янги Ўзбекистон ёшлари - 2030" стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда қуйидагилар Стратегиянинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

(а) ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш;

(б) таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш ва инклюзив таълимни ривожлантириш;

(в) хорижий тилларни ўрганишни янада оммалаштириш ҳамда касбий таълимни ривожлантириш;

(г) ёшларнинг меҳнат бозорига кириб келишини рағбатлантириш ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш;

(д) ёшларни маданий, жисмоний ва маърифий жиҳатдан ривожлантириш, волонтёрлик маданиятини юксалтириш учун зарур шарт-шароит яратиш ва имкониятларни кенгайтириш;

(ж) ёшлар соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш;

(з) ёшлар сиёсатида очиқлик ва иштирок этиш механизмларини кучайтириш ҳамда ёшлар билан мулоқотни кенгайтириш;

(и) ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорлик ҳамда халқаро интеграцияни кучайтириш.


II. Мақсадлар


2. Қуйидагилар Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

(а) ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган 600 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш;

(б) хорижий тилларни ўрганиб, камида B2 даражасига эришган ёшлар сонини 2030 йилга қадар 450 минг нафарга етказиш;

(в) Ёшлар волонтёрлик умуммиллий ҳаракати орқали 2030 йилга қадар 900 минг нафар ёшларни волонтёрлик лойиҳаларига жалб этиш;

(г) нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектлар сонини 2030 йилга қадар 2 бараварга ошириш;

(д) ҳар йили камида 10 мингта ёш оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;

(ж) ёшлар жиноятчилигини 2030 йилга қадар 40 фоизга камайтириш.


III. Ёшлар орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар


3. Ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишини қўллаб-қувватлаш ва янада оммалаштириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этиш юзасидан тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

(а) хорижий тиллар бўйича камида С1 даражадаги сертификатни олган ёшлар учун тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ давлат хизматлари тўловлари миқдорини 50 фоизга камайтириш;

(б) хорижий тиллар бўйича камида В2 даражадаги сертификатни олган ёшлар учун хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш божи миқдорини 50 фоизга камайтириш.


4. Белгилансинки:

(а) қўшимча таълим хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун:

(i) хоналар майдони ҳамда уни жиҳозлашга оид талаблар енгиллаштирилади;

(ii) мустақил ишлаб чиқилган ва хабарномада кўрсатилган таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади;

(б) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлар агентлиги икки ой муддатда қўшимча таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотлари учун махсус санитария норма ва қоидаларини ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсин.


5. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб нодавлат таълим хизматларини кўрсатишда ўзини ўзи тартибга солиш тизими жорий этилсин. Бунда тизим фаолиятининг асосий йўналишлари 2-иловага мувофиқ белгилансин.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда нодавлат қўшимча таълим хизматларини кўрсатишда ўзини ўзи тартибга солиш тизимини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини 2026 йил 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

(а) Ёшлар ишлари агентлиги томонидан:

(i) 2026 йил 1 июлга қадар нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектларнинг юқори натижаларга эришган ўқитувчиларини хорижий илғор таълим марказларига стажировкага юбориш;

(ii) ҳар йили декабрь ойида ўқув марказлари уюшмалари билан ҳамкорликда улар ўртасида ўзаро тажриба алмашишга бағишланган форум ўтказиб бориш йўлга қўйилади;

(б) олис ва чекка ҳудудларда хорижий тилларга ўқитиш бўйича нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун фоизсиз қарз (ссуда) ажратилган ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган субъектларга Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 730 бараваригача миқдорда фоизсиз қарз (ссуда) ажратиб борилади.


7. Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг олис ва чекка ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектлар жами даромади умумий ҳажмининг камида 80 фоизини қўшимча таълим хизматлари ташкил этганда ва ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда уларга 2026 йил 1 майдан бошлаб 2031 йил 1 январга қадар қуйидаги имтиёзларни тақдим этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

(а) ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш;

(б) тузилган меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ўқитувчилар томонидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Солиқ кодексига ушбу банддан келиб чиқиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини, шунингдек, мазкур имтиёз қўлланадиган олис ва чекка ҳудудлар рўйхатини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги уч ой муддатда ижтимоий мажбуриятлар юкланган ҳолда нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқдан қўшимча имтиёзлар бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


IV. Ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шароитлар яратиш


9. 2027 йил 1 январдан бошлаб уй-жойга муҳтож ёш оилаларга бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун қуйидаги тартибда ипотека кредитларини ажратиш йўлга қўйилади:

(а) Ипотека дастури доирасида ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади;

(б) қуйидаги асосий ижтимоий мезонларга мувофиқ келадиган ёш оилаларга ипотека кредити ажратилади:

(i) ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи 30 ёшдан ошмаган бўлиши;

(ii) ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи номида сўнгги 3 йилда мулк ҳуқуқи асосида кўчмас мулк мавжуд эмаслиги;

Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги, Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар ипотека кредитларини ажратиш тартибини (шу жумладан, ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловлари бир қисмини қоплаб бериш учун аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилишини назарда тутган ҳолда) ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


V. Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни маданий, жисмоний ва маърифий жиҳатдан ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари


10. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган "Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати" ташаббусини амалга ошириш мақсадида 2027 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта 12 август - Халқаро ёшлар куни арафасида "Авлодлар мулоқоти" халқаро ёшлар конгрессини ўтказиш йўлга қўйилади. Бунда халқаро ёшлар конгресси доирасида:

(а) ёшларнинг замонавий эҳтиёжлари ва ҳаётдаги кутилмаларини аниқлаш, уларнинг мақсад ва ғояларини рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилган ишлар, глобал ёшлар муаммо ва чақириқлари муҳокама қилинади;

(б) ёшлар сиёсатини амалга оширишга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича ҳукумат ва ёшлар ўртасидаги халқаро мулоқот майдони яратилади;

(в) хорижий малакали эксперт ва мутахассислар иштирокида ёшлар сиёсати бўйича муваффақиятли тажрибаларни ўзаро алмашиш, ёшларга оид тадқиқотлар ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган тавсиялар билан бўлишишга қаратилган мулоқотлар ташкил қилинади;

(г) Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ҳамда ижобий тажрибалари жаҳон ҳамжамиятига етказилади.


11. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида миллий урф-одатларга таяниб, юксак маданий-эстетик меъёрлар ҳамда хавфсизликни таъминлаган ҳолда "Ёшлик - ҳаётнинг бахтли ва олтин даври" шиори асосида умуммиллий ёшлар фестивалини ўтказиб бориш йўлга қўйилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фестивални ўтказиш билан боғлиқ харажатлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин.


12. Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшлар волонтёрлик ҳаракати доирасида волонтёрлик маданиятини шакллантириш бўйича қуйидаги тизимларни жорий этиш юзасидан таклифига розилик берилсин:

(а) касб ва соҳавий (тиббий, экологик, таълим, юридик, инклюзив, спорт, маданият ва бошқалар) волонтёрлик ихтисосликларини жорий этиш;

(б) ёшларнинг волонтёрлик фаолиятини юритувчи Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси платформасида ижтимоий фаоллик картасини жорий этиш, бунда мазкур картада:

(i) ёшлар томонидан амалга оширилган волонтёрлик фаолияти тарихи юритилади;

(ii) волонтёрлик ихтисослашуви даражаси қайд қилинади;

(iii) волонтёрлик ташаббускорлиги юзасидан берилган "ижтимоий токен" (рақамли балл) миқдори юритилади ҳамда ушбу баллар монетизация қилинади;

(iv) "ижтимоий токен"ни моддий ва бошқа эҳтиёжлар учун сарфлаш имконияти (маданий ва спорт тадбирларига имтиёзли иштирок этиш) яратилади.

Ёшлар ишлари агентлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда ёшларнинг волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


13. Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинсин ҳамда қуйидагилар белгилансин:

(а) Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

(i) ҳар йили Давлат бюджетидан Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига қўшимча ажратиладиган 20 миллиард сўм маблағлар;

(ii) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳар йили тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳисоб-китобларга асосан ажратиладиган 3 миллиард сўмгача миқдордаги маблағлар;

(iii) халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

(iv) Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

(v) жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

(vi) қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

(б) Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёшларнинг волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант ажратилади.


14. Ёшлар ишлари агентлиги икки ой муддатда ижтимоий фаол ёшлар давлат ташкилотларида ҳақ тўланадиган стажировкалардан ўтиши тартибини 2026 йилдан бошлаб жорий этиш ҳамда стажировкани давлат фуқаролик хизматида мансаб пиллапояларида кўтаришда инобатга олиш тизимини йўлга қўйишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда 2026-2027 йилларда ҳар бир ҳудудда 1 тадан туризм, гастрономик, ёшлар сайилгоҳи ва савдо-сервисга ихтисослашган махсус хизмат кўрсатувчи кўчаларда кутубхона, "book cafe", китоб дўконларини жойлаштириш чораларини кўрсин.

Ёшлар ишлари агентлиги китоб сотувини ойига 10 мингдан оширган тадбиркорлик субъектларига Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари доирасида 1 миллиард сўмгача миқдорда Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ссуда ажратиш чораларини кўрсин.


16. 2026 йилдан бошлаб китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ёш ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида "Илғор ижодкор" Президент мукофоти жорий этилсин. Унга кўра:

(а) шеърият, драматургия ҳамда болалар адабиёти йўналишлари бўйича энг яхши ёзувчи ва шоирлар мукофотланади;

(б) ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади;

(в) номзодлар ҳамда уларнинг асарлари Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар ходимлари, соҳа мутахассислари ва экспертлар, кенг жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия томонидан кўриб чиқилади ҳамда сараланади.

Ёшлар ишлари агентлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илғор ижодкор" мукофоти бўйича танловни ўтказиш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


17. Белгилансинки, 2026 йилдан бошлаб ҳудудларда таълим муассасаси, спорт объектлари, ёшлар ва маданият маркази, кутубхона, кинотеатр, концерт-томоша зали, кўнгилочар сайлгоҳ ва боғлардан иборат ёшларга мўлжалланган инфратузилма объектлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича минимал стандартлар жорий этилади, бунда:

(а) минимал стандартлар маҳалла ва туман (шаҳар) даражасида белгиланади;

(б) 2027 йил 1 январдан бошлаб тегишли ҳокимлар ва уларнинг ёшлар масалалари бўйича масъул ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолашда Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан минимал стандартлар бажарилганлиги ҳамда уларнинг юкламаси инобатга олинади.

Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда ёшларга мўлжалланган инфратузилма объектларининг минимал стандартларини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


VI. Ёшларга оид давлат сиёсати йўналишлари бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш ва таҳлил қилиб бориш


18. 2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни "Ёшлар куни" деб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин. Мазкур кун доирасида:

(а) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари:

(i) соҳавий ва ҳудудий ёндашув асосида маҳаллаларда, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида ёшлар билан учрашувлар ташкил қилиб, очиқ мулоқот ўтказади;

(ii) учрашувларда ёшларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш ишларини ташкил қилади, ёшларга тадбиркорлик билан шуғулланиш, касб эгаллаш, тил ўрганиш ва бошқа йўналишларда йўл-йўриқ кўрсатиб боради, шунингдек, ёшлар учун қизиқарли соҳаларда танлов ва ярмаркалар, шу жумладан, меҳнат ярмаркаларини ўтказиш чораларини кўради;

(iii) учрашувларда кўтарилган тизимли муаммолар юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

(iv) ҳар ойда муаммоларни бартараф этишга қаратилган ишлар тўғрисида ҳисоботни, шунингдек, заруратга кўра қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни Ёшлар ишлари агентлигига тақдим этиб боради;

(б) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

(i) икки ҳафта муддатда 2026 йилнинг иккинчи ярим йиллиги давомида "Ёшлар куни" доирасида ўтказиладиган учрашув ва тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;

(ii) келгуси йиллар учун ҳар ярим йилликка мўлжалланган режаларни ҳар йили январь ва июнь ойларининг 15-санасига қадар киритиб борсин;

(в) Ёшлар ишлари агентлиги:

(i) "Ёшлар куни" доирасидаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши ҳамда ёшлар мурожаатларининг ҳал этилиши устидан мониторингни ўзаро алоқадор масалалар, соҳалар ва ҳудудлар кесимидаги классификаторларга бўлинган ҳамда умумлаштирилган ҳолда Ёшлар ягона электрон платформаси орқали амалга оширади;

(ii) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тақдим этилган ҳисобот ва таклифларни таҳлил қилиб, умумлаштирилган ахборотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб боради.


19. Ёшларга оид давлат сиёсати йўналишлари бўйича ишларни манзилли йўлга қўйиш ва таҳлил қилиб бориш мақсадида:

(а) 3-иловага мувофиқ туман (шаҳар)ларга "Ёшлар тумани (шаҳри)" мақоми берилсин, улар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда маданий, жисмоний ва маърифий жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган замонавий таълим, спорт ва маданий инфратузилмага эга намунавий ҳудудга айлантирилсин;

(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси бошлиғи ва Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосарига ёшлардан Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига келиб тушаётган мурожаатлар билан алоҳида ишлаш, уларнинг ҳар томонлама, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаб бориш вазифаси юклатилсин;

(в) Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти:

(i) зиммасига 4-иловага мувофиқ қўшимча вазифалар юклансин;

(ii) ходимларига 2026 йил 1 майдан бошлаб А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ходимлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилсин.


VII. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат


20. Белгилансинки, ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирлар 2026 йилда Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2027 йилдан бошлаб ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун Ёшлар ишлари агентлигининг ҳисоб-китобларига асосан Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига маблағлар ажратилишини таъминласин.


21. Ёшлар ишлари агентлиги уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


22. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу Фармон доирасида амалга ошириладиган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия қилинсин.


23. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 20 апрелдаги

ПФ-66-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Нодавлат қўшимча таълим хизматлари

соҳасида ўзини ўзи тартибга солиш тизими

фаолиятининг асосий йўналишлари


1. Нодавлат таълим хизматларини белгиланган тартибда кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахсларни аъзоликка қабул қилиш ҳамда уларнинг фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш.


2. Аъзоларнинг қўшимча таълим хизматларини амалга ошириш фаолиятини йўналтириб бориш, уларнинг манфаатларини давлат органлари ҳамда судда ҳимоя қилиш.


3. Қўшимча таълим хизматларини кўрсатишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни тегишли давлат органларида илгари суриш.


4. Қўшимча таълим соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш.


5. Аъзолар томонидан кўрсатилаётган таълим хизматлари сифатини таъминлаш чораларини кўриш.


6. Қўшимча таълим хизматлари соҳасида ихтиёрий сифат стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


7. Аъзоларнинг қўшимча таълим фаолиятига жалб этилган таълим берувчиларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш.

        

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 20 апрелдаги

ПФ-66-сон Фармонига

3-ИЛОВА



"Ёшлар тумани (шаҳри)" мақоми

бериладиган туман (шаҳар)лар

РЎЙХАТИ

         

     

Қорақалпоғистон Республикаси

        

1.

Хўжайли тумани


        

Андижон вилояти

     

2.

Асака тумани


       

Бухоро вилояти

     

3.

Ғиждувон тумани


      

Жиззах вилояти

     

4.

Дўстлик тумани


      

Қашқадарё вилояти

        

5.

Яккабоғ тумани


        

Навоий вилояти

       

6.

Хатирчи тумани


         

Наманган вилояти

        

7.

Давлатобод тумани


      

Самарқанд вилояти

       

8.

Самарқанд шаҳри


        

Сурхондарё вилояти

           

9.

Денов тумани


       

Сирдарё вилояти

       

10.

Ховос тумани


       

Фарғона вилояти

        

11.

Фарғона шаҳри


         

Хоразм вилояти

         

12.

Урганч шаҳри


        

Тошкент вилояти

        

13.

Нурафшон шаҳри


        

Тошкент шаҳри

           

14.

Чилонзор тумани


         

           




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 20 апрелдаги

ПФ-66-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар

муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни

тайёрлаш институтига юклатилаётган

қўшимча вазифалар


1. Ёшларга оид давлат сиёсати стратегияси, йўналишлари ва механизмларини илмий асослаш, ёшлар сиёсати ижроси борасида идоралараро номувофиқликларни аниқлаш, ёшлар ташкилотлари фаолияти, қабул қилинаётган чора-тадбирлар, қарорлар, дастурлар ва режаларнинг самарадорлигини методологик ўрганиш ҳамда уларни ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмалар ишлаб чиқиш.


2. Ёшлар маънавияти, ҳаётий устуворликлари ва қадриятлар тизими, миграция жараёнлари билан боғлиқ муаммоларини таҳлил этиш, умуминсоний қадриятларга зид бўлган радикализм, экстремизм, жиноятчилик, гиёҳвандлик, зўравонлик каби иллатларни бартараф этишга қаратилган тадқиқотларни ўтказиш.


3. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни маданий, жисмоний ва маърифий жиҳатдан ривожлантириш билан боғлиқ тизимли муаммоларни ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ўрганиш, шунингдек, ёшлар муаммолари бўйича ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан самарали ечимлар ишлаб чиқиш.


4. Янги авлод ёшларининг ижтимоий-иқтисодий имкониятлари, эҳтиёж ва умидлари, фаровонлик даражаси ҳамда ижтимоий кайфиятини социологик ўрганиш, ёшлар сиёсати борасида халқаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни ўрганиш.


5. Ёшлар сиёсати ижросига доир статистик маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, бошқарув вертикалининг барча бўғинларида ёшлар сиёсати ижросини акс эттирувчи "Миллий ёшлар индекси"ни юритиш, статистик, демографик ва социологик тадқиқотлар методологиясини ривожлантириб бориш, ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши тўғрисидаги миллий маърузани тайёрлаш.

           

               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 23 апрель