Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.05.2026 й. ПҚ-172-сон "Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
06.05.2026 й.
N ПҚ-172
ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК СОҲАСИДА
ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ
ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 майдаги "Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-78-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:
I. Мақсад
1. Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқарувини ислоҳ қилишнинг асосий мақсади этиб соҳага масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш белгилансин.
II. Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 майдаги "Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-78-сон Фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилганлиги, Агентлик тўловга қобилиятсизлик соҳасида махсус ваколатли орган этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Агентлик Адлия вазирлиги ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
(б) Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
(в) Агентлик директори адлия вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бир нафар ўринбосарга эга бўлади;
(г) Агентлик тўловга қобилиятсизлик соҳасида белгиланган асосий вазифаларига мувофиқ 1-иловада кўрсатилган функцияларни амалга оширади ҳамда ҳуқуқлардан фойдаланади;
(д) тўловга қобилиятсизлик соҳасида бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва ваколатлари 2-иловага мувофиқ тақсимланади.
III. Ташкилий чора-тадбирлар
4. Белгилансинки:
(а) Агентликнинг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимлари чекланган сони 81 тани ташкил этади, жумладан, Агентлик марказий аппаратида 40 нафар, ҳудудий бўлимларида 41 нафар ходим фаолият юритади;
(б) Агентликнинг штат бирликлари Давлат активларини бошқариш агентлигининг тўловга қобилиятсизлик ишларини юритиш билан боғлиқ вазифа ва функциялари Агентликка ўтказилиши муносабати билан Давлат активларини бошқариш агентлигидан 15 та штат бирлигини қисқартириш, маҳалла фуқаролар йиғинлари мақбуллаштирилиши ва ихчамлаштирилиши натижасида маҳаллаларга бириктирилган 10 нафар давлат солиқ инспектори штат бирлигини қисқартириш, шунингдек, иш жараёнлари рақамлаштирилиши ва мақбуллаштирилиши натижасида давлат хизматлари марказларининг бюджетдан ташқари жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган 56 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади;
(в) адлия вазирига ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида Агентлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлималари тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади;
(г) Агентлик директори мақоми ва меҳнатига ҳақ тўлаш шарт-шароитларига кўра адлия вазирининг биринчи ўринбосарига, Агентлик ва унинг ҳудудий бўлималари раҳбар ва ходимлари тегишлича Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари раҳбар ва ходимларига тенглаштирилади.
5. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
(а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
(б) адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари;
(в) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат хизматлари ва бошқа пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
(г) Агентлик томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг ваколат доирасида қўлланган маъмурий жарима суммалари;
(д) қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари вақтинча Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари биноларига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
IV. Қарор ижросини ташкил қилиш, таъминлаш ва назорат
7. Адлия вазирлиги икки ой муддатда Агентлик тўғрисидаги низомни, уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошлиғи А.Б. Самадов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2026 йил 6 майдаги
ПҚ-172-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлигининг
ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ
I. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
1. Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, ушбу соҳани назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида:
(а) тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ишлаб чиқади;
(б) тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
(в) тўловга қобилиятсизлик соҳасининг давлат томонидан тартибга солинишини амалга оширади;
(г) тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари амалга оширилишини, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг ва таҳлил қилади ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
(д) тўловга қобилиятсизлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ишлаб чиқишда иштирок этади ҳамда улар бўйича Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг бажарилишини ташкиллаштиради;
(ж) тўловга қобилиятсизлик соҳасида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
2. Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
(а) давлат органлари ва ташкилотларининг тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва услубий раҳбарликни амалга оширади;
(б) юридик шахсларнинг суддан ташқари тўловга қобилиятсизлиги ишлари бўйича ваколатли орган фаолиятини мувофиқлаштиради ва услубий жиҳатдан таъминлайди;
(в) тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги бошқа ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда уларга услубий жиҳатдан кўмаклашади;
(г) тўловга қобилиятсизликка оид тартиб-таомилларга риоя этиш жараёнларида вужудга келаётган ҳамда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик нормаларини қўллашда мавжуд муаммоларни таҳлил қилади ва улар бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
3. Тўловга қобилиятсизлик жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш соҳасида:
(а) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини рақамлаштириш ҳамда барча манфаатдор шахсларга тўловга қобилиятсизлик жараёни тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имкониятини яратиш орқали соҳанинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш чораларини кўради;
(б) Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси шакллантирилиши ва юритилишини ҳамда вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлайди;
(в) қонунчиликка мувофиқ мажбурий равишда эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни, жумладан, тўловга қобилиятсизликка доир ишлар бўйича судлар ва ваколатли органлар томонидан қабул қилинган қарорлар ва тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнлари ҳақидаги маълумотлар Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформасида эълон қилинишини ташкиллаштиради.
4. Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини, шунингдек, иқтисодий ночор жисмоний ва юридик шахсларни молиявий соғломлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш соҳасида:
(а) тўловга қобилиятсизлик бўйича ишларни судларда кўриб чиқишда иштирок этади ва махсус ваколатли орган ваколатларини амалга оширади;
(б) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнидаги ва тўловга қобилиятсиз деб топилган юридик ва жисмоний шахслар реестрини юритади;
(в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда шаҳарни ташкил этувчи корхоналар ва уларга тенглаштирилган корхоналар реестрини юритади;
(г) жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахслар ва (ёки) уларнинг мулкий комплекслари ва бошқа активларини қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинчалик бошқариш ишларини ташкиллаштиради ва ҳисобини юритади;
(д) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини, шу жумладан, суддан ташқари тўловга қобилиятсизлик тартиб таомилларини амалга ошириш, бу соҳада юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун зарур бўлган ташкилий, ҳуқуқий ва ахборот таъминоти бўйича чораларни ўз ваколатлари доирасида кўради;
(ж) тўловга қобилиятсизлик соҳасида қонунбузилишларнинг олдини олиш чораларини кўради, ушбу соҳада жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлик қилади;
(з) ўз аризасига кўра қўзғатилган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёни мониторингини амалга оширади;
(и) жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахслар ва (ёки) уларнинг мулкий комплекслари ва бошқа активларини вақтинчалик бошқариш бўйича суд бошқарувчисининг ёки ихтисослаштирилган ташкилотнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолатларда назорат қилади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда уларнинг қарорларини келишади;
(к) тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган юридик шахсларга давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш ва санация ўтказишни тугатиш юзасидан қарор қабул қилади;
(л) давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация жараёнида бўлган юридик шахсларнинг реестрини юритиш ҳамда судгача санациянинг натижадорлигини Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси орқали мониторинг қилади.
5. Суд бошқарувчилари фаолияти ташкил этилишини таъминлаш ва улар фаолиятини назорат қилиш соҳасида:
(а) суд бошқарувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва ўқитиш ҳуқуқига эга бўлган таълим муассасалари учун талабларни белгилайди, ҳуқуққа эга бўлган таълим муассасаларининг рўйхатини юритади ҳамда уларнинг бу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
(б) суд бошқарувчиларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан, қайта аттестациядан ўтказади ва уларга малака аттестатини беради;
(в) суд бошқарувчиларининг давлат реестрини ҳамда суд бошқарувчиларини тайёрлаш курсларини тугатган номзодларнинг реестрини юритади;
(г) Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда унинг фаолиятига кўмаклашади;
(д) Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатасига аъзолик бадали миқдорини, шунингдек, унинг асосий фаолият доирасида кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати ва нархларини келишади;
(ж) суд бошқарувчиларининг фаолиятини юритиш, уларга ҳақ тўлаш тартибини, шунингдек суд бошқарувчилари фаолияти тўғрисидаги статистик ҳисоботларни шакллантириш ва уларни тақдим этиш тартибини белгилайди;
(з) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси билан келишган ҳолда суд бошқарувчилари иш юкламасининг йўл қўйиладиган нормаларини белгилайди;
(и) суд бошқарувчиларининг фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда назорат қилади.
6. Жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги ҳисоби ва таҳлилини юритиш соҳасида:
(а) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнидаги ва тўловга қобилиятсиз деб топилган жисмоний шахслар реестрини юритади;
(б) жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги бўйича ишлар юзасидан доимий мониторинг олиб боради ҳамда мониторинг натижалари асосида таҳлилий маълумот ва таклифлар киритади.
II. Агентлик ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ваколатларга эгадир:
1) тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
2) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун тўловга қобилиятсизлик соҳасида қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар киритиш;
3) тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар бериш;
4) судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ҳамда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик нормаларини қўллашда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва улар бўйича таҳлилий маълумотлар ва таклифларни Олий судга тақдим этиб бориш;
5) давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги бошқа ваколатли органларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини ижро этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, шунингдек, ушбу соҳада қонунбузилишларга чек қўйиш, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шу жумладан, айбдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;
6) тўловга қобилиятсизлик бўйича ҳар қандай ишни иқтисодий судда кўриб чиқишда, шу жумладан, қуйидаги ваколатларни амалга оширган ҳолда иштирок этиш:
(а) тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш бўйича суд томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари ҳақида маълумотларни судлардан Тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинуви тизими орқали электрон тарзда олиш;
(б) судга муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси ва молиявий бошқарувчи номзодини тақдим этиш, шунингдек, уларни вазифасидан озод қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиш;
(в) мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахсни ёки юридик шахс мол-мулки эгасини ёхуд қарздорнинг ишларини бошқарувчи шахсни субсидиар жавобгарликка тортиш тўғрисида ариза киритиш ҳақида суд бошқарувчисига кўрсатма бериш;
(г) тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қўлланадиган ҳар қандай тартиб-таомиллар жараёнида судга сохта тўловга қобилиятсизликка, тўловга қобилиятсизликни яширишга ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келган аломатларни аниқлаш мақсадида экспертиза тайинлаш ҳақида илтимоснома киритиш;
(д) қонунда назарда тутилган бошқа ваколатлар;
7) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан, шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолларда - бошқа юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳамда ушбу ишларни судда кўриб чиқишда ваколатли орган сифатида иштирок этиш ва қонунда белгиланган ваколатларни амалга ошириш;
8) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан маълумотларни бепул олиш, шу жумладан, уларнинг ахборот тизимларидан Тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинуви тизими орқали фойдаланиш;
9) юридик шахсларни суддан ташқари тўловга қобилиятсиз деб топиш тартиб-таомилларининг амалга оширилишини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш;
10) жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахслар ва (ёки) уларнинг мулкий комплекслари ва бошқа активларини вақтинчалик бошқариш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд бошқарувчисини тайинлаш ёки ихтисослаштирилган ташкилотни танлаш, шунингдек, ўз ташаббусига кўра ёхуд суд ёки тергов органининг мурожаатига асосан суд бошқарувчисини вазифасидан озод қилиш ёки ихтисослаштирилган ташкилотни бошқарувдан четлаштириш;
11) қарздорликни ундириш, реструктуризация қилиш (шу жумладан, тўлов муддатларини ўзгартириш), судгача санация қилиш, тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш масалаларига доир маълумотлар ва ҳужжатларни давлат органлари ва ташкилотлардан бепул сўраб олиш, шунингдек, уларнинг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;
12) тўловга қобилиятсизлик соҳасида аниқланган қонунбузилишлар, шу жумладан, жиноят аломатлари мавжуд бўлган ҳолатлар бўйича ҳужжатларни қонунда назарда тутилган чораларни кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;
13) тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформасини бошқариш, унда жойлаштириладиган (эълон қилинадиган) маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар таркибини белгилаш;
14) тўловга қобилиятсизлик ишларини юритиш доирасида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиш;
15) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича фаолиятни рақамлаштириш ҳамда муайян маълумотларни ушбу органларнинг ахборот тизимларига ва веб-сайтларига жойлаштириш тўғрисида ваколатли органларига кўрсатмалар бериш, уларнинг ижросини назорат қилиш;
16) суд бошқарувчиларининг фаолиятини мониторинг қилиш ва текшириш;
17) суд бошқарувчилари фаолиятида аниқланган қоидабузарликлар ва уларнинг фаолиятига қўйилган талабларга риоя этмаганлик ҳолатлари бўйича суд бошқарувчиларига расмий огоҳлантиришлар бериш, суд бошқарувчиларини малака аттестатини бекор қилиш ва унинг амал қилишини тўхтатиш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа чораларни қўллаш;
18) мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахсни ёки юридик шахс мол-мулки эгасини ёхуд қарздорнинг ишларини бошқарувчи шахсни субсидиар жавобгарликка тортиш тўғрисида ариза киритиш ҳақида суд бошқарувчисига кўрсатма бериш;
19) жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахслар ва (ёки) уларнинг мулкий комплекслари ва бошқа активларини вақтинчалик бошқариш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд бошқарувчисини тайинлаш ёки ихтисослаштирилган ташкилотни танлаш, шунингдек ўз ташаббусига кўра ёхуд суд ёки тергов органининг мурожаатига асосан суд бошқарувчисини вазифасидан озод қилиш ёки ихтисослаштирилган ташкилотни бошқарувдан четлаштириш;
20) Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси раиси лавозимига номзод кўрсатиш ҳамда уни лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш тўғрисида тақдимнома киритиш, Палатанинг навбатдан ташқари йиғилишларини чақириш, шунингдек, ушбу Палатага жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳомийлик ҳамда халқаро ташкилотларнинг грант маблағлари ҳисобидан молиявий кўмак бериш;
21) тўловга қобилиятсизлик соҳасида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси шартномаси ҳисобланмаган шартномалар, меморандумлар, қўшма режалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;
22) тўловга қобилиятсизлик соҳасида, шу жумладан, трансчегаравий тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисида таклифлар киритиш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
23) тўловга қобилиятсизлик соҳасида халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича регуляторлар халқаро ассоциацияси (IAIR) билан ҳамкорлик қилиш;
24) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлар.
Президентининг
2026 йил 6 майдаги
ПҚ-172-сон қарорига
2-ИЛОВА
Тўловга қобилиятсизлик соҳасида бошқа
давлат органлари ва ташкилотларининг
ВАЗИФА ВА ВАКОЛАТЛАРИ
Т/р |
Ваколатли органлар |
Вазифа ва ваколатлари |
1. |
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги |
Санация тартиб-таомили доирасида давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш; |
2. |
Давлат активларини бошқариш агентлиги |
(а) давлат иштирокидаги корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш; (б) фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган давлат иштирокидаги корхоналарни аниқлаш ва уларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантириш; (в) фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш; (г) фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш дастурларини, шу жумладан, судгача санация қилиш режаларини (молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари"ни) ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш; (д) устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш, уларнинг суд санацияси ва ташқи бошқаруви режаларини келишиш; |
3. |
Солиқ қўмитаси |
(а) солиқ ва йиғимлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги муносабати билан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза билан мурожаат этиш, уни судда кўриб чиқишда иштирок этиш; (б) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари доирасида солиқ ва йиғимлар бўйича кредитор функциясини бажариш; |
4. |
Марказий банк |
(а) банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларини ва банкларни санация қилиш, банкларни суддан ташқари тугатишга оид қонунда белгиланган ваколатларни мустақил амалга ошириш; (б) банкларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни судда кўриб чиқишда Омонатларни кафолатлаш агентлиги билан биргаликда иштирок этиш; |
5. |
Божхона қўмитаси |
(а) божхона тўловлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги муносабати билан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза билан мурожаат этиш ва уни судда кўриб чиқишда иштирок этиш; (б) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари доирасида божхона тўловлари бўйича кредитор функциясини бажариш; |
6. |
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги |
суғурталовчиларнинг ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни судда кўриб чиқишда иштирок этиш; |
7. |
Давлат мақсадли жамғармалари |
(а) давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги муносабати билан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза билан мурожаат этиш, уни судда кўриб чиқишда иштирок этиш; (б) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари доирасида давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича кредитор функциясини бажариш; |
8. |
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари |
(а) шаҳарни ташкил этувчи корхоналар ва уларга тенглаштирилган корхоналарга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналарига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни судда кўриб чиқишда иштирок этиш; (б) фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган шаҳарни ташкил этувчи корхоналар ва уларга тенглаштирилган корхоналарнинг, шунингдек, қишлоқ хўжалик корхоналарининг суд санацияси ва ташқи бошқаруви режаларини келишиш. |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 7 май

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter