Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 19.08.2026 й. 3928-сон билан рўйхатга олинган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 29.07.2026 й. 49-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 19 августда 3928-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Саноат, радиация ва ядро

хавфсизлиги қўмитасининг

2026 йил 29 июлдаги

49-сон қарорига

ИЛОВА



Атом электр станциясида радиациявий авария

юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий

авария содир бўлганда объект даражасидаги авария

ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва

шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш

тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария режимларини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ҳамда атом электр станциясига шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ушбу Йўриқнома атом электр станциясини жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, эксплуатация қилиш ва эксплуатациядан чиқариш босқичларида авариявий тайёргарликни таъминлаш ҳамда радиациявий авария хавфи юзага келганда ёки радиациявий авария содир бўлганда ҳаракат қилиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Авариявий тайёргарлик" режими - радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда атом электр станциясининг бошқарув органлари, кучлари ва воситаларини аварияга қарши ҳаракатларни амалга оширишга шай ҳолатга кельтиришни назарда тутувчи объект даражасидаги ички режим;


"Авариявий ҳолат" режими - радиациявий авария содир бўлганда унинг кенгайишига йўл қўймаслик, оқибатларини камайтириш ҳамда бартараф этишга қаратилган чораларни амалга оширишни назарда тутувчи объект даражасидаги ички режим;


эксплуатация қилувчи ташкилот - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;


радиациявий авария - ускуна носозлиги, ходимлар (персонал)нинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар туфайли келиб чиққан, фуқароларнинг белгиланган нормалардан кўпроқ нурланиш олишига ёки атроф-муҳитнинг радиоактив ифлосланишига олиб келиши мумкин бўлган ёхуд олиб келган ионлаштирувчи нурланиш манбаи устидан бошқарувнинг издан чиқиши.



2-БОБ. АТОМ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИДА "АВАРИЯВИЙ

ТАЙЁРГАРЛИК" ВА "АВАРИЯВИЙ ҲОЛАТ"

РЕЖИМЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ


2. Қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келганда атом электр станциясида "Авариявий тайёргарлик" режими эълон қилинади:

атом электр станциясини хавфсиз эксплуатация қилишнинг белгиланган чегаралари ва (ёки) шартлари бузилганда ҳамда атом электр станциясининг бинолари, хоналари ёки ҳудудида, санитария-муҳофаза зонасида ёхуд кузатув зонасида ионлаштирувчи нурланиш доза қуввати қийматлари мазкур Йўриқноманинг иловасида "Авариявий тайёргарлик" режими учун белгиланган даражаларга етганда ёки улардан ошганда;

табиий ёки техноген хусусиятга эга ташқи таъсирлар, шу жумладан зилзила, портлаш, ёнғин ёхуд атом электр станцияси ҳудудининг сув босиши оқибатида хавфсизлик учун муҳим тизимлар ва (ёки) элементларнинг нормал ишлаши, шунингдек атом электр станциясини хавфсиз эксплуатация қилишнинг белгиланган чегаралари ва (ёки) шартлари бузилганда.


3. Қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келганда атом электр станциясида "Авариявий ҳолат" режими эълон қилинади:

атом электр станциясининг бинолари, хоналари ёки ҳудудида, санитария-муҳофаза зонасида ёхуд кузатув зонасида ионлаштирувчи нурланиш доза қуввати қийматлари мазкур Йўриқноманинг иловасида "Авариявий ҳолат" режими учун белгиланган даражаларга етганда ёки улардан ошганда;

эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан лойиҳадан ташқари, шу жумладан оғир аварияларни бошқариш бўйича қўлланмани қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда.


4. Атом электр станциясида объект даражасидаги "Авариявий тайёргарлик" ёки "Авариявий ҳолат" режимини эълон қилиш тўғрисидаги қарор эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан қабул қилинади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс бўлмаганда ёхуд улар билан алоқа ўрнатиш имкони бўлмаганда мазкур қарор атом электр станцияси сменаси бошлиғи томонидан қабул қилинади. Бунда смена бошлиғи қабул қилинган қарор ва амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбарини ёки унинг вазифасини бажарувчи шахсни зудлик билан хабардор қилиши зарур.

"Авариявий тайёргарлик" ёки "Авариявий ҳолат" режимини эълон қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниши билан бир вақтда атом электр станциясида авария юз берганда ходимлар (персонал)нинг ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар режаси ҳам амалга киритилади.



3-БОБ. РАДИАЦИЯВИЙ АВАРИЯ ЮЗАГА

КЕЛИШ ХАВФИ МАВЖУД БЎЛГАНДА ЁКИ

РАДИАЦИЯВИЙ АВАРИЯ СОДИР БЎЛГАНДА

ХАБАР БЕРИШ ВА АХБОРОТ УЗАТИШ


5. Атом электр станцияси майдончасига биринчи ядро ёқилғиси олиб кирилгунига қадар эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари томонидан радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда хабар бериш схемаси тасдиқланади.

Хабар бериш схемасида хабардор қилинадиган органлар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар рўйхати, уларнинг алоқа маълумотлари, хабарларни узатиш кетма-кетлиги, асосий ва захира алоқа каналлари, шунингдек хабарни қабул қилганликни тасдиқлаш тартиби кўрсатилади.


6. Атом электр станцияси сменаси бошлиғи "Авариявий тайёргарлик" ёки "Авариявий ҳолат" режими эълон қилинганлиги ҳамда радиациявий авария юз берганда ходимлар (персонал)нинг ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар режаси тўғрисидаги дастлабки ахборотни тасдиқланган хабар бериш схемасига мувофиқ зудлик билан ёзма ёки электрон тарзда қуйидагиларга етказиши зарур:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича функционал қуйи тизими кундалик бошқарув органига;

Ўзбекистон Республикасида радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш ягона давлат тизимининг республика ва маҳаллий даражадаги тегишли кундалик бошқарув органларига.


7. "Авариявий тайёргарлик" ва (ёки) "Авариявий ҳолат" режими эълон қилинганлиги тўғрисидаги дастлабки ахборот уни узатган ва қабул қилган шахслар томонидан тегишли қайд журналида ва (ёки) ахборот тизимида рўйхатга олиниши лозим. Бунда дастлабки ахборотни узатиш ва қабул қилиш санаси ҳамда вақти, шунингдек уни узатган ва қабул қилган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлса) ва лавозими кўрсатилади.


8. Дастлабки ахборотда хабар юбориш вақтида мавжуд бўлган қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

атом электр станциясининг номи, энергоблок рақами ҳамда ҳодиса содир бўлган сана ва вақт;

эълон қилинган режим ва уни эълон қилган мансабдор шахс;

ҳодисанинг аниқланган ёки тахмин қилинаётган сабаблари ва ривожланиш ҳолати;

атом электр станциясининг технологик ва радиациявий ҳолати;

ходимларга (персонал), аҳоли ва атроф-муҳитга мавжуд ёки эҳтимолий таъсир;

шошилинч ёрдамга бўлган эҳтиёж.


9. "Авариявий тайёргарлик" ёки "Авариявий ҳолат" режими эълон қилинган пайтдан бошлаб у бекор қилингунига қадар эксплуатация қилувчи ташкилот ҳар ўн икки соатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигига тасдиқланган хабардор қилиш схемасида назарда тутилган алоқа каналлари орқали қуйидагилар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт:

атом электр станцияси ва унга туташ ҳудудлардаги радиациявий вазият ҳамда унинг ўзгариши прогнози;

атом электр станциясининг хавфсизлик ҳолати;

радиациявий авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик ҳамда унинг оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар;

атом электр станциясига шошилинч ёрдам кўрсатишга бўлган эҳтиёж ва кўрсатилаётган ёрдам.


10. "Авариявий тайёргарлик" ёки "Авариявий ҳолат" режими эълон қилинган пайтдан бошлаб ушбу режим бекор қилингунига қадар эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси ходимларини (персонал) бир суткада камида бир марта радиациявий вазият, унинг ўзгариши ҳамда атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилиши зарур.


11. Эксплуатация қилувчи ташкилот локал даражадаги хабар бериш тизимини яратиш, фойдаланишга қабул қилиш, маҳаллий даражадаги хабар бериш тизими билан боғлаш, ишлатиш, сақлаш, унинг тайёрлигини текшириш ва унга техник хизмат кўрсатишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 361-сон қарори билан тасдиқланган Фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабар беришнинг автоматлаштирилган тизимини ривожлантириш ҳамда ундан самарали фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ таъминлайди.



4-БОБ. РАДИАЦИЯВИЙ АВАРИЯ ЮЗАГА

КЕЛИШ ХАВФИ МАВЖУД БЎЛГАНДА ЁКИ

РАДИАЦИЯВИЙ АВАРИЯ СОДИР БЎЛГАНДА

АТОМ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИГА ШОШИЛИНЧ

ЁРДАМ КЎРСАТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ҲАМДА РАДИАЦИЯВИЙ АВАРИЯГА

ОИД ШАЙЛИКНИ ТЕКШИРИШ


12. Эксплуатация қилувчи ташкилот радиациявий авария юзага келиши хавфини камайтириш, авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик, унинг оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш, шунингдек атом электр станциясига шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни олдиндан режалаштириши ҳамда уларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаши шарт.


13. Эксплуатация қилувчи ташкилот илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳини, шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳини, шунингдек ички ва ташқи авариявий бошқарув штабларини ташкил этиши ҳамда уларнинг радиациявий авария шароитида фаолият кўрсатишга доимий тайёрлигини таъминлаши зарур.

Илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳини, шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳини ҳамда ички ва ташқи авариявий бошқарув штабининг таркиби, раиси, қарорлар қабул қилиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан белгиланади.


14. Илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳ ўз фаолият йўналишлари бўйича қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

радиациявий авария юзага келиши хавфини ҳамда содир бўлган радиациявий авариянинг кечишини таҳлил қилиш, унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва ривожланишининг эҳтимолий йўналишларини прогноз қилиш;

реактор қурилмаси, унинг ускуналари ва конструкцияларининг шикастланиш даражасини, атом электр станциясининг хавфсизлик функциялари бажарилиши ҳолатини, шунингдек ионлаштирувчи нурланиш ва радиоактив моддалар тарқалишининг олдини олувчи физик тўсиқлар ҳолатини таҳлил қилиш;

атом электр станциясининг назорат қилинадиган хавфсиз ҳолатга кельтириш вариантларини ишлаб чиқиш, радиациявий авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик, унинг оқибатларини камайтириш ҳамда бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

радиациявий авариянинг атом электр станциясига, унинг ходимларига (персонал), аҳолига ва атроф-муҳитга мавжуд ҳамда эҳтимолий радиациявий таъсирини таҳлил қилиш ва прогноз қилиш;

атом электр станцияси ходимларини (персонал) радиациявий таъсирдан муҳофаза қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш.


15. Шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳи илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳлар томонидан тайёрланган таҳлилий материаллар ва хулосалар асосида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

радиациявий авария юзага келиши хавфини ҳамда содир бўлган радиациявий авариянинг ривожланиш ҳолатини ўрганишни;

атом электр станциясини назорат қилинадиган хавфсиз ҳолатга кельтириш бўйича таклифлар тайёрлашни;

авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни;

радиациявий авария оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган кучлар ва воситаларга техник ҳамда эксперт ёрдам кўрсатишни.


16. Ички авариявий бошқарув штаби атом электр станцияси ҳудудидаги ҳимояланган бошқарув пунктида, ташқи авариявий бошқарув штаби эса атом электр станцияси ҳудудидан ташқаридаги хавфсиз жойда ташкил этилади.


17. Ички авариявий бошқарув штаби қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

атом электр станцияси ҳудудида аварияга қарши ҳаракатларни тезкор бошқариш ва мувофиқлаштиришни;

радиациявий авариянинг кечиши, атом электр станциясининг технологик ҳолати ҳамда радиациявий вазият тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни;

атом электр станциясини назорат қилинадиган хавфсиз ҳолатга кельтириш бўйича қарорлар қабул қилиш учун таклифлар тайёрлашни;

ходимларни (персонал) муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар режасида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ташкил этишни;

эксплуатация қилувчи ташкилотнинг аварияни локализация қилиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган кучлари ҳамда воситалари фаолиятини мувофиқлаштиришни;

ходимлар (персонал)нинг радиациявий ва дозиметрик назоратини ташкил этиш ҳамда улар олган нурланиш дозаларини ҳисобга олишни.


18. Ташқи авариявий бошқарув штаби қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

ички авариявий бошқарув штабидан фойдаланиш имкони бўлмаганда ёки унинг фаолият кўрсатиши хавфли бўлиб қолганда радиациявий аварияга қарши ҳаракатларни бошқаришнинг узлуксизлигини таъминлашни;

атом электр станциясидан олинаётган технологик ва радиациявий ахборотни қабул қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилишни;

эксплуатация қилувчи ташкилотнинг атом электр станцияси ҳудудидан ташқарида жойлашган кучлари ва воситалари фаолиятини мувофиқлаштиришни;

атом электр станциясига қўшимча кучлар, моддий-техник ресурслар, транспорт, алоқа воситалари ва бошқа зарур ёрдамни етказиб беришни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлашни.


19. Ички ва ташқи авариявий бошқарув штабларини муҳандислик-техник жиҳатдан ҳимоялаш, жиҳозлаш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарур тизимлар билан таъминлаш атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилади.


20. Ички ва ташқи авариявий бошқарув штаблари жойлашган бошқарув пунктлари қуйидагилар билан таъминланиши шарт:

радиациявий аварияга қарши ҳаракатларни амалга оширишга жалб этилган ташкилотлар ва шахслар билан алоқа ўрнатишнинг асосий ҳамда захира воситалари;

атом электр станциясининг технологик параметрлари, шунингдек унинг майдончаси, санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонасидаги радиациявий вазият тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш, қайта ишлаш, акс эттириш, сақлаш ва қайд этиш воситалари;

энергоблокларнинг бошқарув пунктлари ва захира бошқарув пунктлари, энергоблоклар ҳамда тегишли таркибий бўлинмаларнинг смена бошлиқлари, шунингдек авария оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган ташкилотлар билан алоқа воситалари;

радиациявий авария шароитида бошқарув пунктларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминловчи техник воситалар;

асосий электр таъминоти узилганда автоматик равишда ишга тушадиган мустақил захира электр таъминоти манбалари;

радиациявий ва дозиметрик назорат воситалари ҳамда якка тартибдаги ҳимоя воситалари.


21. Атом электр станцияси майдончасига биринчи ядро ёқилғиси олиб кирилгунига қадар атом электр станцияси раҳбарлари ва ходимлари (персонал) таркибидан радиациявий аварияларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда атом электр станциясининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий фаолият юритувчи комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади.

Комиссиянинг таркиби, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, раиси, қарорлар қабул қилиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Комиссия мажлисларида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар вакиллари, бошқа ваколатли давлат органларининг вакиллари ҳамда радиациявий ва ядровий хавфсизлик соҳасидаги мутахассислар келишув асосида иштирок этиши мумкин.


22. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси майдончасига биринчи ядро ёқилғиси олиб кирилгунига қадар радиациявий аварияга қарши ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур моддий-техник воситаларнинг тўлиқ жамланиши ва фойдаланишга тайёр ҳолатга кельтирилишини таъминлаши шарт.

Ушбу воситалардан фақат радиациявий аварияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш, ўқув машқлари ва машғулотларини ўтказиш, шунингдек уларнинг техник ҳолати ҳамда фойдаланишга тайёрлигини текшириш мақсадларида фойдаланишга йўл қўйилади.


23. Радиациявий назорат ва индивидуал дозиметрик назоратни амалга оширишда қўлланиладиган ўлчаш воситалари ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ қиёслашдан ёки калибрлашдан ўтказилган ҳамда фойдаланишга яроқли бўлиши шарт.

Мазкур ўлчаш воситалари атом электр станцияси майдончаси, санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонасидаги радиациявий вазиятни назорат қилиш, атроф-муҳит объектларидан олинган намуналардаги радионуклидлар миқдорини аниқлаш, шунингдек ходимлар (персонал) ва авария оқибатларини бартараф этишга жалб этилган шахсларнинг индивидуал нурланиш дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш учун қўлланилади.


24. Атом электр станцияси ходимлари (персонал), шунингдек атом электр станцияси майдончаси ва санитария-муҳофаза зонасида вақтинча бўлган бошқа шахслар огоҳлантириш сигналини олгандан кейин бажариладиган ҳаракатлар бўйича олдиндан йўл-йўриқдан ўтказилиши шарт.

Йўл-йўриқдан ўтказилганлик тегишли қайд журнали ёки ахборот тизимида қайд этилади.


25. Эксплуатация қилувчи ташкилот авария ҳолатида ҳаракат қилиш бўйича амалий кўникмаларни, кучлар ва воситаларнинг шайлигини ҳамда жалб этиладиган ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни текшириш учун аварияга қарши ўқув машқлари ва машғулотларини тасдиқланган режа ва жадвалларга мувофиқ ташкил этади ҳамда ўтказади.

Шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳи ҳамда радиациявий авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик ҳамда оқибатларини бартараф этиш учун мўлжалланган кучлар ва воситалар жалб этиладиган объект миқёсидаги аварияга қарши ўқув машқи йилига камида бир марта ўтказилиши шарт.


26. Ўқув машқлари ва машғулотлари натижалари бўйича далолатнома тузилади. Далолатномада аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари, бажариш муддатлари ва масъул ижрочилар кўрсатилади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот аниқланган камчиликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилишини назорат қилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27. Ушбу Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

           

             




Йўриқномага

ИЛОВА



Атом электр станцияси хоналари ва ҳудудида,

санитария-муҳофаза зонасида ҳамда кузатув зонасида

"Авариявий тайёргарлик" ва "Авариявий ҳолат"

режимларини эълон қилиш учун ионлаштирувчи

нурланиш доза қуввати мезонлари

          

Ҳолатни аниқлаш жойи

"Авариявий тайёргарлик"

режими

     

"Авариявий ҳолат" режими


Назорат қилинадиган зонадаги персонал доимий бўладиган хоналар


10 мкЗв/соат

600 мкЗв/соат

Атом электр станцияси майдончаси ва санитария-муҳофаза зонаси


2,5 мкЗв/соат

200 мкЗв/соат

Атом электр станциясининг кузатув зонаси


0,1 мкЗв/соат1

20 мкЗв/соат

          

1) Табиий радиация фонига нисбатан ошиш қиймати.

         

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 20 август