Давлат органлари ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги Намунавий низом (АВ 03.10.2026 й. 3950-сон билан рўйхатга олинган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 24.09.2026 й. 106-сон буйруғига 1-илова)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2026 йил 3 октябрда 3950-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
Коррупцияга қарши курашиш
агентлиги директорининг
2026 йил 24 сентябрдаги
1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларининг, давлат
иштирокидаги корхоналарнинг комплаенс
ва коррупцияга қарши ички назорат
тузилмалари фаолияти тўғрисидаги
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Ушбу Намунавий низом давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг (бундан буён матнда ички назорат тузилмалари деб юритилади) вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1. Ички назорат тузилмалари давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.
2. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларига ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифалар ички назорат тузилмалари томонидан амалга оширилади.
3. Ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
2-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИ
ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
4. Ички назорат тузилмалари хизмат ва (ёки) бўлинма кўринишида ташкил этилади ёхуд лавозимдан иборат бўлади.
5. Ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан биргаликда амалга оширилади.
6. Ички назорат тузилмалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишда Агентликка бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади. Агентлик ички назорат тузилмаларининг фаолиятига услубий ва методик жиҳатдан ёрдам кўрсатиб боради.
7. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида бевосита давлат органи ва ташкилоти раҳбарига, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашига (кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолларда корхона раҳбарига) бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади.
8. Давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар лавозими жорий этилган ҳолларда, ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида ушбу ўринбосарга бўйсунади.
Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар ҳамда ички назорат тузилмалари фаолияти устидан назорат қилиш алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
9. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва таркибий ташкилотларининг ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади ҳамда фаолияти улар томонидан мувофиқлаштирилади.
10. "E-anticor.uz" электрон платформасида ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестри юритилади, коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган ишлар ҳақидаги ҳисобот электрон шаклда тақдим этилади, аноним сўровномалар ўтказилиб, натижалари жамоатчиликка эълон қилинади.
3-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИНИНГ
МАСЪУЛ ЛАВОЗИМЛАРИГА НИСБАТАН
ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
11. Ички назорат тузилмаларининг масъул лавозимларига нисбатан иш тажрибаси ва касбий компетенциясига доир қуйидаги минимал талаблар белгиланади:
юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, тизимли таҳлил, менежмент ёки ахборот технологиялари мутахассисликлари бўйича олий маълумот;
ички назорат тузилмалари бошлиғи лавозими учун мутахассислиги бўйича камида 4 йиллик, бошқарув ходимлари учун 3 йиллик иш стажи. Бунда комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги иш стажига устуворлик берилади;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув курсларидан ўтганлик тўғрисида сертификатга эга бўлиш. Сертификатга эга бўлган мутахассислар Агентликда юритиладиган ички назорат тузилмаларига номзодлар захирасига киритилади.
4-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИ РАҲБАРЛАРИ
ВА ХОДИМЛАРИНИ ЛАВОЗИМГА ТАЙИНЛАШ ВА
ЛАВОЗИМДАН ОЗОД ҚИЛИШ ҲАМДА УЛАРНИ
ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ
МАСАЛАЛАРИНИ КЕЛИШИШ
12. Ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлашни, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бўш лавозимларга муқобиллик асосида, очиқ ва шаффоф танловлар орқали амалга оширилади.
13. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан танлов босқичларининг бошланиши ва натижалари тўғрисида Агентликка маълумот тақдим этиб борилади. Бунда номзодларнинг умумий малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади. Танлов ўтказилиш куни ва вақти тўғрисида Агентлик танлов бошланишидан камида 3 кун олдин хабардор қилинади.
14. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Агентлик билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида амалга оширилади. Бунда танлов натижалари бўйича комиссия хулосаси Агентлик билан келишилади.
15. Ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимдан озод қилиш масаласи Агентлик билан келишилади. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан Агентликка ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини лавозимдан озод қилиш ҳақида тақдимнома юборилади. Тақдимномада ходимни лавозимидан озод қилиш сабаблари, мотивлари кўрсатилади ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар (ходимнинг аризаси, ички меҳнат тартиби қоидаларини бузганлигига оид маълумотлар ва бошқалар) илова қилинади.
16. Агентлик томонидан ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини лавозимидан озод этиш сабаблари, мотивлари етарли эмас деб ҳисобланган тақдирда, шу жумладан уларнинг таъқиб қилинаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлса, ушбу масалада ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходими билан суҳбат ўтказилади.
17. Қуйидагилар ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини лавозимидан озод қилиш масаласини Агентлик томонидан келишишни рад этиш учун асос бўлади:
лавозимдан озод этиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;
ўз зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятлар доирасидан ташқари вазифаларни бажармаганлиги ёки ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда.
18. Тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, тегишли давлат органи ва ташкилотига ички назорат тузилмалари масъул ходимини лавозимдан озод қилишни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати томонидан ички назорат тузилмаси раҳбари ёки ходимини эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига номувофиқ деб топиш тўғрисида тегишли давлат органи ва ташкилотига тақдимнома киритилган тақдирда, уни лавозимидан озод қилиш масаласи Агентлик билан келишилмайди.
19. Ички назорат тузилмаларининг ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш масаласи Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бунда давлат органи ёки ташкилот раҳбари томонидан ички назорат тузилмаларининг ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Агентликка тақдимнома киритилади.
20. Тақдимномада қуйидагилар кўрсатилади:
интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ҳолатлар ва уларнинг тавсифи;
аниқланган қоидабузарлик ёки камчиликлар бўйича хизмат текшируви материаллари;
ходимнинг тушунтириш хати ёки уни тақдим этишдан бош тортганлиги тўғрисидаги далолатнома;
қўллаш таклиф этилаётган интизомий жазо тури.
21. Қуйидагилар ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини интизомий жавобгарликка тортиш масаласини Агентлик томонидан келишишни рад этиш учун асос бўлади:
интизомий жавобгарликка тортиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;
ўз зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятлар доирасидан ташқари вазифаларни бажармаганлиги ёки ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда;
интизомий жазо тури амалдаги қонунчиликка зид бўлса.
22. Тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, тегишли давлат органи ва ташкилотига ички назорат тузилмалари масъул ходимини интизомий жавобгарликка тортишни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат юборилади.
5-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИ РАҲБАР
ВА ХОДИМЛАРИ ФАОЛИЯТИГА НИСБАТАН
САМАРАДОРЛИК КЎРСАТКИЧЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ
23. Давлат органи ва ташкилотлар ходимлари учун белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларининг фаолиятига нисбатан қўлланилмайди.
Бунда самарадорлик кўрсаткичларидан (KPI) келиб чиқадиган устамалар тегишли лавозим учун белгиланган максимал миқдорда татбиқ этилади.
24. Ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва ходимлари фаолиятига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтириш масалалари Агентлик розилиги билан амалга оширилади.
25. Давлат органи ёки ташкилот раҳбари томонидан ички назорат тузилмалари раҳбар ва ходимларига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтириш бўйича Агентликка тақдимнома киритилади.
26. Самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтиришга қуйидагилар асос бўлади:
ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этилмаганлиги;
хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаслик ёки интизомий жазо қўлланилганлиги;
коррупцияга қарши ички назорат тизими тўлиқ жорий этилмаганлиги ёки самарали фаолият юритмаётганлиги;
коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилмаганлиги.
27. Давлат органи ёки ташкилоти томонидан тақдим этилган асослантирувчи ҳужжатлар Агентлик томонидан улар берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, ички назорат тузилмалари раҳбар ва ходимларига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини пасайтиришни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат тақдим этилади.
6-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИ
ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИ
28. Ички назорат тузилмаларининг асосий мақсади давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмаларида (бундан буён матнда ташкилот тизими деб юритилади) коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2025 Коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи, коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, ташкилот тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларни ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатлар ижросини таъминлашдан иборат.
29. Қуйидагилар ички назорат тузилмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички сиёсат амалга оширилиши ҳамда ушбу соҳадаги фаолият мувофиқлаштирилишида бевосита иштирок этади;
давлат органи ва ташкилоти фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар ҳамда назорат тизими жорий этилишини таъминлайди;
давлат органи ва ташкилоти тизимида қонунга риоя этиш, унга нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш ва бу борада аҳолининг ижобий фикрини шакллантириш чораларини кўради;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш вазифасини амалга оширувчи, бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмаларнинг ҳамда шахсий хавфсизлик бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
коррупцияга оид хавф-хатарларни тизимли таҳлил қилиш ва баҳолаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни такомиллаштириб бориш чораларини кўради;
давлат органи ва ташкилоти фаолиятида шаффофликни таъминлаш, аффилланганлик ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга қаратилган коррупцияга қарши назорат тизимини амалга оширади;
давлат органи ва ташкилотида коррупция ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини ҳамда қатъий жавобгарлик чоралари кўрилишини ташкил этади;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
30. Ички назорат тузилмалари асосий вазифаларини амалга ошириш мақсадида қуйидаги функцияларни бажаради:
а) давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички сиёсат амалга оширилиши ҳамда ушбу соҳадаги фаолият мувофиқлаштирилишида бевосита иштирок этиш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг ISO 37001:2025 Коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига мослигини таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун ташкилот раҳбарига киритади;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолайди, уларнинг натижалари бўйича аниқланган хавф-хатарларни камайтириш юзасидан чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқади ва ташкилотда коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар рўйхатини яратади;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўхшаш ҳуқуқбузарликлар содир этилиши эҳтимолини баҳолаш мақсадида давлат ҳокимиятининг бошқа органларида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг ҳолати ва йўналишлари ҳақида маълумот тўплайди, таҳлил қилади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
б) давлат органи ва ташкилоти фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар ҳамда назорат тизими жорий этилишини таъминлаш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаларини ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш сиёсатига мослиги, мақбуллиги ва долзарблиги нуқтаи назаридан баҳолайди ва хулосалар беради;
давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий нормаларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқади ва чоралар кўради;
махсус ахборот алоқа каналлари орқали ташкилот ходимлари томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушадиган мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлайди ва чоралар кўрилади;
аниқланган ҳуқуқбузарликлар ёки келиб тушган хабарлар асосида хизмат текширувларини ўтказади;
давлат органлари ва ташкилотларида юритиладиган хизмат текширувлари реестри ёки ўтказилган хизмат текширувларини рўйхатга оладиган бошқа тегишли ҳужжатда коррупция фактларига доир хизмат текширувлари бўйича маълумотларнинг тўғри ва тўлиқ акс эттириб борилишини назорат қилади;
в) давлат органи ва ташкилоти тизимида қонунга риоя этиш, унга нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш ва бу борада аҳолининг ижобий фикрини шакллантириш чораларини кўриш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари тизими ходимлари ва фуқаролар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирларида иштирок этади;
коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларида ташкилотга юклатилган вазифалар ижросини таъминлайди, мониторинг қилади ва ижроси устидан назоратини амалга оширади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидаги коррупциявий ҳолатларни ва хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида аҳоли ва ходимлар орасида сўровлар ўтказади;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, шу жумладан коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлардаги ходимлар учун коррупциянинг олдини олиш бўйича ўқув материалларини ишлаб чиқади;
ўқув режага мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тренинглар ўтказади;
давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтидаги "Коррупцияга қарши курашиш" бўлими ҳамда ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига жойлаштирилган маълумотларнинг янгиланиб борилишини таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги ходимлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва ташкилотнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилади;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича тушунтириш ва тавсиялар беради;
коррупция фактлари ҳақида хабар беришга мўлжалланган махсус ахборот алоқа каналларининг фаолият натижаларини таҳлил қилади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
г) давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш вазифасини амалга оширувчи, бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмаларнинг ҳамда шахсий хавфсизлик бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
давлат органи ва ташкилоти томонидан бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат харидлари ва молиявий операциялар жараёнида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларнинг олдини олиш бўйича маблағлари айланмаси билан боғлиқ шаффоф бўлмаган ёки хавфли жараёнларни аниқлашда бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмалар билан биргаликда ёки ўзи мустақил мониторинг ўтказади ва тегишли чораларни кўриб боради;
ўз ваколати доирасидаги йирик инвестиция лойиҳаларни тўғридан-тўғри экспертиза қилади ва баҳолайди;
ички аудит хизмати билан биргаликда асосий воситалар бўйича давлат харидининг қонунийлигини ўрганади ва тегишли ёзма хулосаларини харид комиссиясига тақдим этади;
давлат органи ва ташкилотида ходимлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви, хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан тегишли бўлинмалар билан қўшма профилактик тадбирларни ташкил этади;
коррупциявий ҳуқуқбузарлик аломатлари ёки қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан келиб тушган маълумотларни ўрганишда шахсий хавфсизлик хизмати билан ўзаро ахборот алмашинувини таъминлайди;
бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмалар томонидан аниқланган қонунбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини таҳлил қилган ҳолда, уларни бартараф этиш бўйича ягона ёндашув ва услубий тавсияларни ишлаб чиқади;
д) коррупцияга оид хавф-хатарларни тизимли таҳлил қилиш ва баҳолаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижросини ташкил этиш соҳасида:
аниқланган хавфларни баҳолайди ҳамда давлат органи ва ташкилотнинг "Коррупциявий хавф-хатарлар харитаси"ни тузади ва мунтазам янгилаб боради;
давлат органи ва ташкилотида коррупция хавф-хатарларининг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади ва назорат қилади;
хавфларни камайтириш чораларининг самарадорлигини мониторинг қилиб, раҳбариятга тегишли ахборот ва таклифлар киритиб боради;
е) давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни такомиллаштириб бориш чораларини кўриш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ функцияларни амалга оширишда бюрократик ҳолатлар ва коррупциявий омилларни аниқлайди;
давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси ва тизимда мавжуд бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий омиллар бўйича ахборот-таҳлилий маълумотлар тайёрлайди, коррупциявий омилларни бартараф этиш, шу жумладан соҳада рақамлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тақдим этади;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш имконини берувчи ситуацион марказлар фаолиятини ташкил этади ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
амалга оширилган мониторинг, хизмат текширувлари ва назорат тадбирлари натижалари бўйича коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади;
коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг натижадорлигини доимий равишда баҳолаб боради (индикаторлар асосида) ва тизимни янада ривожлантириш бўйича раҳбариятга асосланган таклифлар киритади;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда экспертиза якунлари бўйича аниқланган коррупцияни келтириб чиқарувчи омилни бартараф этиш чораларини кўради ёки бекор қилиш бўйича давлат органлари ёки ташкилотлари раҳбарига таклиф киритади;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш юзасидан хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ж) давлат органи ва ташкилоти фаолиятида шаффофликни таъминлаш, аффилланганлик ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга қаратилган коррупцияга қарши назорат тизимини амалга ошириш соҳасида:
давлат органи ва ташкилоти фаолиятининг очиқлигини ошириш, жамоaтчилик олдида ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда расмий веб-сайтлар ва ахборот ресурсларида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотларнинг мунтазам янгилаб борилишини мониторинг қилади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан барча турдаги ички буйруқ ва қарорларни шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор, Фармон ва фармойишлари билан ташкил этилган комиссия ва кенгашларнинг баённомаларини "E-qaror" тизими орқали қабул қилинишини (тизимда эълон қилинишини) назорат қилиб боради;
давлат харидлари ва танловларнинг шаффоф ўтказилиши юзасидан ички назоратни амалга оширади;
давлат харидларида иштирок этувчи шахсларнинг ўзаро аффилланганлик ҳолатларини (манфаатлар боғлиқлигини) текширади ва махсус реестрларни юритади;
давлат харидлари ва танловлар жараёнларида манфаатдор шахслар иштирок этишининг олдини олиш бўйича превентив чораларни кўради;
ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришида юзага келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлайди, баҳолайди ва уни ҳал этиш чораларини кўради;
манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тизимини жорий этади ва бу борада ходимлар томонидан декларациялар ўз вақтида тақдим этилишини назорат қилади;
шахсий манфаатдорлик билан боғлиқ коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида таъсирчан ички назорат механизмларининг фаолият кўрсатишини таъминлайди ҳамда белгиланган талабларни бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан ташкилот раҳбариятига асосланган таклифлар киритади;
з) давлат органи ва ташкилотида коррупция ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини ҳамда қатъий жавобгарлик чоралари кўрилишини ташкил этиш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги коррупциявий хатти-ҳаракатлар бўйича хизмат текширувларини ўтказиш ташаббусини илгари суради ва унда иштирок этади;
коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги фаолияти юзасидан назорат тадбирларини амалга оширади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти унинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан текширувлар ўтказади;
кўрилган жавобгарлик чораларининг ижросини назорат қилади ва келгусида бундай ҳуқуқбузарликлар такрорланишининг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга оширади;
и) коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади:
коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ваколатли органлар билан тезкор ахборот алмашинувини таъминлайди, уларнинг сўровларига асосан зарурий маълумотларни ўз вақтида тақдим этади;
коррупциявий хатти-ҳаракатларни бартараф қилиш ёки коррупциявий жиноятларни тергов қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилади;
тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этади, шунингдек кадрлар масаласи ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли раҳбарни ёхуд ходимни вазифасини бажаришдан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритади.
31. Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифалар ва функцияларни ҳам амалга оширади.
32. Ички назорат тузилмалари ходимлари зиммасига уларнинг вазифаларидан келиб чиқмайдиган топшириқлар юклатилишига йўл қўйилмайди.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ички назорат тузилмалари ходимлари давлат харидлари, шу жумладан халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган, давлат-хусусий шериклик ҳамда ишончли бошқарувга бериш соҳаларидаги танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмайди.
7-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИНИНГ
ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
33. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органи ва ташкилоти тизимидаги ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот ҳамда маълумотлар базаларидан фойдаланиш;
давлат органи ва ташкилотида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши чораларни ҳамда назорат тадбирларини мустақил ёки ишчи гуруҳ тузган ҳолда ташкил этиш;
коррупцияга қарши курашиш борасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув ва тергов органлари билан ҳамкорлик қилиш, уларни белгиланган тартибда жалб этиш чораларини кўриш;
коррупциявий омилларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида шахсларнинг хатти-ҳаракатларини, ҳодисаларни ҳамда жараёнларни бевосита ёки билвосита кузатиш ва қайд этиш;
ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, фуқаролардан маълумотларни ҳамда бошқа зарур ҳужжатларни ва материалларни сўраш ва олиш;
ваколатини амалга ошириш доирасида зарурат туғилганда тегишли ҳужжат ва материаллар билан танишиш мақсадида давлат органи ва ташкилотининг объектларига тўсқинликсиз кириш;
давлат органи ва ташкилоти тизимида аниқланган коррупция ҳолатлари бўйича юқори турувчи комплаенс хизматларини тўғридан-тўғри мустақил равишда хабардор қилиш;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупция ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш мақсадида муайян шахслар билан белгиланган тартибда ноошкора ҳамкорлик ўрнатиш;
давлат органи ва ташкилоти тизимида аниқланган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича тўпланган материалларни қонуний чора кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки бевосита уларнинг ички назорат тузилмаларига тақдим этиш;
давлат органи ва ташкилоти тизимида қонун бузилиши ҳолларининг олдини олиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ва ушбу ҳолларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритиш.
34. Ички назорат тузилмалари қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:
ушбу Низом, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Президент Администрациясининг топшириқлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариш;
қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш ва ўз ваколат доирасидан четга чиқмаслик;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлари аломатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, одоб-ахлоқ қоидаларининг коррупцияга оид қисмининг бузилганлиги факти юзасидан ташкилот раҳбариятига маълумотномалар киритиш;
ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг биринчи ўн кунлигида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ва чора-тадбирлар тўғрисидаги ойлик ҳисоботни давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарига тақдим этиш.
8-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИ
ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ
35. Агентлик ички назорат тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларни таҳлилий ва ҳуқуқий-услубий жиҳатдан таъминлайди, шунингдек, ушбу тузилмалар ходимларини стажировка ва аттестациядан ўтказади ҳамда малакасини оширади.
36. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва таркибий ташкилотларининг ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари (агар мавжуд бўлса, унинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари) томонидан мувофиқлаштирилади.
37. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати қонунчилик ҳужжатларига асосан мувофиқлаштириб боради. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати тегишли давлат органи ёки ташкилотининг ички назорат тузилмалари раҳбарини ёки ходимни малакаси етарли бўлмаганлиги қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланган тақдирда эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида давлат органлари ёки ташкилотларига ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритишга ҳақлидир.
38. Давлат органи ва ташкилоти биринчи раҳбарларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлари аломатлари аниқланганда ёки жиноий гуруҳ фаолиятига раҳнамолик қилаётган деб ҳисоблаш учун етарли (ҳужжатлар билан тасдиқланган ва асосли далиллар) асослар мавжуд бўлганда уларнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати билан (ички назорат тузилмалари эса комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар ёки тегишлича юқори турувчи комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати билан) келишган ҳолда тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этиш, шунингдек кадрлар масаласи ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли раҳбарни ёхуд ходимни вазифасини бажаришдан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритиш ваколатига эга бўлади.
39. Ички назорат тузилмалари ходимлари давлат ҳимоясидадир.
40. Ички назорат тузилмалари ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинади.
41. Ушбу Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига асосан жавоб беради.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 5 октябрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter