Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Агар битта товарда турли ЭҲФда – турли МХИК бўлса, нима қилиш лозим?
Айнан битта товарнинг иккита етказиб берувчиси ҳисобварақ-фактураларда турли МХИК кодларини кўрсатишган: бири излаш сатри ёрдамидан бешта белгилини, бошқаси сўров бериб, вақтинча ўнта белгили код олган. Агар у хато тарзда сўралган бўлса, вақтинча ўнта белгили код билан нима бўлади? Бу вазиятда олинган товарни олиб сотишни кўзлаган сотиб олувчи қандай йўл тутиши зарур?
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ бош мутахассиси Нодир МУҲАММАДОВ шарҳлаб берди:
- МХИК тизими синов режимида ишлаяпти, шу боис юқорида таърифланган вазиятлар юзага келиши мумкин. Айнан ҳозир эса ЭҲФ расмийлаштирилиши учун масъул бўлган мутахассислар МХИК билан тўғри ишлашни ўрганиб олишлари даркор.
Сотувчилар ҳам, сотиб олувчилар ҳам улар муомала қиладиган товарлар ва хизматларнинг МХИКини билишлари керак. Сотиб олувчи ҳисобварақ-фактурада қўйилган МХИКга эътибор бериши шарт ва нимадир нотўғри бўлса, сабаби сифатида – қўйилган МХИКга норозиликни кўрсатиб, ЭҲФни рад этиши керак.
tasnif.soliq.uz портали ишга туширилган дастлабки кунларда товарлар ва хизматларга вақтинча ўнта белгили МХИК кодини бериш тўғрисида жуда кўп аризалар келиб тушди. Талай бундай аризалар хато жўнатилганлигига қарамай, вақтинча ўнта белгили код ҳар бир ариза бўйича берилди. Ҳозирги кунда уларнинг барчаси кўриб чиқилмоқда. Ариза берилган пайтдан эътиборан 7 кун ўтгач вақтинча ўнта белгили кодлар доимий бешта белгили кодларга алмаштирилади.
Агар сиз шундай аризани жўнатган бўлсангиз, солиқ тўловчининг шахсий кабинетида текширинг. Агар ариза хато тарзда берилган бўлса, кўриб чиқиш натижаларига биноан ўнта белгили код мавжуд бўлган тўғри бешта белгили кодга алмаштирилади. Агарда ҳақиқатан тизимда сизнинг товарингиз ёки хизматингиз учун бешта белгили код мавжуд бўлмаган бўлса, бундай код берилади. Ва сизнинг вақтинча ўнта белгили кодингиз ушбу янги бешта белгили кодга алмаштирилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади