ЭҲФ билан нима содир бўлмоқда ва бизнес бундай шароитларда қандай ишлаши керак?

preview

Ўзбекистондаги корхоналар учун Солиқ кодексининг 242-моддаси ва 168-сон ВМҚ қонуности ҳужжати ўртасидаги зиддият узлуксиз хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш муддатлари бўйича жиддий муаммолар яратмоқда.

Вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ва «ICONSULTANT» МЧЖ солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори, Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Иродахон АББОСХОНОВА шарҳлаб берди:

Мутахассиснинг зарур тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Гулнора ЭРГАШЕВА:

– Солиқ кодекси (солиқ солиш бўйича асосий қонун ҳужжати) ва 168-сон ВМҚ  (қонуности ҳужжати) ўртасида жиддий зиддият мавжуд:

  • СК 242-моддаси 6-қисмида узлуксиз хизматлар рўйхати келтирилган. Бу – электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, молиявий ва суғурта хизматлари, қувур тизими орқали юк ташиш хизматлари, товарларни (хизматларни) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилишнинг бошқа ҳоллари. Ва бу хизматлар учун реализация қилиш бўйича айланма содир бўлган сана товарлар етказиб берилган (хизматлар кўрсатилган) календарь ойининг охирги куни ҳисобланади. Яъни рўйхат кенгроқ талқин қилинади ва 489-сон ВМҚга ўзгартиришлар киритилгунга қадар бу хизматлар учун ҳужжатларни расмийлаштириш муддати – кейинги ойнинг 10-санасигача кўзда тутилган эди;
  • 168-сон ВМҚ 489-сон ВМҚга ўзгартиришлар киритиб, қатъийроқ чекловлар ўрнатди ва узлуксиз деб ҳисобланиши мумкин бўлган хизматлар рўйхатини торайтирди. Доимий (узлуксиз) асосда кўрсатиладиган хизматлар қаторида: электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш хизматлари, транспорт-экспедиторлик хизматлари, қувур тизими орқали юк ташиш хизматларини реализация қилиш қолди. Ва фақат улар учун ушбу ойда реализация қилинган товарлар (хизматлар)нинг бутун ҳажмига календарь ойининг охирги санасига бир марта ЭҲФ расмийлаштириш имконияти сақланган. 168-сон ВМҚ «товарларни (хизматларни) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилишнинг бошқа ҳоллари»ни қисқартирди.

 

Зиддиятнинг амалий оқибатлари

1. Хизматлар моҳиятига кўра ўзларини узлуксиз етказиб бериш тоифасига киритган компаниялар (мулк ижараси, қўриқлаш, реклама, консалтинг, аудит ва бухгалтерия хизматлари, аутсорсинг ва ҳ.к.) энди ЭҲФни қандай расмийлаштиришни тушунмаяптилар. Амалда уларнинг хизматлари узлуксиз хусусиятга эга. Солиқ тўловчиларнинг бу тоифасига ЭҲФни ойнинг охирги кунидан кечиктирмай расмийлаштиришни тавсия қиламан.

2. Илгари коммунал хизматларни қайта расмийлаштирган ва ЭҲФни кейинги ойнинг 10-санасигача расмийлаштириши мумкин бўлган компаниялар, ижарага берувчиларнинг воситачи агентлари ва дилерлари энди «узлуксиз хизматлар» таркибидан чиқиб қолдилар. Улар ҳам ой охирига ўз мукофотларини тўғри ҳисоблай олмайдилар.

3. Натижада солиқ ҳисоботидаги хатолар ва кейинги тузатишлар сони ортади.

4. ЭҲА операторлари (Factura.uz, Didox) тизимлари ЭҲФни расмийлаштиришни блоклайди. Операторларнинг ўз маълумотларига кўра, блоклаш «Янги технологиялар» ИАМ томонидан роуминг орқали амалга оширилади.

 

Нима қилиш керак

168-сон ВМҚ қонуности ҳужжати амалда Солиқ кодексида белгиланган нормани торайтиради. Бунда, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, Солиқ кодексининг нормалари ВМҚга нисбатан устунликка эга бўлиши керак. Бундан ташқари, мазкур қонунда бевосита айтилишича, қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормаларни белгилашга йўл қўйилмайди  .

Вазият қонуности ҳужжатини Солиқ кодексига мувофиқлаштиришни ёки узлуксиз хизматлар учун ЭҲФни тақдим этишнинг янада мослашувчан муддатларида бизнес эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда Солиқ кодексининг ўзига ўзгартиришлар киритишни талаб қилади.

 

Иродахон АББОСХОНОВА:

 – «Янги технологиялар» ИАМ ЭҲА операторлари тизимлари (хусусан, Factura.uz ва Didox) орқали алоқа хизматлари (узлуксиз асосда кўрсатиладиган, улар бўйича ЭҲФни 10-санагача расмийлаштириш мумкин бўлган) бўйича март ойи учун ЭҲФни расмийлаштиришга тўсқинлик қилмоқда. Асос – «январь-февраль ойлари учун баъзи ЭҲФларнинг ҳисоботда акс эттирилмаганлиги». Солиқ тўловчиларга аввал солиқ ҳисоботини қайта топшириш ва фақат шундан кейингина март учун ҳужжатларни расмийлаштириш мумкин бўлиши тавсия этилади.

Қонуний саволлар юзага келади:

1. Нима учун солиқ органи солиқ ҳисоботидаги фарқлар тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали расмий равишда хабардор қилмайди?

2. «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази ДУК бу ҳисобварақ-фактураларни қандай ҳуқуқий асосда блоклайди?

Солиқ тўловчи ва ЭҲА оператори ўртасидаги шартнома оферта воситасида бевосита тузилган, ИАМ бунда иштирок этмайди. Бироқ кўриб чиқилаётган ҳолатда ИАМ, учинчи томон сифатида, ушбу ҳуқуқий муносабатларнинг иштирокчиси бўлмаган ҳолда, амалда ЭҲФни расмийлаштириш жараёнига аралашиб, ўз вақтида ва қонуний ҳужжат айланишига тўсқинлик қилмоқда...

 

Нима қилиш керак

Тез орада Президентнинг бизнес-ҳамжамият билан очиқ мулоқоти тайёргарлиги бошланади. Ва мен деярли ишонаманки – тадбиркорларнинг асосий таклифларидан бири электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг аввалги муддатини – узлуксиз асосда кўрсатиладиган барча хизматлар учун (очиқ рўйхат билан) кейинги ойнинг 10-санасигача қайтариш бўлади.

Нима учун бизнес бу ўзгаришда туриб олади?

  • Кўпроқ вақт = камроқ хато. Аввал маълумотларни синчковлик билан текшириш учун 10 кун етарли эди. Ҳозир қаттиқ муддатлар (ой охиригача) шошилишга ва техник хатоларга, кейин эса – жарималар ва текширувларга олиб келади.
  • Бухгалтерия юкламани кўтара олмаяпти.
  • Ой охири – ҳисобот чўққиси. Бунга ЭҲФни мажбурий расмийлаштиришни қўшиш – авралларни яратиш ва иш сифатини пасайтириш дегани.
  • Кичик бизнес энг кўп азият чекади. ЯТТ ва кичик компанияларда кўпинча автоматлаштирилган тизимлар йўқ. Уларга ҳужжатларни қўлда ишлаш учун кўпроқ вақт жуда зарур.

Узлуксиз хизматлар – алоҳида ҳолат. Бундай хизматлар (банклар, ижара, алоқа, қўриқлаш, обуналар ва бошқалар) учун 10-санагача белгиланган муддат оптимал ечим эди.

Муаммонинг яна бир жиҳати: агар сизнинг компаниянгиз ЭҲФни 10-санагача расмийлаштириши мумкин бўлганлар рўйхатига кирса, лекин сизнинг дилерларингиз ёки агентларингиз — йўқ бўлса, унда уларда комиссион мукофотни ҳисоблаш билан жиддий муаммо юзага келади.

Агентлар ЭҲФни ойнинг охирги кунида расмийлаштиришлари керак, лекин уларнинг мукофоти биллинг маълумотлари асосида шаклланади. Биллинг маълумотлари эса фақат кейинги ойнинг дастлабки кунларида тайёр бўлади. Шундай чиқадики, дилер аниқ рақамлар маълум бўлишидан бир кун олдин қандайдир тарзда комиссия суммасини тахмин қилиши керак.

168-сон ВМҚ ташаббускорлари, афтидан, бу жиҳатни ҳам ҳисобга олмаганлар. Солиқ қонунчилиги хато қилиш хавфини камайтириши керак, тўловчиларни тахмин қилишга ва кейин ЭҲФга тузатишлар киритишга мажбурламаслиги керак.

 

 

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text207594_ehf_bilan_nima_sodir_bulmoqda_va_biznes_bunday_sharoitlarda_qanday_ishlashi_kerak