Қандай ҳолларда бир томонлама ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилади

preview

«Корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди. 22.08.2022 йилдаги 471-сон ВМҚ талабларини ҳисобга олган ҳолда курсдаги фарқлар бўйича бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш керакми? Солиқ солиш мақсадида курсдаги фарқ бухгалтерия ҳисобининг қайси счётларида ҳисобга олинади? Банклардаги депозитлар бўйича фоизлар, шунингдек суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган етказиб берувчидан пеня тарзидаги даромадларга бир томонлама ЭҲФ расмийлаштириш керакми?

Buxgalter.uz ДСҚ юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармасининг умумбелгиланган солиқлар бўлими бошлиғи Хурсандбек БЕКМАТОВдан ушбу саволларга жавоб беришини сўради:

 

Курсдаги фарқлар бўйича бир томонлама ЭҲФ расмийлаштириш керакми

22.08.2022 йилдаги 471-сон ВМҚ билан Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Улар ВМҚ расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач – 2022 йил 23 ноябрдан кучга киради.

Хусусан, солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида бошқа даромадларга бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирилиши назарда тутилган, улар сирасига қуйидагилар киради:

  • валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошиши;
  • фоизлар тарзида олинган даромадлар;
  • шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари.

Санаб ўтилган даромадларга ҚҚС солинмайди  

Фойда солиғини ҳисоблашда валюта қимматликлари, чет эл валютасида ифодаланган талаблар ва мажбуриятларни қўшимча баҳолашда (қийматини пасайтиришда) юзага келадиган курсдаги фарқ қуйидагиларга киритилади:

  • ижобий – жами даромадга  ;
  • салбий – харажатлар таркибига  .

Бунда солиқ солиш мақсадида берилган (олинган) авансларни қайта баҳолашдан курсдаги фарқ ҳисобга олинмайди.

Курсдаги фарқ Фойда солиғи ҳисоб-китобида қўлда тўлдирилади:

  • ижобий – Ҳисоб-китобга 1-илованинг 130 ва 131-сатрларида («Жами даромад»);
  • салбий – Ҳисоб-китобга 2-илованинг 070–120-сатрларидан бирида ва 0115-сатрида («Харажатлар»).

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари тўғрисидаги низомнинг 59-1-бандига мувофиқ  бир томонлама ЭҲФ солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида расмийлаштирилади. Фойда солиғини тўловчиларнинг валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбийсидан ошишини аниқлашлари зарур эмас. Шу сабабли курсдаги фарқлар бўйича бир томонлама ЭҲФ расмийлаштиришлари ҳам керак эмас.

Эътибор беринг

Айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблашда курсдаги ижобий ва салбий фарқлар ўртасидаги сальдо (фарқ) жами даромадга киритилади. Курсдаги салбий фарқ ижобийсидан ошса, улар ўртасидаги фарқ айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини камайтирмайди 

Ижобий сальдо Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 040 ва 0404-сатрларида («Умумий даромадлар») автоматик равишда – тақдим этилган бир томонлама ҳисобварақ-фактураларга асосан акс эттирилади. Салбий сальдо Ҳисоб-китобда акс эттирилмайди.

 

Фоизлар ва пеня тарзидаги даромадлар бўйича бир томонлама ЭҲФ расмийлаштириш керакми

Фоизлар ва пеня тарзидаги даромадлар бўйича бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни фойда солиғини тўловчилар ҳам, айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ҳам расмийлаштиришлари лозим.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-иловада («Жами даромад») бошқа даромадлар қуйидагича қўлда тўлдирилади:

  • фоизлар тарзидаги даромадлар – 120-сатрида;
  • пеня тарзидаги даромадлар – 221–228-сатрларидан бирида.

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида ушбу даромадлар бир томонлама ЭҲФ асосида автоматик равишда акс эттирилади. 

 

Курсдаги фарқнинг солиқ ҳисобида қандай бухгалтерия счётлари қўлланилади

Валюта қимматликларига қуйидагилар киради: чет эл валютаси, номинали чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар ва тўлов ҳужжатлари, норезидентлар томонидан чиқарилган, номиналга эга бўлмаган қимматли қоғозлар, соф қуйма олтин .

22-сон БҲМСда қайта баҳолаш ва курс фарқларини аниқлаш мақсадида баланснинг валюта моддаларига қуйидагилар киритилади:

  • кассадаги ва банк ҳисобварақларидан валюта маблағлари;
  • тўланиши ёки олиниши чет эл валютасида белгиланган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари;
  • кредит ва қарзлар;
  • пул эквивалентлари;
  • бошқа актив ҳамда мажбуриятлар.

Солиқ солиш мақсадида берилган (олинган) авансларни қайта баҳолашдан курсдаги фарқ ҳисобга олинмайди.

Курсдаги фарқ суммаси Марказий банк томонидан белгиланган чет эл валютаси курсининг миллий валютага нисбатан ўзгаришига асосланган ҳолда аниқланади.

Шартнома шартларига кўра контрагентларнинг талаблари (мажбуриятлари) суммаси чет эл валютасида ифодаланган, бироқ миллий валютада тўланиши лозим бўлса, томонлар ўзаро ҳисоблашиш учун чет эл валютасининг курсини мустақил равишда белгилашлари мумкин. У қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёки шартнома томонлари белгилайдиган курс бўлиши мумкин.

Эътибор беринг

Бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритиш мақсадида курсдаги фарқлар ўртасида тафовут бўлиши мумкин. Шу сабабли солиқ солиш мақсадида курсдаги фарқларнинг алоҳида ҳисобини юритиб, уни солиқ регистрида акс эттиринг.

Курсдаги фарқларнинг бухгалтерия ҳисоби учун назарда тутилган счётлардан фойдаланишингиз мумкин:

  • 9540 «Валютадаги курс фарқидан даромадлар»;
  • 9620 «Валютадаги курс фарқларидан зарарлар».

Бунда ушбу ёзувлар алоҳида солиқ регистрида акс эттирилиб, бухгалтерия балансига таъсир кўрсатмаслиги керак.

 

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text184944_qanday_hollarda_bir_tomonlama_hisobvaraq-fakturalar_rasmiylashtiriladi