Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Агар солиқ инспекциясининг хатида ставкалар хатолар билан ҳисоблаб чиқарилган бўлса
ДСИ 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сон Қонун қабул қилиниши билан кучга кирган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқни ҳисоблаб чиқариш қоидаларидаги ўзгартиришлар бўйича хат йўллади. Унда аниқ ставка сифатида хато билан ҳисоблаб чиқарилган сумма кўрсатилган. Агар барча ҳисоб-китоблар СКда белгиланган қоидалар бўйича топширилган бўлса, бу хатга қандай муносабат билдириш лозим?
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Давлат солиқ қўмитасида тушунтиришди:
- Юридик шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқнинг миқдори СКнинг 429-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.
Тошкент шаҳри учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича базавий солиқ ставкалари 1 гектар учун (млн сўмда) мутлақ ўлчамда қуйидаги миқдорларда белгиланади:
- 1 зона – 208,2;
- 2 зона – 166,5;
- 3 зона – 124,9;
- 4 зона – 83,3;
- 5 зона – 41,6.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкаларининг аниқ миқдори туман халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланган коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
Аниқ ставкалар ДСҚнинг расмий сайтида эълон қилинган, унда амалга оширилган ҳисоб-китобларни текшириш мумкин (бунинг учун ойнада - вилоят, туман, жисмоний шахс ёки юридик шахсни танланг - таҳр. изоҳи).
Агар портал фойдаланувчисидан buxgalter.uz манзилига келиб тушган хат кўриб чиқиладиган бўлса - шубҳасиз, уни тузишда хатога йўл қўйилган.
Мирзо Улуғбек тумани халқ депутатлари Кенгаши маҳалла ва иқтисодий зонадан қатъи назар - юридик шахслар учун 1,13 миқдорда ягона коэффициентни белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган (26.01.2021 йилдаги 12/31-2-сон қарор).
Ҳисоб-китобларни расмий ҳужжатлар билан белгиланган ставкалар ва коэффициентлардан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш зарур.
Buxgalter.uz дан:
Мирзо Улуғбек туман Давлат солиқ инспекциясининг хати тушунтириш тусига эга, унга жавоб бериш шарт эмас. Бироқ ўзини эҳтиёт қилиш учун инспекцияга жавоб хати йўллаб, унда СКнинг 429-моддаси ва халқ депутатлари Кенгаши қарорига мувофиқ амалга оширилган ҳисоб-китобларингизни аниқлаштириш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади