Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғини тўлаш муддатлари узайтирилди

preview

2021 йилнинг дастлабки иш кунларида солиқ тўловчилар ДСИдан ресурс солиқлари бўйича хабарномани олдилар. Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддати СКга мувофиқ белгиланган: 10 январга қадар. Шу билан бирга 6 январда ДСҚнинг ушбу муддат 15 январга қадар узайтирилиши мумкинлиги ҳақидаги ахборот хабари берилди. Солиқ тўловчилар қандай йўл тутиши лозим?

Buxgalter.uz вазиятга ойдинлик киритди.

ДСҚ матбуот хизматида маълум қилишларича, 06.01.2021 йилдаги ахборот хабари ўз кучида қолади ва унда тўғри маълумот берилган.

Бинобарин, «истисно тартибида:

  • 2021 йил учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати 5 кунга узайтирилади;
  • 2021 йилнинг I чораги ва январь ойи учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи жорий йилнинг 15 январига қадар тўланади;
  • 2021 йил учун белгиланган солиқ ставкалари жорий йилнинг 10 январига қадар солиқ тўловчилар эътиборига етказилади.

2021 йил учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этган ҳамда 2021 йил 15 январга қадар белгиланган солиқ суммасини тўлаган солиқ тўловчиларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

Шунингдек идора ходимининг таъкидлашича, «шахсий кабинетларга хабарномалар муддатлар узайтирилиши тўғрисида қарор қабул қилинишидан ва ахборот хабари чиқарилишидан олдин юборилган». Шу сабабли ушбу хабарномаларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи қисмидаги маълумот сўнгги қарорлар ҳисобга олинмаган ҳолда берилган.

Таҳририятда шундай хабарномалардан бири турибди – унга Тошкент шаҳар Олмазор тумани ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари имзо қўйган. Вазиятни аниқлаштириш учун хабарномада кўрсатилган телефонлар бўйича қўнғироқ қилдик. Бизга жавобан 2021 йилда солиқ бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари 15 январгача узайтирилганини тасдиқлашди. Туман инспекциясининг вакили хабарномада келтирилган ставкалар ЎРҚ-659-сон Қонун талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқилаётганлигини, якуний (аниқ) ставкалар тасдиқланиши кераклигини ва солиқ тўловчиларга 10 январга қадар шахсий кабинет орқали юборилишини ҳам маълум қилди.


Олег ГАЕВОЙ.

Ер солиғи Ер солиғи Ер солиғи /uz/publish/doc/text166214_qishloq_hujaligiga_muljallanmagan_erlar_buyicha_er_soligini_tulash_muddatlari_uzaytirildi