2020 йилда фойда солиғида қандай ўзгаришлар бўлади

preview

Бугунги кунда солиқ тўловчилар доираси кенгаймоқда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича ялпи даромадни аниқлашга ёндашувлар ўзгармоқда, трансферт нархлар бўйича тузатишлар киритиш мўлжалланмоқда. Таклиф этилаётган ўзгартиришлар ҳақида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ сўзлаб берди.

Тўловчилар доираси кенгаяди

Ўзбекистондаги манбалардан даромад оладиган ва фаолиятни ДМ (Доимий муассаса) орқали амалга оширадиган Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари қаторида қуйидагилар ҳам фойда солиғини тўлайдилар:

  • юридик шахслар – солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳларининг масъул иштирокчилари;
  • ихтиёрий равишда фойда солиғини тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар. Шунингдек даромади 1 млрд сўмдан ошган ЯТТ – мажбурий тартибда;
  • ишончли шахслар оддий ширкат шартномаси бўйича.

Бугунги кунда нотижорат ташкилотлар фойда солиғини тўловчилар ҳисобланмайди, тижорий фаолиятдан даромад олинган ҳолатлар бундан мустасно. Уларни солиқ солинадиган даромад турларини кўрсатган ҳолда солиқ тўловчилар деб тан олиш таклиф этилмоқда. Нотижорат ташкилотлар солиқ солинмайдиганлар рўйхатида кўрсатилмаган даромадлар бўйича умумбелгиланган тартибда солиқ тўлайдилар.

Оборотдан солиқ тўлайдиган корхоналар фойда солиғини тўловчилар ҳисобланмайди.

Солиқ солиш объекти барча тоифадаги тўловчилар учун аниқлаштирилган

Солиқ тўловчининг даромади солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Уларнинг рўйхати кенгайтирилиши муносабати билан ҳар бир тоифа учун фойда атамаси берилмоқда:

  • юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар учун – ялпи даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқ;
  • ДМ (Доимий муассаса) учун – ДМ фаолияти билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқ;
  • норезидентлар учун – Ўзбекистондаги манбалардан даромадлар;
  • консолидациялашган гуруҳлар иштирокчилари учун – гуруҳнинг ялпи фойдаси улуши;
  • оддий ширкат ишончли шахси учун – биргаликда ишлаб чиқарилган товарни реализация қилишдан (хизматлар кўрсатишдан) олинган даромадлар ва реализация қилинган биргаликда ишлаб чиқарилган товарга (хизматга) тўғри келадиган ҳамкорликдаги фаолиятга қўшилган маблағлар суммаси ўртасидаги фарқ.

Солиқ солинадиган база ва трансферт нархлар бўйича унга тузатиш киритиш

Фойда солиғи солинадиган база қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда аниқланадиган фойда суммаси бўлади:

  • аввалги даврлардан зарарлар ўтказилган тақдирда унинг камайиши;
  • назорат қилинадиган хорижий компанияларнинг (НХК) жамланган фойдаси.
  • трансферт нархларни шакллантиришда (ТНШ) тузатиш киритиш қоидалари.

Ўзбекистон солиқ резидентлари ҳисобланмайдиган, бироқ резидентлар томонидан назорат қилинадиган хорижий компаниялар назорат қилинадиган компаниялар, деб эътироф этилади.

Хорижий компанияда муайян иштирок улушига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар назорат қилувчи шахслар бўла олади.

Назорат қилинадиган хорижий компанияларнинг фойдаси фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.

Солиқ кодексининг янги лойиҳасида ўзаро ҳамкорлик қиладиган шахслар ўртасидаги битимларда трансферт нархлардан фойдаланилган ҳолларда солиқ солинадиган базага тузатиш киритиш қоидалари назарда тутилган.

Қуйидаги ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлганда, ўзаро ҳамкорлик қилувчи шахслар ўртасидаги битимлар трансферт назорат остига тушади:

  1. Тегишли календарь йил учун битимлар бўйича даромадлар суммаси 5 млрд сўмдан ошганда;
  2. Ҳеч бўлмаганда битимнинг бир томони махсус солиқ режимини қўллаганда ёки махсус иқтисодий зона иштирокчиси ҳисобланганда. Бунда ушбу битимнинг бошқа томонлари орасида махсус солиқ режимини қўлламайдиган шахс бўлганда;
  3. Битимнинг бир томони бўлса ҳам фойда солиғини тўлашдан озод этилган, пасайтирилган солиқ ставкасини ёки бошқа солиқ имтиёзларини қўллайдиган бўлса. Бунда ушбу битимнинг бошқа томонлари орасида бундай солиқни тўлашдан озод этилмаган шахс бўлса;
  4. Битимнинг бир томони кавлаб олган фойдали қазилмалар, ушбу фойдали қазилмага нисбатан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича адвалор солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса, битим предмети ҳисобланади.

Бунда 2–4-бандларда назарда тутилган битимлар, айтиб ўтилган шахслар ўртасидаги битимлар бўйича даромадлар суммаси тегишли календарь йил учун 500 млн сўмдан ошадиган бўлса, улар назорат қилинадиган битимлар деб эътироф этилади.

Трансферт нархларда тўлиқ олинмаган даромад суммасини солиқ солиш мақсадида солиқ органлари сингари солиқ тўловчининг ўзи ҳам белгиланган қоидаларни қўллаган ҳолда аниқлаши мумкин.

Ялпи даромад

Ялпи даромадни товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан даромадлар ва бошқа даромадларга ажратишни четлаб ўтиш таклиф этилмоқда.

Янги лойиҳада исталган шаклдаги ва ҳар қандай фаолиятдан олинган даромадлар уларни бирма-бир санаб ўтган ҳолда, ялпи даромад ҳисобланади.

Реализациядан даромадлар ва ҳозирги кунда бошқа даромадлар деб номланадиган даромадлардан ташқари рўйхатга қуйидаги даромадлар киритилди:

  • РЕПО операциялари бўйича (қайтар операция мажбурияти билан қимматли қоғозлар олди-сотдиси);
  • Марказий банк томонидан рўйхати белгиланадиган қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг молия дастакларига оид операциялар бўйича;
  • корхонани мулкий комплекс сифатида сотишдан олинган даромадлар;
  • мажбурий тиббий суғурталаш жамғармаси томонидан ўтказиладиган маблағлар. Ҳозирча Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурталаш мавжуд эмас. Шунга қарамай яқин келажакда бундай институт вужудга келиши ва кейинчалик ривожлантирилишини ҳисобга олган ҳолда бундай даромадлар лойиҳага киритилмоқда;
  • ТНШда (трансферт нархлар шаклланиши) нархларга тузатиш киритишдан олинган даромадлар;
  • НХК (назорт қилинадиган хорижий компаниялар) фойдаси;
  • бошқа даромадлар.

Харажатлар асосланган бўлиши лозим

Харажатлар асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши лозимлигини қатъий белгилаган ҳолда Кодексдан уларнинг батафсил рўйхатини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Қуйидаги харажатларни асосланган ёки иқтисодий жиҳатдан оқланган деб ҳисоблаш таклиф этилмоқда:

  • даромад олиш мақсадидаги ишлаб чиқариш харажатлари;
  • тадбиркорлик фаолиятини таъминлаш ёки ривожлантириш учун зарур харажатлар. Уларнинг бундай фаолиятга боғлиқлиги аниқ асослаб берилиши лозим;
  • қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқадиган харажатлар.

Бундай тушунтиришларни талаб этадиган харажатлар турлари алоҳида моддаларда кўрсатилган. Бу харажатлар:

  • амортизация;
  • номоддий активлар амортизацияси;
  • амортизацияланадиган активларни таъмирлаш;
  • инвестиция;
  • фоизлар бўйича ва алоҳида харажатлар;
  • табиий ресурслар бўйича геологик ўрганишлар, уларни разведка қилиш ва кавлаб олишга тайёргарлик ишлари;
  • илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишланмалари;
  • ишончсиз қарзлар бўйича;
  • қўшилган қиймат солиғи бўйича;
  • захира фондларини шакллантириш;
  • кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга оид бўлғуси харажатлар захирасини шакллантириш;
  • чегирилмайдиган харажатлар.

Инвестиция харажатлари ССБни камайтиради

Амалдаги кодекс инвестициялаш чоғида фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани 5 йил ичида 30%га камайтиришга имкон беради. Бунда инвестиция харажатлари солиқ даврида ҳисобланган амортизация суммасига камайтирилади.

Қуйидаги миқдорларда инвестицияларни амалга ошириш даврида инвестициявий чегирмани қўллаш таклиф этилмоқда:

  • янги технологик ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, шунингдек  ахборот тизимларини яратишда маҳаллий ишлаб чиқаришининг дастурий таъминоти қийматининг 10%и миқдорида;
  • янги қурилиш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш қийматининг 5%и миқдорида.

Фоизлар ва алоҳида чиқимлар бўйича харажатлар

Назорат қилинадиган қарзлар атамаси жорий этилмоқда. Бу - қуйидагилар олдидаги қарз маблағлари ёки неустойкалар:

  • Ўзбекистон солиқ резиденти бўлмаган ўзаро боғлиқ чет эллик шахс (иштирокнинг улуши 25%дан ортиқ) олдидаги қарз;  
  • юқорида айтиб ўтилган резидент, ўзаро боғлиқ чет эллик шахс олдидаги қарз;
  • юқорида айтиб ўтилган шахслар ушбу қарзлар бўйича кафил ва кафолат берувчи ҳисобланадиган шахслар олдидаги қарз.

Назорат қилинадиган қарзлар бўйича фоизлар ва неустойкаларга нисбатан «аниқ» капиталлаштириш қоидаси қўллаш таклиф этилмоқда, у халқаро солиқ солиш соҳасида қўлланилади.

Моҳияти шундаки, назорат қилинадиган фоизлар ва неустойкалар чегаравий миқдордан ошмайдиган миқдорда солиқ солинадиган базадан чегирилади. У назорат қилинадиган қарз ва корхонанинг ўз капитали ўртасидаги нисбатни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Капиталлаштиришнинг қуйидаги чегаравий коэффициентларини белгилаш таклиф этилмоқда:

  • банк ва лизинг компаниялари учун – 13;
  • бошқа солиқ тўловчилар учун – 3.

Назорат қилинадиган қарз бўйича чегириладиган харажатларни аниқлашга мисол

Хорижий компаниянинг иштирок улуши  – 30%

Назорат қилинадиган қарз суммаси – 500 000 минг сўм

Ҳисобот даври учун фоизлар суммаси – 90 000 минг сўм

Ўз капитали – 150 000 минг сўм

Капиталлаштириш коэффициентини аниқлаймиз:

500 000 : (150 000 х 30%) : 3 = 3,7

Фоизларнинг чегириладиган қисми: 90 000 : 3,7 = 24 324,32 минг сўм

Фоизларнинг чегирилмайдиган қисми: 90 000 – 24 324,32 = 65 675,68 минг сўм

Кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича бўлғуси харажатлар захирасини шакллаштиришга доир харажатлар

Кодекс лойиҳасида кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича бўлғуси харажатлар захирасини шакллаштириш, шунингдек захира маблағларни сарфлаш қоидалари келтирилган.

Корхона мустақил равишда бундай захирани ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида ажратмаларнинг чегаравий миқдорини белгилайди. Кафолатли хизмат кўрсатиш назарда тутилган товарларга (хизматларга) нисбатан захира ташкил этилади.

Ушбу товарлар (хизматлар) реализация қилинган санадаги харажатлар учун ажратмалар суммаси резервга киритилади.

Захиранинг чегаравий миқдори ушбу товарлар (хизматлар) ҳақиқатда реализация қилинган давр учун уларни реализация қилишдан тушган тушум ҳажмида кафолатли таъминлаш ва хизматлар кўрсатиш бўйича ҳақиқатдаги харажатлар улуши сифатида ҳисобот (солиқ) даври учун ушбу товарларни (хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасига кўпайтирилган ҳолда аниқланади.

Чегириладиган харажатлар

Амалдаги Солиқ кодексида чегирилмайдиганларга киритиладиган харажатлар янги лойиҳада ҳам чегирилмайди.

Қуйидагилар истисно қилинади:

  • асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан зарарлар;
  • шартнома ставкаларидан юқори бўлган муддати узайтирилган ва кечиктирилган кредитлар (қарзлар) бўйича фоизлар;
  • хўжалик шартномаларини бузганлик учун санкциялар.

Мазкур харажатлар моддалари чегириладиган харажатларга киритилади.

Чегирилмайдиган харажатлар рўйхати бугунги кундаги тушунтиришлар бўйича харажатлар сифатида қабул қилинмайдиган харажатлар турлари билан тўлдирилди. Бундай ёндашувда солиқ сиёсатини шакллантириш халқаро тамойилларига яқин келинади.

Бундан ташқари фойда солиғи ҳисоб-китобининг Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботга боғлиқлигидан воз кечиш режалаштирилмоқда. Солиқ ҳисоби анча мустақил бўлмоқда.

Хусусан, чегирилмайдиган харажатлар рўйхати тўлдирилди:

  • активлар қийматига киритиладиган харажатлар;
  • дивидендлар;
  • захиралар ҳисобидан харажатлар;
  • мол-мулкни арзонлаштириш суммалари;
  • даромад олишга қаратилмаган фаолият билан боғлиқ харажатлар.

Солиқ солинадиган базани аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари

Лойиҳанинг айрим моддалари баъзи солиқ тўловчиларнинг солиқ солинадиган базасини ва операциялар турини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган.

Хусусан, қуйидаги ҳақида сўз бормоқда:

  • нотижорат ташкилотлари;
  • солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳлари;
  • назорат қилинадиган хорижий компаниялар.

Шунингдек қуйидагилар ҳақида:

  • қимматли қоғозлар билан;
  • муддатли битимларнинг молиявий дастаклари билан амалга ошириладиган операциялар.

Даромадларга тузатиш киритиш

Амалдаги Солиқ кодексида солиқ тўловчи соддалаштирилган солиқ солиш тартибидан умумбелгиланган тартибга ўтган тақдирда даромадларга тузатиш киритиш тўғрисидаги қоидалар мавжуд эмас.

Лойиҳада тузатиш киритиладиган даромадлар бўйича солиқ имтиёзлари қўлланадиган ҳолатлар истисно этилиши назарда тутилган.

Зарарларни ўтказиш

Амалдаги кодексда 5 йил ичида солиқ солинадиган базанинг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда зарарларни ўтказишга йўл қўйилади.

Лойиҳада ўтказиладиган зарарлар миқдори 10 йил ичида солиқ солинадиган базанинг 60%идан ошиб кетмаслиги таклиф этилмоқда.

Қуйидаги алоҳида ҳолатларда зарарларни ўтказиш тартиби келтирилмоқда:

  • қайта ташкил этишда;
  • солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳлари бўйича;
  • иштирок улуши чиқиб кетганда;
  • ишончли бошқарувда;
  • хизмат кўрсатувчи хўжаликдан;
  • қимматли қоғозларга ва муддатли битимларнинг молия дастакларига доир операциялар бўйича.

Фойда солиғи ставкалари

Қуйидагилар учун 20%лик солиқ ставкаси сақланиб қолади:

  • банклар;
  • цемент ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар;
  • мобиль алоқа операторлари.

Қуйидагилар учун ставка 12%дан 20%гача оширилмоқда:

  • суғурта ташкилотлари;
  • биржалар;

Қуйидагилар учун 50%дан 20%гача пасайтирилмоқда:

  • бозорлар ва савдо комплекслари.

Қуйидагилар учун ставка 0% этиб белгиланмоқда:

  • ўзи ишлаб чиқарган  қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан даромад оладиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари. Реализация ҳажми 90%дан кўпроқни ташкил этиши лозим;
  • ижтимоий соҳа;
  • бюджет ташкилотлари. Қўшимча манбалардан олинган даромадларга 2023 йилнинг 1 январига қадар 0%лик ставкани бўшаб қолган маблағлардан моддий-техника ва ижтимоий базасини мустаҳкамлашга, ўз ходимларини моддий рағбатлантиришга мақсадли сарфлаш шарти билан қўллаш назарда тутилган;
  • экспорт. Экспорт қилишдан олинадиган даромадлар 15%дан кўпроқни ташкил этиши лозим. Экспорт ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши ва даромадлар экспорт қилинган кундан эътиборан 180 кундан кечиктирмай келиб тушиши керак. Рўйхати бўйича хом ашё товарлар экспортига, халқаро ташишларга (автотранспортда ташишлар бундан мустасно), қувурлар орқали ва газ қувурлари орқали ташишларга 0%лик ставка татбиқ этилмайди;
  • ногиронлар меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар (муайян шартларда);
  • давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлар;
  • ШЖБПҲдаги маблағлардан фойдаланишдан олинган Халқ банки даромадлари.

0%лик ставка айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун белгиланишига эътибор қилинг, бунда улар учун имтиёзлар моддалари чиқариб ташланади.

Электрон савдо корхоналари учун 6%лик ставка белгиланади. Бунда электрон савдо ҳажми 90%дан камни ташкил қилмаслиги керак.

Қолган солиқ тўловчилар учун 12%лик ставка сақланиб қолади.

5% миқдоридаги дивидендларга солиқ ставкаси сақланиб қолади.

Ҳисобот топшириш муддатлари

Чораклик ҳисобот тақдим этиш муддати аввалгидек қолади: ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай.

Йиллик ҳисобот тақдим этиш муддати барча солиқ тўловчилар учун қуйидагича белгиланади: ҳисобот давридан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай.

Солиқ тўлаш муддатлари

 Олдинги солиқ давридаги ялпи даромади 5 млрд сўмдан кам бўлмаган корхоналар солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган муддатларда солиқ тўлайдилар.

Олдинги солиқ давридаги даромади 5 млрд сўмдан ошадиган корхоналар ҳар ойлик бўнак тўловларини 28-санадан кечиктирмай тўлайдилар.

Бунда солиқ органлари аванс тўловларини  жорий солиқ давридаги ялпи даромаддан, биринчи чоракда эса олдинги солиқ даврининг тўртинчи чорагидаги жорий тўловлардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблайдилар.

Аванс тўловлари бўйича маълумотномалар бекор қилинади.

Дивидендлар ва фоизларга солиқ солиш

Дивидендларга, худди ҳозиргидек, тўлов манбаида солиқ солинади.

Бунда иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш мақсадида дивидендларни тақсимлаш чоғида корхона томонидан олинган дивидендлар суммасига камайтирилган дивидендлар суммасидан солиқни ушлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Фоизларга солиқ солиш тартиби ўзгартирилмоқда. Бундан буён улар олувчининг солиқ солинадиган базасида ҳисобга олинади ва унинг фаолият тури учун назарда тутилган ставкада солиқ солинади.

Нотижорат ва бюджет ташкилотларига тўланадиган фоиз даромадлари истисно қилинади. Улар учун солиқ ставкаси 5%ни ташкил этади.

Норезидентларга солиқ солиш

Доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидентлар харажатлар суммасининг 7%идан кам бўлмаган миқдорда солиқ солинадиган фойдани аниқламайдилар.

Якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солиш

Кодекс лойиҳасида якка тартибдаги тадбиркорлар даромадлари ва харажатларни ҳисобга олиш, уларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари алоҳида бобда берилган.

Якка тартибдаги тадбиркор солиқ солинадиган базани аниқлашнинг стандарт ёки соддалаштирилган тартибини қўллашга ҳақли.

Стандарт тартибда жами даромаддан уни олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегирилади, чегирилмайдиган харажатлар бундан мустасно.

Соддалаштирилган тартибда солиқ базаси жами даромаддан 25% миқдорида белгиланади. Бунда якка тартибдаги тадбиркор солиқ органларига тақдим этилган аризага асосан харажатлар ҳисобини юритиш мажбуриятларидан озод қилинади. Харажатлар ҳисобини юритишдан озод этиш савдо соҳасига татбиқ этилмайди.

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text153971_2020_yilda_foyda_soligida_qanday_uzgarishlar_buladi