Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Америка компанияси имтиёзлардан фойдаланиши мумкинми
Америка компанияси билан педагог ходимлар малакасини ошириш бўйича хизматларга шартнома тузишни режалаштирмоқдамиз. Бундай ҳолатда солиққа тортиш қай тарзда амалга оширилади? Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида Кўмаклашишни енгиллаштиришда ҳамкорлик хусусида битим билан кўзда тутилган солиқ имтиёзларини қўллаш мумкинми?
Ушбу саволга buxgalter.uz илтимосига кўра «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида Кўмаклашишни енгиллаштиришда ҳамкорлик хусусида битим тузилган (01.03.1994 й.).
Битимнинг 1-моддаси доирасида:
АҚШ кўмаклашиш дастурлари муносабати билан тақдим этиладиган ёки фойдаланиладиган товарлар, етказмалар ва бошқа мол-мулк Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши, олиб чиқилиши ёки республикамиз ҳудудида фойдаланилиши мумкин. Бунда улар Ўзбекистон Республикаси ёки унга ҳисобдор органлар томонидан ўрнатилган бирор бир тарифлар, йиғимлар, божхона божлари, импорт солиқлари ёки бошқа шунга ўхшаш солиқлар ёки йиғимларга тортилмайди.
АҚШнинг шундай дастурларнинг бажарилиши учун масъул бўлган ҳар қандай ҳукумат ёки хусусий ташкилоти қуйидагилардан озод этилади:
- АҚШ кўмаклашиш дастурларини амалга ошириш муносабати билан олинаётган даромадларга нисбатан даромад, ижтимоий таъминот ва Ўзбекистон Республикаси ёки унга ҳисобдор органлар томонидан ўрнатилган ҳар қандай бошқа солиқлардан ва
- ушбу ходимлар ёки улар оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган ёки унинг ҳудудида фойдаланиладиган шахсий ва уй мол-мулкига солинадиган ҳар қандай тарифлар, йиғимлар, божхона божлари, импорт солиқлари ва бошқа шу каби солиқ ва тўловларни тўлашдан. АҚШ ҳукумат ёки хусусий ташкилотининг ҳар қандай шундай ходимлари уларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ёки чиқиши билан боғлиқ виза тўлови ёки бошқа ҳар қандай тўловлардан озод этилади.
Буларнинг барчаси бундай хусусий ташкилотнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган ёки республикамизда доимий яшамайдиган ходимларига ҳам тегишли.
Демак, агар сизнинг компаниянгиз томонидан тузиладиган шартнома “Ўзбекистон халқи манфаати йўлида инсонпарварлик ёрдами ва иқтисодий ҳамда техник кўмаклашиш” доирасида амалга оширилаётган бўлса, имтиёзлар қўлланилиши мумкин.
Бироқ, бунинг учун АҚШ компанияси томонидан педагог ходимлар малакасини ошириш бўйича хизмат кўрсатиш АҚШ кўмаклашиш дастурлари доирасида амалга оширилаётганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларга эга бўлишингиз лозим.
Бундай ҳужжатлар бўлмаган тақдирда даромадларни солиққа тортиш СКга мувофиқ амалга оширилади. Бунда норезидентларни солиққа тортиш учун кўзда тутилган қоидалар амал қилади.
Солиқ солиш ушбу компания томнидан хизматлар қаерда ва қандай кўрсатилаётганига боғлиқ.
Агар хизматлар Ўзбекистон ҳудудида кўрсатилса, хорижий компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти даврига эътибор қаратиш керак – бу давр 183 кундан ортиқми ёки йўқми .
Агар ортса – компания фаолияти республикамиз ҳудудида доимий муассаса тузилишига олиб келади ва тегишлича барча солиқларни (фойда солиғи, ҚҚС, мол-мулк, ер солиғи ва ҳ.к.з.) тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келади.
Агар ортмаса, унда олинаётган даромад баён этилган қоидаларга мувофиқ солиққа тортилади. Яъни, даромадларни солиққа тортиш тўлов манбаидан СК 351-м. 2-қ.18-б. 20% ставкаси бўйича амалга оширилади .
Республикамиз ҳудудида кўрсатилаётган ўқитиш (таълим) хизматларини амалга ошириш жойи деб СК 241-м. 3-қ. 3-бандига кўра Ўзбекистон тан олинади.
Хизматлар импортига ҚҚС солиқ агенти томонидан СК 255-моддасида кўзда тутилган қоидаларга мувофиқ тўланади.
Агар хизматлар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида масофадан туриб кўрсатилса . унда улардан олинадиган даромадлар, СК 351-м. 2-қисмида назарда тутилганларидан ташқари, норезидентларнинг Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадларига кирмайди.
Хизматлар олувчиси Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ёки фаолиятини амалга ошираётган юридик шахс бўлса, унда Интернет орқали масофадан туриб кўрсатиладиган ўқитиш (таълим) хизматларининг кўрсатиш жойи деб Ўзбекистон тан олинади .
Хизматлар импортига ҚҚС солиқ агенти томонидан СК 255-моддасида кўзда тутилган қоидаларга мувофиқ тўланади.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади