Электрон тижоратда фойда солиғи қандай ҳисобланади

preview

Товарлар (хизматлар) электрон савдосини амалга оширадиган ва Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилган солиқ тўловчилар фойда солиғини 7,5%лик ставка бўйича тўлайдилар. buxgalter.uz илтимосига кўра ДСҚнинг солиқ солиш бўйича маслаҳатлар бошқармасининг бўлим бошлиғи Азиз УМИРЗОҚОВ бундай корхоналар томонидан солиқ қандай ҳисобланишини тушунтириб берди:

– Электрон тижорат – ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномаларга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси . Электрон тижорат қоидалари 2.05.2016 йилдаги 185-сон ВМҚ билан тасдиқланган.


7,5%лик ставка қачон қўлланилади

Фойда солиғини тўловчилар қуйидаги ҳолатларда 7,5%лик ставкани қўллашга ҳақли:

  • улар электрон тижоратни амалга оширганда ва Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилганда; 
  • ҳисобот даври якунлари бўйича электрон тижоратдан олинган даромад жами даромаднинг 90%идан кам бўлмаганда .

Эътибор беринг

Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига электрон тижоратни амалга оширадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ихтиёрий ва бепул асосда киритилади. Шунингдек қуйидаги фаолият турлари ҳам киритилади:

  • электрон савдо майдончалари хизматларини кўрсатиш;
  • товарларни етказиб бериш;
  • электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар ва хат-хабарларни сақлаш.

Сизни реестрга киритишлари учун электрон тижорат воситасида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларингиз реализация қилинган товарлар (ишлар) умумий ҳажмининг 80%идан кам бўлмаслиги керак.

Миллий реестрга кириш учун Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказига мурожаат қилиш лозим .

Электрон тижоратдан олинган даромад 80%дан кам бўлмаганда Миллий реестрга киритиласиз, бироқ ҳисобот даври (солиқ) якунлари бўйича ушбу даромад 90%ни ташкил қилмаган тақдирда, корхона 7,5%лик ставкани қўллашга ҳақли эмас.


Бошқа фаолият турлари мавжуд бўлганда

Корхона электрон тижорат билан бирга бошқа турдаги фаолиятни – ахборот тизимларидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширади.

Эътибор беринг
Фойда солиғи ставкасини тўғри аниқлаш учун даромадлар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритинг.
Мисол
Фаолият турлари ҳар хил бўлганда, солиқ ҳисоб-китоби
Корхона товарларни электрон тижорат ёрдамида ҳамда стационар савдо шохобчаси орқали сотади.
Корхона бўйича 2020 йил январь-сентябрь ойлари учун қуйидаги маълумотлар келтирилган:

Фаолият тури

Даромадлар суммаси, млн сўм

Умумий ҳажмдаги улуш (%) 

1

2

3

Электрон тижорат воситасида товарларни реализация қилиш

1 656

92

Турғун савдо шохобчаси орқали товарларни реализация қилиш

144

8

Жами:

1 800

100

9 ой учун чегириладиган харажатлар умумий суммаси – 1 600 млн сўм.

Электрон тижоратдан олинган даромадлар жами даромаднинг 92%ини (1 656 : 1 800 х 100) ташкил этганлиги сабабли корхонада ҳисобот (солиқ) даврида олинган жами фойдага нисбатан 7,5%лик ставка қўлланилади.

Фойда солиғи:

(1 800 – 1 600) х 7,5% = 15 млн сўм.


Электрон тижоратдан олинадиган даромад камайганда

Фойда солиғи ҳисоб-китоби ҳар чоракда ортиб борувчи якун билан тақдим этилади . Шу боис ҳисобот чораги якунлари бўйича электрон тижоратдан олинган даромад жами даромаднинг 90%идан кам бўлмаган, кейинги чорак якунлари бўйича эса – ушбу миқдорга етмаган ҳолатлар ҳам юзага келиши мумкин.

Мазкур ҳолатда корхона ҳисобот (солиқ) даврида 7,5%лик ставкани қўллашга ҳақли эмас, ушбу ҳисобот даврида электрон тижоратдан олинган даромад ортиб борувчи якун билан 90%дан кам бўлган.

Айтайлик, юқорида келтирилган мисолда 2020 йилнинг 12 ойи учун электрон тижоратдан олинган даромад жами даромаднинг 90%идан кам бўлган. Бунда 2020 йил учун жами фойдага 15%лик ставка бўйича солиқ солинади.

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text164169_elektron_tijoratda_foyda_soligi_qanday_hisoblanadi