Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.06.2016 й. 185-сон "Электрон тижоратда битимларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.06.2016 й.

N 185



ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТДА БИТИМЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


"Электрон тижорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, электрон тижорат субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш ҳамда электрон тижорат субъектлари томонидан битимлар содир этилиши тартибини, электрон тижоратда қўлланиладиган электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари 1-иловага мувофиқ;

Шартномаларни тузишда электрон рақамли имзоларни қўллаш ва электрон ҳужжатларни ҳамда электрон тижоратда қўлланиладиган электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни сақлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартнома ёзма шаклда тузилган ва тарафлар томонидан имзоланган, шу жумладан тарафларнинг муҳрлари билан тасдиқланган шартномага тенглаштирилади;

электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Миллий ахборот-излаш тизимида электрон тижоратнинг маҳаллий ахборот ресурсларининг доимий равишда янгиланадиган бўлими шакллантирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда Миллий ахборот-излаш тизимидаги электрон тижоратнинг маҳаллий ахборот ресурсларининг шаклланган бўлими доимий равишда ахборот билан таъминласин ва техник кўмаклашсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг "Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 11-сон, 71-модда) илованинг 1-банди иккинчи хатбошидан "шунингдек электрон тижоратга нисбатан" сўзлари чиқариб ташлансин.


5. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                     Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 июнь, 23-сон, 266-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 6-сон, 46-модда