Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Фойда солиғи бўйича ҳисобот қандай тўлдирилади
My.soliq.uz порталидаги электрон солиқ ҳисоботи тизимида 2020 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисоботнинг янги шакли (шакл коди – 10205_25) жойлаштирилган. Бухгалтерларда уни қандай қилиб тўғри тўлдириш юзасидан саволлар юзага келди. Зеро жорий йилнинг I чораги учун Ҳисоб-китобни 20 апрелдан кечиктирмай тақдим этиш зарур . «Норма» экспертлари Наталья МЕМЕТОВА ва Олег ЦОЙ buxgalter.uz учун махсус тайёрлаган тушунтиришдан фойдаланинг.
Эслатиб ўтамиз: фойда солиғи бўйича ҳисобот даври – йил чораги, солиқ даври – календарь йил .
Фойда солиғи бўйича ҳисоботни чоракда бир марта тузиб, қуйидаги муддатдан кечиктирмай солиқ органларига тақдим этинг:
- 20 апрелдан – I чорак учун;
- 20 июлдан – II чорак (ярим йиллик) учун;
- 20 октябрдан – III чорак (9 ой) учун;
- ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан – IV чорак (йил) учун .
Қуйидагилар фақат календарь йил якунларига кўра ҳисобот тақдим этадилар:
- бюджет ташкилотлари;
- нодавлат нотижорат ташкилотлари (истемолчилар кооперативлари бундан мустасно).
Календарь йилда жами даромад олинмаган бўлса, фойда солиғи бўйича ҳисоботни тақдим этиш керак эмас.
Солиқ ҳисоботини сўмда тўлдиринг. Барча кўрсаткичларни йил бошидан ортиб борувчи якун билан акс эттиринг.
Ҳисоб-китоб қандай тўлдирилади
1. 010-«Жами даромад» сатри ва 1-«Жами даромад» иловаси
010-«Жами даромад» сатрининг қиймати қуйидаги формула бўйича автоматик равишда ҳисобланади: Ҳисоб-китобга 1-илованинг 010-сатри – 110-сатр – 121-сатр. Бинобарин, 1-иловани тўлдириш лозим.
1-«Жами даромад» иловасининг санаб ўтилган сатрларида қуйидагиларни кўрсатинг:
- 021 – 026 – фаолият турлари ва ҳар бир фаолият тури бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси. Ушбу ахборотни 9000-«Асосий (операцион) фаолиятнинг даромадларини ҳисобга олувчи счётлар» счётлари айланмаларидан олишингиз мумкин.
Ушбу сатрлар тўлдирилгач, 020-сатрда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг умумий суммаси 021 – 026-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади;
- 030 – 140 – исталган шаклда ва (ёки) исталган фаолиятдан олиниши лозим бўлган (олинган), жами даромадга киритиладиган даромадлар . Ушбу ахборотни 8530, 9300, 9500, 9710-счётлар айланмаларидан, шунингдек солиқ регистрларидан олишингиз мумкин.
Бу ерда бухгалтерия ҳисоби счётларида акс эттирилмайдиган, бироқ солиқ солиш мақсадида даромадлар деб тан олинадиган даромадларни, масалан, олинган фоизсиз қарзлар бўйича даромадни ҳам ҳисобга олиш керак .
121-сатр фақат нотижорат ва бюджет ташкилотлари томонидан тўлдирилишини инобатга олинг;
- 150 – даромадга тузатиш киритиш ;
- 160 – айрим операциялар бўйича даромадлар Ҳисоб-китобга 8-илова 070-сатрининг 3 – 8-устунлари йиғиндиси сифатида. 8-илова қандай тўлдирилиши ҳақида қуйида сўз юритамиз;
- 170 – доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидентнинг даромадлари . Ушбу сатрни фақат доимий муассасалар тўлдирадилар;
- 181 – 188 – бошқа, 020 – 170-сатрларда кўрсатилмаган даромадлар. Ушбу сатрлар тўлдирилгач, 180-сатрда бошқа даромадларнинг умумий суммаси 181 – 188-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади.
Барча сатрлар тўлдирилгач, 010-сатрда жами даромад 020 – 180-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади.
2. 020-«Чегириладиган харажатлар» сатри ва 2-«Харажатлар» иловаси
Ҳисоб-китобнинг 020-«Чегириладиган харажатлар» сатри қиймати қуйидаги формула бўйича автоматик равишда ҳисобланади: (Ҳисоб-китобга 2-илова 010-сатрининг 3-устуни – 4-устун) + Ҳисоб-китобга 5-илованинг 060-сатри. Бинобарин, 2 ва 5-иловаларни тўлдириш лозим.
2-«Харажатлар» иловасининг санаб ўтилган сатрларида қуйидагиларни кўрсатинг:
- 020 – реализация қилинган маҳсулотлар, товарлар, хизматлар таннархи. Ушбу ахборотни 9100-«Сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизмат)ларнинг таннархини ҳисобга олувчи счётлар» счётлари айланмаларидан олишингиз мумкин;
- 030 – реализация қилиш бўйича харажатлар. Маълумотларни 9410-«Сотиш харажатлари» счёти айланмаларидан олинг;
- 040 – маъмурий харажатлар. Маълумотлар – 9420-«Маъмурий харажатлар» счёти оборотларидан;
- 050 – молиявий фаолият бўйича харажатлар. Маълумотлар – 9600-«Молиявий фаолият бўйича харажатларни ҳисобга олувчи счётлар» счётлари айланмаларидан;
- 070 – 120 – бошқа харажатлар (зарарлар). Маълумотлар – 9430 ва 9720-счётлар айланмаларидан, шунингдек солиқ регистрларидан.
Ушбу сатрлар тўлдирилгач, 060-сатрда бошқа даромадлар (зарарлар)нинг умумий суммаси 070 – 120-сатрлар йиғиндиси сифатида, 010-сатрда эса харажатларнинг умумий суммаси 020 – 060-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади;
- 0101 – 0132, 01331 ва 01332 – харажатлар моддалари кесимида 010-сатрга киритилган харажатлар. Масалан, хом ашё ва материаллар, меҳнатга ҳақ тўлаш учун харажатлар ва ҳ.к. Бунда 0132, 01331 ва 01332-сатрларни фақат доимий муассасалар тўлдирадилар;
- 01341 – 01350 – ушбу илованинг 0101 – 0133-сатрларида кўрсатилмаган бошқа харажатлар. Ушбу ахборотни солиқ регистрларидан олишингиз мумкин.
Ушбу сатрлар тўлдирилгач, 0134-сатрда бошқа харажатларнинг умумий суммаси 01341 – 01350-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади.
2-илова 010-сатрининг 3 ва 4-устунларидаги суммалар ўртасидаги фарқ даромад олиш билан боғлиқ чегириладиган харажатларни билдиради.
Улар ҳисобот (солиқ) даври мобайнида солиқ тўловчи Ўзбекистонда ёки хорижда амалга оширган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар ёки зарарлар бўлиши керак .
Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган харажатлар қуйидаги шартлардан бирини қаноатлантириши керак:
- даромад олиш мақсадида амалга оширилган;
- тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш ёки ривожлантириш учун зарур бўлиб, харажатларнинг ушбу фаолият билан алоқадорлиги аниқ асосланган;
- қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқадиган.
Харажатлар қуйидагича расмийлаштирилган ҳужжатлар билан тасдиқланади:
- Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ;
- ҳудудида тегишли харажатлар амалга оширилган чет давлатда амал қилувчи тартибга мувофиқ;
- бошқа шаклда, масалан, хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ, йўл ҳужжатлари, кўрсатилган хизмат тўғрисидаги ҳисобот билан.
Бир нечта даромадлар моддаларида биргина харажат назарда тутилган бўлса, жами даромадни аниқлаш чоғида ушбу харажатни фақат бир марта киритинг.
5-илова қандай тўлдирилиши қуйироқда кўрсатилган.
3. 030-«Солиқ солинадиган фойда» сатри
Ҳисоб-китобнинг 010 ва 020-сатрлари тўлдирилгач, 030-сатрда солиқ солинадиган фойда қуйидаги формула бўйича автоматик равишда ҳисобланади: 010-сатр – 020-сатр.
4. 040-«Имтиёзлар» сатри ва 3-«Имтиёзлар» иловаси
Ҳисоб-китобнинг 040-«Имтиёзлар» сатрининг қиймати 3-«Имтиёзлар» иловасининг 030-сатри қийматига тенг, бинобарин, ушбу иловани тўлдириш лозим.
Қуйидагиларда назарда тутилган фойда солиғи бўйича имтиёзлар :
- 2007 й. таҳрирдаги СКда – 2020 йил 1 апрелгача амал қилади;
- 2020 йил 1 январгача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан Президент ва ВМ қарорларида – амал қилиш муддати тугагунча амал қилади.
3-илова қуйидаги тартибда тўлдирилади:
- 011 – 016-сатрларнинг 3-устунида, даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўлласангиз, фаолият турлари бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларни кўрсатинг. 4-устунда даромадларнинг умумий суммасидаги ҳар бир фаолият туридан олинган даромадларнинг салмоғи автоматик равишда ҳисобланади.
Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг бевосита усулини қўллайдиган солиқ тўловчилар 011 – 016-сатрларни тўлдирмайдилар.
Ушбу сатрлардаги қийматлар суммаси Ҳисоб-китобга 1-илованинг 020-сатри қийматига тенг бўлган 010-сатрдаги қийматга мос келиши керак;
- 020-сатрда Ҳисоб-китобнинг 030-сатри қийматига тенг бўлган солиқ солинадиган фойда автоматик равишда кўрсатилади;
- 040-сатрда экология, соғломлаштириш ҳамда хайрия жамғармаларига, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасаларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бадаллар, ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги маблағларни кўрсатинг. Ушбу қиймат солиқ солинадиган фойданинг 2%идан кўп бўлиши мумкин эмас, яъни ҳақиқий харажатларга қараб, бироқ 020-сатрда кўрсатилган сумманинг 2%идан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.
040-сатр фақат 2020 йил I чорагида тўлдирилади. 2020 йилнинг кейинги ҳисобот даврларида 040-сатрдаги қиймат такроран қайд этилади;
- 050-сатрда Ҳисоб-китобга 4-илованинг 090-сатридаги қийматга тенг бўлган инвестицияларга йўналтириладиган маблағлар суммаси автоматик равишда кўрсатилади. 4-илова қандай тўлдирилиши қуйироқда кўрсатилган.
050-сатр фақат 2020 йил I чорагида тўлдирилади. 2020 йилнинг кейинги ҳисобот даврларида 050-сатрдаги қиймат такроран қайд этилади;
- 060-сатрда солиқ солинадиган фойдани ўтган солиқ даврларида кўрилган, Ҳисоб-китобга 7-илованинг 050-сатридаги қийматга тенг бўлган зарарлар суммасига камайтириш суммаси автоматик равишда кўрсатилади.
7-илова қандай тўлдирилиши қуйироқда кўрсатилган;
- 071 – 076-сатрларда НҲҲ тури, санаси, рақами, номи ва унинг бандини кўрсатган ҳолда фойда солиғи бўйича имтиёзлар суммасини кўрсатинг. Бунда фойда солиғини 2 баравар камайтирилган ставкада тўлаш тартибини қўллайдиган юридик шахслар имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагунча солиқ базасининг 50%ини кўрсатадилар.
Ушбу сатрлар тўлдирилгач, 070-сатрда НҲҲга мувофиқ имтиёзларнинг умумий суммаси 071 – 076-сатрлар йиғиндиси сифатида, 030-сатрда эса имтиёзларнинг умумий суммаси 040 – 070-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади.
5. 050-«Ноль даражали ставкани қўллайдиган солиқ тўловчиларнинг фойдаси» сатри ва 6-«Ноль даражали ставка қўлланиладиган солиқ солинадиган фойда» иловаси
Ҳисоб-китобнинг 050-«Ноль даражали ставкани қўллайдиган солиқ тўловчиларнинг фойдаси» сатри қиймати Ҳисоб-китобга 6-илованинг 030-сатридаги қийматга тенг. Бинобарин, ушбу иловани тўлдириш керак.
Қуйидаги солиқ тўловчилар фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашлари мумкин :
1) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари – ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда бўйича;
2) ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи – башарти уларнинг ижтимоий фаолият турларидан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90%ини ташкил этса;
3) қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари;
4) экспорт қилувчилар – товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ортиқни ташкил этса, товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинадиган фойда бўйича. Бунда экспортни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ноль даражали ставка қўлланилади ;
5) ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлганлар. Бунда умумий ходимлар сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50%ни, ногиронлиги бўлган шахсларнинг МҲТФ эса умумий МҲТФнинг камида 50%ини ташкил этиши керак;
6) Халқ банки – фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинадиган даромадлар бўйича.
6-илова қуйидаги кетма-кетликда тўлдирилади:
- 010-сатрнинг 3-устунида Ҳисоб-китобга 1-илованинг 010-сатридаги қийматга тенг бўлган жами даромад автоматик равишда кўрсатилади;
- 011 – 016-сатрларнинг 3-устунида ноль даражали ставка қўлланиладиган фаолият турлари бўйича даромадларни кўрсатинг.
011 – 016-сатрларнинг 4-устунида 010-сатрдаги жами даромаддаги ушбу даромад турининг фоизи автоматик равишда ҳисобланади. Бу келгусида мазкур фаолият тури бўйича фойда улушини аниқлаш учун зарур
- 020-сатрда Ҳисоб-китобнинг 030-сатридаги қийматга тенг бўлган солиқ солинадиган фойда автоматик равишда кўрсатилади;
- 031 – 036-сатрларда ноль даражали ставка қўлланиладиган фаолият турлари бўйича солиқ солинадиган фойдани кўрсатинг. 031, 033, 035 ва 036-сатрлар даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг қўлланилаётган – бевосита ёки мутаносиб усулига мувофиқ тўлдирилади.
Ушбу сатрлар тўлдирилгач, 030-сатрда ноль даражали ставка қўлланиладиган солиқ солинадиган фойда 031 – 036-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади.
Илованинг 030-сатридаги қиймат кейинчалик Ҳисоб-китобнинг 050-«Ноль даражали ставкани қўллайдиган солиқ тўловчиларнинг фойдаси» сатрида автоматик равишда акс эттирилади ва Ҳисоб-китобнинг 060-сатрида солиқ базасини аниқлаш чоғида чегирилади.
6. Ҳисоб-китобнинг 060-«Солиқ базаси» сатри
040 ва 050-сатрлар тўлдирилгач, Ҳисоб-китобнинг 060-сатрида солиқ базасининг қиймати қуйидаги формула бўйича автоматик равишда ҳисобланади: 030-сатр – 040-сатр – 050-сатр.
7. Ҳисоб-китобнинг 070-«Фойда солиғининг белгиланган ставкаси» ва 071-«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахслар учун тузатиш киритилган солиқ ставкаси» сатрлари
Ҳисоб-китобнинг 070-сатрида ўзингизга мувофиқ келадиган фойда солиғи ставкасини кўрсатинг .
Ҳисоб-китобнинг 071-сатрида Ҳисоб-китобнинг тепа қисмида кўрсатилган ходимлар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиқиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахслар учун фойда солиғининг тузатиш киритилган ставкаси автоматик равишда ҳисобланади.
Ўзида ишловчиларнинг умумий ўртача йиллик сонининг 3%идан кўпроғи ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил этадиган юридик шахслар учун солиқ ставкаси белгиланган нормадан (3%) ортиқча ишга жойлаштирилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар бир фоизига солиқ ставкасининг 1%и ҳисобидан камайтирилади.
8. 080-«Фойда солиғи суммаси» сатри
070 ва 071-сатрлар тўлдирилгач, Ҳисоб-китобнинг 080-сатрида фойда солиғи суммаси қуйидаги формулалар бўйича автоматик равишда ҳисобланади: 060-сатр х 070-сатр ёки 060-сатр х 071-сатр (ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахслар учун).
9. 090-«Доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилгунга қадар тўлов манбаида ушлаб қолинган фойда солиғи суммаси» сатри
Ҳисоб-китобнинг 090-сатрини, солиқ органида доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилгунга қадар даромадларидан тўлов манбаида фойда солиғи ушлаб қолинган бўлса, фақат доимий муассасалар тўлдирадилар .
Солиқ агенти солиқни ушлаб қолганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ушлаб қолинган солиқ суммалари ҳисобга олинади.
10. 100-«Давр учун ҳисобланган бўнак тўловлари» сатри
Ҳисоб-китобнинг 100-сатрини фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлайдиган солиқ тўловчилар тўлдирадилар. Улар – жами даромади жорий солиқ давридан олдинги солиқ даври – календарь йил учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчилар .
Ушбу сатрда жорий ҳисобот даври (чорак) учун ҳисобланган бўнак тўловларининг умумий суммасини ортиб бормайдиган якун билан кўрсатинг.
Бўнак тўловларини қандай ҳисоблаш ва тўлаш ҳақида бу ерда ўқинг.
11. 110-«Бюджетга тўланиши лозим бўлган фойда солиғининг умумий суммаси» ва 111-«Алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича (Алоҳида бўлинмага тўғри келадиган фойда солиғи суммаси ҳисоб-китобидан келиб чиққан ҳолда)» сатрлари
080 ва 090-сатрлар тўлдирилгач, Ҳисоб-китобнинг 110-сатрида бюджетга тўланиши лозим бўлган фойда солиғининг умумий суммаси қуйидаги формула бўйича автоматик равишда ҳисобланади: (080-сатр – 090-сатр – (Ҳисоб-китобга 9-илованинг 090-сатри + Ҳисоб-китобга 10-илованинг 060-сатри)).
Ҳисоб-китобнинг 111-сатрида алоҳида бўлинмалар бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган фойда солиғи суммасини кўрсатинг. Ҳисоб-китобга алоҳида бўлинмага тўғри келадиган фойда солиғи суммаси ҳисоб-китобларининг нусхаларини илова қилинг.
Алоҳида бўлинмалар бўйича фойда солиғи ҳисоб-китобларини улар жойлашган жойдаги солиқ органларига тақдим этинг.
Эслатиб ўтамиз: ҳудудий жиҳатдан алоҳида бўлган, турган ери бўйича доимий иш жойлари жиҳозланган ҳар қандай бўлинма юридик шахснинг алоҳида бўлинмасидир .
9 ва 10-иловалар қандай тўлдирилиши қуйироқда кўрсатилган.
12. 4-«Инвестицияларга йўналтириладиган, ҳисобот (солиқ) давридаги солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган маблағлар суммаси ҳисоб-китоби» иловаси
Ушбу иловани қуйидаги солиқ тўловчилар тўлдирадилар:
- 2020 йил бошига келиб ўтган солиқ даврларидаги инвестициялар учун қопланмаган маблағлар сальдосига эга бўлган;
- 2020 йил I чорагида маблағларни инвестицияларга йўналтирган ва 2020 йил 1 апрелгача амал қиладиган имтиёзни қўллашга қарор қилган .
4-илова қуйидаги кетма-кетликда тўлдирилади:
- солиқ солинадиган фойда 5 йил мобайнида – 30%дан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилиши мумкинлиги боис солиқ даври бошига келиб сизда ўтган солиқ даврлари учун қопланмаган маблағлар сальдоси қолиши мумкин.
Инвестицияларга харажатлар қилинган ёки асбоб-ускуналар фойдаланишга топширилган санага қараб уни йиллар бўйича тақсимланг (011 – 014-сатрлар). 010-сатрда қопланмаган маблағларнинг умумий суммаси 011 – 014-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда аниқланади;
- 020-сатрда жорий ҳисобот (солиқ) даврида барча асосий воситалар бўйича ҳисобланган амортизация суммасини кўрсатинг;
- 040, 051 ва 052-сатрларда 2020 йил I чорагида инвестициялар учун маблағлардан фойдаланишни акс эттиринг. 030 ва 050-сатрлар автоматик равишда ҳисобланади;
- инвестицияларнинг амортизация суммасидан ошиши илованинг 060-сатрида қуйидаги формула бўйича автоматик равишда ҳисобланади: 030-сатр – 020-сатр.
Амортизация инвестициялардан ошса, 060-сатрда 0 кўрсатинг. Бу жорий ҳисобот даврида солиқ базаси камайтирилмаслигини англатади;
- 070-сатрда инвестицияларга йўналтирилган маблағларнинг умумий суммаси жорий ҳисобот даврида инвестицияларнинг амортизациядан ошган суммаси (060-сатр) ва ўтган солиқ даврларида қопланмаган маблағлар сальдоси (010-сатр) йиғиндиси сифатида автоматик равишда аниқланади;
- 090-сатрда солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган сумма иккита суммадан энг кичиги: инвестицияларга йўналтирилган маблағларнинг умумий суммаси (070-сатр) ёки 080-сатрда кўрсатилган солиқ солинадиган фойданинг 30%и сифатида автоматик равишда ҳисобланади.
Шу сабабли солиқ солинадиган фойда 2020 йил I чоракда амалга оширилган инвестициялар суммасига камайтирилишини Ҳисоб-китобнинг 4-иловасида акс эттиришдан олдин:
- 5-«Инвестициявий чегирма» иловасига эътибор қаратинг;
- солиқ солинадиган фойдани камайтиришнинг қайси варианти сиз учун фойдалироқ эканини аниқланг.
Амортизацияни чегирган ҳолда солиқ солинадиган фойдани инвестициялар суммасига камайтириш бўйича имтиёздан фойдаланаётганда аввал ўтган даврларда инвестициялар учун қопланмаган маблағлар солиқ солинадиган фойдани камайтиришини инобатга олинг.
Қай бири – чегирма ёки имтиёзни қўллаш фойдалироқ экани ҳақида бу ерда ўқинг.
13. 5-«Инвестициявий чегирма» иловаси
Фойда солиғи тўловчиси амортизация қилинадиган активлар бўйича инвестициявий чегирмани қуйидаги миқдорларда қўллаши мумкин :
- янги технологик ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва (ёки) технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш харажатларининг ва (ёки) ахборот тизимларини яратишга доир инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг дастурий таъминотини сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар суммаларининг 10%и миқдорида;
- ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасининг 5%и миқдорида.
5-илова қуйидаги кетма-кетликда тўлдирилади:
- 020 ва 030-сатрларда инвестициявий чегирмани қўллаш мумкин бўлган инвестициялар қийматини кўрсатинг. 010-«Инвестициявий чегирма қўлланиладиган маблағлар» сатрининг қиймати 020 ва 030-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда тўлдирилади;
- 040 ва 050-сатрларда 020 ва 030-сатрларда кўрсатилган инвестициялар қийматидан келиб чиқиб ҳар бир ставка (10% ва 5%) бўйича инвестициявий чегирма суммаси автоматик равишда ҳисобланади;
- 060-сатрда инвестициявий чегирманинг умумий суммаси 040 ва 050-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик равишда ҳисобланади.
Сўнг 5-илованинг 060-сатридаги инвестициявий чегирма суммаси Ҳисоб-китобнинг 020-сатридаги чегириладиган харажатларга қўшилиб, бу билан солиқ солинадиган фойдани камайтиради.
14. 7-«Жорий солиқ давридаги солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган ўтган йиллардаги зарар суммаси ҳисоб-китоби» иловаси
Чегириладиган харажатларнинг жами даромаддан ошиб кетиши солиқ тўловчининг зарари деб эътироф этилади . Олдинги солиқ даврларида зарар кўрганда жорий солиқ даврининг солиқ базасини фақат йил якунларига кўра камайтиришга ҳақлисиз. Шу сабабли Ҳисоб-китобга 7-илова, ҳисобот йили бошига келиб сизда ўтказилмаган зарар қолдиғи мавжуд бўлса ёки жорий йилда зарар кўрилган бўлса, фақат йил якунларига кўра солиқ ҳисоботи тақдим этилганда тўлдирилади. Яъни 2020 йил I чораги учун ушбу шакл тўлдирилмайди.
2020 йил учун ҳисоботда солиқ базаси ўтган 5 йилдаги сўндирилмаган зарарларни кетма-кет ўтказиш ҳисобига 50%дан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилишини акс эттиришингиз мумкин (010-сатр 0101 – 0110-сатрлардаги йиллар бўйича расшифровка билан).
2020 йил якунлари бўйича зарар (020-сатр) 2021 йилдан бошлаб, кўпи билан 10 йил ичида кейинги солиқ даврларига ўтказилиши мумкин .
060-сатрда календарь йил охирига келиб ўтказилмаган зарар қолдиғи йиллар бўйича расшифровка билан кўрсатилади (0601 – 0611-сатрлар).
15. 8-«Операцияларнинг айрим турлари бўйича зарарларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари» иловаси
Янги таҳрирдаги СКда операцияларнинг айрим турлари бўйича зарарларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган :
- юридик шахснинг мол-мулк мажмуи сифатидаги корхонани УФда иштирок этиш улушини реализация қилишдан ёки унинг бошқача тарзда чиқиб кетишидан;
- ишончли бошқарув шартномаси бўйича;
- биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома бўйича;
- хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан;
- муомалада бўлмаган қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг муомалада бўлмаган молиявий воситаларига доир операциялар бўйича.
Операцияларнинг ушбу турлари бўйича даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишингиз зарур.
Зарарларни улар кўрилган солиқ давридан кейинги 10 йил мобайнида келгусига ўтказишни амалга ошириш мумкин. Бунда ўтказиладиган зарар суммасига доир чекловлар йўқ. Мисол учун, 2020 йилда кўрилган зарарни 2021 йилдан бошлаб 10 йил мобайнида ўтказиш мумкин.
8-илова қуйидаги кетма-кетликда тўлдирилади:
- келтирилган операцияларнинг ҳар биттаси бўйича солиқ солинадиган фойда (050-сатр) ёки зарар (060-сатр) ушбу операциялардан даромадлар (020-сатр) ва чегириладиган харажатлар (030-сатр – 040-сатр) ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади;
- жорий даврда фойда мавжуд бўлганда у ўтган йилларнинг зарарларига камайтирилади (010-сатр 0101 – 0110-сатрлар бўйича расшифровка билан). Камайтиришдан кейин фойда қолса (070-сатр), у жами операцияларнинг барча турлари бўйича Ҳисоб-китобга 1-«Жами даромад» иловасининг 160-сатрида акс эттирилади;
- ҳисобот даври якунларига кўра кўрилган зарар (060-сатр) кейинги даврларда ўша операциялар бўйича фойдани камайтириши мумкин;
- ҳисобот (солиқ) даврининг охирига келиб қопланмаган зарарлар 080-сатрда 0801 – 0810-сатрлардаги йиллар бўйича расшифровка билан акс эттирилади.
Операцияларнинг ушбу турлари бўйича зарарларни ўтказиш тартиби 2020 йилдан жорий этилгани сабабли 2020 йил ҳисоботида ўтган йиллар учун зарарлар 8-иловада акс эттирилмайди.
16. 9-«Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тўланган, ҳисобга олиниши лозим бўлган фойда солиғи суммаси» иловаси
Чет давлатда даромадларингиздан фойда солиғи ёки айнан ўхшаш турдаги солиқни ҳақиқатда тўлаган бўлсангиз ёки у ушлаб қолинган бўлса, ушбу солиқ суммалари Ўзбекистонда фойда солиғини тўлаш ҳисобидан ҳисобга олиниши лозим .
Бунинг учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилиши лозим:
1) солиқ тўланган ёки ушлаб қолинган даромадга Ўзбекистонда солиқ солиниши лозим;
2) Ўзбекистон Республикаси билан халқаро шартнома тузилган бўлиши;
3) солиқ тўланганини (ушлаб қолинганини) тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлиши.
Ўзбекистондан ташқарида тўланган фойда солиғи суммасини ҳисоблаб чиқариш учун (090-сатр):
- реализациянинг умумий ҳажмидаги (030-сатр) хорижда олинган даромад салмоғини (010-сатр) аниқланг. Ушбу кўрсаткич 040-сатрда автоматик равишда ҳисобланади;
- 060-сатрда солиқ солиниши лозим бўлган фойда суммаси хорижий даромад қисмида қуйидаги формула бўйича автоматик равишда ҳисобланади: 050-сатр х 040-сатр;
- 090-сатрда ҳисобга олиниши лозим бўлган фойда солиғи суммаси иккита қийматнинг: хорижда тўланган солиқ суммаси (020-сатр) ёки Ўзбекистонда белгиланган ставкада ҳисобланган солиқ суммаси (080-сатр) энг кичиги сифатида автоматик равишда кўрсатилади;
- 080-сатр қиймати қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 060-сатр х 070-сатр.
Ҳисобга олиниши лозим бўлган солиқ суммаси (090-сатр) бюджетга тўланиши лозим бўлган фойда солиғининг умумий суммасидан (Ҳисоб-китобнинг 110-сатри) автоматик равишда чегирилади.
Даромадлардан тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига қуйидагилар илова қилинади:
- тўлов хабарномаси;
- чет давлат ваколатли органининг маълумотномаси;
- ёки солиқ тўлангани далилини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.
17. 10-«Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олиниши лозим бўлган (олинган) дивидендлар тарзидаги даромадлардан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи маълумотнома-ҳисоб-китоби» иловаси
Чет давлатда дивидендлар тарзида олган даромадларингиздан ҳақиқатда солиқ тўланган ёки ушлаб қолинган бўлса, ушбу солиқ суммалари Ўзбекистонда фойда солиғини тўлаш ҳисобидан ҳисобга олиниши лозим .
Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олган даромадларингиздан чет давлатда тўланган фойда солиғи ёки айнан ўхшаш турдаги солиқни ҳисобга олиш учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилиши лозим:
1) солиқ тўланган ёки ушлаб қолинган даромадга Ўзбекистонда солиқ солиниши лозим;
2) Ўзбекистон Республикаси билан халқаро шартнома тузилган бўлиши;
3) солиқ тўланганини (ушлаб қолинганини) тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлиши.
Ўзбекистондан ташқарида ҳисобланган дивидендлардан солиқ суммасини аниқлаш учун 5 йиллик даъво муддати мобайнида ҳисобланган ва жорий ҳисобот даврида олинган дивидендлар ҳисобга олинади.
10-илова қуйидаги кетма-кетликда тўлдирилади:
- бюджетга тўланиши ёки камайтирилиши лозим бўлган (060-сатр) солиқ суммаси дивидендлар учун белгиланган ставка (030-сатр) бўйича аниқланган солиқ суммаси (040-сатр) ва иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимларга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим бўлган тўланган солиқ суммаси (050-сатр) ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади;
- белгиланган ставка бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси (040-сатр) хорижда ҳисобланган барча дивидендлар бўйича аниқланади (010-сатр);
- иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимларга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим бўлган тўланган солиқ суммаси (050-сатр) қуйидаги ставкада тўланган солиқлар суммаларини ўз ичига олади:
1) Ўзбекистонда белгиланган ставкадан камроқ ёки унга тенг (051 ва 053-сатрлар). Тўланган солиқнинг бутун суммаси ҳисобга олиниши мумкин;
2) Ўзбекистонда белгиланган ставкадан кўпроқ (052 ва 054-сатрлар). Бу ҳолда Ўзбекистонда белгиланган 5%лик ставка доирасида тўланган солиқ суммаси ҳисобга олиниши мумкин.
Бюджетга тўланиши ёки камайтирилиши лозим бўлган (060-сатр) солиқ суммаси бюджетга тўланиши лозим бўлган фойда солиғининг умумий суммасини (Ҳисоб-китобнинг 110-сатри) аниқлаш чоғида автоматик равишда ҳисобга олинади.
Даромадлардан тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш учун Маълумотнома-ҳисоб-китобга қуйидагилар илова қилинади:
- тўлов хабарномаси;
- чет давлат ваколатли органининг маълумотномаси;
- ёки солиқ тўлангани далилини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.