Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ижро йиғимига фойда солиғи солинадими
Корхона қарзни бошқа ташкилот фойдасига ундириш тўғрисидаги суд қарорини ўз вақтида ижро этмади. Давлат ижрочиси қарздордан ижро йиғимини ундирди. Фойда солиғи ҳисоб-китобида ушбу йиғим суммасини чегириб ташлаш мумкин ёки мумкин эмаслигини МВ бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ buxgalter.uz учун махсус тушунтирди:
– “Фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромаддан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно . Чегирилмайдиган харажатлар рўйхати СКнинг 317-моддасида назарда тутилган.
Чиқимлар, башарти улар ҳужжат билан тасдиқланган ва асосланган (иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган) бўлса, яъни ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, чегирилади:
- даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
- шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
- қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.
Ижро йиғими қарздорга у ижро ҳужжати талабларини белгиланган муддатда ихтиёрий равишда ижро этмаган тақдирда солинади . Яъни моҳиятига кўра ижро йиғими қарздор суд қарорини мажбурий ижро этиши билан боғлиқ қўшимча тўловни амалга оширадиган жарима тусидаги санкцияни ўзида намоён қилади.
Бюджетга тўланадиган (тўланган) пенялар, жарималар ва бошқа санкциялар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатларга киради . Тегишинча ижро йиғими чегирилмайдиган харажатларга киради”.