Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
МҲХСга ўтиш сабабли фойда солиғи бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китоб тақдим этиш зарурми
Ушбу саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА ва Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси департаменти директори ўринбосари Иброҳим АҲМАДХОНОВ жавоб беришди:
– “Дастлаб Солиқ кодексининг даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги қоидаларини кўриб чиқамиз.
Даромадлар
СКнинг 297-моддасида қуйидаги нормалар келтирилади:
297-модда. Умумий қоидалар
“Жами даромад юридик шахс томонидан Ўзбекистон Республикасидаги ва унинг ҳудудидан ташқаридаги манбалардан ҳисобот (солиқ) даври мобайнида олинган даромадлардан иборатдир.
Ушбу бўлим мақсадига жами даромадга (бундан буён ушбу бўлимда даромад деб юритилади) ҳар қандай шаклда ва (ёки) ҳар қандай фаолиятдан олиниши лозим бўлган даромадлар (бундан буён матнда олинган даромадлар деб юритилади), хусусан, қуйидаги даромадлар киради:
1) товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад;
2) кредит (қарз, микрокредит ва бошқа молиявий операциялар) бўйича мукофот тарзидаги даромад;
3) суғурта, қайта суғурта ташкилотларининг суғурта, қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича даромадлари;
….
Даромадлар солиқ тўловчи томонидан олинган даромадларни тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар ва унинг бошқа турлари, жумладан электрон шаклдагилари, шунингдек солиқни ҳисобга олишга доир ҳисобтлар асосида аниқланади.
Агар ушбу бўлимда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш чоғида активлар ва (ёки) мажбуриятларнинг қиймати ўзгарганлиги муносабати билан бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган даромадларга солиқ солиш мақсадидаги даромадлар сифатида қаралмайди, бундан ҳақиқатда олинган даромадлар мустасно”.
“Товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад” ва “бирламчи ҳужжатлар”, жумладан солиқни ҳисобга олишга доир ҳужжатлар нимани намоён қилиши СКнинг 46-моддасида тушунтирилган:
46-модда. Товарлар ва хизматларни реализация қилиш
“Товарларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳақ олиш асосида ўтказиш ёки ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш, шу жумладан қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда гаровга қўйилган товарларни айирбошлаш ва ўтказиш товарларни ёки хизматларни реализация қилиш деб эътироф этилади”.
14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга асосан ЭҲФ - товарлар ҳақиқатда жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжат ҳисобланади ва солиқни ҳисобга олиш, хусусан, товарларни (хизматларни) реализация қилишни ҳисобга олиш мақсадларида қўлланилади.
Қонунчиликда ЭҲФни расийлаштириш санаси бўйича талаблар мустаҳкамланган, бинобарин, шу саналарда даромад эътироф этилади.
Шу тариқа, фойда солиғи мақсадлари учун, агар товарларга бўлган мулк ҳуқуқи ўтказилган ёки хизматлар кўрсатилган ва ушбу ҳолат ЭҲФ билан тасдиқланган бўлса - ташкилот БҲМС ёки МҲХС асосида молиявий ҳисобот тайёрлашидан қатъи назар даромадни эътироф этамиз.
Даромадларни солиқ солиш мақсадларида эътироф этиш уларни бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ва бошқа даромадлар бўйича, хусусан - қарз бўйича даромаддар бўйича эътироф этишдан фарқ қилади .
Эслатиб ўтамиз, МҲХСнинг концептуал асосларига мувофиқ “Даромадлар активларнинг ошишини ёки мажбуриятларнинг камайишини намоён қилади, бу ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгаларининг бадалларига боғлиқ бўлмаган хусусий капиталнинг ошишига олиб келади”. 15-сон МҲХСга мувофиқ тушум - бу ташкилотнинг одатий фаолияти давомида юзага келадиган даромад. 15-сон МҲХСда (IFRS) тушумни эътироф этиш учун шартномаларни 5 босқичли моделдан фойдаланган ва шартномаларни идентификация қилган ҳолда таҳлил қилиш лозим.
Шартнома қуйидаги ҳолатларда идентификация қилинган (мавжуд) ҳисобланади:
- томонлар шартномани тасдиқлаган бўлса;
- томонларнинг ҳар бирининг товарлар ёки хизматларга нисбатан ҳуқуқлари белгиланган бўлса;
- шартнома моҳиятига кўра тижорат шартномаси бўлса;
- тўловни амалга ошириш шартлари белгиланган бўлса;
- қоплашни ундириш эҳтимоли катта бўлса.
СКда бундай талаблар йўқ, шу боис фойда солиғи ҳисоб-китоби мақсадларида биринчи навбатда СК нормаларига мўлжал олиш зарур.
Хулоса қиламиз: фойда солиғи бўйича даромадлар бирламчи ҳисоб ҳужжатлари асосида аниқланади, МҲХС асосида тайёрланган молиявий ҳисобот асосида эмас. Солиқ кодексида даромадлар молиявий ҳисобот асосида шакллантирилиши кўрсатилмаган.
Даромад фойда солиғи мақсадларида бирламчи ҳужжатлар, жумладан солиқни ҳисобга олиш ҳужжатлари асосида аниқланиши керак, СКнинг XII бўлимидаги даромадни аниқлашнинг махсус қоидаларида белгиланган нормалар истисно ҳисобланади.
Истисноларга, хусусан, узоқ муддатли контрактлар бўйича даромадлар (СК 303-м.), курсдаги фарқлар (СК 320-м.), СКнинг 315, 316, 326-моддаларида назарда тутилган захирани шакллантириш харажатлари киради.
Масалан, 2021 йилда курсдаги фарқлар солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аниқланган. Молиявий ҳисобот тайёрлайдиганлар учун курсдаги фарқларни аниқлашда:
- МҲХС бўйича - товарлар ва хизматлар учун бўнак тўловлари, номонетар модда сифатида, ҳисоб-китобга олинмайди;
- БҲМС бўйича - хорижий валютада ифодаланган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари валюта моддаларига киради ва қайта баҳоланиши лозим.
Ушбу мисол БҲМС бўйича ва МҲХС бўйича ҳисобда фойда солиғига таъсир этувчи тафовутлар бўлиши мумкинлигини яққол кўрсатади.
2022 йил учун СКга бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка ҳаволасиз, тўғридан-тўғри норма киритилган.
Шу боис, фақат Солиқ кодексида даромадларни бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аниқлаш бўйича тўғридан-тўғри норма мавжуд бўлган тақдирда ташкилотлар МҲХС нормларини қўллашлари керак.
Харажатлар
Харажатлар бўйича ёндашув даромадлар билан бир хил. Бироқ, бунда асослантирилган ва ҳужжат билан тасдиқланган чиқимлар чегириш мақсадларида даромад олиш билан боғлиқ харажатлар деб эътироф этилиши керак. Яъни ҳужжат билан тасдиқлашга қўшимча равишда яна битта мезон юзага келади - чиқимларнинг асосланганлиги.
Амортизация қилинадиган активларга нисбатан саволлар кўп. 2021 йилда солиқ солиш мақсадлари учун солиқ тўловчи томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ҳисобга олинадиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизация қилинадиган активлар деб эътироф этилган. Бухгалтерия ҳисобига ҳавола активни асосий воситалар сифатида акс эттириш контекстида фойдаланилади. Уларнинг қийматини аниқлаш қисмида солиқ солиш мақсадларида СКнинг 306-моддасида қуйидаги нормалар назарда тутилган:
“Агар ушбу модданинг олтинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, амортизация қилинадиган активнинг қиймати амортизация ажратмаларини қайта баҳолаш ҳисобга олинмаган ҳолда бошланғич қийматдан ҳисобланадиган амортизация ажратмалари орқали харажатлар жумласига киритилади.
Амортизация қилинадиган активнинг бошланғич қиймати солиқ тўловчи томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ капитал қўйилмалар амалга оширилган тақдирда ўзгаради.
2021 йил 1 январь ҳолатига кўра бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра солиқ тўловчида мавжуд бўлган, илгари ўтказилган қайта баҳолашларни ҳисобга олган ҳолда амортизация қилинадиган активнинг қиймати солиқ солиш мақсадларида унинг бошланғич қиймати ҳисобланади.
2021 йил 1 январдан бошлаб солиқ тўловчи томонидан амортизация қилинадиган активлар қийматини қайта баҳолашдан ўтказишда кейинги ҳисобот (солиқ) даврларида бундай қайта баҳолаш натижаси солиқ солиш мақсадларида амортизация ажратмаларини ҳисоблашда ҳисобга олинмайди”.
Шу тариқа, солиқ ҳисоби мақсадларида амортизацияни 2021 йил 1 январь ҳолатига корхона томонидан БҲМС бўйича ҳисоб юритиш даврида ўтказилган барча қайта баҳолашларни ҳисобга олган ҳолда бошланғич қийматдан келиб чиқиб ҳисоблаш зарур. Оддий қилиб айтганда, 2021 йилда амортизация БҲМС маълумотлари бўйича асосий воситалар қийматидан келиб чиқиб ҳисобланиши керак.
Бунда 2021 йилдан бошлаб ҳар қандай қайта баҳолаш, шу жумладан МҲХС мақсадлари учун қайта баҳолаш натижалари фойда солиғи мақсадлари учун амортизация ҳисоблашда эътиборга олинмайди.
Агар улар БҲМСга мувофиқ топширилган бўлса, 2021 йилнинг ҳар бир чораги учун фойда солиғи бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш зарурми?
- Йўқ, аниқлаштирилган ҳисоб-китобларни тақдим этиш керак эмас.
Биринчидан, 2021 йил учун МҲХС бўйича “оралиқ” молиявий ҳисоботлар тайёрлаш 2021 йилда талаб қилинмаган.
Иккинчидан - фойда солиғи бўйича ҳисобот ўсиб борувчи якун билан тузилади ва фойда солиғи солиш мақсадларида даромадларни/харажатларни ҳисоблаб чиқиш учун СКнинг XII бўлимига амал қилиш зарур. Фақат гап баҳолаш ва (ёки) шартли активлар ва (ёки) мажбуриятлар ҳақида бормаганда, солиқ тўловчи МҲХС бўйича тайёрланган молиявий ҳисобот маълумотларидан фойдаланиши мумкин.
БҲМС бўйича молиявий ҳисобот тақдим этиш
2021 йил ва кейинги йилларда МҲХС асосида молиявий ҳисобот тайёрлайдиган ёки буни ихтиёрий асосда амалга оширадиган корхоналар БҲМСга асосан молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт эмас.
Молия вазирлигининг молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида 2021 йил якунлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этиш тўғрисидаги 2022 йил 15 февралдаги 06/17-01-37/363-сон Ахборот хабарида кўрсатилганидек, солиқ ҳисоботи шаклларига 13-иловани топшириш муддати МҲХС бўйича молиявий ҳисоботнинг намунавий шакллари лойиҳалари тасдиқлангунга қадар узайтирилди.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги ушбу шаклни қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Солиқ маъмуриятчилиги нуқтаи назаридан у ахборот тақдим этмайди, сабаби активлар ва мажбуриятларнинг солиқ ва бухгалтерия қиймати, солиқ ва бухгалтерия фойдаси ўртасидаги фарқни аниқлаш имконини бермайди. Шу билан бир вақтда МҲХС бўйича молиявий ҳисоботнинг намунавий шаклларини тасдиқлаш санасида 13-сонли шаклнинг янги таҳририни тасдиқлаш режалаштирилмоқда”.