Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Компания-норезидентга фоизсиз қарз тақдим этсангиз
Компания-резидент Ўзбекистонда фаолиятни амалга оширмайдиган компания-норезидентга фоизсиз қарз тақдим этади. Бу ҳолда қарз олувчида “фоизлар”дан олинадиган солиқ юзага келадими? Буни buxgalter.uz илтимосига биноан «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА тушунтирди:
– Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади .
Мазкур ҳолда қарз предмети - чет эл валютаси эканлиги боис, валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликка мурожаат қиламиз.
Валютада кредитлар (қарзлар) олиш ва бериш - бу капитал ҳаракати операциялари бўлиб , бу қонунчиликда тақиқланмаган. Шу билан бирга, кредитлар ва пул, товарлар (хизматлар) кўринишидаги қарзлар бериш бўйича валюта операциялари Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади .
Агар Марказий банкнинг асосий ставкасидан паст фоиз ставкасида бўлган фоизсиз қарз ёки қарз Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномаси мавжуд бўлган тақдирда берилса, қарз олувчи-норезидентда бу ҳолда СКнинг 299-моддаси 5-қисми 2-банди асосида текин олинган товар (хизмат)дан олинган даромад юзага келмайди.
Бошқа ҳолларда, муаллифнинг фикрига кўра, норезидент учун солиқ оқибатлари юзага келади.
Мазкур ҳолда фоизсиз қарз олувчи - норезидент, юридик шахс. Бинобарин, у томондан олинган даромадларга солиқ солишда СКнинг 351-моддасига амал қилиш лозим, унда норезидентнинг тўлов манбаида солиқ солиниши лозим бўлган даромадлари рўйхати белгиланган.
Текин қарз олиш текин кўрсатилган хизматга тенглаштирилади.
Текин олинган мол-мулк ёки хизматлар норезидентнинг тўлов манбаида солиқ солинадиган даромади деб эътироф этилади. Бунда текин олинган мол-мулк (хизматлар) қиймати СКнинг 299-моддасида назарда тутилган тартибда аниқланади .
Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз қайтариш шарти билан молиявий қарз олиш чоғида қарз олувчининг даромади қарз олиш санасида МБнинг асосий ставкаси (материални эълон қилиш пайтида - 17%) бўйича аниқланади .
Мазкур қоидалар чет эл юридик шахси бўлиши мумкин бўлган қарз берувчига тааллуқли. Шу муносабат билан, муаллиф фикрига кўра, фоизсиз қарз олишда норезидентда тўлов манбаида солиқ агенти томонидан 20% ставка бўйича солиқ солинадиган даромад юзага келади.
Ҳисобот даври учун қарз олувчининг даромади = қарз олиш санасида МБ қайта молиялаштириш ставкаси Х қарз суммаси : 365 Х ҳисобот даврида қарздан фойдаланиш кунлари сони.
Қарздан фойдаланишнинг бутун даври учун норезидентнинг даромади суммаси қуйидагини ташкил этади:
100 000 000 х 17% = 17 000 000 сўм.
Солиқ суммаси қуйидагини ташкил этади:
17 000 000 х 20% = 3 400 000,00 сўм.
Даромадларга иккиёқлама солиқ солиш ва даромад ва мол-мулкдан олинадиган солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро битимларнинг қоидаларини ҳисобга олинг. Улар ўзгача шартларни ўз ичига олиши мумкин.
Ўзбекистон иштирокчиси бўлган халқаро битимларнинг шартлари миллий қонунчиликка нисбатан устуворликка эга бўлади .
Ҳисобот қачон топширилади ва солиқ қандай ушлаб қолинади
Норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ суммалари бўйича солиқ ҳисоботини солиқ агенти ўзи солиқ ҳисобига қўйилган жой бўйича даромад тўланган ойдан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай тақдим этади .
Норезидентнинг даромадларидан ҳисоблаб чиқарилган ва ушлаб қолинган солиқ суммасини солиқ агенти бюджетга даромад тўланган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай тўлайди.
Бироқ, норезидентга ҳақиқатда бундай даромад тўланмайди. Бу ҳолда қандай йўл тутиш лозим?
СКнинг 354-моддаси 6-қисмига асосан норезидентга бундай тўлаш амалга ошириладиган жойидан қатъи назар даромадни тўлаш деганда:
1) нақд пул ва (ёки) нақд пулсиз шаклда пулларни, қимматли қоғозларни, иштирок этиш улушини, товарларни, мол-мулкни бериш;
2) норезидентнинг даромадларига нисбатан тузиладиган битимлар (воз кечиш ҳақи, бир турдаги қарама-қарши талабномани ҳисобга ўтказиш, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш чоғида ҳисобга ўтказиш, новация, қарздан кечиб юбориш);
3) бажаришнинг имкони бўлмаганлиги ёки қарздор ва кредитор айни бир шахс эканлиги туфайли даромадни тўлаш мажбуриятининг тугаши.
Шу боис, муаллиф фикрига кўра, солиқ низолари хавфини истисно қилиш учун қуйидаги иккита вариантдан биридан фойдаланиш мумкин:
1) норезидентга фоизсиз қарзни ўтказишда қарз берувчи (солиқ агенти) тўлов манбаида солиқни ушлаб қолиши ва уни бюджетга тўлаши шарт. Кўриб чиқилаётган ҳолатда у норезидентга қарз суммасини солиқни чегирган ҳолда ўтказиши мумкин. Бироқ бу вазиятда қарз олувчи қарзнинг барча суммаисни олмайди ва тегишинча, қарз берувчининг солиқ агенти сифатидаги мажбуриятларини шартномада келишиб олиш лозим. Акс ҳолда қарз берувчи фақат ўтказган суммасини қайтариб олади ва солиқ қарз берувчининг маблағларидан тўланади.
2) солиқни ўз маблағларидан тўлаши мумкин. Бу ҳолда унинг солиқ агенти сифатидаги мажбурияти бажарилган деб эътироф этилади . Бу ҳолда, агар қарз берувчи юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўловчиси бўлса, у норезидент учун тўланган солиқ суммасини фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланмайдиган харажат таркибига киритиши керак .
Яна бир бор таъкидлайманки, материалда фақат муаллифнинг фикри баён этилган. Солиқ органининг мазкур масала бўйича позицияси номаълум, шу боис масала очиқ қолмоқда.
Тавсияларда кўпроқ йўл-йўриқлардан фойдаланинг:
- Қарз олувчида даромадлар ва харажатлар қандай ҳисобга олинади ва солиқ солинади;
- Норезидентларнинг даромадларидан тўлов манбаида фойда солиғини тўлаш;
- Қарз берувчида фоизли даромад қандай аниқланади.