Ишловчи пенсионерларнинг апрель ва май ойлари учун пенсиялари нима бўлади

01.05.2020
Эътибор беринг
Материалга пенсия суммасини қоплаш учун талабномаларни БПЖга тақдим этиш зарур эмаслиги тўғрисида тузатишлар киритилди.

2020 йил 1 майдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлови тўғридан-тўғри бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси  орқали амалга оширилишини инобатга олган ҳолда ишловчи пенсионерлар ва ташкилотлар бухгалтерларида дарҳол саволлар пайдо бўлди. Пенсия тўловларининг янги механизми қандай? Энди пенсионерлар қачон пулни олишлари мумкин? Апрель ойи учун тўлаб берилган пенсиялар корхоналарга компенсация қилинадими? Buxgalter.uz вазиятни тушунишга ҳаракат қилди.

Пулларни ким ва қандай тўлайди?

Пенсия тўлашнинг техник жиҳатлари ҳақида “Халқ банки”нинг матбуот хизмати мутахассислари жавоб беришди:

- “Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият ва пенсияларни ўз вақтида олиш заруратини инобатга олган ҳолда, ишловчи пенсионерларни ҳимоя қилиш мақсадида Президентнинг 2020 йил 27 апрелдаги ПФ-5986-сон Фармони қабул қилинган. Ушбу ҳужжат ижроси юзасидан барча ишловчи пенсионерларга “Халқ банки”нинг махсус овердрафт пластик карталари очилади. Ва карантин тадбирлари даврида пенсиялар уларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан тўлаб берилади.

Шу билан бирга – карантин вақтида  ишловчи пенсионерларга пластик карталар уйга етказиб берилади”.

Қандай муддатлар назарда тутилган?

Қоидага кўра, ишловчи пенсионерлар пенсияни ишда ой учун ойда эмас, балки ўтган ой учун олишган – бу бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш хусусияти билан боғлиқ бўлган. Улар май ойида картага пулларни қайси давр учун олишади – жорий ой (май) ва ўтган ой (апрель) учунми? Ёки фақат май ойи учун олиб, апрель ойи учун ҳисобланган пенсия суммасини ташкилот тўлаши керакми?

Бунда баъзи ташкилотлар ўз пенсионерларига ой охирида ўз маблағлари ҳисобидан ҳисобланган пенсия суммасини тўлаб бериб, одатдагидек, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси қоплаб беришига умид қилиб туришганди. Бундан келиб чиқадики, ушбу тўланган пенсияларни корхоналарга ҳеч ким тўлаб бермайдими?

Мазкур саволга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассислари тушунтириш беришди:

- “Ташкилотлар пенсия суммаларини қоплаш учун талабномаларни расмийлаштиришлари зарур эмас. Ўтган давр, яъни – апрель ойи, шунингдек май ойи учун тўловлар “Халқ банки” томонидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан олинган маълумотлар асосида пластик карталарга келиб тушади.

Бунда ташкилот ўз маблағлари ҳисобидан апрель ойи учун пенсия тўлаган ишловчи пенсионерлар ҳам шу давр учун тўловларни оладилар”.

Эътибор беринг
Мазкур вазиятда ўзининг ишловчи пенсионерларига апрель ойи учун пенсияларни тўлаб берган ташкилот ушбу маблағлар қоплаб берилиши учун апрель ойи учун тўланган пенсия суммаларини келиб тушган ортиқча тўловларни инобатга олган ҳолда бевосита ўз ходимларидан талаб қилишлари керак бўлади.

Зафаржон ХЎЖАЕВ, «Норма»нинг эксперти

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг