Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Фойда солиғи бўйича имтиёз қандай қўлланилади
Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 10205_40 кодли шаклининг 6-“Имтиёзлар” иловасини қандай тўлдириш кераклигини Солиқ қўмитасида тушунтиришди. Эътиборга оламиз!
Эътибор беринг: Фойда солиғи ҳисоб-китобига 6-иловада имтиёзлар 2 турга ажратилган:
1) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ (050-сатр);
2) Президент қарорларига асосан фақат солиқ ставкасини камайтириш тарзидаги (060-сатр).
3-устун иккала ҳолда 051-056 ва 061-066-сатрлар тўлдирилгандан сўнг автоматик тарзда тўлдирилади. Уларни, ўз навбатида, my.soliq.uzда солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат” интерактив хизмати орқали сиз хабарнома йўллаганингиздан сўнг ва солиқ органи уни маъқуллаганидан кейин шакллантириш мумкин. Одатда мурожаатлар жўнатилган пайтдан эътиборан 3 иш куни давомида кўриб чиқилади.
Кўриб чиқиш натижасини “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат” интерактив хизмати функционали очиқ бўлганда экраннинг қуйи қисмидаги жадвалда кўриш мумкин (“Ҳолати” устунига қаранг).
❖
my3.soliq.uzда Солиқ имтиёзини қўллаш тўғрисида мурожаатни қандай юбориш кераклиги юзасидан батафсил йўриқнома.
6-илованинг 051-056-сатрлари бундай тўлдирилади:
- 1-устунда агар имтиёзни қўллаш тўғрисида илгари берилган ариза солиқ органи томонидан маъқулланган бўлса, унга асосан фойда солиғидан тўлиқ озод этиш тарзидаги имтиёз берилган НҲҲнинг реквизитлари автоматик тарзда тўлдирилади;
- 3-устунда белгиланган нормаларга мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган, солиқ базасидан чегириб ташланадиган имтиёз суммасини кўрсатинг.
6-илованинг 061-066-сатрлари бундай тўлдирилади:
- 1-устунда агар имтиёзни қўллаш тўғрисида илгари берилган ариза солиқ органи томонидан маъқулланган бўлса, унга асосан камайтирилган солиқ ставкаси тарзидаги имтиёз берилган Президентнинг қарори реквизитлари автоматик тарзда тўлдирилади;
- 4-устун “Салмоғи, %” ҳам автоматик тарзда тўлдирилади;
- 3-устунда камайтирилган солиқ ставкаси қўлланиладиган фаолият бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммасини кўрсатинг.
Бунда фойда солиғи ставкасининг ўзи 070-“Белгиланган фойда солиғи ставкаси” сатрда акс эттирилади. Агар солиқ имтиёзларини қўллаш тўғрисида илгари берилган хабарнома солиқ органи томонидан маъқулланган бўлса, кўрсаткич автоматик тарзда тўлдирилади.
4-устуннинг 011-016-сатрларида кўрсатилган тушумнинг салмоғи 3-устун 011-016-сатрларининг 3-устун 010-сатрига нисбати сифатида аниқланади. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усулини қўллайдиган солиқ тўловчилар 011-016-сатрларни тўлдиришмайди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади