Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Хайрия бўйича имтиёзлар қандай қўлланилади (ПФ-5986)
Карантин даврида хўжалик юритувчи субъектлар «Маҳалла», «Саховат ва кўмак», «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» хайрия фондларига, шунингдек ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга пул маблағлари ва товарларни (хизматларни) беғараз бердилар. 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар ушбу мақсадларда берилган пул маблағлари ва товарларга (хизматларга) фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади; товарлар (хизматлар) ҚҚСдан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди .
«Норма» етакчи эксперти Наталья МЕМЕТОВА buxgalter.uz илтимосига кўра ушбу имтиёзларни қўллаётганда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида гапириб берди:
– ДСҚ ахборот хизматининг маълумотларига кўра, хайрия ёрдами кўрсатадиган ва уларни оладиган шахслар ҳақидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг saxovat.argos.uz сайтида шакллантирилади. Ушбу сайтда жойлаштирилган маълумотлар ПФ-5986-сон Фармонда белгиланган солиқ имтиёзларини қўллаш учун асос бўлади.
Ҳужжатлар билан қандай расмийлаштириш керак
Имтиёзлар қўлланишини асослаш учун сиз ёрдам бераётган шахслар рўйхатига эга бўлишингиз лозим.
Ушбу рўйхатни илова қилган ҳолда хайрия учун маблағларни ажратиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиришни тавсия этамиз. Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:
- ушбу мақсадларга йўналтирилган маблағлар суммасини;
- қандай шаклда ёрдам кўрсатилишини.
Сиз ёрдам бераётган жисмоний шахслар маҳаллий ҳокимият органларининг имтиёзли рўйхатида қайд этилган бўлиши керак.
27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармондаги чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган жисмоний шахсларга кўрсатилган ёрдам уларнинг даромади ҳисобланмайди.
Молиявий ёрдам кўрсатганда тўлов топшириқномасида асос бўлган ҳужжат (Фармон, буйруқ ёки бошқа ҳужжат) рақами ва санасини қайд этинг.
Товарлар (хизматлар) беғараз берилганда уларнинг қийматини кўрсатган ҳолда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг . У харид қийматидан ёки таннархдан келиб чиқиб аниқланади.
Ҳисобварақ-фактурада ҚҚСни:
- имтиёзнинг амал қилиши доирасида товарларни (хизматларни) бераётган бўлсангиз, кўрсатманг, сабаби у ҚҚСдан озод қилинган оборот ҳисобланади;
- беғараз бериш имтиёз билан боғлиқ бўлмаса, кўрсатинг.
Жисмоний шахсларга қимматликларни бериш чоғида уларнинг Ф.И.О., паспорт маълумотлари ва СТИРи (имкони бўлса) кўрсатилган тарқатиш қайдномасини расмийлаштиринг. У ҳам имтиёзни қўллаш учун ҳужжатли асос бўлади. Материалларни бериш якунлари бўйича ҳисобдан чиқариш далолатномасини расмийлаштиринг.
Солиқ ҳисоботида қандай акс эттириш керак
Хайрия харажатларининг ҳисоботда акс эттирилишини мисол ёрдамида кўриб чиқамиз. Дейлик, ПФ-5986-сон Фармон доирасида корхона:
- «Маҳалла» хайрия фондига 7 000 минг сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди;
- ҳокимлик томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган муҳтож жисмоний шахсларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди. ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда маҳсулотларни харид қилиш қиймати – 3 450 минг сўм.
Корхона қўшимча равишда қуйидагиларни тарқатди:
- рўйхатга киритилмаган бошқа жисмоний шахсларга озиқ-овқат маҳсулотларини – ҚҚС билан 2 300 минг сўмлик;
- шифохонага тиббиёт буюмларини. Уларнинг харид қиймати – ҚҚСсиз 5 000 минг сўм.
ҚҚС
Молиявий ёрдам солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва ҚҚС ҳисоб-китобида акс эттирилмайди.
Товарларни (хизматларни) бериш чоғида имтиёзни қўллаб – ҚҚСсиз, ҳисобварақ-фактураларни тўғри расмийлаштирган бўлсангиз, улар Ҳисоб-китобга 5-илова – Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида тўғри акс этади. Тегишинча, Ҳисоб-китобда ахборот келгусида ҳам тўғри шакллантирилади.
Имтиёзни ҳисоботда акс эттириш учун Ҳисоб-китобга 2-илованинг 030-«Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ солиқ солинмайдиган товарлар (хизматлар) реализацияси бўйича айланмалар - жами» сатрини тўлдиринг. Бунинг учун 030…-сатрда 7820 кодли имтиёзни танланг.
2-илованинг 030, 010-сатрлари ва 1-илованинг 01021-«ҚҚСдан озод қилинадиган реализация қилишдан соф тушум» сатри автоматик равишда тўлдирилади.
Текинга бериш қийматини 1-илованинг 0102-«Товарларни реализация қилишдан соф тушум» сатрига ҳам киритинг.
Имтиёз билан боғлиқ бўлмаган товарларни (хизматларни) текинга бериш бўйича оборотга ҚҚС солинади. Уни қуйидаги сатрларда акс эттиринг:
- 1-илованинг 0102-сатрида – товарлар, ўз маҳсулотлари, хизматлар бўйича;
- 1-илованинг 01081… «Солиқ солинадиган бошқа айланмалар» сатрида – материаллар бўйича.
Харид қилинган, хайрия мақсадларида бериладиган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС қуйидаги ҳолларда ҳисобга олинмайди:
- ПФ-5986-сон Фармон бўйича имтиёз қўлланганда – улар ҚҚСдан озод қилинган айланма мақсадларида харид қилингани муносабати билан ;
- бошқа ҳолларда – улар бўйича харажатлар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланадиган эҳтиёжлар учун фойдаланилиши сабабли .
Ҳисобга ўтказиладиган ҚҚСни алоҳида ҳисобга олиш усулидан фойдалансангиз, харид қилинган қимматликлар бўйича солиқни Ҳисоб-китобга 3-илованинг 0302-сатрида акс эттиринг.
Мутаносиб усулда ҳисобга олиниши лозим бўлмаган ҚҚС суммаси солиқ солинмайдиган оборот суммасининг жорий йил давомида ортиб борувчи якун билан аниқланадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотнинг умумий суммасига нисбати сифатида автоматик равишда аниқланади (Ҳисоб-китобга 3-илованинг 0202-сатри).
Келтирилган мисолдаги маълумотларга кўра имтиёз билан боғлиқ бўлмаган қимматликларни текинга бериш чоғида ҚҚСни ҳисоблаш зарур:
(2 300 + 5 000) х 15% = 1 095 минг сўм.
Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш чоғида ҚҚС ҳисобга олинмайди, балки уларнинг қийматига киритилади:
(2 300 + 3 450) : 115 х 15 = 750 минг сўм.
Фойда солиғи
Имтиёз доирасидаги хайрия харажатлари 10 450 минг сўм (7 000 + 3 450) чегириладиган харажатлар ҳисобланади. ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қолган харажатлар 8 395 минг сўм ((2 300 + 5 000) х 115%) – чегирилмайдиган харажатлар .
Имтиёзли сумма 10 450 минг сўмни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илованинг 070...-сатрида, рўйхатдан тегишли имтиёзни танлаб олиб акс эттиринг. У 3-илованинг 030-сатрида автоматик равишда акс этади.
Барча хайрия харажатлари (молиявий ва моддий қисми) 18 845 минг сўмни (10 450 + 8 395) Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0121-«Хайрия ёрдами тарзида берилган маблағлар» сатрида акс эттириш мумкин.
Бошқа вариант:
- ҳисобланган ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда моддий қисми 11 845 минг сўмни (3 450 + 8 395) – 0129-«Текин берилган мол-мулкнинг (хизматларнинг) қиймати ва бундай бериш билан боғлиқ бўлган (шу жумладан ҚҚС суммаси киритилган) харажатлар» сатрида;
- молиявий ёрдам 7 000 минг сўмни – 0121-сатрда акс эттириш.
Суммалар 4-«Чегирилмайдиган харажатлар» устунида автоматик равишда акс эттирилишига эътибор беринг.
Бундан ташқари, барча хайрия харажатларини «Бошқа харажатлар» 070–120-сатрларининг 3, 4-устунларида кўрсатинг. 060-сатр автоматик равишда тўлдирилади.
Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида 2-иловадаги маълумотлар ҳисобга олинган ҳолда чегириладиган харажатлар автоматик равишда шаклланади. 2-иловада барча хайрия харажатлари чегирилмайдиган харажатлар сифатида акс эттирилгани сабабли улар 020-сатрда кўрсатилмайди.
Бироқ имтиёзли қисмини 3-иловада акс эттирдик, у Ҳисоб-китобнинг 040-сатрида автоматик равишда ҳисобга олинади.
Солиқ базаси Ҳисоб-китобнинг 060-сатрида имтиёзни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Шу тариқа, аввал хайрия харажатлари чегирилмайдиган харажатлар сифатида акс эттирилади, сўнг солиқ базасини аниқлаш чоғида имтиёзли қисми чегирилади.
Айланмадан олинадиган солиқ
Молиявий ёрдам айланмадан олинадиган солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Ҳисоб-китобнинг 011-«Товарларни, хизматларни текинга беришдан кўрилган зарарлар» сатрида нималарни акс эттириш керак?
Ушбу сатр фаолият турларига қараб тўлдирилиши муҳим аҳамиятга эга. Бундан сиз савдо корхонаси бўлган ва сиз учун у товар ҳисобланган ёки сиз ишлаб чиқариш корхонаси бўлган ва сиз учун у тайёр маҳсулот ҳисобланган тақдирдагина тарқатилган озиқ-овқат маҳсулотларини акс эттириш зарур, деган хулосани чиқариш мумкин.
Бошқа ҳолларда корхона уларни чиқиб кетиши корхонанинг фаолият турлари билан боғлиқ бўлмаган бошқа мол-мулк сифатида ҳисобга олади.
СКдаги таърифлардан ва Ҳисоб-китоб мантиғидан келиб чиқиб, қуйидаги хулосага келамиз:
- савдо корхонаси озиқ-овқат маҳсулотларини келгусида реализация қилиш учун харид қилган, бироқ хайрияга йўналтирган бўлса, уларнинг қиймати 5 750 минг сўмни (2 300 + 3 450) Ҳисоб-китобнинг 011-сатрида акс эттириш зарур;
- озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия мақсадларини кўзлаб харид қилинган ва савдо фаолияти билан боғлиқ бўлмаса, улар 011-сатрда акс эттирилмайди.
Тиббиёт буюмлари ҳам соғлиқни сақлаш муассасасига берилгани сабабли 011-сатрда акс эттирилмайди .
011-сатрда озиқ-овқат маҳсулотлари акс эттирилган бўлса, солиқ базасини имтиёз доирасида берилган маҳсулотлар қиймати – 3 450 минг сўмга камайтириш учун рўйхатдан керакли имтиёзни танлаб, уни Ҳисоб-китобга 2-илованинг 030…-сатрида акс эттиринг.
2-илованинг 030 ва 010-сатрлари, шунингдек Ҳисоб-китобнинг 050-«Солиқ солинадиган жами даромаднинг камайтирилиши» сатри автоматик равишда тўлдирилади. Бунда имтиёз суммаси – савдо корхонасининг фаолият турига нисбатан қўлланиладиган солиқ солинадиган базани камайтириш суммасини кўрсатиш лозим.
ЖШДС
Текинга олинган мол-мулк ва хизматларнинг қиймати – жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари. Мол-мулкни бериш чоғида ҳисобланган ҚҚС унинг қийматида ҳисобга олинади .
Моддий наф тарзидаги даромадлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмаслиги сабабли уларга ижтимоий солиқ солинмайди .
Жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари Ҳисоб-китобга 6-иловада фамилияма-фамилия расшифровкада ва Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида ёки 0121-сатрида акс эттирилади.
ПФ-5986-сон Фармон бўйича имтиёзларни ЖШДС ҳисоб-китобида акс эттириш керакми?
Сизда ёрдам олган жисмоний шахсларнинг СТИРи ҳақида ахборот бўлса, буни амалга ошириш мумкин. Бу ҳолда тақсимлаш қайдномасига мувофиқ уларни 6-илова расшифровкасига киритинг. «ЖШДС» 6 ва 7-устунларида «0» кўрсатинг.
Ҳисоб-китобга 2-илованинг 050…-сатрида рўйхатдан Фармон бўйича имтиёзни танлаб олиб, озиқ-овқат маҳсулотлари қиймати 3 450 минг сўмни ва уларни олган шахслар сонини кўрсатинг. 2-илованинг 050 ва 010-сатрларида, Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида ЖШДС бўйича солиқ базасини камайтирадиган имтиёзларнинг умумий суммаси автоматик равишда акс этади.
Сизда имтиёз доирасида озиқ-овқат маҳсулотларини олган жисмоний шахсларнинг СТИРи ҳақида ахборот бўлмаса, уларни ЖШДС бўйича ҳисоботда акс эттирмаслигингиз мумкин, сабаби ПФ-5986-сон Фармонга мувофиқ беғараз ёрдамга жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.
Ҳокимлик рўйхатига киритилмаган жисмоний шахсларга берилган, ҚҚС ҳисобга олинган (ҳисобга олинган тақдирда) озиқ-овқат маҳсулотлари қийматини эса Ҳисоб-китобга 6-иловада – СТИРни кўрсатган ҳолда акс эттириш зарур. Улар – ЖШДС солинадиган даромадлар.
Озиқ-овқат маҳсулотлари қийматидан ЖШДС қуйидаги миқдорни ташкил этади:
- ҚҚСни тўловчи корхоналарда (2 300 х 1,15) х 12% = 317,4 минг сўм;
- айланмадан олинадиган солиқни тўловчи корхоналарда 2 300 х 12% = 276 минг сўм.
Даромадлар натура шаклида амалга оширилганда солиқнинг ҳисоблаб чиқарилган суммаси натура тарзидаги тўлов амалга оширилган ой тугаганидан кейин 5 кун ичида тўланади .
Солиқни ушлаб қолиш ва бюджетга ҳисоблаб ўтказиш учун жавобгарлик корхона зиммасига юклатилади. У хайрия акцияси бўлгани сабабли ЖШДСни корхона тўлайди.
Бошқа шахслар учун тўланган солиқлар – фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегирилмайдиган харажатлар .
Бухгалтерия ҳисоби
Операция |
Дебет |
Кредит |
Молиявий ёрдам ҳисоблаб ўтказилди |
|
|
Материаллар текинга берилди |
6410 (ҚҚС)* 6410 (ЖШДС)* |
|
Маҳсулотлар текинга берилди |
6410 (ҚҚС)* 6410 (ЖШДС)* |
|
Товарлар текинга берилди |
6410 (ҚҚС)* 6410 (ЖШДС)* |
|
Хизматлар текинга кўрсатилди |
6410 (ҚҚС)* 6410 (ЖШДС)* |
*6410-счётни кредитлаш бўйича проводкалар – ПФ-5986-сон Фармон бўйича имтиёзлар билан боғлиқ бўлмаган хайрия ёрдами кўрсатилганда ҚҚС ва ЖШДС ҳисоблаш.
Хулоса:
ПФ-5986-сон Фармонда назарда тутилган чора-тадбирлар қўллаб-қувватлашга жуда муҳтож бўлган шахсларга ёрдам беришга мўлжалланган. Берилган имтиёзлар ва уларни қўллаш тартиби буни тасдиқлайди. Ушбу чора-тадбирлар доирасидаги хайрия ёрдами уни кўрсатадиганларнинг солиқ юкини енгиллаштиради. Бунда бюджетга тушумлар камайишини унутмаслик лозим.
Берилган имтиёзлардан ортиқ миқдордаги хайрия ёрдамини ўз хоҳишингизга кўра берасиз. Шу сабабли бунда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг умумий нормалари билан белгиланган тартибда ҳаракат қилиш лозим.