Солиқ имтиёзини қўллашнинг имкони бўлмаса

preview

Солиқ тўловчилар кўпинча у ёки бошқа имтиёзни қўллай олмаётганликлари юзасидан шикоят қилишади. Айниқса бундай вазият солиқ маъмуриятчилигининг глобал равишда автоматлаштирилиши муносабати билан юзага кела бошлади. Агар солиқ тўловчи мавжуд имтиёзни қўллай олмаса, нима қилиши керак?

 

Қуйидагилар муаммони ҳал қилишга ёрдам беради:

1) ДСҚнинг ишчи гуруҳи қуйидаги телефон рақамлари орқали:

  • 71-202-32-32 (ички рақамлар: 491,492,499);
  • 71-244-97-48;

2) “Тадбиркор ва солиқчи” ТГ-гуруҳи мутахассислари.

Саволдан ташқари операторга қуйидагилар ҳақида хабар беринг:

  • ташкилотингиз СТИРи;
  • сиз маслаҳат олишни хоҳлаётган солиқ тури;
  • имтиёз берилган НҲҲга мувофиқ  имтиёзнинг формулировкаси.

 

Нега муаммо юзага келиши мумкин

Бугунги кунда барча солиқ имтиёзларини иккита катта гуруҳга бўлиш мумкин: автоматлаштирилган ва автоматлаштирилмаган имтиёзлар.

Автоматлаштирилмаган имтиёзларни солиқ тўловчи Ҳисоб-китоб шаклини (масалан, фойда солиғи, ЖШДС, ижтимоий солиқ) тўлдиришда электрон маълумотномадан қўлда танлайди.

Автоматлаштирилган имтиёзлар эса аксарият ҳолларда қўшимча ҳаракатларни талаб қилмайди ва Ҳисоб-китобни (ҚҚС, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи ва мол-мулк солиғи) шакллантирилган кўринишларида ўзи акс этади.

Автоматлаштирилган имтиёзлар ҳам ўз навбатида иккита кичик тоифага бўлинади: товарнинг МХИКга ёки солиқ тўловчининг СТИРига боғланган имтиёзлар.

 

1. Товарнинг МХИКга боғланган имтиёзлар уларни ким реализация қилишидан қатъи назар товарлар ва хизматларнинг муайян турларига татбиқ этилади. Уларни қўллаш учун ЭҲФни шакллантиришда https://tasnif.soliq.uz нинг жорий версиясига мувофиқ товарнинг МХИКни тўғри кўрсатиш етарли бўлади. Бунда солиқ бўйича Ҳисоб-китобни шакллантиришда имтиёз автоматик тарзда “ишлайди”.

Масалан, дори воситалари ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларни ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, улгуржи-чакана тармоқ савдо ташкилотлари СКнинг 243-моддаси 13-бандига мувофиқ ҚҚСдан озод қилинган. Ушбу имтиёз мазкур гуруҳ товарларининг барча МХИКларига “боғланган”.

 

2. Солиқ тўловчининг СТИРига боғланган имтиёзлар муайян корхоналарга тақдим этилган.

ҚҚС қисмида бу қоидага кўра - товарлар ва хизматларнинг муайян турларига имтиёзлар. Масалан, иккита ташкилот дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқади ва уларнинг нусхаларини, жумладан - аҳолига чакана сотади. IT-парк резиденти Технопарк фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомнинг 27-бандига мувофиқ маҳсулотларни ҚҚСсиз реализация қилади. IT-парк норезиденти эса шунга ўхшаш маҳсулотларни 15% ставка бўйича ҚҚС билан сотади, чунки унга имтиёзлар татбиқ этилмайди.

Ер ва мол-мулк солиқлари бўйича имтиёзларга нисбатан ҳам шундай принцип амал қилади. Бу ҳолда қоидага кўра, имтиёз остига тушадиган майдонларни акс эттириш учун мўлжалланган устунлар автоматик тарзда тўлдирилади.

Бундай имтиёзларни қўллаш учун тадбиркор имтиёзга бўлган ҳуқуқ юзага келгандан сўнг солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат” интерактив хизмати орқали ДСҚга мурожаат йўллаши ва аризани маъқулланганлиги тасдиғини олиши керак.

ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича бундай имтиёзлар товарнинг МХИКга боғланади. Агар сизнинг аризангизни маъқуллашса ва мазкур МХИК ҳисобварақ-фактура ёки онлайн-НКМ чекида тўғри кўрсатилган бўлса, имтиёз автоматик тарзда қўлланилади. Ер солиғи ва мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини шакллантиришда аризада кўрсатилган имтиёзли майдонлар ҳам Ҳисоб-китоб шаклида автоматик тарзда акс эттирилади.

Манбага қаранг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Имтиёзлар Имтиёзлар Имтиёзлар /uz/publish/doc/text180813_soliq_imtiezini_qullashning_imkoni_bulmasa