Чет эллик мутахассисга меҳмонхона учун ҳақ тўланди: солиқ оқибатлари

preview

Ўзбекистон корхонаси ишга жалб қилинган чет эллик мутахассисларнинг меҳмонхонада яшаши учун ҳақ тўлади. Ушбу операциянинг солиқ оқибатлари ҳақида Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи  Умид ҲАМРОЕВ гапириб берди.

- Агар гап йўл харажатлари учун пул, яъни ходим бошқа жойга ишга ўтказилганда ёхуд кўчиб борганда хонани ижарага олиш ҳақида борса - корхонанинг бундай харажатлари ходимларнинг даромадлари сифатида ҳисобланмайди .

Бошқа ҳолларда солиқ оқибатлари қуйидагича бўлади:


ЖШДС

Корхонанинг таклиф қилинган чет эллик мутахассисларга меҳмонхона хизмати кўрсатишга харажатлари - бу уларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари .

Жисмоний шахсларга даромадлар тўловчи солиқ агентларида моддий наф тарзидаги даромадларга, қуйидаги чет эллик жисмоний шахслар даромадларига ЖШДС солинади :

  • Ўзбекистон резидентлари - 12% ставка бўйича  ;
  • Ўзбекистон норезидентлари - солиқ имтиёзларини қўлламасдан 20% ставка бўйича  

Бунда Ўзбекистоннинг иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномалари қоидаларини ҳисобга олиш зарур. Ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти ушлаб қолинмаган суммани ва у билан боғлиқ пеняни бюджетга ўтказиши шарт .


Фойда солиғи

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда корхонанинг жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланган харажатлари солиқ базасидан чегириб ташланмайди .

Агар корхона ЖШДСни ўз маблағлари ҳисобидан тўласа, ушбу харажатлар фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда бошқа шахслар учун тўланган солиқлар сифатида чегириб ташланмайди .


ҚҚС

Корхона фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланмайдиган харажатларни амалга оширганда тўлаган (тўлаши лозим бўлган) ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли эмас . Ҳисобга олинмайдиган солиқ суммаси сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматида ҳисобга олинади .

Эътибор беринг!Агар сиз меҳмонхона хизматлари кўрсатиш учун Ўзбекистондан ташқарида Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахсга ҳақ тўлаган бўлсангиз, сизда қуйидагилар бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди:
  • ҚҚС бўйича, сабаби Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи ҳисобланмайди ;
  • норезидент бўлган юридик шахслар даромадларидан олинадиган фойда солиғи бўйича, сабаби ушбу даромадлар норезидент бўлган юридик шахсларнинг Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадларига кирмайди .
Эътибор беринг!
Корхонанинг жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланган харажатларига солиқ солиш ҳақида бу ерда ва бу ерда батафсил ўқинг.