Диққат! 2019 йил учун жисмоний шахслар даромадларини декларациялаш

preview

2019 йилда декларациялаш асосида солиқ солинадиган даромад олган жисмоний шахслар уни 1 апрелга қадар топширишга улгуришлари керак. Даромадларни декларацияялашда қандай жиҳатларни инобатга олиш лозим? Buxgalter.uz ўқувчилари саволларига Юнусобод туман ДСИ бош мутахассиси Низомитдин СУЛТОНОВ жавоб беради:

- Янги таҳрирдаги СК чиқиши муносабати билан декларациялашда қандайдир фарқлар мавжудми?

- 2019 йил учун декларациялар 2007 йил таҳриридаги СК нормаларига мувофиқ тақдим этилади. Кодекснинг янги таҳририда ходимларни декларациялаш бўйича шу каби нормалар амал қилади. Фақат ЯТТ даромадларини декларациялаш қисмида ўзига хос хусусиятлар мавжуд, бироқ у ҳақда биз 2021 йилнинг бошида сўз юритамиз.

- Декларацияни ким тақдим этиши шарт?

- Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация – бу солиқ тўловчининг олинган йиллик даромад ва тўланган солиқ тўғрисидаги ёзма аризаси. Уни қуйидагиларни олган Ўзбекистон Республикаси резидентлари топширадилар :

  • мулкий даромадлар (мол-мулкни – турар жой, нотурар жой бинолар, автотранспортни ижарага беришдан олинган) агар уларга тўлов манбаида  солиқ солинмаган бўлса;
  • илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;
  • моддий наф тарзидаги даромадлар, агар бу даромадларга солиқ агентида солиқ солинмаган бўлса;
  • Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;
  • солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар;
  • солиқ агенти томонидан солиқ ушлаб қолинмаган солиқ солинадиган бошқа даромадлар.

Баъзан корхона мазкур корхона ходими бўлмаган жисмоний шахсларнинг  ўқиши, даволаниши, болалар боғчаси учун ҳақ тўлайди ёки совғалар беради (моддий наф тарзидаги даромад) . Бу ҳолда агар жисмоний шахс солиқни мустақил равишда тўлаши ҳақида ариза берган тақдирда, у ЖШДСни ушлаб қолмаслиги мумкин эди . Бироқ бу ҳолатда ҳам юридик шахс шу каби тўловлар тўғрисидаги маълумотномани 2020 йилнинг 30 январига қадар ДСИга тақдим этиши шарт. Тегишинча, бундай даромадлар олган жисмоний шахслар 2019 йил учун декларация тақдим этишлари шарт .

Эътибор беринг

Декларацияни доимий яшаш жойидаги ДСИга 1 апрелдан кечиктирмай қуйидаги тарзда тақдим этиш мумкин:

  • шахсан ёки ишончли вакил орқали (қоғоз шаклида ёки электрон ташувчида);
  • буюртма хат билан почта орқали – иловалар рўйхати билан;
  • электрон шаклда. Бунинг учун my.soliq.uz порталида “Интерактив хизматлар” бўлимида “Солиқ декларацияларини юбориш” интерактив хизматига ЭРИ ёрдамида киринг, декларацияни тўлдиринг ва “Жўнатиш” тугмасига босинг.

 

- Чет элликлар декларация топшириши шартми?

- Ўзбекистон резиденти ёки резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахс 2020 йил 1 апрелга қадар 2019 йил учун даромадлари тўғрисида декларация топширади .

- Агар декларация топшириб бўлингандан кейин унда хато аниқланса, нима қилиш лозим?

- Тақдим этилган декларацияда солиқ суммаси пасайтирилишига олиб келадиган хато топилганда, жисмоний шахс декларацияга зарур ўзгартиришлар киритиши шарт  :

  • агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги ариза тўлов муддати (1 июнга қадар) ўтгунга қадар топширилса, солиқ тўловчи СКда белгиланган жавобгарликдан озод этилади;
  • агар ариза ЖШДСни тўлаш муддати ўтгандан кейин, бироқ – хато давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқлангунга қадар топширилса, солиқ тўловчи етишмаётган солиқ суммаси ва унга тегишли пеняни тўланган тақдирда жавобгарликдан озод этилади.

- Қандай ҳолларда декларация топширмаса  бўлади?

- Айрим бухгалтерлар илгаригидек 30 январга қадар ўриндошлар даромадлари тўғрисидаги маълумотномалар ёки ҳеч бўлмаганда ўриндошлар бўлмагани ҳақида хатлар тақдим этиш лозим, деб ҳисоблашади. Бу нотўғри! Солиқ солишнинг  ясси шкаласи (12%) жорий этилиши билан  ўриндошлар учун ЖШДС қайта ҳисоблаш зарурати йўқ. Тегишинча, ўриндошлар мажбурий декларацияни тақдим этишмайди .

Эътибор беринг

ДСИ бухгалтерлардан ўриндошлар мавжуд эмаслиги ҳақида хат ёзмасликни сўрайдилар. Ҳар бир шундай хат солиқ инспектори назоратига келиб тушади ва унга жавоб берилиши шарт.

Қизиқ ҳодисалар ҳам бўлиб туради! Бухгалтер ўз ID-манзилидан Юнусобод ДСИ манзилига турли корхоналар номидан уларда ўриндошлар мавжуд эмаслиги юзасидан олтита (!) хат жўнатган.Ушбу бухгалтер мазкур олтита корхонада беғараз ишлайди, деб тахмин қилиш қолади...

 

Агар жисмоний шахс мол-мулкни ижарага беришдан тўлов манбаида (ижарага берувчи корхона томонидан) ЖШДС солинган мулкий даромад олса, у декларация топшириши шарт эмас.

- Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

- Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга Молия вазирлиги ва ДСҚ  томонидан тасдиқланган шакл бўйича тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотномани илова қилиш лозим.

Эътибор беринг
Иш берувчилардан белгиланган шаклдаги маълумотномани талаб қилинг. Маълумотномалар тасдиқланган шакл бўйича тақдим этилиши юзасидан аниқ кўрсатмага  қарамай, кўпгина бухгалтерлар ходимларга бухгалтерлик дастурига анча йил олдин киритилган маълумотномаларни беришади.

- Корхона бухгалтери ҳар қайси мурожаат қилган ходимга даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ тўғрисидаги маълумотномани бериши шартми?

- Ҳа, бу солиқ агентининг тўғридан-тўғри мажбурияти ҳисобланади  .

- Инспектор ўриндошлик  бўйича ишдан маълумотнома келтиришни сўради, бухгалтер эса ўриндошлик бўйича маълумотномалар илгари топширилганлиги, ҳозир эса буни топшириш шарт эмаслигини рўкач қилиб, уни бермаяпти. ДСИ ходимининг талаби асослими?

- Биз юқорида кўрганимиздек, 2019 йил учун мажбурий декларацияни тўлов манбаида солиқ солинмаган даромад олган жисмоний шахслар тақдим этади. Бундан ташқари, ЖШДС бўйича имтиёзга эга, бироқ  ундан фойдаланмаган ёхуд тўлиқ ҳажмда фойдаланмаган шахслар ихтиёрий декларация топширишлари мумкин. Декларация бўйича 2019 йил учун жами даромад ҳисобланади. Тегишинча, инспектор барча иш жойларидан маълумотлар ва иш ҳақига кирмайдиган даромадлар тўғрисида маълумотларга эга бўлиши керак .

- Ихтиёрий декларацияни қачон топшириш лозим?

- Мисоллар келтираман:

  1. Уруш қатнашчиси ҳар ой учун алоҳида (жамғарилмасдан) ЖШДС ҳисоб-китобида 4 ЭКИҲ миқдорида чегирма кўринишида имтиёз ҳуқуқига эга. У учта жойда ишлайди ва ҳар ерда унча катта бўлмаган иш ҳақи олади.   га асосан имтиёзни фақат асосий иш жойи бўйича қўллаш мумкин. Фуқаро даромадларни декларациялашда солиқ имтиёзини (4 ЭКИҲ) тўлиқ олиши мумкин. Бироқ унинг ҳисоб-китоби учун ҳар бир ой учун алоҳида маълумотларга эга бўлиши керак. Электрон ҳисобот бўйича тақдим этиладиган ахборот эса ойлар бўйича ажратилмайди.
  2. Фуқаро ўз фарзандининг ОТМда ўқиши учун ўз маблағларидан тўловни амалга оширди . Бу ҳолда ЖШДС бўйича имтиёзни у корхонада қўллай олмайди. У декларациялаш чоғида имтиёз олмоқчи.

- Агар декларацияга асосан 2019 йил учун қўшимча ЖШДС ҳисобланса, уни қайси муддатда тўлаш лозим?

- 2019 йил учун жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган ЖШДС 2020 йил 1 июндан кечиктирмай тўланган бўлиши керак .

Агар солиқ тўловчи солиқни ўз вақтида тўламаса, солиқ органи солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли .

Ва албатта, ҳар бир муддати ўтказиб юборилган календарь кун учун 0,0533% миқдорида пеня ҳисобланади .

- Ихтиёрий декларация топшириш чоғида ЖШДС бўйича имтиёз қўлланган. Бунда солиқ бўйича ортиқча тўлов аниқланди. Уни қандай ва қачон қайтаришади?

- Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчига қайтарилиши ёки мол-мулк солиғи ёхуд ер солиғи ҳисобига ҳисобга олиниши лозим .

Солиқ тўловчининг аризасига биноан ортиқча тўланган ЖШДС унга 15 кун ичида қайтарилади .

Эътибор беринг
Даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, уни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш БҲМнинг  1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.