Инкассация орқали нақд пулларни банкка топшириш

29.01.2024
author avatar

Шавкат РАСУЛЕВ

МБ департаменти директори ўринбосари
author avatar

Дилором САИДОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

–  инкассация қилишнинг ижобий ва салбий томонлари;
–  инкассация хизмати билан шартнома тузиш;
–  ҳужжатларни тўлдириш ва нақд пулларни инкассаторларга топширишда ҳаракатлар кетма-кетлиги;
–  сумканинг илова қайдномасини расмийлаштириш;
–  нақд пулларни инкассация хизмати орқали банкка топширишни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш;
–  инкассация қилишда аниқланган камомадлар;
–  инкассация қилинган тушумда сохта купюралар ёки бошқа камомадларни ҳисобда акс эттириш.

 

Касса лимитидан ортиқ бўлган барча нақд пулларни банкка топширишингиз шарт 

Кунлик ўртача нақд пул тушуми :

  • БҲМнинг 20 бараваридан ортиқ бўлса – уни банкка ҳар куни, инкассация хизмати орқали ёки мустақил равишда топширинг;
  • БҲМнинг 20 бараваридан кам бўлса – уни ўзингизга қулай бўлган даврийликда, инкассация хизмати орқали ёки мустақил равишда топширишга ҳақлисиз.

Онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган корхоналар тушумни, унинг миқдоридан қатъи назар, инкассация хизмати орқали ёки мустақил равишда топширишга ҳақли .

Инкассациянинг ижобий ва салбий томонлари

              

Ижобий

Салбий

ишончлилик ва хавфсизлик

бу учун тўлаш керак

пулларнинг тежамкорлиги – хизмат транспортига қилинадиган харажатлар йўқ (ёқилғи, амортизация, ҳайдовчининг иш ҳақи)

қўшимча харажатлар мавжуд (инкассация сумкалари, пломбир, пломбалар ва б.)

иш жойини тарк этиш талаб этилмайди


кассир тушумни банкка кузатиб бориш билан эмас, балки ўзининг тўғридан-тўғри мажбуриятлари билан шуғулланади


Инкассация хизмати билан шартнома  қандай тузилади

Банк, ташкилотингиз ва инкассация хизмати билан уч томонлама шартнома тузинг . Бунинг учун инкассация хизматига хат билан мурожаат қилиб, унга қуйидагиларнинг нусхаларини илова қилинг:

  • директор шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
  • корхонани рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома;
  • нақд пул тушумини топшириш жойлашган жой ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (жойнинг ижара шартномаси ёки мулкдорнинг кадастр ҳужжатлари).

Инкассация қилишга шартномани тузишда:

  • топширилаётган пул купюраларининг миқдоридан келиб чиқиб, «БАНК» сўзи ёзилган инкассация сумкаларини харид қилинг. Улар одатда инкассатор хизмати ҳузуридаги ташкилотларда сотилади. Инкассаторлар уларни каср сон билан рақамлайди (суратда – инкассация бўлимидаги рўйхат бўйича корхонанинг рўйхатдаги тартиб рақами, махражда – сумканинг тартиб рақами). Сумканинг юқори қисмида – йўналиш рақами билан штамп қўйилади;
  • пломбиратор, пломбалар, шпагат, илова қайдномалари бланкаларини сотиб олинг;
  • инкассация хизматига пломбираторнинг аниқ изи билан пломбалар намуналарини тақдим қилинг (агар тушум банкка топширилса – 2 нусха, агар инкассация пунктига бўлса – 3 нусхада). Пломбиратор изида корхонангизни қисқартирилган номи акс эттирилган бўлиши лозим.

Намуналар текширилгандан кейин пломба намунасининг тасдиқланган бир нусхаси сизга берилади. Кассир уни ҳар сафар инкассатор пулларни олиб кетишга келганда тақдим этиши лозим.

Қандай қилиб ҳужжатларни тўлдириб, инкассаторларга нақд пулларни топшириш керак

Нақд пулларни инкассаторларга топширишда ҳаракатлар кетма-кетлиги :

1. Инкассаторларга берилаётган нақд пул маблағлари суммасига чиқим касса ордерини (ЧКО) расмийлаштиринг ва рўйхатдан ўтказинг. Ҳужжатнинг «Берилсин» қаторида кассирнинг ёки ташкилотнинг пуллик сумкани шакллантириш ва инкассаторга беришга жавоб берадиган бошқа ходимининг фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатинг. ЧКОнинг «Асос» сатрида «Инкассатор хизмати орқали банкка бериш ва ҳисобрақамга киритиш учун» деб ёзинг;

2. Кассадан пулни инкассаторга бериш учун ЧКО санасига касса китобида ёзувни амалга оширинг;

3. Сумкага илова қайдномасини нусха кўчирадиган қоғоз (копирка) орқали 3 нусхада тўлдиринг;

4. Сумкани инкассаторларга бериш учун тайёрланг. Бунинг учун:

  • пулларни қайта сананг ва инкассаторлик сумкасига тахланг;
  • пуллик сумкага илова қайдномасининг бир нусхасини (биринчи нусхасини) қўйинг;
  • шпагатли сумкани ўраб-боғланг ва пломба билан шундай муҳрлангки, унинг ўрами бутлигини бузишнинг кўринадиган изларисиз очиш имконияти бўлмасин;

5. Инкассаторга қуйидагиларни беринг:

  • муҳрланган нақд пул солинган сумка;
  • илова қайдномасининг тўлдирилган иккинчи ва учинчи нусхалари;
  • мос келишини текшириш учун пломба изи намунасини.

6. Инкассаторнинг имзоси қўйилган ва муҳри (штампи) билан тасдиқланган кузатув қайдномасининг учинчи нусхасини инкассатордан олинг ва уни ЧКОга илова қилинг . Кузатув қайдномасининг учинчи нусхаси касса ҳужжатлари билан бирга ташкилотда қолади.

Сумканинг илова қайдномаси қандай расмийлаштирилади 

Сумканинг илова қайдномаси учта бланк жамланмасини ўз ичига олади.

Илова қайдномасини нусха кўчирадиган қора қоғоз (копирка) остида унинг иккинчи ва учинчи нусхаларини қўйган ҳолда тўлдиринг :

  • 1-нусха инкассаторлик сумкасининг махсус чўнтагига қўйилади;
  • 2-сумка ва пул тушуми билан бирга инкассаторга берилади;
  • 3-инкассаторнинг имзоси ва муҳри билан корхона кассасида қолади.

Илова қайдномасини расмийлаштиришда қайдноманинг титул томони «Далолатнома» бўлимида майдонларни тўлдирманг. Уларни инкассатор ва банк кассири тўлдиради.

Илова қайдномаси қуйидагича тўлдирилади:

 

Реквизитлар

Нима кўрсатилади

Инкассаторлик сумкасининг рақами

Нақд пул инкассация қилинадиган сумка рақами

Сумма

Инкассация қилинаётган нақд пул суммаси рақам билан. Масалан: 100 000, 50 сўм.

Сана

Инкассация қилиш санаси

Топширувчи

Инкассаторга нақд пулни топширувчи ташкилот номи

Ҳисобрақамга киритиш учун

Нақд пул инкассация қилинадиган банк ҳисобрақамингиз рақами

Олувчи банк, код

Банк номи ва унинг МФО коди

Сумма сўз билан

Инкассация қилинаётган тушум суммаси сўз билан.

Ёзув бош ҳарф билан қилинади, бўш жой чизилади, тийинлар рақамда кўрсатилади. Масалан, юз минг сўм, 50 тийин.

Корхона раҳбари ва кассирнинг имзоси

Кўрсатилган шахсларнинг имзолари

Илова қайдномасининг орқа томонида инкассация сумкасининг ичидагини унга қўйилган купюра номиналлари ва уларнинг сони кесимида кўрсатинг. Инкассация қилинаётган пул маблағларининг умумий суммаси қайдноманинг олд ва орқа томонларига мос бўлиши лозим.

Нақд пулларни инкассация хизмати орқали банкка топширишни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

Қуйидаги ўтказмаларни амалга оширинг:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

Дастлабки ҳужжат 

дебет

кредит

Инкассаторларга нақд пуллар топширилди

5710

5010

Чиқим касса ордери, сумка квитанцияси

Пул маблағлари ташкилот ҳисобрақамига киритилди

5110

5710

Ҳисобрақам бўйича банк кўчирмаси

Инкассация қилишда аниқланган камомадлар

Инкассаторлардан нақд пулни қабул қилишда банкда нақд пулларнинг, шу жумладан тўловга яроқсиз ёки сохта купюралар мавжудлиги сабабли камомад аниқланиши мумкин.

Инкассатор сумкасида камомадлар аниқланганда банк кассири банк назоратчисига бу ҳақда маълум қилади. Агар назоратчи камомадни тасдиқласа, камомад тўғрисида далолатнома тузилади. Сизнинг ҳисобрақамингизга инкассация қилинаётган сумма камомад суммаси чегирилган ҳолда ўтказилади.

Агар банк кассири томонидан аниқланган камомадда шубҳа бўлса, ташкилот вакилига кўриб чиқиш учун сумка банкка келишда очилмаганлигини тасдиқлаш учун пломба билан бирга инкассация сумкасидан шпагат тақдим қилинади.

Бундай сумкадан пломба банк назоратчисида корхона номи, сумка рақами, камомад аниқланган сана, сумма кўрсатилган тегишли ёрлиқ билан бирга 10 иш куни мобайнида сақланади .

Вазият
Нақд пулни инкассация қилишда корхонада вақти-вақти билан камомад юзага келади. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? 
Банк тақдим қилган шпагатли пломбалар шикастланмаган, лекин корхона кассири айбини инкор қилмоқда.
Биринчидан, бундай вазиятда кассирингизга ишончингиз комил бўлиши лозим. Пулларнинг саналиши ва сумканинг муҳрланишини назорат қилинг.
Агар камомад аввалгидек аниқланаверса, корхона раҳбари банкка ёзма ариза билан мурожаат қилиши ва банк кассири томонидан инкассация сумкаси очилиши ва нақд пул саналиши видеоёзувини кўриб чиқиш учун тақдим этилишини сўраши мумкин. Катта эҳтимол билан бундан кейин камомадда айбдор аниқланади ва муаммо ҳал этилади.

Инкассация қилинган тушумда аниқланган сохта купюралар ёки бошқа камомадларни ҳисобда акс эттириш

Агар банк кассири сизнинг инкассация қилинаётган суммангизда тўловга яроқсиз купюраларни топса, олиб қўйиш тўғрисида далолатнома тузилади. Сизнинг ҳисобрақамингизга инкассация қилинаётган сумма сохта купюра номинали чегирилган ҳолда ўтказилади .

Бухгалтерия ҳисобида ҳар қандай камомадни акс эттириш айбдор шахслар аниқланганлигига боғлиқ. Масалан, тўловга яроқсиз купюрани қабул қилган ёки нақд пулни инкассация сумкасига қўймаган корхона кассири бўлиши мумкин.

Ташкилот камомадларни 5910-«Камомадлар ва қимматликлар бузилишидан йўқотишлар» счётига киритади. Ўтказма учун асос бўлиб банкдан олинган далолатномалар ҳисобланади.

Камомадларни қоплаш манбаидан келиб чиқиб қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари қилиниши мумкин:

1) айбдор шахс – корхона ходими аниқланган тақдирда:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни
 

Счётлар корреспонденцияси

Дастлабки ҳужжат 

дебет

кредит

Камомад ёки инкассацияга берилган тўловга яроқсиз купюралар акс эттирилди (сторно)

5710

5010

Банк далолатномаси

Камомад акс эттирилди

5910

5010

 

Ходимларнинг корхона олдидаги қарздорлиги акс эттирилди

4730

5910

Раҳбарнинг буйруғи, айбдор шахснинг зарарни қоплашга розилиги

 

2) агар раҳбар камомад суммасини корхона ҳисобидан ҳисобдан чиқариш бўйича қарор қабул қилса:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни
 

Счётлар корреспонденцияси

Дастлабки ҳужжат 

дебет

кредит

Камомад ёки инкассацияга берилган тўловга яроқсиз купюралар акс эттирилди (сторно)

5710

5010

Банк далолатномаси

Камомад акс эттирилди

5910

5010

 

Камомаддан ёки тўловга яроқсиз купюралардан зарар акс эттирилди

9430

5910

Раҳбар буйруғи

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг