МҲХСга ўтган корхоналарга қандай Счётлар режаси зарур

preview

Молия вазирлиги тамоман янги тузилма ва счётларнинг рақамланиши билан МҲХС бўйича Счётлар режаси лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (Ўз БАМУ) экспертлари уни диққат билан ўрганиб чиқишди ва бухгалтерларга яхши маълум бўлган 21-сон БҲМС негизида Счётлар режасининг муқобил вариантини тайёрлашди. Улар халқаро стандартларга асосан ахборотни ошкор этиш учун зарур бўлган қўшимча счётларни киритган ҳолда, одатдаги тузилма ва рақамлашни сақлаб қолишди. 

Ўз БАМУ экспертлари айнан бундай Счётлар режаси халқаро ва миллий стандартлар бўйича счётлар маълумотларининг солиштирилишини таъминлаши мумкин деб ишонишади. Бу МҲХСга анча равон ўтиш ва МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш мақсадида автоматлаштирилган дастурларни қайта созлаш харажатларини минималлаштириш имконини беради.

 

Ўз БАМУ экспертлари қуйидагилар таклиф қилинган Счётлар режаси лойиҳасининг афзалликлари деб ҳисоблашади:

  • МҲХС бўйича Счётлар режасига ўтишда молиявий ҳисобнинг автоматлаштирилган дастурларини (“1С-Бухгалтерия” ва бошқалар) мослаштиришга минимал харажатлар;
  • 21-сон БҲМС Счётлар режасининг қулай тузилмасининг сақлаб қолиниши ва бир вақтнинг ўзида МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни трансформация қилиш учун бўш счётларнинг ишга солиниши;
  • яқин келажакда барча корхоналарнинг МҲХСга ўтишини ҳисобга олган ҳолда – Ўзбекистоннинг барча корхоналари –  кичик ва йирик корхоналар учун бухгалтерия ҳисоби счётларининг одатдаги намунавий тузилмаси ва рақамланишининг сақлаб қолиниши.

21-сон БҲМС бўйича Счётлар режасининг муқобил вариантини ишлаб чиқувчилар томонидан келтирилган далилларни тасдиқлаш учун Ўз БАМУ молиявий ҳисоб мутахассислари ва аудиторлар орасида Google-овоз беришни ўтказди. Сўровда 115 киши иштирок этди. Қуйида унинг натижаларини ҳавола этамиз:

Тезис

Сўров натижалари

Ҳа

Йўқ

  • МҲХСни қўллайдиган корхоналар учун бухгалтерия ҳисоби Счётлар режасини амалдаги 21-сон БҲМС асосида тайёрлаш мақсадга мувофиқдир

101

14

  • МҲХСни қўллайдиган корхоналар учун бухгалтерия ҳисоби Счётлар режаси тавсиявий тусга эга бўлиши керак

83

26

  • Ҳар бир корхона қўлланиладиган бухгалтерия ҳисоби Ишчи счётлар режасини – кейинчалик зарурат бўлганда янгилаган ҳолда тасдиқлаши шарт

81

34

  • МҲХСни қўллайдиган корхоналар учун бухгалтерия ҳисоби Счётлар режаси Молия вазирлиги томонидан бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан келишилган ҳолда тасдиқланади

76

19

  • МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш даврийлиги ва муддатини ҳар йиллик асосда 15 июнга қадар этиб белгилаш мақсадга мувофиқдир

63

51

  • МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни давлат солиқ хизмати  органларига 2025 йилдан бошлаб ҳар чоракда ва йил якунлари бўйича тақдим этиш мақсадга мувофиқдир

39

76

  • МҲХС бўйича молиявий ҳисоботнинг намунавий шакллари Молия вазирлиги томонидан бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан келишилган ҳолда тасдиқланади

91

24

  • МҲХС бўйича молиявий ҳисобот шакллари Молия вазирлиги томонидан қўллаш учун таклиф этилади ва тавсиявий тусга эгадир

82

33

  • МҲХС бўйича молиявий ҳисобот шакллари МҲХСни қўллайдиган корхоналар учун стандарт тарзда ва ягона бўлиши керак эмас

64

49

  • Корхоналарда МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни тайёрлашда МҲХСга асосан маълумотлар мавжуд бўлмаган сатрларни чиқариб ташлаш ҳуқуқи бўлиши керак

97

18

  • Корхоналарда МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни тайёрлашда МҲХСга асосан маълумотларни ошкор қилиш учун қўшимча сатрларни қўшиш ҳуқуқи бўлиши керак

102

13

Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси барча манфаатдор мутахассисларга юқорида келтириб ўтилган Google-овоз бериш натижаларини конструктив тарзда муҳокама қилишни ва у ёки бошқа лойиҳа юзасидан зарур далилларни баён этишни таклиф қилади.

Миновар ТУЛАХОДЖАЕВА,

Ўз БАМУ Кенгаши раиси


МҲХС МҲХС МҲХС /uz/publish/doc/text184523_mhhsga_utgan_korhonalarga_qanday_schetlar_rejasi_zarur