2023 йилда мол-мулк солиғини қандай тўлаймиз

preview

СКга юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ қисмида киритилган ўзгартиришлар ҳисоботни тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатларига дахл қилади. Жисмоний шахслар учун яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари қисмида солиқ суммасини ўтган йилдагига нисбатан ўсишини чеклаш бекор қилинади ва ставкалар индексация қилинади:

 

Юридик шахслар учун 

1. Қуйидагилар сақлаб қолинади:

  • солиқ базасини белгилаш тартиби;
  • 1 кв. м учун мутлақ миқдорда энг кам қиймат миқдорлари (масалан, Тошкент шаҳрида – 2,5 млн сўм);
  • маҳаллий органларнинг ҳудудларда энг кам қийматга 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициентни белгилаш ҳуқуқи;
  • 1,5 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси.

 

2. Айрим объектлар бўйича ставка ўзгартирилди

СКнинг 415-моддаси 3-қисмида кўрсатилган объектлар бўйича солиқ ставкаси 0,5%дан 0,6%гача оширилди. Булар – умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек консервация қилиниши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва тугалланмаган қурилиш объектлари.

 

3. СКда фойдаланилмаётган объектлар учун оширилган ставкаларни бекор қилиш мустаҳкамланди

2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб солиқнинг оширилган ставкалари фойдаланилмаётган майдонлар ва тугалланмаган қурилиш объектларига нисбатан қўлланилмайди. Энди ушбу норма СКга киритилди.

 

4. Ҳисоботни тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари ўзгартирилди

Айнан қуйидагиларни топшириш муддати белгиланди:

  • бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотнома – 2023 йилнинг 20 январидан кечиктирмай (илгари – жорий йилнинг 10 январига қадар бўлган);
  • йиллик ҳисоб-китобни тақдим этиш ва солиқни якуний тўлаш (бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда) – 1 мартдан кечиктирмай (илгари – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш билан бир вақтнинг ўзида,  норезидентлар учун эса – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралига қадар).

Қуйидагилар бўнак тўловларини тўлайдилар:

  • айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар – ҳар чоракдаги учинчи ойнинг 20-санасидан кечиктирмай (биринчи сафар бўнак 2023 йилнинг 20 мартидан кечиктирмай тўланади). Илгари улар бўнакларни ҳар чоракдаги учинчи ойнинг 10-санасидан кечиктирмай тўлашган;
  • қолган тўловчилар – ҳар ойнинг 10-санасидан кечиктирмай. Бунда январь ойи учун бўнакни 20 январдан кечиктирмай тўлаш мумкин.

 

Жисмоний шахслар учун

1. Солиқ суммасини ўтган йилдагига нисбатан оширишга чеклов сақлаб қолинмоқда

Чеклов турар жой фонди объектларига, шу жумладан, кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган машина турар жойларига эга бўлган жисмоний шахслар учун амал қилади.

2023 йилда 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси 2022 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баравардан ортиқ миқдорда ошиши мумкин эмас. Ушбу чеклов 2018 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли барча кўчмас мулк объектларига нисбатан қўлланилади.

Бунда яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари қисмида солиқ суммасини ўтган йилдагига нисбатан ўсишини чеклаш бекор қилинади.  

 

2. Солиқ  ставкалари индексация қилинади

2022 йилда амал қилган солиқ ставкалари ўртача 10%га индексация қилинмоқда. Бунда 2018 йилда кадастр органлари томонидан белгиланган солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати миқдори (солиқ базаси) сақлаб қолинади.

 

3. СКда фойдаланилмаётган объектларга нисбатан оширилган ставкаларни бекор қилиш мустаҳкамланди

2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб солиқнинг оширилган ставкалари фойдаланилмаётган майдонлар ва тугалланмаган қурилиш объектларига нисбатан қўлланилмайди. Энди ушбу норма СКга киритилди.

 

 

Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи /uz/publish/doc/text187049_2023_yilda_mol-mulk_soligini_qanday_tulaymiz