Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қурилиш муддати тугаб, участка майдони камайтирилса
“2022 йилнинг апрель ойида ЛСҲ бўйича бино қурилишининг норматив муддати тугади. Шу ойда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасининг майдони камайтирилди, кадастр ҳужжатлари қайта расмийлаштирилди”.
Мазкур вазиятнинг солиқ оқибатлари ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларини прогнозлаштириш департаменти бош мутахассиси Муҳиддин ХОЛМУРОДОВ гапириб берди:
Тугалланмаган қурилишда мол-мулк солиғи
– Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи солинадиган объектлари жумласига қурилиши тугалланмаган объектлар ҳам киради. Бу – лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар. Агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса – қурилишга ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар .
Солиқ базаси – тугалланмаган қурилишнинг ўртача йиллик қиймати .
Ўртача йиллик қиймат календарь йилдаги ҳар бир ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра қурилиши тугалланмаган объектларнинг қийматларини қўшишдан олинган сумманинг 1/12 қисми сифатида ортиб борувчи якун билан аниқланади . Ушбу қийматлар йил давомида амалга оширилган капитал қўйилмаларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Бино қурилишининг норматив муддати 2022 йилнинг апрель ойида тугаганлиги боис, ушбу ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра мазкур объект мол-мулк солиғи ҳисоб-китоби мақсадида қурилиши тугалланмаган объект ҳисобланади.
Ушбу объект бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш учун қуйидаги формулани қўлланг:
- 2022 йил учун солиқ = (30 апрель ҳолатига кўра қиймати + 31 май ҳолатига кўра қиймати + ...+ 31 декабрь ҳолатига кўра қиймати) : 12 х 3%.
3% – қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича солиқ ставкаси .
Солиқ мажбурияти юзага келган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмай солиқ органига бўнак тўловлари тўғрисида маълумотномани тақдим этинг. Уларни белгиланган муддатларда тўланг .
Участканинг майдони камайтирилганда ер солиғи
Юридик шахслар мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида фойдаланиладиган ер участкалари учун ер солиғи тўлайди .
Солиқ базаси ер участкасининг майдони камайтирилган ойдан бошлаб камайтирилади . Кўриб чиқилаётган ҳолатда солиқ базаси 2022 йил апрелдан бошлаб камайтирилади.
Аниқлаштирилган Ер солиғи ҳисоб-китобини солиқ органига кадастр ҳужжатлари қайта расмийлаштирилган кундан эътиборан 1 ой давомида тақдим этинг .