ЯММТ билан қандай ишланади? Долзарб саволларга жавоб беришни давом эттирамиз

preview

1. Директор кадрлар хизмати ходимида алоҳида ЭРИ бўлишини истайди. Бироқ бизга ЯММТда фақат директор номига берилган юридик шахснинг ЭРИси билан ишлаш мумкин, дейишмоқда.

– Бу – тўғри. Сиз фақат директор номига берилган юридик шахснинг ЭРИси билан ЯММТга киришингиз ва унда ишлашингиз мумкин.

Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган ҳолда директор номига берилган чексиз миқдорда ЭРИ олиш мумкин. Бундай ЭРИлардан бирини буйруқ билан ЯММТ билан ишлашга жавобгар ходимга бириктиринг. Буйруқ намунасига қаранг.

Қандай қилиб қўшимча ЭРИ олиш тўғрисидаги йўриқнома – бу ерда.

ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМга 202-32-32 телефон рақами (ички телефон рақамлари 645,657,642) орқали мурожаат қилган ҳолда ЭРИ тўғрисида батафсил ахборотни олиш мумкин.

2. ЯММТга биринчи марта киришда тизим автоматик равишда тўлдириладиган юридик шахс тўғрисидаги ахборотни тасдиқлашни таклиф этади. Биз корхона номи ва директорнинг фамилиясида хатони аниқладик. Нима қилиш лозим?

– Сиз ёзувни мустақил равишда таҳрир қилишингиз мумкин (қалам тасвири туширилган махсус тугма мавжуд). Агарда тизимга кейинги ҳар бир киришда сиз хатоси бор эски ахборотни кўрсангиз, юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жой бўйича солиқ инспекциясига мурожаат қилишингиз  ва ўз ҳисоб маълумотларингизни тузатишингиз зарур.

3. ЯММТ билан ишлаш чоғида ахборот киритиш учун жавобгар бўлган шахснинг ФИОни қаерда кўрсатиш керак?

– Бевосита тизимда ушбу ахборот ҳеч қаерда акс эттирилмайди. ЯММТга ахборот киритиш учун жавобгар шахсни фақат мазкур ходим тизимда ишлаши учун ваколат берилган корхонанинг локал ҳужжатларида белгилаш мумкин. Раҳбар буйруғининг намунасига қаранг.

4. ЯММТ интерфейси унда ўзбек тили (лотин ва кирилл ёзувлари) ва рус тилида ишлаш имконини беради. Амалиётда кадрлар хизмати ходимлари мураккабликларга дуч келишмоқда. Бўлинмалар номини тизимга фақат ўзбек тилида киритиш мумкин, акс ҳолда маълумотлар қабул қилинмайди. Классификатор бўйича лавозимлар тўғрисидаги ахборот эса фақат  рус тилида ёки лотин ёзувида ёзилган русча сўзлар билан акс этади. Шу билан бирга интерфейснинг ўзида майдончалар номида талай хатолар ва қонун ҳужжатларида фойдаланиладиган атамаларга номувофиқлик мавжуд. Буларнинг бари ишлашни қийинлаштиради, хато қилиш хатарини оширади. Қандай йўл тутиш лозим?

– ЯММТ тизими – янги, ишлаб чиқувчилар унинг устида ишлашда давом этмоқдалар. Яқин вақтда ушбу барча камчиликлар бартараф этилади. Ишлаб чиқувчилар камчиликларни тузата олишлари учун барча аниқланган камчиликлар тўғрисида уларга хабар беринг. Буни  +998 71 200 70 30 телефон рақами орқали ёки телеграм-каналда амалга ошириш мумкин. 

5. Корхона директори унинг ягона таъсисчиси ҳисобланади. У ўзи имзолаган буйруқ билан ишга қабул қилинган. Меҳнат шартномаси расмийлаштирилмаган, сабаби уни имзолайдиган кимса йўқ. Қандай қилиб тизимга раҳбар тўғрисидаги маълумотларни киритиш мумкин?

– ЯММТ тизимида ишлаш меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш асосига қурилади. Саволда баён этилган вазиятдан чиқиш учун ишлаб чиқувчилар ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий тушунтириши талаб этилади. Бундай ҳужжат ҳозирча йўқ. Шу боис раҳбар билан меҳнат муносабатларини ЯММТда рўйхатдан ўтказишни расмий тушунтиришлар пайдо бўлгунга қадар кечиктиринг.

6. Электрон меҳнат дафтарчаларига ахборот қандай киритилади?

– Электрон меҳнат дафтарчаси – бу меҳнат шартномасини тузиш, унга ўзгартириш киритиш ва тугатиш чоғида кадрлар хизмати ходими томонидан тизимга киритиладиган маълумотлар асосида автоматик тарзда тўлдириладиган ЯММТнинг бўлими. Бошқа ахборот тегишли интеграциялашган тизимлардан олиб ўтилади (СТИР, дипломлар тўғрисидаги маълумотлар базалари ва ҳ.к.).

7. Иш берувчи жисмоний шахсни ишга қабул қилишда қандай қилиб ҳисоби ЯММТ ёрдамида юритилган давр учун унинг меҳнат стажи тўғрисидаги ҳужжат билан тасдиқланган ахборотни олиши мумкин?

– ЯММТда иш берувчи ходимнинг меҳнат стажи тўғрисидаги ахборотга фақат у билан тузилган меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилгандан кейин кириш имконига эга бўлади. Зарур ахборот ходим томонидан чоп этилган тарзда тақдим этилиши мумкин. ЯММТ ишлаб чиқувчилари бундай чоп этилган шаклдаги ахборотнинг ҳаққонийлигини осон текшириш имконини берадиган QR – кодлар тизимини жорий этишни режалаштиришмоқда. Ҳозирча ходимга бутунлай ишонишга тўғри келади.

8. Агар ЯММТда иш ўрни 5 кундан ортиқ очиқ қолса, у автоматик тарзда Бўш иш ўринлари миллий базасида акс этади. Бу ҳолда Бандликка кўмаклашиш маркази иш берувчига, нодавлат ташкилотга улар юборган номзодни ишга қабул қилиш мажбуриятини юклаши мумкинми? Агар сизда мўлжаллаб қўйган мутахассис бор бўлса, шартнома тузиш ҳақида у билан келишиб қўйган бўлсангиз, қандай йўл тутган маъқул?

– Бандликка кўмаклашиш маркази фақат номзодни юбориши ва иш берувчига уни қабул қилишни тавсия қилиши мумкин.  Охирги сўзни ҳар доим иш берувчи айтади.

9. ЯММТда ички ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлайдиган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари ва қўшимча келишувларни рўйхатдан ўтказиш лозимми?

– ЯММТ ишлаб чиқувчиларининг тушунтиришича, ҳозирча фақат ташқи ўриндошлик асосида ишловчилар билан тузилган меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш лозим.

10. Барча таътилларни ЯММТда рўйхатдан ўтказиш зарурми?

– Йўқ, ҳаммасини эмас. Ишлаб чиқувчиларнинг тушунтиришича, фақат ижтимоий таътиллар мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозим. Бошқа барча таътиллар фақат асосий ходим бўлмаган вақтда муддатли меҳнат шартномаси бўйича вақтинчалик ходим қабул қилинган тақдирда рўйхатдан ўтказилади.

ЯММТ бўйича долзарб саволларга янада кўпроқ жавобларни бу ерда, бу ерда, бу ерда, бу ерда ва бу ерда ўқинг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

My.mehnat.uz My.mehnat.uz My.mehnat.uz /uz/publish/doc/text156988_yammt_bilan_qanday_ishlanadi_dolzarb_savollarga_javob_berishni_davom_ettiramiz