Ҳозир амалдаги меҳнат шартномалари маълумотларини ЯММТга киритиш зарурми?

preview

2020 йилда “Ягона миллий меҳнат тизими” дастурий комплексининг  (ЯММТ)   жорий этилиши тадбиркорларни Солиқ кодекси янги таҳрирининг қабул қилиниши, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКМга ўтилишидан кам ташвишга солаётгани йўқ.  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Mehnat.uz» МЧЖ дастурий-компьютер маркази директори Алишер ЭЛМУРОДОВ тизимни синаб кўриш лозим, бироқ амалдаги меҳнат шартномалари бўйича бутун маълумотларни киритишга шошилмаслик керак, деб ҳисоблайди.

- Кадрлар хизмати ходимлари меҳнат шартномаларини ЯММТда мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилгандан кейин ўз мажбуриятларини уддалай олишлари юзасидан ташвиш чекмоқдалар. Ахир белгиланган муддатларга риоя қилинмаганлиги учун жарималар қўлланилади-да. Сиз мутахассисларга нималарни тавсия қиласиз?

- Меҳнат шартномасини у тузилган кунда рўйхатдан ўтказиш – бу, албатта энг яхши вариант, бироқ буни бажариш мушкул. Яқин орада Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқади, унда меҳнат шартномаларини ЯММТда рўйхатдан ўтказишнинг ташкилий масалалари баён этилади. Хусусан, тузилган меҳнат шартномаси тўғрисидаги ахборот тизимга киритилиши лозим бўлган муайян муддатни назарда тутиши режалаштирилмоқда. Бу мақсадлар учун ҳужжат имзоланган пайтдан эътиборан 5-10 кун ажратиш кўзланмоқда.

Биз тажриба ўтказиб, унинг асносида кадрлар хизмати ходимига 50 нафар ходимдан иборат ташкилотнинг ходимлари бўйича барча ахборотни ЯММТга киришига қанча вақт талаб этилишини аниқладик. Бир ярим кун талаб этилар экан.

Битта меҳнат шартномаси тўғрисидаги ахборотни киритишга беш дақиқадан кўп бўлмаган вақт талаб этилади. Иш тажрибаси билан бу ишни бажариш тезлиги ошади.

Эътибор беринг, 2020 йил 1 январга қадар тузилган корхонада амал қилаётган меҳнат шартномалари тўғрисидаги ахборотни 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар киритиш лозим бўлади. Бу кадрлар хизматлари ходимларига ўз иш юкламасини қулай ишлаш учун режалаб олиш имконини беради.

-Электрон меҳнат шартномалари иш берувчи томонидан ЯММТ тизимига амалдаги ва тузиладиган меҳнат шартномалари тўғрисидаги ахборотни киритишда автоматик тарзда тўлдирилади. Агар ходим ўз электрон меҳнат дафтарчасида олдинги даврларда бошқа ташкилотлардаги иши тўғрисидаги ахборотни бўлишини истаса-чи?

- Ходим бу маълумотларни ўзининг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси маълумотларига асосланган ҳолда мустақил равишда киритиши мумкин. Бироқ кейинчалик у бу ахборотни тасдиқлаш учун олдинги иш берувчисига  мурожаат қилиши лозим бўлади. Акс ҳолда киритилган маълумотлар тасдиқланмаган ҳисобланиб, стажни ҳисоблашда эътиборга олинмайди.

Бунда корхонанинг тугатилганлиги, улар офисларининг янги жойга кўчирилганлиги билан боғлиқ мураккабликлар юзага келиши мумкин. Шу боис ишлаб чиқувчилар меҳнат дафтарчаларининг бутун таркибини рақамлаштиришга доир аввал айтиб ўтилган ғоядан воз кечишди.

Белгиланишича, меҳнат стажи:

  • 2020 йил 1 январга қадар – ЯММТ жорий қилингунгача ўрнатилган тартибда;
  • 2020 йил 1 январдан сўнг – ЯММТда мавжуд маълумотлар асосида (қонун ҳужжатларида белгиланган алоҳида ҳоллардан ташқари) ҳисобланади.

ЯММТдаги маълумотларни иш берувчилар, архивлар ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг маълумотномалари билан тасдиқлаш зарур бўлмайди. Ахборот киритиш пайтида автоматик тарзда верификация қилинади. Бунинг учун ЯММТ ДСҚ, Давлат персоналлаштириш маркази, Пенсия жамғармаси, соғлиқни сақлаш ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Халқ банки” ва меҳнат органлари  тизимлари билан интеграцияланади. Бу давлат пенсияси тайинланиши юзасидан мурожаат қилувчиларни маълумотномалар олиш учун турли инстанцияларга югуриб-елишдан халос этади.

- “ЯММТ” ишдан чиқиб, маълумотлар йўқолиши ҳоллари содир бўлиши мумкинми?

- Бу эҳтимолдан узоқ нимадир содир бўлса, юзага келиши мумкин. Қолган барча вазиятлар ҳисобга олинган. Бундай хавфсизлик даражасини таъминлаш учун, биз махсус ускуналар сотиб оламиз. Қўлланиладиган хавфсизлик тизимларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни режалаштираяпмиз.

Ҳозирча ЯММТ билан фақат республика ҳудудида ишлаш мумкин. Келгусида биз одамлар ер куррасининг исталган нуқтасидан ўз меҳнат фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиши имкониятига эга бўлиши даражасида тизимни такомиллаштиришни кўзламоқдамиз.

Иш берувчилар тизимга фақат электрон рақамли имзо ёрдамида киришлари мумкин. Ходимлар учун тизимдаги ахборотга киришнинг турли вариантлари кўриб чиқилди. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, СТИР ва телефон рақамини қўллашни – хавфсиз эмаслиги сабабли рад этдик. Ходимлар тизимга шахсий ЭРИ ва OneID ёрдамида кирадилар.

- Баъзи бухгалтерлар янги йилнинг дастлабки кунларида ишни енгиллатиш учун ҳозирнинг ўзида ЯММТга ахборот киритишмоқда. Улардан ўрнак олса бўладими?

- Тавсия этмайман. Ҳозир тизим қайта ишлаш босқичида турибди, унга тажриба лойиҳаси қатнашчиларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда охирги ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу билан бирга тизимга ҳавола бўйича ҳамма кириши мумкин. Ва мен ундан фойдаланиб қолишни тавсия қиламан. Тизимга шунчаки унинг тузилиши билан танишиб чиқиш, ишлаб кўриш учун кирган маъқул.

Бунда пассив фойдаланувчи бўлмаслик керак.  Агар саволлар ёки таклифлар бўлса, бизга (+998 71) 200-70-30 телефон рақами орқали қўнғироқ қилинг ёки телеграммга ёзинг. Биз ҳар кимга ёрдам бериш ва амалий мулоҳазаларни инобатга олишга тайёрмиз.

- ЯММТда фақат давлат тилида ишлаш мумкин бўладими?

- ЯММТ ҳужжатларни ўзбек ва рус тилларида киритилишини назарда тутувчи “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ишлайди. Дастур интерфейси иккала тилни ҳам қўллаб-қувватлайди. Ўзбек тилида ҳам лотин, ҳам кирилл ёзувида ишлаш мумкин. Шунингдек, ҳозир тизимнинг қорақалпоқ тилидаги версияси устида ишламоқдамиз.

- ЯММТда ишлаш учун кадрлар хизмати ходими қандай кўникмаларга эга бўлиши керак?

- ЭРИ ва интернет браузерлари билан ишлаш тажрибаси етарли.

Айтиб ўтганимдек, тизимга иш берувчи ЭРИ ёрдамида кириши мумкин. Шундан кейин тизим нима қилиш кераклигини ўзи айтиб туради. Агар сиз эндигина тизим билан ишлашни бошлаётган бўлсангиз:

  • иш берувчи тўғрисидаги ахборотни текшириш ва бу саҳифадаги бўш майдонларни тўлдириш лозим;
  • базада ташкилотнинг бўлинмаларини барпо этиш лозим. Агар улар бўлмаса, бу қадам ўтказиб юборилади;
  • базада штат жадвалига асосан иш ўринларини ташкил этиш лозим. Ёдда тутинг: агар иш ўринлари беш кундан ортиқ бўш турса, у автоматик тарзда Бандлик ва меҳнат муносабатлари сайтида кириш мумкин бўлган Республика бўш иш ўринлари маълумотлар базасига тушади. Бўш иш ўрнини ушбу базага анча барвақт, базада иш ўрни барпо этилгандан кейин, тегишли сатрни белгилаш орқали жойлаштириш мумкин;
  • ходимни ишга қабул қилишда сиз “Шартнома тузиш”  тугмасини босиб, меҳнат шартномаси тўғрисидаги ахборотни киритасиз.

Агар сиз тизимдан фойдаланаётган бўлсангиз, унинг ёрдамида меҳнат шартномаларига қўшимча келишув расмийлаштириш йўли билан ўзгартиришлар киритишингиз, амалдагисини бекор қилишингиз ва янги меҳнат шартномаларини тузишингиз, Меҳнат кодексида назарда тутилган барча ижтимоий таътилларни рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. Бунинг учун тизимга киргандан кейин дарҳол керакли ҳаракатларга ўтиш лозим. Электрон меҳнат дафтарчалари автоматик тарзда тўлдирилади.

Ҳаммаси жуда содда тузилган, сиз тизимга унча кўп бўлмаган ахборотни киритишингиз лозим бўлади.

- Тадбиркорлар улар ёпиқ ахборотни ошкор қилишларига тўғри келишидан хавотир бўлишмоқда. Масалан, - иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар.

- Ҳеч ким улардан бу маълумотларни ошкор қилишни талаб қилмаяпти. Иш ўрни ташкил этишда тизимда иккита майдон бўлиб, уларга маош ва унга устамалар тўғрисидаги ахборот киритилади. Устамалар тўғрисидаги графада уларнинг миқдорини кўрсатиш зарур эмас, шунчаки мумкин бўлган иккита вариантдан бирини: “мавжуд” ёки “йўқ”ни танланг.

Республика иш ўринлари базаси ЯММТнинг таркибий қисми ҳисобланиб, унда барча ташкилотлардаги бўш иш ўринлари акс эттирилади. Бу иш излаётганлар орасида катта талабга эга бўлиши кутилмоқда.

Бўш иш ўрнингизга эътибор жалб қилиш учун ахборот тизимида иш ҳақи тўғрисидаги маълумот бўлиши керак. Ходимга қўйиладиган талаблар ва иш шароитлари батафсил баён этилиши лозим бўлган майдонлар ҳам шу мақсадда назарда тутилган.

- Иш ўрнини барпо этишда тизимда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига асосан лавозим ёки касбнинг номи кўрсатилиши зарур. Шунингдек, ташкилотда қабул қилинган лавозимлар номи кўрсатилиши лозим. Бу нима учун керак?

- Расмий ҳужжат айланишида иш берувчилар классификаторда назарда тутилган лавозимлар ва касблар номларини қўллашлари шарт. Бироқ амалиётда бу баъзи мураккабликлар билан бирга кечади. Классификаторда, масалан,  яқинда бозорда пайдо бўлган лавозимлар ва касблар бўлмаслиги мумкин. Сиз ҳали унда «SMM-мутахассиси», «коуч», «криптовалюта ва блокчейн бўйича мутахассис» каби позицияларни топа олмайсиз. Ёки ташкилотингизда лавозим ёки касбни аниқлаштирувчи ном қабул қилинган бўлиши мумкин. Масалан, сиз шунчаки «дастурчи» эмас, балки билиши лозим бўлган дастурлаш тилини кўрсатган ҳолда «...ни биладиган дастурчи» деб ёзасиз.

Шу боис Классификатор бўйича ахборот учун графада сиз ходимнинг реал мажбуриятлари моҳиятига кўпроқ тўғри келадиган позицияни танлашингиз лозим бўлади.

Иккинчи графада эса корхонангизда қабул қилингани каби лавозим ёки касбнинг номини кўрсатиш лозим. Бу ахборот классификаторни янада такомиллаштириш, шунингдек меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларини ўрганиш учун муҳимдир.

- ЯММТни барпо этишда бошланғич босқичда унинг ишлаб чиқувчилари меҳнат шартномаларини қоғоз шаклида тузишдан электрон шакл фойдасига бутундай воз кечишини режалаштиришган эди. Нима учун пировардида бу ғоядан воз кечилди?

- Агар биз меҳнат шартномаларининг электрон шаклини жорий этган бўлганимизда, барча жисмоний шахслар уларни имзолаш учун ЭРИга эга бўлишлари лозим бўларди. Лекин ҳозирча ЭРИ ҳамма ўзбекистонликларда ҳам мавжуд эмас. Рақамли имзонинг мавжуд эмаслиги ишга жойлашишда тўсиқ бўлиши мумкин, шу боис бу вариантдан ҳозирча воз кечишга қарор қилинди. Меҳнат шартномалари, илгаригидек, ҳозирча қоғоз шаклида расмийлаштирилади. Уларни шунчаки ЯММТда рўйхатдан ўтказиш зарур бўлади.

Ўйлайманки, вақти билан биз барча меҳнат шартномалари электрон шаклда тузиладиган пайтга келамиз.  Техник нуқтаи назардан бунинг имконияти бор.

- Меҳнат шартномаси ЯММТда қандай рўйхатдан ўтказилади?

-Тизимда белгиланган бўш иш ўрни қаршисида “Шартнома тузиш” тугмаси бор. Уни босгандан кейин сизга шаклни тўлдириш таклиф қилинади. Янги ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исмидан ташқари меҳнат шартномасидан иш жойи ва жадвали, таътиллар ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги ахборот тизимга олиб ўтилиши лозим. Ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилгандан кейин  тегишли графага буйруқ рақами тўғрисидаги ахборотни киритинг.

- Амалиётда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар фаол қўлланилмоқда, унинг доирасида жисмоний шахс муайян ишни бажаради. Уларни ҳам ЯММТда рўйхатдан ўтказиш лозим бўладими?

- ЯММТда фақат Меҳнат кодекси талабларига мувофиқ тузилган шартномалар рўйхатдан ўтказилади. Улар тўлиқ бандликни ёки ўриндошлик асосида ёхуд  бир неча лавозимда ва касбда ишлашни назарда тутиши мумкин.

- Кадрлар хизматлари ходимларидан ҳамон ЯММТни жорий этишни кечиктириш таклифини этишитишимиз мумкин. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

- Кечиктириш – бу  яхши вариант эмас. Меҳнат бозори ахборот тизимлари   кўп мамлакатларда қўлланилмоқда. ЯММТни жорий этиш меҳнат бозори регулятори – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, иш берувчилар ва ходимлар олдида улкан имкониятларни очади.

ЯММТ барча иш берувчиларни қамраб олиши боис, Ўзбекистонда меҳнат бозори тузилмаси ҳақида анча аниқ ахборот пайдо бўлади. У кадрларни  аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда тайёрлаш тизими, меҳнат бозори ва бошқа ижтимоий муҳим масалаларни ҳал қилиш учун зарур.

Ҳозир маълумотларни қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига киритиш учун қанча вақт зарур? Кадрлар хизмати ходимларнинг пенсияга чиқишида архив маълумотномаларини бериш учун қанча вақт ва асабларини сарфлашади? ЯММТ жорий этилиши билан бу сарфлар ўтмишда қолади, ҳаммаси автоматлаштирилади.

Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари кам ахборот сақлайди ва бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Электрон меҳнат дафтарчаси автоматик режимда иш берувчига ходим тўғрисида: унинг маълумоти, соғлиғи юзасидан кўпроқ ҳаққоний ахборот олиш имконини беради. Ходим, ўз навбатида, компьютер ёрдамида ўзининг меҳнатга доир тарихини кўриб чиқиши, шунингдек иш жойидан маълумотномани мустақил равишда чоп этиши мумкин бўлади.

  Олег Гаевой