Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бозорда харид қилинган товарлар учун тўғри ҳисоблашиш
“Корхона ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳамда лицензиялашни талаб қилмайдиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа товарларни экспорт қилади. Корхона ушбу товарларни харид далолатномаларини тузган ҳолда бозорда нақд пулга сотиб олади. Бундан ташқари, товарларни харид қилиш учун маблағлар жисмоний шахснинг (директорнинг) пластик картасига - ҳисобдорлик бўйича ўтказилади. Айрим товарлар УФга ҳисса сифатида киритилган”.
Кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар қанчалик қонунийлигини buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ тушунтирди:
– Корхона харид қиланадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун пул маблағларини жисмоний шахсларнинг (товар етказиб берувчилар эмас) пластик карталарига ўтказиш ва ушбу карталардан харидлар учун тўловни амалга ошириш орқали ҳисоблашишга ҳақли эмас.
Агар сиз товар етказиб берувчи бўлмаган жисмоний шахснинг банк картасига пул ўтказсангиз, улар ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинадиган жисмоний шахснинг даромади деб эътироф этилиши мумкин.
Сиз харид қиланадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қуйидагилар орқали ҳисоблашишингиз мумкин:
- нақдсиз шаклда тўлов - пул маблағларини корхонанинг ҳисобварағидан етказиб берувчининг ҳисобварағига ўтказиш;
- корхонанинг корпоратив картаси орқали тўлаш;
- товар харид қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, хизмат кўрсатувчи банкдан олинган пул маблағлари билан нақд шаклда тўлаш.
Корхонанинг таъсисчилари устав фондига ҳиссани мол-мулк билан киритишга ҳақли. Бу ҳолда ҳам уни харид қилиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиш лозим.