Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Фискал хотирали НКМдан қачон воз кечилади
ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари учун фискал хотирали НКМни қўллашга оид мажбурият бекор қилинади. Бироқ норматив ҳужжатларда эски намунадаги НКМдан воз кечишнинг аниқ муддатлари кўрсатилмаган. Buxgalter.uz ушбу вазиятга ойдинлик киритишга уриниб кўрди.
ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМда тушунтиришларича, фискал хотирали НКМни ҳисобдан чиқариш ҳамда онлайн-НКМ ёки виртуал кассани рўйхатдан ўтказиш бир занжирнинг бўғинлари ҳисобланади. Онлайн-касса ўрнатилганидан кейин ҳам аввалги касса аппарати қандайдир сабабга кўра ҳисобдан чиқарилмай қолган бўлса, бу ишни зудлик билан амалга ошириш керак. Акс ҳолда солиқ органлари ходимларида саволлар туғилиши мумкин. Солиқчилар фирма томонидан ўрнатилган онлайн-НКМдан фойдаланилмаётганлигини исботлаган тақдирда, фирмага жарима солинади.
Фискал хотирали НКМ ҳисобдан қандай чиқарилади
Фискал хотирали НКМни ҳисобдан чиқаришда 17.11.2011 йилдаги 306-сон ВМҚга амал қилиш лозим.
Рўйхатдан ўтган жойингиздаги туман солиқ инспекциясига ўзингиз келиб мурожаат қилинг, ДСИ бошлиғи номига ёзилган фискал хотирали НКМни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги аризани топширинг. Аризада хўжалик юритувчи субъектнинг реквизитлари (номи, СТИР, манзили), НКМ модели ва завод рақами, рўйхатдан чиқариш сабабларини (виртуал касса ёки онлайн-НКМга ўтиш) кўрсатинг.
Аризага қуйидагиларни илова қилинг:
- НКМни рўйхатдан ўтказиш карточкаси;
- кассир-операционистнинг назорат-касса дафтари.
ДСХО томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан кейин 3 кун ичида уларнинг тўғрилиги ва ишончлилиги текшириб чиқилади, НКМ рўйхатдан ўтказилган бутун давр учун фискал хотирадаги якуний маълумотлар олинади ҳамда рўйхатдан ўтказиш карточкасига ва НКМни рўйхатдан ўтказиш дафтарига тегишли ёзувлар қайд этилади.
Бундан кейин сизга кассир-операционист дафтари ва НКМни рўйхатдан ўтказиш карточкаси ушбу даврдан бошлаб фақат сақлаш учун қайтариб берилади. Онлайн-НКМ ва виртуал кассадан фойдаланилганда кассир-операционист дафтари юритилиши шарт эмас.
Яна бошқа вариантлар ҳам борми?
Сизга ТХМда ёрдам беришлари мумкин. Қоидага кўра, қуйидаги ҳолларда сўзсиз натижага эришиш мумкин:
- НКМни модернизация қилиш ва ўрнатиш бўйича шартнома тузадиган бўлсангиз. Мазкур ҳолатда даставвал модернизация қилинадиган аппарат фискал хотирали НКМ сифатида ҳисобдан чиқарилади, сўнгра онлайн-НКМ ёки виртуал касса сифатида модернизация қилинади ва рўйхатдан ўтказилади;
- фискал хотирали НКМга хизмат кўрсатилган ТХМда онлайн-НКМ ёки виртуал кассани харид қиладиган ва уланадиган бўлсангиз.
Биринчи ва иккинчи ҳолатларда ҳам ТХМ ходимига 306-сон ВМҚда назарда тутилган НКМни рўйхатдан чиқариш учун барча зарур ҳужжатларни тақдим этишингиз керак бўлади.
Олег ГАЕВОЙ.