Фискал модулларнинг бухгалтерия ҳисоби ва ундан фойдаланиш юзасидан саволларга жавоб берамиз

preview

Онлайн назорат-касса техникасига ўтиш янгиликларидан бири шундан иборат бўлдики, онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан ташқари фискал модулни (USB-токен) сотиб олиш зарур. Агар ФМО сизга фискал модуль учун ҳисобварақ-фактура тақдим этмаган бўлса, нима қилиш лозим? Уни кирим қилиш зарурми? Модулни бошқа қурилмага қайта ўрнатиш мумкинми?

Ушбу ва бошқа масалаларни тушуниб олишга buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ бўлим бошлиғи Шерзод ТЕШЕБОЕВ ва “Норма” эксперти  Ольга БУСАРОВА ёрдам беришди:

1. Тадбиркор онлайн-НКМ сотиб олди, техник хизмат кўрсатиш учун ТХКМ билан шартнома тузди ва оммавий оферта асосида фискал маълумотлар операторига БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўловни амалга оширди. Нима учун фискал модуль учун фискал маълумотлар операторига тўлов амалга оширилади, уни эса ташқи ташкилот – ТХКМни беради.

Шерзод ТЕШЕБОЕВ:

– Ҳозирги вақтда 23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга мувофиқ шундай тартиб амал қилмоқдаки, унга мувофиқ тадбиркор фискал модуль тақдим этиш, фискал маълумотларга ишлов бериш ва сақлаш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида фискал маълумотлар оператори - «Янги технологиялар» ИАМга (ФМО) тўловни амалга оширади, уни эса Техник хизмат кўрсатиш марказидан (ТХКМ) онлайн-НКМ ёки виртуал кассани ишга тушириш чоғида олади. Фойдаланиб бўлгач, модулни ТХКМга қайтариш зарур.

ТХКМ мутахассиси тўловни солиқ тўловчининг СТИРи бўйича махсус ахборот тизимида текширади ва фискал модулни топширишни қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштиради. Тизим йўлга қўйилган ва ишлаяпти, шундай экан хавотирланишга асос йўқ.

Фискал модулларни ТХКМ уларнинг аризалари бўйича олади.

2. Ташкилот июль ойида «Янги технологиялар» ИАМга фискал модуль тақдим этиш, фискал маълумотларга ишлов бериш ва сақлаш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўловни амалга оширди. Ушбу тўлов бўйича бизга ҳалигача ҳисобварақ-фактура тақдим этилмаган. Биз мазкур харажатарни қандай расмийлаштирамиз?

Шерзод ТЕШЕБОЕВ:

– Ҳақиқатан, онлайн-НКМга ўтишнинг биринчи босқичида ҳисобварақ-фактуралар тақдим этилмаган. Бироқ 489-сон ВМҚ чиққандан кейин «Янги технологиялар» ИАМ 943-сон ВМҚга 1-илова ва оммавий оферта асосида фискал модуль тақдим этиш, фискал маълумотларга ишлов бериш ва сақлаш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўловни амалга оширган барча тадбиркорлик субъектларига ЭҲФ тақдим этмоқда.

Агар тадбиркорлик субъектига ЭҲФ тақдим этилмаган бўлса, ҳолатни аниқлаштириш ва камчиликларни бартараф этиш учун бизга бухгалтерияга (71) 202-32-32, ички рақам 546 орқали қўнғироқ қилишингиз зарур.

3. Онлайн-НКМ ва виртуал касса фискал модулдан алоҳида сотиб олинади. Улар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?

Ольга БУСАРОВА:

– 5-сон БҲМСнинг 4-бандига асосан, келиб тушган санада қиймати БҲМнинг 50 бараваридан ортиқ бўлган моддий қимматликлар асосий воситалар деб эътироф этилади. Корхонанинг ҳисоб сиёсатида активларни асосий воситалар деб эътироф этишнинг пастроқ қиймати белгиланиши мумкин.

Бугунги кунда БҲМнинг 50 баравари – бу 11 150 000 сўм. Онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг аксарият фискал модуллари қиймати бўйича, қоидага кўра, арзонроқ. Шундай экан, онлайн-НКМ ва виртуал кассани инвентар ва хўжалик жиҳози сифатида 1080-счётга кирим қилиш зарур, агар, албатта, АВ учун корхонанинг ҳисоб сиёсати билан камроқ қиймат чегараси назарда тутилмаган бўлса.

Агар сиз онлайн-НКМ ёки виртуал кассани инвентар сифатида кирим қилган бўлсангиз, фойдаланишга беришда унинг қиймати харажатларга ҳисобдан чиқарилади. Агар ускуна БҲМнинг 10 бараваридан ортиқ турса, уни муддати кечиктирилган харажатларга киритиш ва босқичма-босқич ҳисобдан чиқариш мумкин . Модулнинг ҳисобини балансдан ташқари 002-счётда – муайян ходимнинг моддий жавобгарлиги остида юритган мақсадга мувофиқдир.

Сиз онлайн-НКМни асосий восита ёки ТМЗ деб эътироф этишингиздан қатъи назар, ФМОга ҳар йиллик тўлов ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ТХКМга тўлов бўйича харажатлар унинг қийматига киритилмайди . Уларни 9410-счётда юритинг.

4. Тадбиркор фискал модулни битта онлайн-НКМдан бошқасига мустақил равишда қайта ўрнатиши мумкинми?

Шерзод ТЕШЕБОЕВ:

– Йўқ, бундай қилиш мумкин эмас. Онлайн-НКМни солиқ органларида рўйхатдан ўтказишда фискал модулнинг завод рақами  онлайн-НКМнинг завод рақамига боғланади ва улар бир бутун сифатида ишлайди.

Фискал модулни битта аппаратдан бошқасига қайта ўрнатиш фақат сиз техник хизмат кўрсатишга шартнома тузган ТХКМнинг ёрдамида мумкин. Унинг мутахассислари кейинчалик нима қилиш зарурлигини айтиб беришади. Агар ТХКМ сиз танлаган ишлаб чиқариш ва русумдаги онлайн-НКМга хизмат кўрсатса, масалани битта ТХКМ доирасида ҳал қилиш мумкин. Агар ундай бўлмаса – ТХКМни алмаштиришга тўғри келади.

5. Тадбиркор ТХКМни алмаштиришга қарор қилди. Янги ТХКМ билан шартнома тузишда у фискал маълумотлар операторига БҲМнинг 1 баравари миқдорида янги тўловни амалга ошириши зарурми?

Шерзод ТЕШЕБОЕВ:

– ТХКМни алмаштириш мумкин. Агар сиз мавжуд фискал модулни ўзингизда сақлаб қолишни (янгиси учун тўловни амалга оширмасликни) истасангиз, бундай йўл тутиш зарур:

1. Сиз амалдаги шартномани тузган ТХКМга мурожаат қилинг ва уни бекор қилинг. Бунда мутахассис далолатнома расмийлаштириб, унда фискал модуль сизнинг қўлингизда қолганлигини кўрсатиши керак.

2. Янги ТХКМ билан техник хизмат кўрсатиш учун шартнома тузинг.

Сиз шартнома тузган ТХКМ онлайн-НКМ ёки виртуал кассани ишга тушириш-созлашни амалга ошириб, солиқ органларида рўйхатдан ўтказгандан кейин сиз товарлар ва хизматларни реализация қилишни давом эттиришингиз мумкин.

Куйиб қолган фискал модулни алмаштириш учун тўловни амалга ошириш зарур ёки зарур эмаслиги ҳақида бу ерда ўқинг.

  Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /uz/publish/doc/text165698_fiskal_modullarning_buhgalteriya_hisobi_va_undan_foydalanish_yuzasidan_savollarga_javob_beramiz