Корхона нақд пул маблағлари билан боғлиқ операцияларини регламентлаши керакми

preview

Касса операцияларини қандай ҳисобга олиш, ҳужжатларни қандай НҲҲлар асосида тузиш ва пул маблағларини ҳисобга олиш бўйича локал ҳужжатни ишлаб чиқишда нималарни ҳисобга олиш ҳақида Profi Training бизнес-тренери  Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) гапириб берди:

 

– Нақд пул маблағларини ҳисобга олиш учун қуйидагиларнинг шаклини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни тавсия қиламан:

  • кирим, чиқим касса ордерлари шаклларини;
  • чиқим қайдномалари шаклларини;
  • харид далолатномалари шаклларини;
  • бўнак ҳисоботлари ва ҳоказолар шаклларини.

Ички ҳужжатлар айланишини ишлаб чиқишда Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низом мўлжал олишга ёрдам беради.

 

1. Нақд маблағлар корхона кассасига қуйидаги тарзда келиб тушади:

  • банк кассасидан - чек бўйича;
  • харидорлар ва буюртмачилардан;
  • ҳисобдор шахслардан, масалан, фойдаланилмаган сумма;
  • ходимлардан, масалан, зарарни қоплашда ёки қарзни қайтаришда;
  • таъсисчилардан, масалан, УФга ҳисса, қарз ёки корхонага молиявий ёрдам кўрсатиш тарзида.

 

2. Нақд маблағлар келиб тушганда:

Кассир кирим касса ордерини (ККО) ва унга квитанцияни расмийлаштиради. Кирим ордери касса ҳужжатларида  қолади, квитанция харидорга берилади ёки банк ҳужжатларига бириктирилади.

ККО корхонанинг касса китобида рўйхатдан ўтказилади. Ҳар бир кирим ва чиқим ордери тартиб рақами ва ҳужжатни расмийлаштириш санасига эга бўлиши керак.

 

3. Нақд пул маблағлари қуйидагиларга берилади:

  • корхона ходимларига;
  • таъсисчиларга;
  • фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома бўйича ишларни бажарувчи шахсларга;
  • ўзини ўзи банд қилган шахсларга бажарилган ишлар учун;
  • инкассаторга (банкка тушумни топшириш);
  • кассирга ёки бошқа ишонч билдирилган ходимга нақд пулларни хизмат кўрсатувчи банкка мустақил равишда топшириш учун.

Пул маблағлари чиқим касса ордерлари (ЧКО) асосида ёки чиқим қайдномаси бўйича берилади.

Эътибор беринг

Локал ҳужжатда қуйидагиларни ёзинг:

  • нақд пул маблағларини кассада сақлаш муддати;
  • пул маблағларини сарфлаш тартиби - мақсади кўрсатилган ҳолда;
  • илгари бўнак учун берилган пул маблағларини қайтариш тартиби ва муддатлари;
  • ФҲХ шартнома бўйича ишларни бажарувчи ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга маблағларни бериш тартиби;
  • корхона кассасида ортиқча пул маблағлари тўпланиб қолишига йўл қўймаслик;
  • улар асосида пул маблағлари бериладиган ҳужжатлар.

ЧКО ёки чиқим қайдномалари корхона бош бухгалтери, раҳбари ва кассири томонидан имзоланади.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатларига хўжалик операцияси иштирокчилари томонидан тасдиқланмаган тузатишлар киритилиши мумкин эмас. Банк ва касса пул ҳужжатларида тузатишлар ҳамда ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди .

Пулларни қабул қилиш ҳамда бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар раҳбар томонидан ёки у белгилайдиган шахслар томонидан имзоланади .

Корхона кассири билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш тавсия қилинади. Кассирнинг лавозим йўриқномасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда унда мажбуриятлар ва пул маблағларини олиш ва топшириш, уларни сақлаш ва сарфлаш қисмида ички регламент лозим даражада бажарилмаган тақдирда жарима санкцияларини ёзиш мақсадга мувофиқдир.

Агар корхона нақд пуллар билан кенг кўламда ва мунтазам ишламаса (масалан, улар билан боғлиқ касса операциялари ходимларга иш ҳақи бериш ва ҳ.к. билан чекланса), кассир мажбуриятларини у билан келишилган ҳолда - корхонанинг ҳар қандай ходимига юклаш мумкин.

Корхонада кассир мажбуриятларини ҳар қандай ходим, жумладан директор ёки бош бухгалтер бажариши мумкин.

 

4. Касса қолдиғи лимити

Корхона хизмат кўрсатувчи банк билан биргаликда корхона кассасида нақд пул қолдиғи лимитини ўрнатади. Агар бу амалга оширилмаса, лимит "нолга тенг" ва банкка топширилмаган нақд пуллари "лимитдан ортиқча нақд пуллар" деб ҳисобланади .

Январь давомида иш вақти охирига кассада нақд пуллар қолдиғини топшириш тартиби ва муддатлари бўйича 2 нусхада маълумотнома-ҳисоб-китобни тўлдиринг . Мазкур ҳужжат хизмат кўрсатувчи банк билан келишилади. Бир нусхасини корхона банкда қолдиради, иккинчисини ички ҳужжатларга бириктириб қўяди.

Агар пулларни топшириш шартлари ёки касса айланмаларининг миқдори бир йил давомида ўзгарса, касса лимитини қайта кўриб чиқиш мумкин.

 

5. Нақд пул маблағларини банкка топшириш тартиби

Корхона пул маблағларини топшириш графигини ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди (кун ора, ҳафтада бир марта, бир ойда бир марта ва ҳ.к.). Мустақил равишда ёки инкассация хизмати орқали топшириш мумкин .

Бунда, агар корхонада ўртача кунлик тушум :

  • БҲМнинг 20 бараваридан ортиқ миқдорда (жорий пайтда 5 400 000 сўм) бўлса, тушум инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда кунлик топширилади;
  • БҲМнинг 20 бараваридан кам бўлса - нақд пулларни топшириш графигини ишлаб чиқиш зарур.

 

6. Сақлаш

Нақд пулларнинг кассада сақланиши учун корхона мустақил равишда жавоб беради. Алоҳида хона тарзида махсус жиҳозланган касса тўғрисидаги талаб - эскирган. Бироқ сизда нақд пулларни сақлаш учун махсус қурилма (сейф, ёнмайдиган шкаф) бўлиши керак. Сейф калитларини сақлаш, тасарруф этиш ва беришни локал ҳужжатда ёзинг. Агар пул маблағлари қолдиғи лимити катта миқдорда бўлса ёки корхонанинг ички таҳлили бўйича, кечки инкассациядан сўнг сейфда кўп миқдорда пул суммаси қолса, қўриқлаш учун шартнома тузиш тавсия қилинади.

 

7. Инвентаризация

Кассани инвентаризациядан ўтказишни 19-сон БҲМС “Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш”га мувофиқ амалга оширинг :

Кассани инвентаризациядан ўтказишда кассада пул маблағлари ва бошқа бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлиги текширилади. “Йўлда бўлган” пул маблағларини инвентаризациядан ўтказиш учун, бухгалтерия ҳисоби счётларидаги суммалар банк муассасалари квитанцияларидаги маълумотлар, инкассатор хизматлари квитанциялари ва ҳ.к. билан таққосланади.

Кассадаги нақд пул қолдиғига ҳеч қандай ҳужжатлар ёки тилхатлар киритилмайди. Кассада мазкур хўжалик субъектига тегишли бўлмаган пул маблағлари ва бошқа бойликлар мавжудлиги тўғрисида кассирнинг баёноти эътиборга олинмайди.

Банкда (ҳисобварақлар ва жорий счётлар, аккредитивлар, махсус, алоҳида ва бошқа счётларда) бўлган пул маблағларини инвентаризациядан ўтказишда, бухгалтерия ҳисоби счётларида ҳисобда бўлган суммалар қолдиғи банк кўчирмаси бўйича маълумотлар билан таққосланади.

 

8. Жавобгарлик чоралари

Ташкилотнинг мансабдор шахслари касса операцияларини юритиш қоидаларига риоя қилмаганлик учун БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин .

Сизни қуйидагилар учун жазолашлари мумкин, агар:

  • ташкилотнинг нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасангиз ёки тўлиқ кирим қилмасангиз;
  • кассада белгиланган лимитдан ортиқча нақд пулларни сақласангиз;
  • нақд пулларни банкдан олган мақсаддан бошқа мақсадда ишлатсангиз;
  • пул маблағларини сақлаш қоидаларига риоя қилмасангиз.

 

 

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /uz/publish/doc/text180364_korhona_naqd_pul_mablaglari_bilan_bogliq_operaciyalarini_reglamentlashi_kerakmi