Онлайн-НКМ операторларини ким ўқитиши керак?

preview

Тадбиркорга онлайн-касса билан тўлиқ ишлашни ўзлаштириб олишда ким ёрдам беради? Шуниси қизиқки,  масала ҳозирча очиқ қолмоқда, онлайн-НКМ имкониятларидан эса тўлиқ равишда фойдаланилмаяпти. Buxgalter.uz назорат-касса техникаси соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

Муаммо ва ДСҚнинг позицияси

ДСҚнинг онлайн-НКМ русумларидан бирини ишлаб чиқарувчи ва ТХКМга хати кадрлар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишга сабаб бўлди. Бошқалардан ташқари, солиқчилар унда тадбиркорлар онлайн-НКМдан фойдаланишда билимлари етишмаётганлиги ва мураккабликлар юзасидан шикоят қилишаётганлигини маълум қилишган.  Хат ишлаб чиқарувчи ва ТХКМга – “вазиятни тузатиш бўйича чоралар кўриш” юзасидан илтимосни ўз ичига олган. Солиқ қўмитаси кадрлар муаммосини мижоз билан тузилган шартнома доирасида ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайди.

ТХКМ ва НКТ ишлаб чиқарувчиларининг позицияси

Сервисчиларнинг ташвишга тушганлиги тушунарли: бугун бирларини текширишди, эртага бошқаларини текширишади, муаммо эса ҳаммада умумий.

Ушбу ташкилотлар – ўқув марказлари эмас, уларда – ўзларининг мақсадлари ва бизнес-вазифалари. ДСҚнинг қатъий назорати остида улар ҳар бир ўрнатилаётган онлайн-НКМ ва виртуал касса тадбиркорга 943-сон ВМҚнинг барча қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлаш имконини беришини таъминлашади. Тадбиркорда қатъий ўрнатилган қоидалар билан ишлай оладиган мутахассисларнинг йўқлиги  муаммосини ҳал қилиш – уларнинг вазифаси эмас.

Муаммо ваколатли органлар томонидан эътиборни талаб қилади. Бир томондан, улар  НКТни қўллаш тартибини бузганлик учун санкцияларни назарда тутувчи СКнинг 221-моддаси талабларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлашлари керак. Бошқа томондан, мавжуд инфратузилма белгиланган нормаларга риоя қилган ҳолда ишлаш имконини берадими? Заиф бўғин – кадрлар танқислиги.

Ишлаб чиқарувчилар ва ТХКМ ўз имкониятлари даражасида онлайн-НКМга ўтишда тадбиркорларга фаол ёрдам беришмоқда: маслаҳат беришмоқда, ўз сайтларида ўқув ахборотини жойлаштиришмоқда. Бироқ, афтидан, бу тўлақонли ўқитишнинг ўрнини боса олмайди.

Нима қилиш керак?

Buxgalter.uz нинг фикрича, ТХКМ томонидан маслаҳат беришдан ташқари, онлайн-НКМ билан ишлашнинг базавий кўникмаларига эга товаршунослар, сотувчилар ва кассирлар танқислиги муаммосини техникумлар ва коллежлар ҳал қилиши мумкин.

Шунингдек, кўп сонли ўқув марказлари тезда мўлжал олишлари ва ТХКМ ҳамда касса техникаси ишлаб чиқарувчилари кўмагида қисқа муддатли курсларда онлайн-НКМ операторларини ўқитиш ва малакасини ошириш учун шароитлар яратишлари керак.

Евгения САДИКОВА, НКТни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассис:

- Бугунги кунда назорат-касса техникаси солиқчилар дастаги сифатида идрок қилинмоқда. Тадбиркор учун бизнес самарадорлигини ошириш дастаги бўлиши ҳам мумкин эди. Унинг ёрдамида товарларни реализация қилишнинг аниқ ҳисобини йўлга қўйиш, савдо шохобчаси ишини мақбуллаштириш бўйича қарорлар қабул қилиш, талай бошқа фойдали операцияларни амалга ошириш мумкин.

Бироқ бунинг учун онлайн-НКМни дастурлашни биладиган, товарлар номенклатураси билан ишлай оладиган, қурилма функционалидан 100% фойдалана оладиган операторлар керак. Бундай мутахассислар бугун жуда танқис.

Менимча – вазият Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан эътибор ва қатъий ҳаракатларни талаб этади.

Рустам ЁҚУБОВ, «Maрон» МЧЖ мутахассиси:

- Агар ҳозир талаб даражасида чоралар кўрилмаса, муҳокама қилинаётган масала янада кескинлашади. Товарлар номенклатураси билан ишлаш шунчаки қонунчилик талаби эмас, балки энг муҳим заруратга айланмоқда: Ўзбекистон товарларни маркировка қилиш ва уларнинг ҳаракатини мониторинг қилишни жорий этишга ҳозирлик кўрмоқда. Малакали товаршунослар ва кассирлар танқислиги, унинг муваффақиятига истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, солиқлар ва мажбурий тўловларни тўғри ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш муаммоларини ҳал қилиш боғлиқ бўлган ушбу глобал ва муҳим ташаббус амалга оширилишини хавф остига қўяди.

Олег ГАЕВОЙ

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /uz/publish/doc/text164203_onlayn-nkm_operatorlarini_kim_uqitishi_kerak