Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Банк иш тартибига боғлиқ бўлмаслик мумкинми
Бугунги кунда корхона банк ҳисоб-китобларини дам олиш куни ёки кечқурун амалга ошириши мумкинми? Бу жуда кўп тадбиркорлик субъектлари учун қулай бўлиши мумкин. Buxgalter.uz банкларнинг ушбу талабни қаноатлантиришга тайёргарлик даражасини аниқлаштирди.
МБда бунга нима дейдилар
МБ тўлов тизими департаменти бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир ҚАЮМОВнинг айтишича, февраль ойида ишга туширилган «Анор» бир лаҳзалик тўлов тизими тадбиркорларга банклараро тўловларни сутканинг исталган вақтида, шу жумладан дам олиш ва байрам кунлари ўтказишга имкон беради. Бунда олувчининг ҳисобрақамига келиб тушган маблағлардан улар олинган пайтданоқ кейинги тўловларни ўтказишда фойдаланиш мумкин бўлади.
Барча транзакциялар реал вақт режимига амалга оширилади. Сиз «жўнатиш» тугмасини босасиз, контрагентингиз эса шу оннинг ўзидаёқ ўз ҳисобрақамида ушбу суммани кўриши ва ундан фойдаланиши мумкин бўлади.
Марказий банкда бир лаҳзалик тўлов тизимидан фойдаланишни қандай бошлаш масалалари юзасидан хизмат кўрсатувчи банкларга мурожаат этиш тавсия қилинди. Сабаби айнан улар томонидан банк маҳсулотларидан фойдаланиш шартлари белгиланади.
Банклар бунга қандай қарайдилар
Buxgalter.uz мухбири мамлакатдаги 16 та йирик банклар билан қўнғироқлашди. Уларнинг ҳеч бирида call-марказ операторлари ушбу банк «Анор» бир лаҳзалик тўлов тизимида ишлаш имкониятини тақдим эта оладими ва бу тизим қандай ишлайди, деган саволга тез ва аниқ жавоб қайтара олмадилар.
Айрим банкларда ходимлар буни аниқлаштириб, қайта қўнғироқ қиламиз деб жавоб қайтаришди. Бошқа банкларда эса мавзуни ўзгартиришга ҳаракат қилдилар ва корпоратив пластик карточкадан фойдаланган ҳолда турли муаммоларни ҳал этиш мумкинлиги айтишди. Айтиш жоизки, мазкур ҳолатда КПК – терминални қўллаган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш учун мўлжалланганлиги боис лаҳзалик ҳисоб-китоблар тизимининг ўрнини тўлақонли боса олмайди.
Дастлаб «Ипотека-банк» оператори қайта қўнғироқ қилди. Унинг маълум қилишича, бундай тизим мавжуд ва унда юридик шахс сутканинг исталган вақтида пул ўтказмаларини амалга ошириши мумкин экан. Банкнинг «Интернет-банкинг» тизимидан фойдаланадиган мижозлари хизматдан фойдаланишлари мумкин. Тўловнома имзоланишидан олдин тизим уни «Анор» тизими орқали ўтказишни таклиф этади. Созлашда муаммолар юзага келган тақдирда, «Интернет-банкинг» тизимини ўрнатишда ёрдам берган мутахассисларга мурожаат қилиш лозим.
«Ҳамкорбанк» билан суҳбат анча қизиқарли бўлди. Илк қўнғироқ амалга оширилганда, оператор банк «Анор» тизими билан ишламайди деб бизни ишонтирди. Бироқ МБнинг ахборотига кўра айнан ушбу банк тизимни тажриба тариқасида йўлга қўйишда иштирок этган. Мухбир қатъиятлик билан яна бир марта call-марказга қўнғироқ қилди. Бошқа оператор хизмат мавжудлиги ва ушбу тизим қандай ишлашини айтиб берди: – «Сиз банкимизда ҳисобрақам очганингиздан ва ЭРИни олганингиздан кейин мижозлар билан ишлаш учун иловаларимиздаги кичик тизим сифатида «Анор» тизимидан фойдаланишингиз мумкин бўлади. Шартнома тузаётганингизда мутахассислардан тизимнинг қандай ишлашини тушунтириб беришларини сўранг».
Материални тайёрлаш жараёнида «Трастбанк» ва «Ипак йўли банк» мижозлари бўлган компанияларнинг бухгалтерлари билан суҳбатлашдик. Улар ҳозирда бундай тизим мавжудлигини эшитишмаган экан. КДБ банк хизмат кўрсатадиган ташкилот бухгалтери «Анор» тизими ҳақида билмаслигини, бироқ сўнгги пайтларда кечки пайт ўтириб тўловларни бемалол ўтказиш мумкин бўлиб қолганини сезганлигини, илгари бунинг имкони бўлмаганлигини маълум қилди.
Хуллас, ҳурматли бухгалтерлар ва тадбиркорлар, агар муваффақиятли бизнес юритишингиз учун шартнома бўйича сутканинг исталган вақтида ва ойнинг ҳар қандай кунида тўлов ўтказишингиз зарур бўлса, банкингиздан «Анор» лаҳзалик тўлов тизимида ишлаш имконияти ҳақида суриштиринг. Қатъиятли бўлинг: биринчи мартада жавоб ололмаслигингиз мумкин.
Олег ГАЕВОЙ.