Онлайн-НКМ чекини бекор қилиш мумкинми

preview

Онлайн-НКМ эгаларида савол туғилди - касса аппарати чекини бекор қилиш мумкинми? Аввал ДСҚнинг ахборот хизмати ўз материалида “сотувчилар чекни бекор қилишди” деган иборани ишлатганди. 

Buxgalter.uz тафсилотларни Давлат солиқ қўмитасида аниқлаштирди.

 

– Йўқ, онлайн-НКТ чекини бекор қилишнинг имкони йўқ.

Айтиб ўтилган материалда гап чекни қайтариш операцияси ҳақида бормоқда. Агар сотиш чекининг тўлиқ суммасига қайтариш чеки расмийлаштирилса, солиқ бўйича Ҳисоб-китоб сатридаги онлайн-НКМ орқали сотувлар тўғрисидаги маълумотлар қайтариш чеки суммасига камаяди.

Масалан, сотувчи 100 минг сўмлик сотиш чекини урди, солиқ бўйича Ҳисоб-китобдан 100 минг сўм ўтди. Харидорнинг талабига кўра сотиш чекининг тўлиқ суммасига қайтариш чеки расмийлаштирилди. Натижада онлайн-НКМ бўйича сумма Ҳисоб-китобда 100 минг сўмга камайди. Чекнинг ўзи эмас, балки Ҳисоб-китобдаги унинг маълумотлари бекор қилинди.

 

Қачон “чекни қайтариш” мумкин

Ушбу операциянинг асосий мақсади - “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда истеъмолчининг товарни қайтариш ҳуқуқини рўёбга чиқариш.

Истисно тариқасида баъзан ушбу усул мижозга хизмат кўрсатиётган пайтда кассада сотиш чекида йўл қўйилган хатони тезкор тарзда тузатиш зарур бўлганда қўлланилади. Бироқ бу - вақт бўйича ноқулай ва харажат талаб қиладиган усул, сабаби бу ҳолда товарни қайтариш учун назарда тутилган қуйидаги ҳужжатлар мажбурий тартибда расмийлаштирилиши керак :

  • савдо шохобчаси раҳбари номига харидорнинг ёзма аризаси. Унда харидор ўз Ф.И.Ш ва паспорт маълумотларини, қайтариш сабабини, товарни алмаштиришнинг имконсизлиги сабабини, товар учун тўланган пул суммасини қайтариш талабини, банк картаси маълумотларини (агар пуллар унга қайтарилса) кўрсатади;
  • товарни қайтаришга юкхати ёки товарни қайтариш ҳақида далолатнома. Мазкур ҳужжатлар асосида товар омборга кирим қилинади ёки - агар гап сифатсиз товар ҳақида борса - белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади. Ушбу ҳужжатни тузишда “Жўнатувчи” устунида харидор имзо қўяди, сотувчи “Олувчи” бўлади. Далолатнома бир нусхада тузилади, харидор ва савдо шохобчасининг масъул ходими томонидан имзоланади. Сўнгра уни тадбиркорлик субъекти раҳбари тасдиқлайди;
  • чиқим касса ордери, агар пул нақд шаклда қайтарилса.

Харидорга товарни харид қилиш чоғида берилган чек ҳужжатларга илова қилинади ва бухгалтерияга берилади.

Қайтаришни расмийлаштиришни якунлагач, харидорга товарни қайтаришга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини бериш жуда муҳим. Бундай чекда “тўлов тури” реквизитида албатта “қайтариш” кўрсатилади.

Ҳозирги вақтда аксарият онлайн-НКМ ва виртуал кассалар шундай созланганки, қайтаришни расмийлаштириш яна битта ҳаракатни талаб қилади - унга сотиш чекини боғлаш. Бу my.soliq.uz да солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар бўйича маълумотлар” интерактив хизматининг “Чекни қайтариш” менюси ёрдамида амалга оширилади.

Эътибор беринг
Чекни қайтариш чеки урилган ойдан кейинги ойнинг 10-санасигача боғлаш лозим. Акс ҳолда ҳисоб-китобда илгаригидек қайтариш чеки урилган сотиш чеки суммаси акс эттирилади.

Ҳозирги вақтда фискал маълумотлар оператори онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчилар ва ТХКМ билан биргаликда қайтариш чекини расмийлаштиришнинг янги технологиясини жорий қилишмоқда. Қайтариш чекини шакллантиришда онлайн-НКМ ёки виртуал касса сотиш чеки маълумотларини сўрайди, уларни, хусусан, сотиш чеки QR-кодини сканерлаб киритиш мумкин. Ушбу услубият кейинчалик шахсий кабинетда қўшимча ҳаракатларни талаб қилмайди ва ҳозир юзага келаётган талай хатоларни истисно қилади.

Янги технологияни  жорий этиш онлайн-НКМ ва виртуал кассани қайта созлашни талаб қилади. ТХКМ сизнинг онлайн-НКМ ва виртуал кассангиз модели учун техник ечим тайёрлигига қараб уни ўтказиши мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /uz/publish/doc/text181019_onlayn-nkm_chekini_bekor_qilish_mumkinmi