Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Онлайн-НКМ электрон чекларини қачон ва кимга бериш мумкин
Тадбиркорлар имконият мавжуд бўлса, онлайн-НКМ ва виртуал касса тўлов терминали чекини чоп этишлари керак. Айрим ҳолларда харидорга чекни нафақат қоғоз шаклида, балки электрон шаклда ҳам бериш мумкин. Buxgalter.uz илтимосига биноан “Марон” МЧЖ ТХКМнинг онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассиси Рустам ЯКУБОВ гап нима ҳақида бораётганини тушунтирди:
– Онлайн-НКМ ёки виртуал касса, энди эса яна - масофадан туриб ҳисоб-китоб қилишда электрон тўлов тизими (Click, PayMe, банк мобиль иловалари, маркетплейс ва ҳоказо) ёрдамида шакллантирилган касса чеки - унинг асосида айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳисоботда аҳоли билан ҳисоб-китоблар тўғрисида маълумотлар шакллантириладиган ҳужжат.
12.05.2022 йилдаги 255-сон ВМҚ Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом нормаларига тузатиш киритди. Ушбу тузатишлар илгари бошқа НҲҲнинг айрим нормаларини рўёбга чиқаришда юзага келган масалаларни ойдинлаштиради.
Терминал чеки қандай чоп этилади
2022 йил 1 апрелдан бошлаб онлайн-НКМ чеки тўлов қабул қилинган терминал чеки маълумотларини ҳам акс эттирадиган тизимни жорий қилиш бошланди .
Ушбу нормани қандай қилиб техник жиҳатдан амалга оширишни Низомнинг 6-бандига киритилган ўзгартиришлар тушунтиради. Тўлов тизимларига фақат шундай техник имкониятга эга бўлган онлайн-НКМ ва виртуал кассалар мажбурий тартибда уланиши керак.
Бу қандай ишлайди
Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида қўллашга рухсат этилган барча онлайн-НКМ ва виртуал кассалар фақат тўлов тизимларининг бирига уланиш имкониятини қўллаб-қувватлайди - Uzcard ёки HUMO.
Сизнинг онлайн-НКМ НUMO терминали билан бирга ишлайди, деб фараз қилайлик. Сиз НUMO картаси орқали тўловни қабул қиласиз. Онлайн-НКМ битта тасмада аввал терминал чекини, унинг ортидан эса - онлайн-НКМ чекини чоп этади.
Агар сиз харидордан Uzcard картаси орқали тўловни қабул қилсангиз, унга илгаригидек хизмат кўрсатишга тўғри келади. Яъни - дастлаб терминал ўз чекини чоп этади, кейин эса сиз яна онлайн-НКМ чекини чоп этасиз.
Кўп тадбиркорлар бирорта тўлов тизимининг терминали ўрнатилмаган онлайн-НКМ ва виртуал кассалар моделидан фойдаланишда давом этмоқдалар. Агар сиз улар жумласига кирсангиз, 2023 йил 1 январга қадар ТХКМга қайта созлашни амалга ошириш илтимоси билан мурожаат қилинг. Бунинг учун устага касса аппаратингизни ва мавжуд HUMO терминалини тақдим этинг.
Uzcard терминалини онлайн-НКМга бирлаштиришнинг техник жиҳатдан имконияти йўқ. Агар сизга Uzcard зарур бўлса, бир йўла онлайн-НКМ ва Uzcard терминали функцияларини бирга бажарадиган онлайн-НКМ моделини сотиб олинг, бундай қурилмалар бозорда мавжуд.
Қачон электрон чек бериш мумкин
Аввалбошдан онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг барча қоғоз шаклидаги чеклари ўзларининг “электрон эгизакларига” эга. Бироқ бунда Низомнинг 6-бандига мувофиқ айнан чоп этилган чекни бериш мажбурий бўлган. Энди фақат электрон чек берса ҳам бўлади. Бу янгилик электрон тўлов тизимлари орқали масофадан туриб тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ. Ушбу ўзгартиришларга қадар масофадан туриб тўловларни амалга оширишда касса чеки қандай берилади, деган савол кўндаланг турарди. Энди у ҳал бўлди.
Электрон чекни харидорнинг электрон почтасига жўнатиш мумкин. Бироқ электрон тўлов иловалари фискал маълумотлар оператори билан интеграция қилингандан сўнг, уларнинг аксарияти электрон касса чекларини етказишнинг бошқа усулини танлашди. Мобиль илованинг ўзида фискал чеклар учун ҳавола мавжуд, унда мижоз уларни юклаб олиши мумкин.
Агар сиз товарларни масофадан туриб тўлов тизимлари орқали реализация қилсангиз ва харидорларга электрон чеклар бериш учун барча зарур созламалар амалга оширилган бўлса, улар солиқ ҳисоботидан ўтиши учун ушбу ҳажмларга бир томонлама ЭҲФни расмийлаштиришингиз ҳам, чекларни уришингиз ҳам шарт эмас. Маълумотлар Ҳисоб-китоб шаклининг маркетплейс орқали сотишларни акс эттириш учун мўлжалланган сатрида автоматик тарзда акс эттирилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади