ТХКМ билан низо келиб чиқса, нима қилиш керак

preview

ТХКМга техник хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ўз вақтида тўлов амалга оширилмаганлиги учун тадбиркорларнинг онлайн-НКМ ва виртуал кассаларини ўчириш тақиқланди. Бу борадаги барча низолар энди фақат суд тартибида ҳал қилиниши керак . Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан “Марон” МЧЖ  ТХКМнинг онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассиси Рустам ЯКУБОВ шарҳлаб берди:

 

– Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 9-бандида кўрсатилган. Унга кўра: “онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага кафолатли узлуксиз техник хизмат кўрсатиш ТХКМ билан тадбиркорлик субъекти ўртасида тўзилган шартнома асосида амалга оширилади”.

 Ушбу банд қуйидаги норма билан тўлдирилмоқда. Унга асосан тадбиркорлар ТХКМ хизматларига улар билан тузилган шартномага мувофиқ ҳақ тўлашлари керак, ТХКМ эса тўлов амалга оширилмаган тақдирда тадбиркорнинг кассасини ўчиришга ҳақли эмас. Тўловга тааллуқли барча низолар суд тартибида ҳал қилинади .

Амалиётда ТХКМ ва тадбиркорлар ўртасида вақти-вақти билан касса онлайн-техникасига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича тўловларга тааллуқли низолар юзага келган. Кўп ҳолларда бу тадбиркорлар дастлаб онлайн-НКМ билан ишлаш учун ТХКМ билан шартномани имзолаб, сўнгра унинг тафсилотларини ўрганиб чиқишни бошлаганлари боис содир бўлган.

Маълум бўлишича, ТХКМ шартномаларида ҳар ойда тўловни амалга ошириш лозим бўлган хизмат ҳажмлари назарда тутилган, шунингдек абонент тўловидан ташқари - қўшимча пуллик хизматлар ҳам мавжуд. Онлайн-НКМнинг айрим моделларида навбатдаги муддат келганда тўлов ҳақида эслатма касса аппаратининг бевосита мониторида ёритиб кўрсатилган, кассанинг иши пул келиб тушгунга қадар блокировка қилинган.

Кассани блокировка қилиш тадбиркорнинг ишига тўсқинлик қилишига қўшиламан, айниқса - агар у тез бузиладиган товарларни сотса. Бироқ касса техникасига хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун ТХКМга ҳам маблағлар зарур, тадбиркорларнинг тўловлари эса уларнинг ягона манбаси.

Эслатиб ўтишни истардимки, фискал модул учун ФМОга тўлов (йилига БҲМнинг 1 баравари миқдорида) ва техник хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ТХКМга тўлов - бу иккита мустақил турли тўлов. Уларнинг иккаласи Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомда ёзилган.

 

Энди вазият қандай ўзгаради

Тадбиркор ТХКМ тўловни кассани ўчириш йўли билан “ундирмаслигига” ишончи комил бўлиши мумкин. Техник хизмат кўрсатиш учун тўловга тааллуқли ҳар қандай низо фақат суд орқали ҳал қилинади.

Тадбиркор тўловни рад этишини асослантиришига: шартнома бўйича хизматни олмаганлигини ёки хизмат лозим даражадаги сифатда кўрсатилмаганлигини исботлашига тўғри келади. Фақатгина шу ҳолда суд унинг тарафини олади.

ТХКМ ва тадбиркорлар ўртасида тузиладиган шартнома эндиликда анча аниқ бўлади. Уларда қандай хизматларга ойлик ҳақ тўланиши, қайсиларига - қўшимча ҳақ тўланиши аниқроқ ёзилади.

Абонент тўлови менимча сақланиб қолади, сабаби онлайн-НКМ ва виртуал кассалар ишдан чиқиши ҳолатига алмаштириш фондини сақлаш харажатлари унинг ҳисобидан қопланади. Шунингдек тадбиркорнинг ўзи биринчи навбатда манфаатдор бўлган ТХКМнинг хизматлари ҳам шунинг ҳисобига сақланади. Унга:

  • қўнғироқ қилиш ва онлайн-касса билан боғлиқ жиҳатларни аниқлаштириш учун ҳар доим мутахассис алоқада бўлиши зарур;
  • ҳар доим ДСҚ ва фискал маълумотлар операторининг талабларига мувофиқ ишлаш учун унинг онлайн-НКМ ёки виртуал кассасининг дастурий таъминоти ўз вақтида янгиланиши зарур. Янгиланиш деярли ҳар ойда амалга оширилади.

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /uz/publish/doc/text181374_thkm_bilan_nizo_kelib_chiqsa_nima_qilish_kerak